Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 07:54

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонликлар бундан буён Туркияда 90 кунгача визасиз юра олади

Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Ливия ватандошлари бундан буён Туркияда 90 кунгача визасиз юришлари мумкин. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланган қарор “Расмий газета”да эълон қилинди, деб ёзади Анадўлу ахборот агентлиги.

Туркия президенти қарорида ўзбекистонликлар 180 кун ичида 90 кундан ошмаган муддатда мамлакатда визасиз юриши мумкинлиги қайд этилган. Шу кунгача ўзбекистонликлар Туркияда 30 кунгача визасиз юриш имкониятига эга эдилар.

Туркияга кетаётган ўзбекистонликларнинг кўпи у ерда асосан хизмат секторида фаолият юритади. Айни пайтда бу мамлакатда қанча ўзбек муҳожири ишлаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ғарб давлатлари Қрим аннексияси боис жорий қилган санкциялар ортидан Россияда иқтисодий муаммолар бошлангани ортидан бу ерда ишлаётган кўпгина муҳожирлар Туркияга отлангани айтилади. Шу билан бирга, Ислом Каримов вафотидан кейин Тошкент билан Анқара ўртасидаги муносабатлар илий бошлаганидан сўнг Туркия олийгоҳларига бориб ўқишни истаган ўзбек ёшлари ҳам кўпая бошлаган.

Айни пайтда Туркияга борган ўзбекистонликлар “иқома” (яшаш учун рухсатнома) олишда турли муаммоларга дуч келиб туриши айтиб келинади.

Кун янгиликлари

"Яшил" ҳудудларда тўйларни фақат уйда ўтказиш мумкин

1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда тўйларни ўтказишга рухсат берилди.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фақатгина уйларда ўтказиш ҳамда меҳмонлар сони 30 кишидан кўп бўлмаслиги мажбурийдир. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 3 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, 1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди.

“Белгиланган 30 кишилик таркибга биринчи навбатда, оилавий тантана ва тўй эгалари, маърака ва маросим ташкил этувчилар, уларнинг яқин қариндошлари, қўни-қўшниларнинг кам сонли вакиллари киритилади. Шунингдек, оилавий тантана ва тўй эгаларининг истакларига кўра, иштирокчилар сонидаги чеклов доирасида хонанда ва бошқа хизматларни бажарувчи ходим қатнашиши мумкин”,- деб айтган расмий.

Унга кўра, 30 кишидан кўп меҳмон чақирган шахслар ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Тошкентда Covid-19 га чалинган 72 ёшли бемор оламдан ўтди, қурбонлар сони 16 нафарга етди

Тошкентда коронавирусга чалинган 72 ёшли М. исмли (эркак) бемор оламдан ўтди. Шу тариқа Ўзбекистонда Covid-19 инфекцияси юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмган кишилар сони 16 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, М. 2 июнь куни “Covid-19” аниқланиб, Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. У узоқ йиллардан буён юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури ташхиси билан даволаниб келган. 2000 ва 2019 йилларда у икки марта юрак хуружини бошидан ўтказган.

ССВ қайдича, мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан жонлантириш бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўпка-юрак етишмовчилиги, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этган.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони, 2020 йил 3 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, 3843 нафарга, соғайганлар сони эса 3014 нафарга етганини маълум қилган.

Истанбул ва Москвадан 1 ва 2 июнь кунлари 677 нафар ўзбекистонлик юртига қайтарилди

Шу йилнинг 1-2 июнь кунлари Тошкент – Истанбул – Тошкент ҳамда Тошкент – Москва – Тошкент йўналишларида амалга оширилган парвозлар орқали 677 нафар ўзбекистонлик ватанига қайтарилган.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур парвозлар Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш мақсадида тасдиқланган чартер рейслар жадвалига мувофиқ равишда амалга оширилган.

Вазирлик 3 июнь куни Тошкент – Шаржа – Тошкент ҳамда Тошкент – Москва – Тошкент йўналишларида чартер қатновлари амалга оширилиши белгиланганини, 4 июнь куни эса Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент йўналишида чартер рейси бажарилиши кутилаётганини билдирган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда”, деб айтган, кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин фуқаро чегара постлари орқали Ўзбекистонга кириб келиши кутилаётгани, бунга қўшимча яна 100 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик ватанга қайтиш истагини билдириб, навбат кутаётганини билдирганди.

Cирдарёга Қирғизистондан яна инсонпарварлик ёрдами етиб борди

Сирдарёга гуманитар юк етказиб берган Қирғизистон фуралари (Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати фотосурати),

Қирғизистон Сардоба тошқинида жабр кўрган сирдарёликлар учун яна гуманитар ёрдам йўллади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур ёрдамни вилоятга Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси маслахатчиси Нурлан Джумалиев бошчилигидаги делегация олиб келган.

Қайд этилишича, қирғиз халқи томонидан йўлланган ёрдам юки 20 тонна макарон, 20 тонна гуруч, 10 тонна ўсимлик ёғи, 10 тонна шакар, 5 тонна сув ва 10 тонна картошкадан иборат.

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан жабрланган ўзбекистонликларга Қирғизистон 11 май куни ҳам инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Ўшанда қўшнилар сирдарёликларга 1 000 тонна цемент, 100 тонна гуруч ва 10 тонна ўсимлик ёғи йўллаган.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган табиий офат натижасида минглаб уй сув остида қолган, 90 минг нафар аҳоли эвакуация қилинган эди.

Турк ширкати Тошкентда газ электр станцияси қуради

Иллюстратив сурат.

Туркиянинг Aksa Energy Ўзбекистон пойтахтида 240 МВт қувватга эга бўлган газ электр станцияси қурилишига сармоя ётқизади. Лойиҳа, “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан келишув асосида амалга оширилмоқда.

Электр станцияси қурилишини бир йил ичида битказиш режаланган. Ишларни жадаллаштириш учун ширкат бошқа мамлакатлардаги мутахассисларининг бир қисмини Ўзбекистонга ташлаши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асосида амалга ошириляпти. Aksa Energy электр станциясини қуриб, уни 25 йил давомида эксплуатация қилади, Ўзбекистон томони эса станцияни табиий газ билан таъминлаш ва корхона томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш кафолатини ўз зиммасига олган.

ФВВ зарарли чигирткалар тарқалишига қарши тадбирлар ҳақида ҳисобот берди

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб зарарли чигирткаларнинг 327,4 минг гектар майдонда тарқалганлиги аниқланиб, 309,6 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилган. Шунингдек, маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан шу кунгача зарарли чигирткаларга қарши 397 минг гектар майдонда ишловларни ўтказишни таъминлайдиган кимёвий воситалар захираси яратилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу тадбирларга 500 дан ортиқ махсус техника ва 700 нафардан ортиқ ишчи жалб қилинган.

Вазирлик чигирткаларга қарши чоралар Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётганини урғулайди.

ФВВ жорий йилда зарарли чигирткаларнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш учун жойларда 597,9 минг гектарда кимёвий ишлов ўтказилиши режалаштирилганини қўшимча қилган.

Ўзбекистонга зарарли чигирткалар хавф солаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик бундан қарийб бир ой аввал хабар қилган эди. Шундан сўнг ўзбек расмийлари маҳаллий матбуот орқали қилган чиқишларида буни рад қилиб, мамлакатда чигиртка хуружига оид хатар кузатилмаётганини иддао қилганлар.

Ўзбекистон халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшиламоқчи

Президентнинг 2 июндаги фармони билан “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталининг ишга туширилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади. Бу тадбир президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармон асосида амалга оширилади.

Ҳужжат билан Кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;
  • давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.

Кенгашнинг ишчи органлари этиб Молия ва Адлия вазирликлари тайинланган.

Фармонда Молия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрига қадар Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталининг ишга туширилишини таъминлаш топширилган.

Тошкентда ОИВга чалинганинини била туриб мактабдоши билан жинсий алоқа қилган ўсмирга жиноят иши очилди

Маълум бўлишича, ўсмир 7 ёшидан бошлаб ОИТС диспансерида ҳисобда турган.

Тошкент шаҳар ИИББнинг 2 июнда хабар беришича, 17 ёшли А.К., ОИВ-инфекцияси билан касалланганлигидан ва ОИТС диспансерида ҳисобда туришидан хабардор бўла туриб, таниши 16 ёшли Р.Б., билан ҳимояланмаган тарзда жинсий яқинлик қилган ва бу билан қизни ОИВ-инфекцияси юқтириш хавфи остига қўйган.

Бир оз вақт ўтгач, ўзини ёмон ҳис қила бошлаган қиз шифокорга мурожаат қилиб, 5 ойлик хомиласи борлигидан хабардор бўлган. Йигитининг ташҳисини билган қиз ҳолатнинг жиддийлигини тушуниб, муаммоси ҳақида тиббиёт мутахассисларига ва яқинларига маълум қилган.

Мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 113 - моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳолат бўйича тўпланган маълумотлар айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича судга кўриб чиқилиши учун йўналтирилди.

Хабарда таъкидланишича, терговолди текширувлари доирасида йигит ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Йигит 7 ёшидан бошлаб ОИТС диспансерида ҳисобда турган. Қиз ва йигит бир-бирини севган.

“Муносабатларни «катталар» даражасига ўтказишни йигит ва қиз режалаштирмаган эдилар, аммо бу ҳолат содир бўлганида уларда контрацептив (презерватив) бўлмаган. Йигит қизни жинсий алоқа хавфли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган, аммо ўсмирлик севгиси уларнинг кўзини кўр қилиб қўйган эди. Кейинчалик ёшлар ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, биринчи ҳолат ҳеч қандай ёмон оқибатларга олиб келмаслигидан умидвор бўлишган”, - дейилади Тошкент ИИББ хабарида.

Коронавирусга чалинган 11 беморнинг аҳволи оғир

Ҳозирда касалхоналарда 846 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 3 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3769 нафарни ташкил этмоқда. Бу 2 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 9 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 7 нафари Тошкент вилоятида (6 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари аҳоли орасидан аниқланган), 2 нафари Сирдарё вилоятида (1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган) аниқланган”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 2908 киши соғайган, 15 бемор вафот этган. Ҳозирда касалхоналарда 846 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 10 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бош вазир кўрсатмаси билан ҳукумат аъзолари Сўхга борди

Бош вазир Абдулла Арипов ҳам 1 июнь куни Сўхга борган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов кўрсатмаси билан ҳукумат аъзолари 2 июнь куни Сўх туманига бордилар. Бу ҳақда “Газета” уз хабар берди.

Хабарда айтилишича, Сўх туманига борган ҳукумат аъзолари маҳаллий аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганишлари керак.

Сўхга вертолётда етиб борган ҳукумат аъзолари орасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, бош вазирнинг аграр ва озиқ овқат соҳаси бўйича ўринбосари Ўктам Барноев, ижтимоий тараққиёт бўйича бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари Сардор Умрзақов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, қишлоқ хўжалик вазири Жамшид Хўжаев, спорт вазири Дилмурод Набиев ва бошқалар бор.

Айтилишича, ҳукумат Сўх туманидаги вазиятни барқарорлаштириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича дастурни ишлаб чиққан.

Шу йил 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида “Чашма” булоғи устида жанжал чиқиб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилди.

Чегарадаги можаро ортидан 1 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов сўхликлар билан шахсан учрашган.

31 май кунги можаро оқибатида, қирғиз расмийлари маълумотига кўра, 25 нафар қирғизистонлик тан жароҳати олган.

