Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 08:16

Ўзбекистон хабарлари

Кейинги йилда тўртта вилоятда еттита сув омбори қурилади

Чорвоқ сув омбори.

Ўзбекистонда 2019 йилда Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятида 7та сув омбори барпо этади. Бу ҳақда президент Деҳқон ва фермерлар куни муносабати билан йўллаган табригида маълум қилди.

Президент сайтида эълон қилинган табрик матнида айтилишича, 2019 йилда сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

Бу мақсадни амалга ошириш учун Тошкент вилоятида жами 45 миллион куб метр сув йиғиладиган “Паркентсой”, “Қизилсой”, “Тоштепа”, Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Караман”, Қашқадарё вилоятида “Гулдара”, “Аяқчисой”, Самарқанд вилоятида “Булунғур” сув омборлари барпо этилади.

Келгуси йилда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида Давлат бюджетидан қарийб 1,7 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 84 миллион доллар миқдоридаги маблағини йўналтириш режалаштирилмоқда.

Келгуси икки йилда эса 1 миллион 200 минг гектар ернинг сув таъминоти барқарорлаштирилади, йилига 1 миллиард 700 миллион куб метр сув тежалади ва 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Кун янгиликлари

ДСҚ ўз ходимларининг даромад ва активларини мажбурий декларациялашни таклиф этди

Давлат солиқ қўмитаси биноси

Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳар йили даромадлари ва эгалигида бўлган активлар тўғрисида декларация тақдим этиш бўйича мажбурий талабни белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққан. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, лойиҳада давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари 2020 йилда олган даромадлари ва эгалигида бўлган активлари тўғрисида 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳамда келгуси йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелга қадар декларация тақдим этиши назарда тутиляпти.

Бундан ташқари, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонунига давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари зиммасига декларация топшириш талабини юклаш ва ушбу талабга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.

“Эндиликда давлат солиқ хизмати органининг ҳар бир ходими кўчар ва кўчмас мулклари, бошқа активлари, шунингдек ҳисобот йилида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда декларация тақдим этиши шарт бўлади”, дейилган хабарномада.

Декларацияларни қайта ишлаш натижасида олинган ахборотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик учун очиқ ҳолда махсус ochiq.soliq.uz веб-сайтига жойлаштириш таклиф этилган.

Аввалроқ Озодлик бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов амалдорларнинг харажатлари, уйи, машинаси, кийим-кечагу соатигача назорат қилиниши лозимлиги ҳақида гапиргани, ундан кейин адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда бюджет пуллари сарфланиши шаффофлиги таъминланиши, шу билан бирга, амалдорларнинг кўчмас мулк ва машиналари тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши кераклигидан баҳс этгани хусусида хабар қилганди.

Куздан бошлаб ҳайдовчилардан қоғоз шаклидаги ишончнома талаб қилинмайди

Ўзбекистонда автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали жорий йил 1 сентябридан мазкур ҳужжатларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилинади. Янги тартиб ҳукуматнинг шу йил 4 майида қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этган.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 августидан қуйидаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади:

автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;

автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.

Айни пайтда 2022 йил 1 августидан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали тақдим этилиши белгиланган.

АҚШ Оролбўйига 3 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Орол денгизи ҳудуди.

АҚШнинг Project C.U.R.E ширкати ташаббуси билан Сиэтл шаҳридан Қорақалпоғистон аҳолиси учун хайрия лойиҳаси доирасида биринчи гуманитар ёрдам жўнатилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентилигининг 4 майда билдиришича, мазкур лойиҳа Boeing ширкати билан ҳамкорликжда амалга оширилмоқда.

Гуманитар ёрдамнинг биринчи партияси 3 миллион долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер ташкил қилди

“Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиэтлга (3 минг километр) Пенсильвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов беғараз амалга оширди. Бундан ташқари, АҚШдаги ватандошлар томонидан асос солинган «Give to Get International» хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди”, - дейилади хабарда.

