Хабарларга кўра, Покистон полицияси Карачи шаҳрида Хитой консуллигини портлатиб юборишга уринган уч нафар худкуш ҳужумчини отиб ўлдирган.
Покистон шимоли-ғарбида амалга оширилган бошқа ҳужумда эса, камида 25 одам ҳалок бўлгани, 55 га яқин одам жароҳат олгани хабар қилинди.
Карачидаги ҳужум учун масъулиятни “Балужистон озодлик армияси” айирмачи гуруҳи ўз бўйнига олди. Консуллик биносига киришга уринган ҳужумчиларни йўқ қилиш пайтида икки нафар полиция ходими ҳам ҳалок бўлган.
Полиция расмийси Амир Шайхнинг сўзларига кўра, ҳужумчилар консулликнинг виза бўлимига киришга уринган.
Покистон бош вазири Имрон Хон ҳужумни Хитой ва Покистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликка қарши “фитна” деб атаб, уни тергов қилишни буюрди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Гэн Шуан:
- Хитой дипломатик агентликларга қарши ҳар қандай зўравон ҳужумларни қоралайди ва Покистондан мамлакатдаги Хитой фуқаролари ва ташкилотлари хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли чораларни кўришни сўрайди, - деди.