Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:43

Тошкентда хорижга чиқиш паспортини берувчи 12 та пункт ташкил этилади


2011 йилги намунадаги биометрик паспорти бор фуқаролар чиқиш визаси талаб қилинмайдиган давлатларга чиқа оладилар.
2011 йилги намунадаги биометрик паспорти бор фуқаролар чиқиш визаси талаб қилинмайдиган давлатларга чиқа оладилар.

Тошкентда хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берувчи ҳар бири кунига 180−200 фуқарони қабул қилиш имкониятига эга ускуналар ўрнатилган 12 та пункт ташкил этилади. Бу ҳақда пойтахт Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Қудрат Юлдашев журналистларга маълум қилди.

Юлдашевга кўра, бундай пунктлар сони оширилиши мумкин. Саломатлиги туфайли кела олмайдиган фуқаролар учун эса мобил станциялар хизмати йўлга қўйилади.

Паспорт Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан 10 иш куни давомида тайёрланиши белгиланган. Унинг амал қилиш муддати 10 йилдир. Икки йилга берилаётган хорижга чиқиш учун рухсат берувчи стикер бекор қилинади.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти тўқ қизил рангда ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳимоялаш даражаси бўйича, хорижга чиқиш учун биометрик паспортидаги бетларда Ўзбекистоннинг тарихий обидалари акс эттирилиши режалаштирилмоқда.

Янги паспорт учун энг кам иш ҳақининг тахмин қилинаётган 150 фоизи миқдоридаги давлат божи ундирилиши (ҳозирда ушбу миқдор 304,095 сўм ($37)дан иборат) кўзда тутилмоқда.

Айни вақтда, 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти бор фуқаролар чиқиш визаси талаб қилинмайдиган давлатларга чиқа оладилар. Шунингдек, 2021 йил 1 январга қадар чиқиш стикери билан ҳам узоқ хориж давлатларига чиқиш имконияти сақлаб қолинади.

XS
SM
MD
LG