Аввалроқ мазкур юк Ўзбекистон учун Boeing ишлаб чиқарган Dreamliner учоғи орқали Тошкентга етказиб берилиши маълум қилинган эди.

Ис газидан заҳарланиб ўлганлар ҳақида давлат қўмитаси президентга қарши маълумот берди

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маълумотида ис газидан ўлганлар сони президент айтганидан анча кам.

Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 70 та ҳолат қайд этилди. Заҳарланиш оқибатида 66 кишининг соғлиғига зарар етди, 91 киши вафот этди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг билдиришича, 2020 йилда ис газидан ўлганлар сони 2019 йилга нисбатан 41 кишига кўп бўлган. 2019 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 31 та ҳолат рўйхатга олинган, 21 киши жароҳат олган, 50 киши ўлган эди.

Мазкур муаммо 2020 йил 16 декабрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган эди.

Йиғилишда президент 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Uzbekistan Airways АҚШдан яна бир Dreamliner учоғини қабул қилиб олишга ҳозирланмоқда

Uzbekistan Airways тасарруфидаги Boeing 787-8 Dreamliner учоқларидан бири

Uzbekistan Airways авиаширкати 5 май куни еттинчи Dreamliner учоғини қабул қилиб олади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилган.

Маълумотларга кўра, Сиэтлдан Тошкентга чоршанба куни етиб келадиган учоқ Ўзбекистон авиаширкати учун Boeing заводида тайёрланган Dreamliner’ларнинг еттинчисидир.

Янги учоқ бортида Project C.U.R.E. хайрия ташкилоти номидан Оролбўйи аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ўлароқ йўлланган юкни ҳам олиб келиши айтилмоқда. Юк умумий қиймати 3 миллион долларга тенг бўлган сунъий нафас олдириш аппаратлари, амбулатория жиҳозлари ва бошқаларни ўз ичига олган.

Бу орада ЎзА агентлиги галдаги Dreamliner Тошкент аэропортига етиб келгани, ҳисоб бўйича бу олтинчи Boeing 787-8 учоғи экани ҳақида хабар қилган.

Аввалроқ фуқаро авиацияси соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлган мулозимлар Озодлика қарзга ботган Uzbekistan Airways авиаширкати ўз ихтиёридаги 8 та учоқни сотмоқчи бўлгани, улардан иккитаси Dreamliner учоғи экани ҳақида билдиргандилар. Бироқ, сўнгги расмий маълумотларга кўра, авиаширкат 17 та учоғини сотувга қўйган, бундан 5 таси Boeing (757 ва 767), 12 таси Ил 76 ҳамда Ил-114 бўлиб, улар орасида Dreamliner йўқ.

Шароити танқид қилинган Китобдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Қамашига кўчирилди

Китобдаги меҳрибонлик уйи биноси

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган 5-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Қамаши туманида жойлашган 4-меҳрибонлик уйига кўчирилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов маълум қилди.

Шароити ёмонлиги важидан Китобдаги меҳрибонлик уйи тугатилиши лозимлиги хусусида аввалроқ болалар омбудсмани Алия Юнусова билдирганди. Мулозима танқиди ортидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараган 5-меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири ўз лавозимларидан озод қилингандилар.

Сенатор О. Иминовга кўра, юқори палата ишчи гуруҳи Китобдаги меҳрибонлик уйи бинолари таъмирталаб ҳолатда экани, тарбияланувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари талаблари асосида эмаслиги, тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун шароит етарли эмаслиги сабабли у ерда тарбияланаётган 65 нафар тарбияланувчини Қамаши туманидаги меҳрибонлик уйига ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига тавсиялар берган.

Ишчи гуруҳи тавсиясига асосан, жорий йил 2 май куни Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи 65 нафар тарбияланувчиларининг 10 нафари яқин қариндошлари оиласига, 55 нафари Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига кўчирилди”, дея маълум қилган сенатор Одилжон Иминов.

Суд ДСҚнинг депутат Р. Кушербаевга қарши даъво аризасини 12 майдан кўра бошлайди

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев

Давлат солиқ қўмитасининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга қарши даъво аризаси кўриб чиқиш иши шу йил 12 май куни соат 11:30 да Шайхонтоҳур туманлараро судида бошланади. Бу маълумот депутатга суд томонидан йўлланган чақирув қоғозида акс этган. Чақирув қоғози нусхаси журналист Хуршид Далиевнинг Телеграм-каналида эълон қилинган.

ДСҚ мулоҳазасича, депутат Р. Кушербаев “HUMAN.UZ” ахборот порталидаги “Сўз блогерларга” кўрсатувининг жорий йил 23 февралидаги сонида солиқ органлари ходимларини асоссиз айблаган ва уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказган.

Қўмита депутатдан асоссиз иддаолари учун кечирим сўрашни ҳамда ўзига етказилган 4,6 миллиард сўмлик маънавий зарарни тўлаб беришни талаб қилмоқда.

Прокурор блогер Отабек Сатторийга 11 йиллик қамоқ жазоси сўради

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий иши бўйича 4 май куни бўлиб ўтган маҳкамада сўз олган прокурор судланувчига 11 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

Танқидий чиқишлари билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 3 та моддаси билан жами 8 та айблов эълон қилинган.

Маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, кечаги судда прокурор блогерга қўйилган айбловлардан учтасини рад этиб, бештаси бўйича айбдор деб топишни сўраган.

Судланувчи ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмагани ва жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаб бермаганини урғулаган прокурор Отабек Сатторий ишида енгиллаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисобланиши лозимлигини билдирган.

Мазкур иш бўйича галдаги маҳкама шу йил 10 майига белгиланган.

Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Блогер устидан маҳкама жараёни 11 март куни Музработ туман судида бошланган.

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Машҳур ўзбек боксчиси Мелиқўзиев 4 йилга дисквалификация қилинди

Бектемир Мелиқўзиев 2016 йилда Бразилияда ўтган Олимпиадада кумуш медаль соҳиби бўлган эди.

Ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев допинг истеъмол қилгани аниқлангани ортидан тўрт йил муддатга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигига Халқаро бокс федерацияси (AIBA) маълум қилди.

Маълум қилинишича, спортчи 2020 йил 16 февралдан бошлаб 2024 йил 15 февралга қадар барча спорт мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Унинг 2020 йил 16 февралдан бошлаб мусобақаларда олган барча медаллари ва рейтинг очколари бекор қилинди. Шу билан бирга, Бутунжаҳон антидопинг кодексига кўра, Б. Мелиқўзиевнинг профессионал боксда чиқишларини давом этиши ёки этмаслиги тегишли Халқаро профессионал бокс ташкилотининг қарорига боғлиқ бўлади.

Бектемир Мелиқўзиевда дастлабки допинг - “фуросемид” тақиқланган моддаси аниқланганидан сўнг, у 2018 йил 28 февралдан 2020 йил 27 февралгача боксдан четлатилган эди. Аммо шунга қарамай унда 2019 йилнинг 21 октябри ва 2020 йил 16 февралидаги текширувларда яна допинг аниқланган.

Бектемир Мелиқўзиев 2016 йилда Бразилияда ўтган Олимпиадада кумуш медаль соҳиби бўлган эди. Мазкур Олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси сазовор бўлган 13 медалдан 4таси олтин, 2 таси кумуш ва 7таси бронзадир.

Ўшанда Ўзбекистон терма жамоаси Бразилия Олимпиадасида жами 13та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Олимпиадада медалларга сазовор бўлган 87 давлат орасида 21-ўринни эгаллаган эди.

Россия Миграция хизмати ходими ўзбекистонлик муҳожирни калтаклади

Иллюстратив сурат.

Россия Тергов қўмитасининг Томск вилоят бошқармаси 3 май куни Миграция хизмати ходими Ўзбекистон фуқаросини калтаклагани юзасидан текширув ўтказилаётганини маълум қилди.

Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги ҳам мазкур воқеага муносабат билдириб, “ҳар томонлама ва объектив текширув ўтказиш юзасидан Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Элчихонаси ҳамда Агентликнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси томонидан Россиянинг ваколатли идораларига тегишли сўровномалар юборилгани” тўғрисида хабар берди.

“Мавжуд маълумотларга кўра, Россиянинг Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги ушбу воқеа бўйича текширув ишларини бошлаган. Амалга оширилган ишлар натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилади”, - дейилади расмий хабарда.

2 май куни ижтимоий тармоқларда Россия Миграция хизмати ходими ўз ташкилоти биносида ўзбекистонлик эркакдан ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилгани, Ўзбекистон фуқароси эса унга паспортини кўрсатганини айтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортаётгани акс этган.

Шундан сўнг видео давомида ходим муҳожирни хоналардан бирига олиб киради ва хонада мавжуд бўлган бошқа одамлар кўз ўнгида ўзбекистонликни калтаклайди.

Мазкур воқеадан сўнг калтакланган Ўзбекистон фуқароси полицияга мурожаат қилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 655 кишига етди

Сўнгги бир сутка давомида 314 кишида коронавирус аниқланди.

Ўзбекистонда 3 май куни коронавирусдан яна икки киши вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 май куни билдиришича, бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 655 кишига етди.

Сўнгги бир сутка давомида 314 кишида коронавирус аниқланди. Янги касалланганларнинг 188 нафари Тошкент шаҳрида, 39 нафари Самарванд вилоятида ва 32 нафари Тошкент вилоятида яшайди. Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 92 320 кишини ташкил қилмоқда.

Касалликдан соғайганлар жами 88258 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил қилмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3407 нафар бемор даволанмоқда.

Электроникада янги йўналишга асос солган ўзбек академиги вафот этди

Ўткир Расулев 1939 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ўткир Расулев 4 май куни 82 ёшида вафот этди. Академиянинг билдиришича, Ўткир Расулев Ўзбекистон Фанлар Академияси Президиуми аъзоси, Давлат мукофотлари совриндори бўлган.

1939 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган Ўткир Расулев 1956 йил Тошкентдаги 135-ўрта мактабни олтин медал билан тугатиб, Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга кирган.

Ўткир Расулев эмиссион электрониканинг мураккаб таркибли молекулаларнинг қаттиқ жисм сиртида ионлашиш каби янги йўналиши асосчиларидан бири бўлган.

1985—2007 йилларда Фанлар Академиясининг Электроника институти директори бўлган Ўткир Расулев раҳбарлигида сиртий ионлашув усуллари ва асбоблари кашф этилган. Бу кашфиёт Россия, Германия, АҚШ, Швейцария, Италия ва Ўзбекистонда патентлаштирилган.

Коронавирусга қарши эмланганлар сони 900 мингга етди, эмловнинг иккинчи босқичи бошланди

Ўзбекистон жорий йил 3 майигача коронавирус инфекциясига қарши эмланганлар сони 911 минг 811 нафарга етган, уларнинг 14 минг 285 нафари иккинчи босқичда эмланганлардир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, душанба куни мамлакат бўйлаб жами 55 минг 795 нафар киши COVID-19 га қарши эмланган.

“Маълумки, вирусга қарши тўлиқ эмланиш учун инсон, вакцина турига қараб, икки ёки уч босқичда эмланиши керак. Шу йилнинг 1 майидан бошлаб вакцинанинг биринчи босқичини олган фуқароларни унинг иккинчи дозаси билан ҳам эмлаш бошланди”, дейилган ССВ хабарномасида.

Шу тариқа 3 май куни биринчи босқичда эмланганлар сони 47 минг 816 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар сони эса 7 минг 979 нафарни ташкил этган.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш кўрсаткичлари бўйича ҳамон Фарғона водийсида жойлашган вилоятлар олдинда кетяпти (Фарғона вилояти - 126 минг 27 нафар, Андижон вилояти 99 минг 797 нафар, Наманган вилояти - 98 минг 310 нафар), улардан кейинги ўринда эса Самарқанд вилояти (91 минг 887 нафар) бормоқда.

ДСҚ: Йил бошидан буён хорижий интернет-ширкатлар $400 мингдан кўпроқ солиқ тўлашди

Ўзбекистонда 2020 йили энг кўп ҚҚС тўлаган хорижий интернет-компания Facebook бўлган

Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хорижий интернет-компаниялар 2021 йил бошидан бери 4,3 миллиард сўм солиқ тўлашган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълумот тарқатди.

Қўмита қайдича, жорий йил 1 апрелигача Ўзбекистонда 26 та хорижий ширкат қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган. Мазкур компаниялар орасида Facebook, Google, Apple каби IT-гигантларга тегишлилари ҳам бор.

ДСҚ маълумотига кўра, Facebook ўтган йили Ўзбекистон ғазнасига 5 миллиард 981 миллион сўм (шу кунги курс билан қарийб 570 минг АҚШ доллари) солиқ тўлаган.

Айни пайтда Google 3 миллиард 453 миллион сўм (қарийб $330 минг), Apple 1 миллиард 934 миллион сўм ($180 мингдан кўпроқ), Netflix 190 миллион сўм ($18 мингдан кўпроқ), Booking.com 181 миллион сўм ($17 мингдан кўпроқ), Яндекс эса 136 миллион сўм (қарийб $13 минг) ҚҚС тўлагани очиқланган.

Ўзбекистонда Google, Facebook, Apple, Netflix, Samsung, Яндекс кабилар дохил қатор ширкатлар ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Илк чоракда йўл-транспорт ҳодисалари туфайли қарийб 400 киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-март ойларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида 394 нафар киши нобуд бўлган, 1168 нафар киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумот тарқатди.

ЙҲХББга кўра, илк чоракда мамлакат бўйлаб 1491 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, улардан энг кўпи Фарғона вилоятида (210 та), Тошкент вилоятида (208 та) ва Тошкент шаҳрида (170 та) содир бўлган.

ЙТҲларнинг 620 таси пиёдалар иштирокида, 162 таси велосипедчилар, 95 таси болалар, 10 таси мотоциклчилар иштирокида содир бўлгани айтилган.

Йўлдаги кўнгилсиз ҳодисаларга асосан тезликни ошириш (37,8 фоиз), пиёдалар ўтиш жойлари йўқлиги сабабли йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш (15,3 фоиз), устунликка эга транспортга йўл бермаслик (12,4 фоиз), қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш (7,6 фоиз) каби қонунбузарликлар сабаб бўлгани қайд этилган.

Тошкентда карантинга олинган ОТМлар сони 35 тага етди

Ўзбекистон пойтахтида талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланган 35 та олий таълим муассасаси ва 15 та ўрта махсус таълим маскани икки ҳафталик карантинга ёпилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси вакиласи Нодира Султонмуродова 3 май куни маълум қилди.

Мулозимага кўра, айни пайтда Тошкент шаҳрида 132 та умумтаълим мактаби, 22 та боғча, учта даволаш-профилактика муассасаси ва иккита хизмат кўрсатиш объекти ҳам 14 кунлик карантинга олинган.

Н. Султонмуродова пойтахтда ҳар куни COVID-19 ни аниқлаш бўйича 8000 та лаборатория тести ўтказилаётгани, бундан 2,5-3,5 фоиз ҳолатда вирус тасдиқланаётганини қайд этган.

Аввалроқ Озодлик Тошкент ва Самарқанддаги бир неча ОТМ ва мактаб COVID-19 важидан карантинга ёпилгани ҳақида хабар қилганди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон халқига ҳамдардлик билдирди

Абдулазиз Комилов Тошкентдаги Қирғизистон элчихонасида.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 3 май куни Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасига борди ва Қирғизистон ҳалқига ҳамдардлик билдирди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Комилов “Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида юз берган фожиали воқеалар юзасидан чуқур чуқур ҳамдардлик билдириб”, элчихонадаги таъзия китобига тегишли қайдни киритган.

Қирғизистон ҳукумати аввалроқ 28,29,30 апрель ва 1 май кунлари давом этган отишмаларда Қирғизистон томонидан 34 киши, жумладан, 13 ёшли қизалоқ ҳалок бўлганини, 180дан ортиқ одам яраланганини эълон қилган.

Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, низо оқибатида Боткен вилоятида 78 та турар жой, 2 та мактаб, 1 фельдшерлик пункти, 1 болалар боғчаси, 1 ИИБ биноси, 3 та чегара заставаси, 10 АЁҚШ, 8та магазин ёниб кул бўлган.

Тожикистон ҳукумати Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров туманидаги Сурх, Ворух, Чорку ва Овчи-Қалъача қишлоқларида Қирғизистон билан тўқнашувлар чоғида 14та уй тўлиқ вайрон бўлгани, 2та турар жой қисман зарарлангани ҳақида маълум қилди.

Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда низода Тожикистоннинг 16 фуқароси ҳалок бўлгани ва 90 нафари жароҳатланганини маълум қилган. Тожикистон ҳукумати ўлганлар ва яраланганлар тўғрисида шу кунгача маълумот бермади.

Ўзбекистон Туркияга инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Ўзбекистон 2020 йилда ҳам қўшни давлатларга бир неча маротаба гуманитар ёрдам жўнатган.

Ўзбекистон ҳукумати 2 май куни Туркияга “коронавирусга қарши курашда кўмак кўрсатиш мақсадида” тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

ЎзАнинг билдиришича, кўмак президен Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ уюштирилган.

Ҳукумат фармойишига асосан Uzbekistan Airways самолёти Истанбул шаҳрига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “бир марталик респиратор Ecos N 95 тиббий ниқобидан бир миллион дона етказиб берилди”.

Ўзбекистон 2020 йилда коронавирусга қарши кураш доирасида Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Хитойга бир неча маротаба гуманитар ёрдам кўрсатган ва айни пайтда Ўзбекистон ҳам бу давлатлардан гуманитар ёрдам олган эди.

Uzbekistan Airways меҳнат муҳожирларига берилган имтиёзларни бекор қилди

Uzbekistan Airways авиаширкати 2021 йилнинг июнидан хорижга кетаётган меҳнат муҳожирлари учун авиачипталарга берилган 20 фоиз чегирим имтиёзини бекор қилади. Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорга илова қилинган “Йўл харитаси”да бу меъёр белгилаб қўйилди.

Uzbekistan Airways 2018 йилнинг баҳорида меҳнат муҳожирлари учун эконом классдаги парвозларга 20 фоиз чегирим имтиёзини берган эди.

2018 йилнинг январида Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қайтаётган 50дан ортиқ ўзбек меҳнат муҳожири Ақтўбў вилоятида автобусда чиққан ёнғин оқибатида тириклайин ёниб кетган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирларига авиачипталарни сотиб олиш учун имтиёз берганди.

Мазкур имтиёзнинг уч йилдан сўнг бекор қилинаётгани авиаширкат даромадларини ошириш зарурати билан изоҳланмоқда.

Аввалроқ маҳаллий нашрлар Uzbekistan Airways 46, 5 миллион доллар қўшимча даромад топиш мақсадида ўзини молиявий жиҳатдан оқламаган 9та рейсни, жумладан Париж, Рим ва Миланга парвозларни бекор қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган.

Ўзбекистондаги энг йирик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи яна сотувга қўйилди

Ўзбекистондаги энг йирик заводлардан бири бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи даромади мустақилликдан сўнг биринчи оила назоратида бўлиб келган.

Иқтисодий маълумот тарқатишга ихтисослашган Spot нашрининг хабар беришича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоиз улуши яна қайта сотувга қўйилди.

Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланган мазкур завод 2019 йил 10 апрелдаги президент қарорига асосан Индонезиянинг RT Trans Asia Resources ширкатига 16 миллион доллар миқдорида бошланғич тўлов билан сотилиши лозим эди. Вазирлар Маҳкамаси заводни сотиб оладиган ширкат заводга камида 120 миллион доллар жалб этиши шартлигини белгилаган.

RT Trans Asia Resources заводни 2019 йилнинг 31 декабрига қадар сотиб олиш имкониятига эга бўлган, бироқ ширкат ва Ўзбекистон ҳукумати бу борада якуний келишувга эриша олмаган.

Маълум қилинишича, заводни сотиб олишга қизиқиш билдираётган шахслар 28 май соат 18га қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги UzAssets инвестиция ширкатига мурожаат қилиши мумкин.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистонда нефтни қайта ишлаш ҳажми бўйича етакчи заводлар орасида иккинчи ўринда туради. Завод йилига 2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Расман билдирилишича, заводнинг сўнгги уч йил ичидаги ўртача ялпи даромади 19 миллион долларга тенг бўлган. Заводда 6,5 мингга яқин ишчи меҳнат қилади.

Озодлик радиоси маълумотларга таянган ҳолда, бу завод узоқ узоқ йиллар Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қайинсингли Тамара Акбарова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаевлар орқали биринчи оила назоратида бўлиб келгани ҳақида ёзган эди.

Uzbekistan Airways бешта Boeing ва ўн иккита Ил учоғини сотмоқчи

Uzbekistan Airways учоқлари

Uzbekistan Airways авиаширкати бешта Boeing, бешта Ил 76 ва еттита Ил 114-100 учоқларини сотади. Бу ҳақда мамлакат президентининг 30 апрель кунги қарори билан тасдиқланган авиаширкат трансформацияси жараёнини тезлаштириш бўйича “Йўл харитаси”да қайд этилган.

Айни пайтда Uzbekistan Airways йил охиригача иккита Airbus A321neo LR, кейинги йилда эса яна учта A321neo учоғини ижарага олиш режаланган. Шу билан бирга, йил охиригача тўртта A320 учоғини бошдан-оёқ экономклассга мослаб жиҳозлаш кўзда тутилган.

Авиаширкат Uzbekistan Helicopters ширкати учун тўртта Airbus (иккита H125 ва яна иккита H130) вертолёти сотиб олиши ҳамда битта Ми-8 вертолётини сотиши кутилмоқда.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 92 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 2 май ҳолатига кўра, 92 минг 6 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг Бухоро вилоятидан ташқари барча вилоятларида 363 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда якшанба куни Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 337 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 87 минг 965 нафарни ташкил этган.

Вазирлик тиббиёт муассасаларида ҳозирда 3388 нафар бемор муолажа олаётганини билдирган, қурбонларнинг умумий сони эса, сўнгги расмий маълумотларга кўра, 653 нафарга етган.

Суриядаги “Ал-Хол” лагеридан 90 дан зиёд ўзбекистонлик ватанига қайтарилди

2019 йилги илк амалиёт чоғида Ўзбекистонга қайтарилган аёллар ва болалар

Ўтган ҳафта сўнгида "Меҳр-5" операцияси доирасида Суриядаги “Ал-Хол” лагеридан 93 киши, жумладан 24 нафар аёл ва 69 нафар бола Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрлар хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш бўйича бешинчи бўлган бу амалиёт АҚШ ва бошқа ҳамкор мамлакатлар кўмагида амалга оширилганини қайд этганлар.

Тошкентга қайтарилган бу аёллар ва болалар “Ал-Хол”да уч йилдан бери тутиб турилгани, болалардан етти нафари на отаси, на онаси бўлган чин етим экани, аёлларнинг эса террор гуруҳларига қўшилган эрлари Суриядаги жангларда ҳалок бўлгани айтилмоқда. Уларнинг Тошкент вилоятидаги "Бўстон" санаторийсига жойлаштирилиши, у ерда келганларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши ҳамда ҳужжатлари тиклаб берилиши билдирилган.

Жорий йил январида БМТ асосан аёллар ва болалардан иборат 60 мингдан зиёд қочқин яшаётган Суриядаги “Ал-Хол” лагерида зўравонлик кўлами кенгайганидан чуқур ташвиш изҳор қилганди. Уларнинг ибтидоий шарт-шароитда яшаётгани, совуқ ва очликдан азоб чекаётгани билдирилганди. Сўнгги пайтларда лагерда одам ўлдириш ҳолатлари кўпайган, дея қайд этилганди БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси хабарномасида.

Ўзбекистонда 2019 йилдан бери амалга ошириб келинаётган “Меҳр-1, 2, 3 ва 4” амалиётлари чоғида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 438 нафар аёл ва бола олиб келинганди.

Хусусан, ўзбекистонлик илк гуруҳ - 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилнинг 30 майида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинган.

2019 йилнинг октябрида “Меҳр-2” амалиёти доирасида ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз Суриядан қайтарилганди.

2020 йилнинг 8 декабрида “Меҳр-3” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар кечаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ватанга қайтарилган.

Жорий йил март ойида эса 2 март куни “Меҳр-4” амалиёти доирасида Афғонистондан 24 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилган.

Депутат А. Қодиров Тошкентда қизил байроқ кўтарилганини ўзбек халқига ҳақорат дея баҳолади

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ўз партияси куни кеча Тошкент Истиқлол саройи олдида ташкил этилган концерт дастурида йўл қўйилган “ғаразли провокация”ни кескин қоралашини билдирди.

Депутат А. Қодиров ўз Телеграм-канали орқали тарқатган баёнотида “Миллий тикланиш”нинг санъатга қарши эмаслиги, балки санъатни сиёсатга қурол қилинишига қарши эканини қайд этган.

Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғини мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат, деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлаган Алишер Қодиров.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Ўзбекистон Бош прокуратурасидан “бу провокацияга тегишли баҳо берилиши”ни кутиб қолишини билдирган.

Депутат А. Қодиров зикр этган байроқ 1 май куни “Истиқлол” санъат саройи олдидаги майдонда ўтказилган “Турецкий хори” ва Сопрано гуруҳининг (Россия) “Ғалаба қўшиқлари” номли концерт дастури чоғида кўтарилган. Томошабинлар орасида қизил байроқ кўтарилган фотосурат мазкур концерт ташкилотчиларидан бири бўлмиш “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига қарашли саҳифада чоп этилган. “Ғалаба қўшиқлари”дан иборат концертда Тошкентда яқиндагина иш бошлаган Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов тантанали нутқ сўзлаган.

Бухорода ҳар икки йилда бир марта халқаро зардўзлик фестивали ўтказилади

Бухоронинг эски шаҳар қисмидаги миллий ҳунармандлик ашёлари сотиладиган расталар

Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳрида 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта май ойида Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат президентининг шу йил 29 апрелида қабул қилинмиш “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ, бу йилги фестиваль 21–25 май кунлари ўтказилиб, анжуман доирасида “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатларнинг заргарлик тармоғи вакиллари, хорижий инвесторлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда “Uzbek Jewellery Fair” заргарлик саноатининг замонавий асбоб-ускуналари, технологиялари ва буюмларининг йиллик халқаро кўргазма-савдоси ўтказилади.

Қарор билан Бухоро вилояти ҳокимлигига Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, “Ҳунарманд” уюшмаси, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси билан биргаликда 2023 йил якунига қадар малакали мутахассис ва халқаро экспертларни жалб этган ҳолда миллий ҳунармандчиликнинг зардўзлик ва заргарлик йўналишларини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига ҳамда Бухоро шаҳрини ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғига киритиш бўйича ҳужжатлар тўплами тайёрланиши ва тавсия этилишини таъминлаш ҳамда бошқа вазифалар юклатилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG