Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2018, Тошкент вақти: 21:11

Интерпол Муҳаммад Солиҳни халқаро қидирувдан олганини тасдиқлади


Ўзбекистонлик мухолифат лидери, “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ Интерпол халқаро қидирув лентасидан олиб ташланган.

Жаноб Солиҳнинг Норвегиядаги адвокати Тронд Улсен Насс Озодлик билан суҳбатда бу ҳақдаги расмой тасдиқномани Интерпол идорасидан жума куни олганини айтди.

- Халқаро Интерпол Ўзбекистондаги миллий ваколатхонасига боғланиб Муҳаммад Солиҳнинг қидирувдан олинганини кеча бизга расман тасдиқлади, - деди Тронд Улсен Насс.

Ҳозир Туркияда истиқомат қилаётган 68 яшар Муҳаммад Солиҳ 1999 йил Тошкентдаги феврал портлашлари ортидан 15,5 йилга ҳукм қилинган ва халқаро қидирувга берилган эди.

Айрим ахборот воситалари Муҳаммад Солиҳнинг Интерпол қидирувидан олингани ҳақда ўтган йил сентябр ойида хабар берган, лекин Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий ваколатхонаси буни шу пайтгача тасдиқламай келаётган эди.

Солиҳ 2001 йили Ўзбекистон ҳукумати сўровига кўра, Прага аэропортида ушланган, бироқ, Прага суди иш сиёсийлигини ҳисобга олиб Солиҳни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш қароридан воз кечган ва уни озод қилган эди.

2008 йилда Муҳаммад Солиҳ Швецияда ҳам қисқа маддатга ушланиб, кейин қўйиб юборилган эди.

Ислом Каримов ўлимидан сўнг, Ўзбекистон сиёсий режимида озроқ юмшаш кузатилмоқда.

Ўтган йили Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон 17 йиллик жазодан сўнг турмадан озод қилинди.

XS
SM
MD
LG