Айни пайтда Сўх тумани ҳокимлиги 31 майдаги можаро ортидан туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилгани, 15 нафари вертолётда вилоят шифохоналарига олиб кетилганини расман маълум қилган.

Сўх тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, яраланганлардан 13 нафари ўқ еган, айримларининг жароҳати оғир.

2 июнь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов 3 киши ов милтиғидан яраланганини расман маълум қилди.

Сардоба тошқинида жабрланганларнинг 21,5 мингдан кўпроғи ҳали уйларига қайтмади

Сардоба тошқинида вайрон бўлган уйлардан бири.

Сардоба тошқинида жабрланган 4 025 оилага президент кўрсатмасига асосан 40 миллион сўмдан моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари яна 1 818 та фуқарога ҳам мана шу миқдорда моддий ёрдам берилади. Айни пайтда уларнинг рўйхати тузилди. Бу ҳақда АОКАда 2 июнда ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

“Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан эвакуация қилинган жами 89 минг 450 нафар аҳолини 67 минг 901 нафари яшаш манзилига қайтарилди. 21 минг 549 нафар фуқаро эвакуация қилинган ҳудудларда қолмоқда”, деб айтган расмий.

Унга кўра, 11 минг 272 бош уй ҳайвони қидириб топилган ва ўз эгаларига қайтарилган. Нобуд бўлган 6 минг 112 бош уй ҳайвони дезинфекция қилинган ҳолда, махсус ажратилган 5 та ҳудудга кўмилди.

1746 нафар фуқаронинг паспорти топилиб, ўз эгаларига қайтарилди. 1917 нафар фуқарога янги биометрик паспорт расмийлаштириб берилди.

Зарар етган ҳудудларни ободонлаштириш, хавфсиз ҳудудга айлантириш ва фуқароларни доимий яшаш жойларига кўчириш ишларига ички ишлар органларининг 495 нафар ходими сафарбар қилинган.

“Korean and migration” хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига нисбатан суд жараёни бошланди

2019 йилнинг 17 сентябрида HUMAN хусусий бандлик агентлигига алданганлар Вазирлар Маҳкамасига норозилик билдириб борган.

“Korean and migration” хусусий бандлик агентлигининг 11 нафар ходимига нисбатан очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати 2 июнь куни хабар берди.

Маълумотда айтилишича, агентлик директори Қаҳрамон Отақулов, агентликнинг хорижий ҳамкори – Жанубий Корея фуқароси Канг Нам Кю, агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов, “Korean and migration” таъсисчиси Хушвақт Турдиев ва яна 7 ходимга нисбатан жараён Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида бўлиб ўтмоқда.

“Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Қ.Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга ёлғон ваъдалар бериб, «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖга келиб мурожаат қилган фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритишиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган”,- дейилади хабарда.

Ушбу жиноят иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогар мавжуд. Терговнинг билдиришича, уларга келтирилган зарар 24 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади. Дастлабки тергов даврида бу зарарнинг 13 миллиард 300 миллионини қоплаш чораси кўрилган.

Судланувчиларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айблов қўйилган.

“Korean and migration” раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик 2019 йилнинг 10 ноябрида хабар берган эди.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.

Қурилиш вазирлиги: Сардоба тошқинида 4 435та хонадон зарар кўрган

Сардоба тошқини ортидан айрим оилалар мана шундай қўлбола чайлаларда яшашмоқда.

Сардоба сув омборининг ўпирилиши оқибатида юзага келган сув тошқини оқибатида 4 435та хонадон зарар кўрган. Шундан 2 390таси яроқсиз, 2 045таси таъмирталаб ҳолатда. Бу ҳақда 2 июнь куни АОКАда ўтган брифингда Қурилиш вазирлиги матбуот котиби Жамолиддин Қаландаров маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, айни пайтда 1 814та уйда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг 494таси Сардоба, 668таси Оқолтин ва 652таси Мирзаобод туманида.

Жамолиддин Қаландаров кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, уларнинг туташ ҳудудини тиклаш ва ободонлаштириш учун жами 8 миллиард 400 миллион сўм ажратилди.

Айни пайтда Озодлик радиоси 28 май куни Сардоба тошқинида вайрон бўлган кадастр ҳужжатлари йўқ уйлар эгаларига ҳеч қандай кўмак берилмаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Мутасаддилар Озодлик билан суҳбатда ноқонуний қурилган иморатлар учун иқтисодий ёрдам бериш кўзда тутилмаганини айтишди.

Президент фармойишига кўра, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жой қурилади. Мазкур уйлардаги хонадонлар уйларини сув босган шахсларга беғараз берилади.

Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар сони 3760 нафарга етди

Ўзбекистонда,2020 йил 2 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси юқтириб олиш билан боғлиқ 3760 ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

ССВ маълумотига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 7 таси Навоий вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар орасида, 2 таси Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, биттаси эса Карантин марказидаги (Қозоғистон орқали Ўзбекистонга кириб келган) фуқаролар орасида аниқланган.

Бу орада вазирлик мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган 2908 нафар фуқаро соғайиб кетганини, 837 нафар беморнинг муолажалари давом этаётганини билдирган. СВВ қайдича, тиббиёт муассасаларида даволанаётган 837 нафар бемордан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Эпидемия бошланганидан бери COVID-19 инфекцияси юқтириб олган беморлардан 15 нафари оламдан ўтган.

Сўконғич бош врач ишдан олинди

Иллюстратив сурат.

Қўл остидаги ходимларни ўз кабинетида бўралатиб сўккан Тошкент вилояти Санитария -эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоев ўз вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда Б.Болтабоев ходимларини ўз кабинетида сўкаётганига оид видео тарқалганидан кейин ССВ ҳузуридаги Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилган ҳамда унинг қўл остидаги ходимлари билан ўта қўпол ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган тарздаги суҳбати муҳокама қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилган.

“Бош врач Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, мазкур агентлик директори Баҳодир Юсупалиевнинг тегишли бўйруғи билан ўз вазифасидан озод этилди”, дейилади хабарномада.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади

Салом бераётган ўзбек келини.

Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилиши кутилмоқда. Ҳукуматнинг бунга оид қарори лойиҳаси 2 июнь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.

Лойиҳага мувофиқ, қуйидагилар мазкур марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

  • замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;
  • никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;
  • никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;
  • машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;
  • турмуш қуриш олдидан Марказларда ўқитилган ёш оилаларнинг ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, ўқувларни янада такомиллаштириб мувофиқлаштириб бориш.

Қарор билан “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари тўғрисида”ги низом тасдиқланиши кўзда тутилган.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия хашаридан тушадиган тушумлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлар хайриялари, халқаро ташкилотлар грантлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар тузилажак марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланган.

Қарор юзасидан муҳокама шу йил 17 июнигача давом этади.

Сардобаликларга кўмак учун йўлланган ҳарбийлар доимий манзилларига қайтишди

Сардоба тошқини туфайли вайрон бўлган уйни тозалаётган ҳарбийлар, Сирдарё вилояти, 2020 йил май ойи.

Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш мақсадида Сирдарё вилояти Сардоба туманига сафарбар қилинган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округи қўшинлари 1 июнь куни колонна билан Самарқанд, Жиззах ҳамда Каттақўрғон гарнизонларига қайтарилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, тошқин рўй берган жойга 2 май куни етиб борган ҳарбий хизматчилар қарийб бир ой давомида табиий офатдан азият чеккан аҳолига кўмак кўрсатган.

Хусусан, улар “Қўрғонтепа”, “Дўстлик” ва “Юртдош” маҳалларидаги 2148 та хонадонда тозалаш-таъмирлаш ва уйларни қайта тиклаш ишларини бажарганлар, хонадон эгалари учун вақтинчалик чодирлар ҳамда тандир ва ўчоқ қуриб берганлар.

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида 1 май куни юз берган техноген фалокат туфайли яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босган, тошқин оқибатида 6 киши ҳалок бўлган. Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та аҳоли пунктидан 90 мингга яқин киши эвакуация қилинган.​

Ўзбекистонда солиқ тўловчилар сафига Huawei ҳам қўшилди

Huawei Ўзбекистонда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган хорижий ширкатлар қаторига қўшилди.

Давлат солиқ қўмитасига қарашли tax.uz сайти қайдига кўра, Huawei Services (Hong Kong) Co., Limited ширкати 1 июнь куни рўйхатдан ўтган.

Аввалроқ Google, Facebook, Apple, Netflix, Samsung, Яндекс каби ширкатлар Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинганди.

Ўзбекистонда 2020 йил бошидан жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хориж компаниялари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартиби жорий этилганди. Бу каби ширкатларни рўйхатга олиш учун ДСҚ томонидан махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – tax.uz сайти яратилган.

Айни пайтда ҚҚС-офисида рўйхатдан ўтган хорижий ширкатлар сони 14 тага етган.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича комиссия тузилди

Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тузилди. Norma.uz маълумотига кўра, 28 май куни ҳукумат "Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" қарор қабул қилган.

Мазкур комиссия, қарорга мувофиқ, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади.

Низом билан Идоралараро комиссиянинг вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартиби белгиланган.

Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари ўлароқ қуйидагилар белгиланган:

  • ЖСТ Котибиятига ёки ЖСТга аъзо мамлакатларга келгусида юбориш учун Идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатларни келишиш ва тасдиқлаш;
  • ЖСТ қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш ва уйғунлаштириш мақсадида Идоралараро комиссия аъзолари ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларини келишиш;
  • ЖСТ билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳи билан биргаликда стратегик масалалар бўйича, шу жумладан, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши шартлари, шунингдек, ЖСТ аъзоси бўлган мамлакатлар билан икки томонлама, кўп томонлама ва ҳар тарафлама савдо музокаралари жараёнидаги келишувлар ва шартномалар бўйича Ўзбекистоннинг умумий позициясини ишлаб чиқиш.

Идоралараро комиссия ўз фаолиятини йиғилишлар шаклида амалга оширади, улар бир йилда камида икки марта ўтказилади. Идоралараро комиссия йиғилишларига материалларни тайёрлаш унинг Котибияти – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ЖСТ билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади. Кўриладиган масалалар бўйича қарорлар комиссия аъзолари томонидан очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Идоралараро комиссия ҳукуматга ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича ҳисобот киритади.

Саид Аҳмаднинг юз йиллиги муносабати билан сериал суратга олинди

Беш қисмли сериал 8-12 июнь кунлари Ўзбекистондаги 11та телеканалда намойиш этилади.

"Ўзбеккино" Миллий агентлигининг 1 июнда хабар беришича, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан "Сабр-у садоқат" номли сериални суратга олди.

Беш қисмли сериал 8-12 июнь кунлари Ўзбекистондаги 11та телеканалда намойиш этилиши маълум қилинди. “Ўзбеккино”нинг маълум қилишича, “ушбу махсус лойиҳа “Саид билан Саида” фильмига киритилмай қолган янги саҳналар билан бойитилди”.

“Киносериал 1950 йилдан 1955 йилгача ёзувчи ва унинг рафиқаси ҳаётидаги ҳақиқий воқеаларга асосланган бўлиб, унда севги ва садоқат, инсон руҳиятининг куч-қудрати ва ҳар доим яхшиликнинг ёмонлик устидан ғолиб эканлиги тараннум этилади”, - дейлади расмий хабарда.

Май ойида энг қиммат палов Тошкентда, энг арзони Наманганда бўлди

Энг арзон палов Наманганда бўлиб, бир порцияси 11 571 сўм.

Давлат статистика қўмитаси май ойи учун “палов индекси” тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистон бўйича энг арзон палов Наманганда бўлиб, бир порцияси 11 571 сўм, бир килоси 80 997 сўм туради. Палов нархи бўйича Сурхондарё иккинчи ўринда - порцияси 11 800 сўм, килоси 82 600 сўм.

Учинчи ўринда Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятлари. Бу икки ҳудудда ошнинг порцияси 13 минг, килоси эса 91 мингдир.

Энг қиммат палов Тошкент шаҳрида. Бу ерда бир порция ошни 17 750 сўмга, бир килосини эса 124 250 сўмга сотиб олиш мумкин.

Хоразм, Андижон, Тошкент, Сирдарё вилоятларида бир порция паловни 14 минг сўмдан 14 800 сўмгача, бир кило ошни 98 мингдан 103 минг сўмгача сотиб олиш мумкин.

Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах ва Бухоро вилоятларида ошнинг бир порцияси 15 166 сўмдан 16 667 сўмгача, килоси эса 106 минг 162 сўмдан 116 минг 669 сўмгача.

Маълумотларнинг шаклланиши жараёнида фақатгина танлаб олинган умумий овқатланиш муассасалари (Ош марказлари)даги паловнинг ўртача нархлари ҳисобга олинган бўлиб, ресторан ва чойхоналардаги нархлар инобатга олинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати 10 январда “Палов индекси” маълумотларини шакллантирилиш жорий этилаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ҳар бир ҳудуд (мамлакат)нинг ўзига хос “хусусиятлари”ни инобатга олиб, Европанинг аксарият мамлакатларида “Big-Mak индекси”, Россия Федерациясида “Оливье индекси” маълумотлари шакллантирилади. Ўзбекистонда энг оммавий таом – “Палов индекси” маълумотларини шакллантириш бошланган.

Коронавирусга чалинганлар сони 3 718 нафарга етди

Ҳозирда касалхоналарда 844 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3 718 нафарга етганини билдирди. Бу 1 июнь соат 23:00 ҳолатидагидан 16 нафарга кўп.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 12 нафари Карантин марказидаги (барчаси Қозоғистон орқали юртимизга кириб келган) фуқаролар орасида, 2 нафари Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги аҳоли орасида, қолган 2 нафари Наманган ва Тошкент вилоятларига хориждан кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган”,- дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 2859 нафар бемор соғайган, 15 бемор вафот этган.

Ҳозирда касалхоналарда 844 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 9 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Карантинга ёпилган Китоб туманида бемор коронавирусдан ўлгани рад этилди

Китоб тумани ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Китоб туманида коронавирусда гумонланган бемор Covid-19дан эмас, ёндош касалликдан ўлгани ҳақида 1 июнда маълум қилди. Аммо шунга қарамай Китоб тумани ёпиқлигича қолмоқда.

Вазирлик баёнотида айтилишича, 1963 йилда туғилган фуқаро Н.О., 9 май куни Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтган ва Тошкент вилоятидаги Карантин марказига тиббий кузатувга олинган. 10 май куни у коронавирусда гумонланиб Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган.

Ўтказилган диагностик тахлиллардан сўнг беморда Covid-19 инфекцияси аниқланмаган. Бундан аввал у жигар циррози ташхиси билан даволанган.

“Бемор 29 май куни Китоб туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Коронавирус инфекциясига олинган тахлил унда гумон натижани қайд этгани боис суртма намуналари 31 май куни ўрнатилган тартибга кўра, махсус лабораторияга юборилган. Шу куни у ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан вафот этган”, - дейилади хабарда.

Вазирликнининг билдиришича, коронавирусга гумонланган марҳум билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар эҳтиёт чораси сифатида стационар ва уй карантинига олинган. Китоб туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.

“Шу йилнинг 31 май куни юборилган суртма намуналарини такрор текширув натижаларига кўра, марҳум беморда коронавирус инфекцияси аниқланмади. Демак, бир ой ичида ўтказилган иккинчи бор диагностик тахлил ҳам Н.О. “Covid-19” инфекциясига чалинмаганлигини кўрсатган. У ёндош касалликлар туфайли вафот этганлиги маълум бўлди. Шундай бўлса-да, қатъий санитария қоидаларига кўра, карантинга олинган фуқаролар маълум муддат тиббий кузатувда бўлишади”, - дейилади хабарда.

Бухорода 2 июндан бошлаб карантин чоралари қатъийлаштирилди

Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманлари ичида шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилади.

Бухоро вилоятида коронавирусга қарши кураш доирасида карантин чоралари қатъийлаштирилди.

Вилоят ҳокимлигининг билдиришича, 2 июндан бошлаб номаълум муддатга Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманлари ичида шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилади. Юк ташувчи, қишлоқ хўжалигида жалб қилинган ҳамда махсус рухсатномали (стикерли) автотранспорт воситалари бундан мустасно

Бухоро шаҳрига бошқа туман ва шаҳарлардан келган автомашиналарнинг кириб чиқишига, юк ташувчи, қишлоқ хўжалигида жалб қилинган ҳамда стикерли автомашиналардан ташқари, соат 07:00 дан 10:00гача ва17:00-20:00гача рухсат берилади.

Вилоят ҳудудида соат 22:00дан 06:00гача шахсий автотранспорт воситаларининг заруратсиз (иш юзасидан, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситаларига бўлган эҳтиёж ва шунга ўхшаш зарур ҳоллар бундан мустасно) ҳаракатланиши чекланади;

Навоий вилоятининг чегарадош ҳудудлари орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг кириб-чиқишини қатъий карантин талаблари асосида амалга оширилади.

Вилоят ҳудудига кириб келаётган халқаро юк ташувчи маҳаллий ҳайдовчилар постларнинг ўзида карантинга олинади. Сартарошхоналар, такси хизматлари ва истироҳат боғлари айрим чекловларга амал қилган ҳолда мижозларга хизмат кўрсатишда давом этади.

Uzbekistan airways 1-7 июнда муҳожирларни олиб келиш учун яна 9та қатновни амалга оширади

Новосибирск аэропортида чартер рейсга рўйхатдан ўтаётган ўзбекистонлклар. 23 май, 2020 йил.

Транспорт вазирлиги хориждаги ўзбекистонликларни ватанга олиб келиш учун жорий ҳафтада амалга ошириладиган чартер рейслар жадвалини эълон қилди.

Жадвалга асосан Uzbekistan airways Туркия, Россия, БАА ва Миср Араб Республикаси шаҳарларига жами 9та қатновни амалга ошради.

1 июнь. Тошкент – Истанбул – Тошкент

2 июнь. Тошкент – Москва – Тошкент

3 июнь. Тошкент – Шаржа – Тошкент

3 июнь. Тошкент – Москва – Тошкент

4 июнь. Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент

5 июнь. Тошкент – Москва – Тошкент

6 июнь. Қоҳира – Тошкент – Қоҳира

6 июнь. Тошкент – Новосибирск – Тошкент

7 июнь. Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент

Транспорт вазирлигининг билдиришича, тасдиқланган чартер рейслар жадвалига мувофиқ 25-31 май кунлари амалга оширилган 8 та қатнов орқали Россия ва Туркиядан жами 2118 нафар ўзбекистонлик олиб келинган.

Президент Шавкат Мирзиёев май ойининг ўрталарида ўтган йиғилишлардан бирида Ўзбекистонга хориждан 39 минг ватандош олиб келинганини, яна 12 минг ўзбекистонлик олиб келинишини айтган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG