Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 08:43

Бош прокуратура ИИБ ходимининг ўлими билан тугаган воқеанинг тафсилотларини очиқлади


Избосканлик ИИБ ходимини уриб ўлдирганликда гумон қилинаётган уч фуқародан иккиси.

Андижон вилоят, Избоскан туман ички ишлар бўлимининг тезкор ходими, лейтенант Илҳом Ҳайдаровнинг ўлими билан тугаган воқеанинг қўшимча тафсилотларини Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Бош прокуратурага кўра, 22 ноябрь, соат 01 30 ларда Андижон вилояти, Избоскан туман ИИБ тезкор вакиллари С.Я. ва И.Х.лар хизмат вазифаларини ўтаётган вақтда фуқаролар З.Т., С.Н., Ф.Ю., Э.Э., А.С., Х.М. ва А.Ж.ларни тўхтатиб, уларга ўзларини таништирган.

ИИБ тезкор ходимлари тўхтатилганларнинг шахсини аниқлаш мақсадида, улардан ўзларини таништиришини сўраган.

Шундан сўнг, тўхтатилганлардан бири - А.Ж. ходимларнинг талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган ва телефон орқали укаси С.Ж. ва жияни З.Қ.ни ҳодиса жойига чақириб, улар билан бирга С.Я.ни уриб тан жароҳати етказган. И.Х.ни эса, қўл ва оёқлари билан уриб ўлдиришган.

Тезкор ходим С.Я. олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.​

Шу куни, вилоят прокуратураси томонидан А.Ж., С.Ж. ва З.Қ.ларга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «г,л,п» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган (улар ушланган).

Андижон вилоят, Избоскан туман ички ишлар бўлими ходими¸ лейтенент Илҳомжон Ҳайдаров калтаклангани ортидан касалхонада оламдан ўтгани тўғрисида Озодлик 22 ноябрда хабар қилган эди.

Қуйида кечаги хабарни келтирамиз:

Избоскандан олинган бу хабарни Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг оммавий ахборот воситаларига гапириш ваколати йўқлиги учун исми айтилмаслик шарти билан гапирган ходими тасдиқлади. Унинг Озодликка айтишича¸ Ҳайдаров тунги навбатчилик пайтида, 21 ноябрь кечқурун тахминан соат 9 ларда избосканлик йигитнинг тажовузига учраган:

- Тунги навбатчилик пайтида лейтенант Ҳайдаров уч-тўртта болани тўхтатиб, шахсини аниқламоқчи бўлган. "Кимсан¸ нима қилиб юрибсан", деган маънода. Сўраш ички ишлар ходимининг вазифасику?! Жанжал бўлган. Шу болаларнинг ичида биттаси бир мушт солган.

Мулозимнинг айтишича¸ ИИБ ходимига ҳужум Избоскан тумани билан Пахтаобод тумани ўртасидаги маъмурий чегара яқинида содир бўлган:

- Бир киши бир мушт урганида Илҳомжон ерга йиқилган. Кейин зудлик билан энг яқин касалхонага - Пахтаобод Тез тиббий ëрдам бўлимига олиб борилган. 21 ноябрдан 22 ноябрга ўтар кечаси Ҳайдаров касалхонада оламдан ўтди.

Мулозимга кўра¸ “ИИБ ходими ўлимига сабаб бўлган жанжал иштирокчилари зудлик билан Избосканга етиб келган наряд томонидан ҳибсга олинган”:

- Ўз хизмат вазифасини бажараëтган ИИБ лейтенантига мушт отган йигит гумонланувчи сифатида¸ қолганлар гувоҳ сифатида вақтинча ҳибсга олинди. Прокуратура тергов олди суриштирувини бошлади.

ИИБ мулозими лейтенант Ҳайдаровга ҳужум қилган шахсга оид маълумотларни очиқламади.

Кейинги пайтда ИИБ ходимларининг калтаклангани ва ўлдирилганига оид бир неча хабарни Озодлик эълон қилган эди.

Жорий йилнинг 22 июнь куни Олмалиқ шаҳрида ИИБ майори¸ ҳудуд профилактика инспектори Даврон Раҳмонов безорилар тарафидан калтакланиб погони юлиб ташланган эди.

2018 йилнинг октябрида Фарғонада ИИБ ходими ўз ҳамкасбини пичоқлаб ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG