Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 13:32

ИИББ "Лирика" сотишда айбланганлар самосуди "саҳналаштирилган", деб баёнот берди


Тармоқларда тарқалган видеодан скриншот.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) "Лирика" психотроп дори воситасини сотишда айбланиб, 2 киши самосуд қилингани акс этган видеога алоқадор бир шахс "топилганини" маълум қилди. Расмий баёнотда айтилишича, ҳодиса шу йилнинг февралида содир бўлган ва видеода акс этган манзара "саҳналаштирилган".

ИИББ: самосуд акс этган видеога алоқадор шахс "топилди"

Тошкент шаҳар ИИББ тарқатган баёнотда айтилишича, шу кунда тармоқларда баҳсларга сабаб бўлаётган самосуд видеоси шу йилнинг февраль ойида суратга олинган.

"ИИББ ходимлари бу видеога алоқадор шахслардан бирини топишга муваффақ бўлди. Мавжуд маъумотларга кўра, видеода содир бўлаётган воқеа саҳналаштирилган, уни тасвирга олган кишиларнинг шахси аниқлаштирилмоқда. Видео шу йилнинг февраль ойи охирида "ўсмирлар орасида "Трамадол" ва "Лирика" дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланаётганларни қўрқитиш" мақсадида тасвирга олинган", дейилади ИИББ баёнотида.

Шунингдек, баёнотда видеодаги шахсларни ёки уларнинг овозини таниганлардан ИИББ билан боғланиш сўралган ва уларнинг шахси сир сақланиши кафолатланиши айтилган.

Бироқ, баёнотда ҳали терговга қадар текшириш бораётган ва иштирокчилари қидирилаётган видеотасвирдаги самосуднинг саҳналаштирилганини ҳозирдан жамоатчиликка билдириш сабаби изоҳланмаган.

Бундан ташқари, баёнотда бундай самосудлар "ўрта асрларга хос "сазойи қилиш", деб қораланган ва бирор ноқонуний ҳаракатларга дуч келганлардан дарҳол ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш сўралган.

Видео: самосуд қилинган 2 шахс

Озодлик 18 ноябрь куни тармоқларда бир гуруҳ шахснинг 2 кишини "Лирика" хапдорисини сотишда айблаб, таҳқирлаётгани ва давлатдан кечирим сўрашга мажбур қилаётгани акс этган видео тарқалгани ҳақида мақола чоп этганди.

16 ноябрь куни тармоқларда тарқалган видеода ярим яланғоч қилинган 2 ёш йигит кечирим хати ёзилган ёрлиқ, ип ўтказиб бўйнига осилган ҳолда акс этган. Кадр ортидаги овозлардан уларни бир неча киши таҳқирлаётгани, икковлонни "Лирика" - психотроп дори воситасини сотиш орқали жамиятга қарши жиноят содир этишда айблаётгани тушунилади.

Кадр ортида туриб гапираётганлар икковлонни Тошкентнинг Амир Темур хиёбонига олиб чиқиб, сазойи қилиш билан таҳдид этади ва муттасил ҳақоратлайди.

Видео ортидан тармоқларда кўтарилган баҳс иштирокчиларининг аксарияти психотроп дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши эканини билдираркан, айни пайтда, икки йигитни ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этиш ўрнига, самосуд қилинишни ҳам қораламоқдалар.

Иддао: самосуд қилган спортчи

Бир неча кун муқаддам бу видеони Озодликка йўллаган манбалар 2 кишини таҳқирлаганлардан бири халқаро турнирларда кўп бора ғалаба қозонган, таниқли спортчи, деб иддао қилган. (Озодликка бу спортчининг исми-фамилияси айтилган, аммо таҳририят маълум сабабларга кўра, бу маълумотни очиқламаётир)

Озодлик видеода акс этган воқеага ойдинлик киритишини сўраб, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва ИИВга мурожаат қилганди.

19 ноябрь куни прокуратура матбуот хизмати: "Бу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББда терговга қадар текширув олиб борилмоқда, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади", деб жавоб берди.

(Озодлик бу ҳодисага оид қўшимча тафсилотларни ўрганишда давом этмоқда. Янгиликларни сайтимизда кузатинг!)

Озодлик суриштируви

Озодлик Тошкент аптекаларидан ва кўчадан бемалол сотиб олиш мумкин бўлган "Лирика" ёки "Трамадол" дорисига ружу қўяётган ёшлар тўғрисида 2017 йилнинг сентябрида суриштирув ўтказган эди.

Ўшанда Озодликнинг Тошкентдаги мобил мухбири ҳеч қандай рецептсиз бу дорини сотиб олган, "Лирика" хапдорисига ружу қўйган тошкентлик ўспиринлар билан суҳбатлашган эди.

Тошкент ИИББ рейдлари

Тошкент шаҳар ИИББ 23 октябрдан 7 ноябргача "Лирика" ва "Трамадол"ни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш ва сотишни аниқлаш учун рейдлар ўтказгани ва 46 кишини қўлга олганини маълум қилган.

Октябрь охири-ноябрь бошида ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида жами бўлиб 3 минг 23 пачка трамадол ва 215 пачка "Лирика" психотроп дори воситаси мусодара қилингани айтилди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси («Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш») бўйича 6 та ва 276-моддаси бўйича («Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар») 16 та жиноий иш қўзғатилган.

Енгил жазо

Аммо, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси Исматжон Азизовнинг “Оила даврасида” газетасига айтишича, қонунчиликда “Лирика” ва “Трамадол” каби дори воситаларининг ноқонуний савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Яъни, ноқонуний савдо қилган шахсларга нисбатан фақат маъмурий жазо – муайян миқдорда жарима қўлланади. Расмийга кўра, жиноий жазо йўқлиги оқибатда яширин савдони тўхтатиш имконсиз бўлмоқда.

Наркотик каби хатарли "Лирика"

Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига кўра, қутисига "Лирика" (прегабалин) ҳамда "Трамадол" деб номланувчи хапдорилар таркибида метилгексан ва морфий бўлган дорилар қаторида алоҳида назоратда туради.

Аммо, кейинги йилларда Тошкентда шаклланган дори воситалари қора бозорига, асосан, Қозоғистондан контрабанда йўли билан олиб кирилаётгани айтилади.

Тиббиёт ходимлари "Лирика"ни бошқа наркотик моддалар каби хатарли, деб баҳолайдилар.

Самосуд

Ижтимоий тармоқларда “гуноҳкорларни” аҳоли ўзича жазолашга уриниши акс этган видеолар тез-тез тарқалмоқда.

Ўғирлик қилганида қўлга туширилиб калтакланаëтган, “фоҳиша” ëки “гей” деган тавқи лаънатга учраб кўчада яланғоч сазойи қилинаëтган ўзбеклар акс этган видеолар ҳар гал қизғин баҳслар, муҳокамаларга сабаб бўлади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар бундай ҳолатлар адлия тизимининг заиф эканидан далолат, деб ҳисоблайдилар.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG