Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 16:16

АҚШнинг собиқ президенти катта Жорж Буш 94 ёшида оламдан ўтди


Республикачи Катта Жорж Буш 1989-1993 йилларда бир муддат президент бўлган.

АҚШнинг собиқ президенти катта Жорж Буш 94 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди.

Нашрга кўра, Буш 30 ноябр куни вафот этган.

Республикачи Катта Жорж Буш 1989-1993 йилларда бир муддат Оқ уйга раҳбарлик қилди.

1993 йилги сайловда Буш демократ рақиби Билл Клинтонга ютқазганди.

Жорж Буш Иккинчи жаҳон уруши даврида 18 ёшида кўнгилли сифатида фронтга кетган.

Буш АҚШ ҳаво кучларининг энг ёш учувчиси сифатида Тинч океани устида япон армиясига қарши ҳарбий амалиётларда қатнашди.

Буш Йел университети талабаси.
Буш Йел университети талабаси.

Урушдан сўнг Йел университетини тамомлаб Жорж Буш республикачи сифатида сиёсий фаолиятини бошлади.

Жорж Буш 1971 йил БМТ кенгашида.
Жорж Буш 1971 йил БМТ кенгашида.

Буш АҚШ Конгрессига сайланди, БМТда вакил бўлди, бир муддат АҚШнинг Хитойдаги элчиси лавозимида ҳам ишлади.

1976-77 йилларда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Форд Жорж Бушни АҚШ Марказий разведка бошқармасига раҳбар этиб тайинлади.

АҚШ президенти Роналд Рейган эса 1981 йилги президентлик пойгасида Жорж Бушни ўзига вице-президент сифатида танлади.

Буш 1989 йилги сайловолди тадбирларида.
Буш 1989 йилги сайловолди тадбирларида.

1988 йилда эса Жорж Бушнинг ўзи президентлик сайловида ғалаба қозонди.

Катта Жорж Буш бир муддат АҚШ президенти бўлган эса-да дунё сиёсатидаги эврилишлар, СССРнинг парчаланиши, Форс кўрфазидаги уруш айнан унинг президентлик даврида рўй берди.

Жорж Буш СССР раҳбари Михаил Горбочев билан. 1989 йил.
Жорж Буш СССР раҳбари Михаил Горбочев билан. 1989 йил.

Шу йилнинг апрел ойида АҚШ собиқ президенти Бушнинг 73 йил бир ёстиққа бош қўйган рафиқаси Барбара Буш вафот этган эди.

Бу йўқотиш ортидан Буш касалхонага тушиб қолган эди.

Жорж Буш оиласи билан.
Жорж Буш оиласи билан.

У АҚШга 2001-2009 йилларда раҳбарлик қилган кичик Жорж Буш ҳамда Флорида штатининг собиқ губернатори, 2016 йилги президентлик пойгасида мағлуб бўлган Жэб Бушнинг отасидир.

XS
SM
MD
LG