Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:55

Ўзбекистон хабарлари

Халқаро меҳнат ташкилоти делегацияси Ўзбекистонга сафар қилади

ХМТ Ўзбекистонда 2018 йили пахта терганларнинг 93 фоизи бу ишни ихтиëрий равишда қилгани ҳақида ҳисобот чиқарди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Gay Rayder бошчилигидаги делегация 13 декабрь куни Ўзбекистонга келади¸ деб хабар тарқатди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Сафар давомида ХМТ вакилларининг Тошкент ҳукумати расмийлари¸ хусусан¸ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги¸ Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.

Расмий хабарда ëзилишича¸ ХМТ делегацияси Тошкентда “Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида муносиб бандликни таъминлаш: халқаро амалиëт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этади.

ХМТ бир неча йилдан бери Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумидаги болалар ва катталар мажбурий меҳнати вазиятини кузатиб келмоқда.

2018 йилги пахта мавсумида пахтазорларда 11 минг одам билан суҳбатлашганини билдирган ХМТ¸ 21 ноябрь кунги ҳисоботида жорий йили 93 фоиз теримчининг пахтага ўз ихтиёри билан чиққанини иддао қилди.

Кун янгиликлари

Президент: 2020 йили ялпи ички маҳсулотнинг 5¸5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда

2019 йил якунларига бағишланган ҳукумат мажлисида президент Шавкат Мирзиëев 2020 йилда ялпи ички маҳсулот 5,5 фоизга, саноат 6,5, қишлоқ хўжалиги 4 ва хизматлар 5,7 фоизга ўсиши прогноз қилинганини билдирди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати ëзди.

Мажлисда келаси йилги иқтисодий режалар ҳам муҳокама қилинган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун маҳсулот етиштирилишидан қайта ишланиб, бозорда сотилгунча бўлган жараённи тўлиқ қамраб олган ҳолда назорат қилиш бўйича масъуллар белгиланди”¸ дейилади расмий хабарда.

Ҳукумат мажлисида президент “ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш орқали келгуси йили 400 мингга яқин иш ўрни яратиш” ҳақида топшириқ берган.

Расмий баëнотда¸ 2019 йилги инфляция даражасига оид рақамлар келтирилмади.

Давлат статистика қўмитаси¸ 2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархининг ўртача 11,4 фоизга қимматлагани¸ 2019 йилнинг октябрида ўртача истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,5 фоизни ташкил этгани ҳақида маълумот берган эди.

АҚШ элчиси муддатдан ортиқ қолаëтган ўзбекистонликлар боис виза беришнинг қийинлашганини билдирди

Дэниел Розенблюм

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ўзбекистонликларнинг АҚШ визаси сўраб қилган мурожаатининг қарийб 70 фоизигача рад этилаëтгани сабабларига изоҳ берди.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда Розенблюм ўзбекистонликларга виза беришнинг кескинлашуви сабабларидан бири сифатида АҚШ визаси муддати тугаганига қарамай ўзбекистонликларнинг чиқиб кетмаëтганини тилга олди.

Элчининг суҳбат давомида айтишича¸ виза билан АҚШга келиб, белгиланган муддатда чиқиб кетмаëтган ўзбекистонликлар сони бошқа давлат фуқароларига нисбатан юқоридир.

АҚШ Давлат департаментининг Консуллик масалалари бюроси сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ кейинги бир йил давомида қисқа муддатли АҚШ визаси учун ҳужжат топширган ўзбекистонликларнинг 68 фоизи сўрови рад қилинган ва ўзбекистонликлар бу борада постсовет ҳудудида биринчиликка чиққан.

Айни пайтда¸ кейинги йилларда АҚШга вақтинчалик виза билан бориб¸ террорчилик¸ хусусан¸ “Ислом давлати” гуруҳига алоқадорликда айбланиб¸ қамалган ўзбекистонликлар сони ҳам кўпайди.

UzAuto Motors йил бошидан бери 250 мингдан зиёд енгил автомобиль ишлаб чиқарди

Иллюстратив сурат.

“UzAuto Motors” акциядорлик жамияти жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 253 421 та енгил автомобиль ишлаб чиқарган. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизмати маълум қилади.

Бундан UzAuto Motors ҳар ой ўртача 23 мингдан зиёд енгил автомобиль ишлаб чиқаргани маълум бўлади.

Акциядорлик жамияти ҳозирги кунда ўзининг учта ишлаб чиқариш майдончасида Chevrolet ва Ravon брендлари остида автомобилларнинг 10 модели ишлаб чиқарилади.

Аввалроқ Озодлик Россия бозорида ўзбек автомобиллари нархи кескин пасайиб кетгани ҳақида хабар қилган.

Хоразм “Лазги”си жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

Иллюстратив сурат.

ЮНЕСКО ташкилоти Хоразм “Лазги”сини Ўзбекистон маданий меросининг унсури сифатида жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook тармоғи орқали маълум қилган.

“Лазги”ни номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш ҳақидаги қарор 12 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида ўтган ЮНЕСКО номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қабул қилинган.

Унда Ўзбекистон делегацияси “Лазги” номинацияси тақдимотини ўтказган. Тақдимот чоғида бой тарих ва маданий меросга эга бўлган ЎзбекистонЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига ўзбек халқи номоддий маданий меросига оид яна кўп уникал унсурлар таклиф қилиши мумкинлиги урғуланган ҳамда улар орасида бахшичилик ва миллий спорт турлари келтирилган.

ЮНЕСКО жаҳон номоддий мероси репрезентатив рўйхатига шу кунгача Ўзбекистон томонидан "Бойсун маданий муҳити", "Шашмақом", "Наврўз байрами", "Катта ашула", "Аския ижрочилиги", "Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар" каби номоддий мерос унсурлар киритилган.

“Лазги”га Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳам ҳар байрамда ўйнаб келган.

Тошкентда мижозини 33 млн сўмга чув туширган “иссиқ-совуқчи” ушланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахтида бир йигитни “иситиб” беришни ваъда қилиб, бир қиздан катта миқдорда пул олган, бироқ ваъдасини бажармаган “парихон”га нисбатан жиноят иши очилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, 20 ёшли Валентина С. исмли аёл “иситиш хизматлари” учун 28 ёшли Зилола А.дан 450 минг сўм пул ва умумий қиймати 32 млн 890 минг сўм бўлган тилла тақинчоқлар олган, аммо ваъдасида турмай, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Ушбу ҳодиса асосида “парихон”га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Теҳрон Ўзбекистонга денгиз дарвозасини очишга тайёр эканини билдирди

Эрондаги бандаргоҳлардан бири.

Эрон Ўзбекистонга Шимол-Жануб транспорт йўлагида денгиз, темир йўл ва автомобиль йўлларини очиш орқали уни Шимолий Африка мамлакатлари билан боғловчи транзит мамлакат ролини ўйнаб беришга тайёр. Бу ҳақда Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Ризо Раҳмоний Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда билдирди, дея хабар қилади iran.ru нашри.

Раҳмонийга кўра, Эрон Ўзбекистонга Шимолий Африка ва Форс кўрфази жанубидаги мамлакатлардан ҳеч бир чекловсиз мол ташиш учун транзит йўлак очиб бериши мумкин. Эронлик вазир Тошкент ва Теҳрон имтиёзли савдо тарифлари бўйича келишув имзолаши ва молиявий операцияларда миллий валютадан фойдаланиши мумкинлигини урғулади.

Тошкентдаги учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва қурилиш соҳаларида Эрон сармоясини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, фитосанитария назорати талабларини ўзаро тан олинишини таъминлаш орқали ўзаро савдони амалга ошириш шарт-шароитларини енгиллаштириш бўйича аниқ таклифлар баён этилган.

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда 5 кунлик ўқиш тизими жорий этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасига ажратилган regulation.gov.uz порталида 12 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Туризм¸ хусусан¸ ички туризмни ривожлантиришга оид қатор топшириқлар белгиланган бу лойиҳада мамлакат таълим тизимини беш кунлик ўқишга ўтказиш таклифи ҳам айни шу мақсадда илгари сурилган.

Муаллифи Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлган бу ҳужжатда таълим ва туризм идораларига икки ой ичида “барча умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишги таътил даврини узайтириш бўйича таклиф киритиш” топширилган.

МСК Россиядаги ўзбекларнинг сайловда фаол қатнашаëтганини иддао қилди

12 декабрь куни хориждаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида 22 декабрь кунга белгиланган сайловларда муддатидан олдин овоз бериш бошланди.

Марказий сайлов комиссияси халқаро пресс маркази раҳбари Жалолиддин Усмоновнинг ТАСС мухбирига айтишича¸ Россия Федерациясидаги Ўзбекистон ватандошлари бу тадбирда¸ айниқса¸ фаол иштирок этмоқда.

МСК расмийсига кўра¸ овоз бериш бошланган куни Россия Яқин Шарқидаги сайлов участкасида маҳаллий вақт билан соат 12:00 га қадар 600 нафардан кўпроқ сайловчи овоз берган.

“Янги Ўзбекистон¸ янги сайловлар” шиори остида ўтаëтган парламент ва маҳаллий кенгаш сайловлари Шавкат Мирзиëев президентликка келгандан бери ўтказилаëтган илк йирик сиëсий тадбирдир.

Бу сайловларда Каримов даврида тузилган беш партия кўрсатган номзодлар қатнашмоқда¸ айни пайтда¸ хориждаги мухолифат партия ва ҳаракатлари¸ ëки мустақил номзодлар иштирокига рухсат берилмади.

Мирзиёев давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини танқид қилди

Ўзбекистонда бугунги кунда 2819 та давлат иштирокидаги корхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти эски усулда, унумсиз ишлагани сабабли ҳатто дивиденд тўлай олмайди.

Бу ҳолат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 11 декабрь куни давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш натижадорлиги ва бу йўналишдаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда кескин танқид қилинган.

“Давлат иштирокини ҳеч зарурат бўлмаган соҳаларда ҳам сақлаб турибмиз. Давлат корхоналарини бошқариш, фаолияти самарасини ошириш, уларнинг функцияларини хусусий секторга бериш бўйича ҳали сезиларли ўзгаришлар бўлмади”, деган Шавкат Мирзиёев мулозимлар олдига 2020 йилда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш бўйича янги вазифалар қўйган.

Хусусан, бундай корхоналарни ислоҳ қилиш ёки тугатиш, сақлаш ёки хусусий секторга бериш масаласини ўрганиш бўйича Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари бошчилигида ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

Жумладан, ахборот технологиялари соҳасидаги 140 та корхона, ҳудудлардаги коммунал, қурилиш ва хизмат кўрсатиш субъектларига тегишли 1573 та, геология, металлургия, молия ташкилотлари бўйича 137 та, енгил саноат, машинасозлик ва электротехника тармоқларидаги 49 та, ижтимоий соҳа, туризм ва фармацевтика йўналишидаги 449 та, кимё, нефть-газ, энергетика соҳасидаги 42 та, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғидаги 330 та, саноат зоналаридаги 99 та корхона бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг ҳар бирига молия вазири ўринбосарлари бириктирилган.

Ишчи гуруҳларга бир ой муддатда ҳар бир корхонани тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг рентабеллиги, ҳозирги қуввати ва истиқболини таҳлил қилган ҳолда, 2020 йилга мўлжалланган аниқ режа ва таклифлар ишлаб чиқиш топширилган.

Йиғилишда хусусийлаштиришга оид ёндашувларни тубдан янгилаш, халқаро экспертларни жалб этиб, бу борада бозор иқтисодиётига хос ва мос тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланган. Хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув бўйича мутахассислар тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш, давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларини шу борада ўқитиш муҳимлиги қайд этилган.

Умра зиёрати учун ҳаво қатнови икки баробар кўпайди

Иллюстратив сурат.

Жорий йил 10 декабридан Саудия Арабистонига Умра авиақатновларини бир кунда икки мартадан амалга ошириш бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шу кунгача Умра ҳаво қатновлари бир кунда бир маҳал амалга ошириб келинган.

Диний идора бу тартиб 2020 йил ёз ойларига қадар давом этишини билдирган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар ўн кунлик Умра сафари давомида Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида 7 кун бўладилар.

“Улар мазкур шаҳарларда барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қиладилар ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, элликбошилар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади”, дейилади идора хабарномасида.

Хивадаги Тош Ҳовлига АКФА роми ўрнатганлар жавобгарликка тортилади

Тош Ҳовли саройи (сурат Ўзбекистон Маданият вазирлиги сайтидан олинди).

Хиванинг Ичанқалъа музей қўриқхонаси ҳудудидаги Тош Ҳовли сарой мажмуасини таъмирлаш чоғида ўрнатилган АКФА ромлари олиб ташланди.

XIX асрда қурилган Оллоқулихон саройига алюмин ромлар,Ўзбекистон Маданият вазирлиги сайтида маълум қилинишича, Илмий-эксперт кенгашидан рухсат олинмасдан ўрнатилган.

Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг таъмир ишлари кенгаши буни маданий мерос объектига зарар етказиш, дея баҳолаган. Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома тузилган ва мавжуд муаммо бартараф этилган.

Маданият вазирлиги бу нохуш ҳодисага оид ҳужжатлар Республика прокуратурасига оширилиши, маданий мерос объектларига етказилган зарар учун айбдорлар жавобгарликка тортилишини ваъда қилган.

ИИВ порносайтга кираётганларни шантаж қилаётган ҳакерлар фирибидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги порносайтларга кирганлардан пул талаб қилинаётганига оид ҳолат юзасидан суриштирув бошлади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган вазирлик ахборот хизмати фойдаланувчиларни шантаж қилиши мумкин бўлган ҳакерлар ҳаракатидан огоҳлантирган.

“Сўнгги пайтларда фуқароларимиз томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш орқали “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома” сарлавҳаси остида сизиб чиқувчи ойнада фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки ИИВ томонидан у 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ва “Webmoney” электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўловни амалга оширилиши лозимлиги, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаши талаби билан SMS хабар юборилиши ҳақида маълумот пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб браузери блокировка ҳолатига тушиб қолмоқда”, дея билдираркан тартиб посбонлари ўзларининг бу ҳодисага мутлақо алоқалари йўқлигини таъкидлаганлар.

ИИВга кўра, вазирлик таркибида “Кибержиноятларга қарши кураш бўлими” номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас, бунинг устига, “Webmoney” тўлов тизимида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.

Вазирлик интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслик учун ўзбекистонликларни фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирган.

Светлана Ортиқова: Нега ўзбек ўзбекни уради, нимага ўзбек ўзбекни қийнайди?

Ҳар қандай тергов ҳаракатини қонун доирасида, қийноқлар ёки бошқа шафқатсиз усулларни қўлламасдан ҳам амалга оширса бўлади. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

“Мен ҳам терговчи бўлганман. Тергов қилганман. Терговчи бўладими, прокурор бўладими ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти бўладими ёхуд суриштирувчи бўладими — барчаси инсоннинг тарбиясига боғлиқ. Қийноқларни ёки бошқа шафқатсиз усулларни қўлламасдан ҳам ҳар қандай тергов ҳаракатини қонун доирасида амалга оширса бўлади. Мен доим ўзимга ўзим савол бераман: нега ўзбек ўзбекни уради, нимага ўзбек ўзбекни қийнайди? Ҳаётда кимдир жиноят содир этмайди ва қамоққа тушмайди, деб ким кафолат бера олади?! Ҳеч ким бундай кафолат беролмайди. Бугун сиз мени қийноққа солган бўлсангиз, эртага мен сизни қийнашим мумкин. Қайтар дунё деган нарсалар бор”, дея иқтибос келтиради Светлана Ортиқова сўзларидан Kun.uz нашри.

Бош прокурор ўринбосари инсонни қадрлаш, ҳурмат қилиш туйғуси боғчадан шакллантириб борилиши кераклигига урғу берган.

“Тергов жараёнида қийноқни ишлатганлар таржимаи ҳоли ўрганилса, албатта, оиласида уруш-жанжал, ота-онаси, ака-укалари уришган, болаликда ит-мушукларни қийнаган бола бўлиб чиқади. Кейин у форма кийгач, мансаб берилгач, унда менга ҳамма нарса мумкин, деган фикр пайдо бўлади. Тергов жараёнида қийноққа солиш ҳолатлари билан прокуратура органлари қатъий кураш олиб бораяпти. Буни батамом йўқ қиламиз десак, бу — афсона, утопия. Лекин сиз билан биз шуни камайтира билишимиз керак.

Менгача бўлган, мендан кейинги погонли одамларни энди қайта тарбиялаб бўлмайди. Жуда қийин. Фақат жазолаш, тозалаш, тизимдан чиқариш билан чекланиш мумкин.

Лекин фарзандларимизни, бўлажак прокурорларни, терговчиларни боғчадан бошлаб тарбияласак, 20-25 йилдан кейин, Худо хоҳласа, ҳеч қийноқни ишлатмайдиган кадрлар етишиб чиқади”, деган С. Ортиқова 11 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Экологик партия вакили вилоятликларни Тошкентга келишдан олдин рўйхатга олишни таклиф қилди

Тошкентдаги ëпиқ прописка тизими кўпдан жамоатчилик эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Халқаро пресс клубда ўтказилган матбуот анжуманида Экологик партия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентдаги прописка муаммосини ҳал қилишга оид янги таклифни илгари сурди.

"Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади"¸ деб иқтибос келтирди Халқаро Пресс-клубнинг Telegram тармоғидаги расмий канали.

Ўзбекистон вилоятларида яшовчиларнинг пойтахт Тошкентга келиб яшаш ва ишлашини чеклашга қаратилган прописка тизими¸ жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига қарамай¸ ҳамон кучда қолмоқда.

Тошкентда доимий пропискадан ўтиш учун вилоятликлар бирламчи уй-жой бозоридаги қиммат уйлардан сотиб олиши¸ ëки ҳукумат томонидан белгиланган рўйхатдаги ташкилотлар томонидан ишга олиниши шарт.

Амалдаги қонунчиликка кўра¸ Тошкентга келган вилоятлик беш кун ичида ҳисобга қўйиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.

Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” нашри 23 июль куни “кўп йиллардан бери халқимиз Тошкент шаҳрида доимий эркин истиқомат қилишдан маҳрум этилган”, деб ёзган пойтахтдаги доимий прописка тартибини авторитар характердаги тизим, деб атаган эди.

Президент қоғозбозлик ва мажлисбозликни камайтириш ҳақида қарор чиқарди

Шавкат Мирзиëев даврида турли даражадаги раҳбарларнинг видеоселектор йиғилишлари янги урфга айланди.

Ўзбекистон президенти қўл қўйган яна бир қарор “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланди.

10 декабрь куни ЎзА агентлиги эълон қилган бу қарордан давлат органлари ва ташкилотларидаги эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиётига барҳам бериш кўзда тутилган.

Шу мақсадда¸ қарорга кўра¸ 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилади ва амалга оширилади.

Қарорда белгиланган вазифалар орасида вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари, бюрократия, қоғозбозлик ва йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилиш бўйича ўқув дастури ишлаб чиқиш ҳам бор.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг туман¸ вилоят ва республика ҳокимият идораларининг эрта тонг ëки тунда мунтазам селектор йиғилишлари ўтказиши кенг урфга кирди. Бундай мажлисбозлик ва қоғозбозлик жараëнга алоқадор ҳукумат мулозимларининг ҳам эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Урумчига йўл олган учоқ ноқулай об-ҳаво туфайли Тошкентга қайтарилди

Иллюстратив сурат.

Урумчи аэропортида об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли HY-507 қатнови билан парвоз қилаётган А-320 самолёти Тошкент аэропортига қайтмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

“Тошкент-Урумчи” йўналиши бўйича такрорий парвознинг куни ва вақти ҳақида маълумот кейинроқ эълон қилинади”, дейилади хабарномада.

Авиаширкат самолётнинг Тошкентга қайтиши билан боғлиқ бўлган ноқулайликлар учун узр сўраган.

Ҳокимиятлар бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор чиқариш ваколатидан маҳрум бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ҳокимият идораларининг айрим вазифа ва ваколатлари 2020 йил 1 январидан тегишли давлат бошқарув идораларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиб берилади.

Бу тартиб Ўзбекистон президенти томонидан куни кеча имзоланган “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўзда тутилган.

Қарорда ҳокимиятларнинг бошқа идораларга ўтказиб бериладиган 11 та функция ва ваколати саналган.

Янги йилнинг 1 январидан маҳаллий ҳокимият органларининг айрим ваколатлари бекор қилиниши ҳам кутилмоқда. Улар қуйидагилардир:

- технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишиш;

- бузилиши учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, жамоат тартибини сақлаш масалалари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек, табиий офат ва эпидемиялар билан курашиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш;

- атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг турғун манбалари томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида назарда тутилган шартлар ва талаблар бузилиши билан боғлиқ фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш;

- ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш;

- бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилиш.

Қозоғистон шимолида ўзбекистонлик қиморбозлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон шимолидаги Павлодар вилоятида полициячилар маҳаллий аҳолига қарта ўйини билан фириб берган ўзбекистонликларни қўлга олди. Бу ҳақда pavon.kz сайти вилоят полиция департаменти матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, гумонланувчилар ўз қурбонларини шаҳар бозорларидан топганлар. Гуруҳ аъзоларидан бири одамлар ёнига келиб, уларни қизиқтирган молни кўриш учун омборга боришни таклиф қилган. Шу пайт улар ёнига яна бир неча сохта “харидор келиб”, ўша товар билан қизиққан.

Кейин улар биргаликда машинада омборга боришган ва фирибгарлардан бири товарга кетган пайтда бошқалари вақт ўтказиш учун арзимаган пул тикиб, қарта ўйнашни таклиф қилишган. Қурбонни сергаклантирмаслик учун унга бир неча марта ютқазиб берганлар. Маълум вақт ўтгач, кимдир унга йирик пул тикишни таклиф қилган, гуруҳ аъзоларидан бири эса ҳеч нарсадан шубҳаланмаган ўйинчига қарз беришга рози бўлган. Пировардида у ютқазиб, катта миқдорда пул қарз бўлиб қолган.

Полиция маълумотига кўра, фирибгарлар камида икки павлодарликни чув туширган. Улардан бири миллион тенге (2600 АҚШ доллари), бошқаси 30 минг тенге (78 доллар) пул ютқазган. Полиция айни пайтда бошқа жабрланувчиларни қидирмоқда.

Гумонланувчилардан икки нафари Павлодарда, яна тўрт нафари Экибастузда қўлга олинган. Улардан 5 нафари ўзбекистонлик, бири қозоғистонлик бўлган. Ҳодиса юзасидан “фирибгарлик” моддаси бўйича судгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу модда бўйича энг максимал жазо муддати 10 йилгача озодликдан маҳрум этишни кўзда тутади.

2020 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун кучга кирди

Ўзбекистон президенти “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Жорий йил 10 декабридан кучга кирган ҳужжатга мувофиқ, 2020 йилда Ўзбекистон номидан ёки кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Мамлакат бюджети ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарз учун харажатлар эса 1,5 миллиард долларни ташкил қилади. Ташқи қарз ҳисобидан амалга ошириладиган давлат мақсадли дастурлари бўйича харажатларнинг вазирликлар ва идоралар кесимидаги чекланган миқдолари кейинроқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг биргаликдаги таклифига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Қонун билан республика бюджетининг даромадлари прогнози ва харажатлари, маҳаллий бюджетларнинг даромадлари ва харажатлари прогнозлари белгиланган.

2020 йил учун айрим солиқлар ва тўлов ставкалари тасдиқланган. Жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари, мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари кабилар шулар жумласидандир.

Қонунга мувофиқ, бир қатор харажатлар республика бюджетидан молиялаштиришга, айрим харажатлар маҳаллий бюджетдан молиялаштиришга ўтказилади. Жумладан, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақалар бўйича харажатлар туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштиришга ўтказилади.

Ўзбекистонда хорижликларни мажбурий қайдга олиш бекор қилиниши мумкин

Тошкент халқаро аэропортидаги терминал.

Ўзбекистонда мамлакатга кириб келаётган хорижликлар учун қайдни бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Янги тартиб 2020 йил 1 июлидан жорий этилиши мумкин.

Бунга оид “Туризм соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ва муҳокама учун regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган.

Янги тартибга кўра, Ўзбекистонда 30 кундан кўп бўлмайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни виза (визасиз) режим муддатида қайддан ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Лойиҳада 2020 йил 1 январидан гидлар ва экскурсиячилар ўз-ўзини иш билан таъминловчи фуқароларга бериладиган вақтинча меҳнат гувоҳномаларини олишлари мумкинлиги кўзда тутилган.

Сайёҳларга қулайлик яратиш учун халқаро аэропортлар ёнида туристик инфратузилмага эга ҳудудлар барпо этилади. Халқаро аэропортларга ёнларидан камида беш гектардан ер берилади. Бу ҳудудга улар 2020 йил охиригача автотураргоҳлар, кафе, ресторанлар, минибанклар, меҳмонхоналар ва бошқа зарур иншоотлар қуришлари лозим.

Лойиҳа 24 декабрга қадар муҳокама қилинади.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда хорижликларни миграция идораларида мажбурий қайдга олиш тартибини бекор қилиш таклифи билан чиққанди. Тоқаев ҳукуматга сайёҳларни рўйхатга олишни 2020 йил 1 январигача бекор қилиш юзасидан топшириқ берган.

Бош прокуратура Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокатига Ўзбекистонга киришни тақиқлади

Ўзбекистон Бош прокуратураси 10 декабрь куни Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Gregoire Mangeat (Грегуар Манжа)нинг Ўзбекистонга киришига "рухсат бериш рад этилгани"ни маълум қилди.

Telegram каналида эълон қилинган баëнотда бундай қарорга Манжанинг Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “бўҳтон” маълумот тарқатгани асос бўлгани айтилади.

Чет эллик адвокат Г.Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Г.Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган бўлиб, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.

Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Г.Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган”¸ дейилади расмий баëнотда.

Мазкур баëнотда Гулнора Каримовага Ўзбекистонда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролигига эга шахслар унинг оиласи томонидан ëллангани ҳам айтилади.

Грегуар Манжа молиявий жиноятларда айбланганларни ҳимоя қилишга ихтисослашган Швейцариядаги адвокатлик контораси эгаси.

У ўзининг сўнгги твитларида мижози билан учрашувига ҳар хил тўсиқлар бўлаëтгани¸ мижозига қийноқ қўлланилаëтгани¸ Каримова устидан бораëтган маҳкама ва тергов жараëнининг ношаффоф бораëтгани ҳақида ëзиб келаëтган эди.

У шунингдек¸ нафақат Гулнора Каримова¸ балки Зангиота қамоғидаги хотин-қизларнинг аянчли аҳволи¸ уларнинг ҳуқуқий ҳимоясиз қолаëтгани ҳақида ҳам халқаро майдонда хабар тарқатиб келаëтган эди.

Тошкентда МГИМО филиалини очишга Россия Ташқи ишлар вазири келади

Сергей Лавров 2020 йил январида яна Тошкентга келади.

Январь ойи ўртасида Ўзбекистонга келиши кутилаëтган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентда МГИМО филиалининг тантанали очилишида қатнашади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

Интерфакс агентлиги келтирган иқтибосида Комилов¸ Халқаро муносабатлар бўйича Москва давлат институти филиалининг Ўзбекистонда очилиши Лавров сафарининг муҳим қисми эканини таъкидлаган.

МГИМОнинг Ўзбекистондаги филиали Россия олийгоҳи ва Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида 2018 йил имзоланган келишув асосида очилган. Бу филиалда ўқиш жорий йил сентябридан бошланган.

МГИМО ректори Торкуновга кўра¸ олийгоҳда Россия ва Ўзбекистон мутахассислари дарс беради ва талабалар ўқишнинг бир қисмини Москвада ўтказади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда очилган Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони ошиб бормоқда. Биргина 2019 йили Ўзбекистонда олтита Россия олийгоҳи иш бошлаган.

Оёғига ўқ еган маст ҳайдовчига нисбатан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрида маст аҳволда авария содир этган ва ички ишлар ходимларига пичоқ билан таҳдид қилган, пировардида оёғидан отилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган ҳодиса ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси 8 декабрь куни ҳайдовчи Н.К.И.га нисбатан жиноят иши қўзғатган. Унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) бўйича айблов эълон қилинган. Айбланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Свердловскдаги ёнғинда нобуд бўлган ўзбекистонликларнинг шахси очиқланди

Иллюстратив сурат.

Россия Федерациясининг Свердловск вилояти Тазовск туманида 8 декабрь куни содир бўлган ёнғин чоғида 3 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлган, яна бири 35 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, туман шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳодиса чоғида 1972 йилда туғилган Эргашев Абдумалик Яхшиликович, 1998 йилда туғилган Алиқулов Сафарали Суюн ўғли ҳамда 1983 йилда туғилган Джумоев Эргаш Биноевич ҳаётдан кўз юмган, 1966 йилда туғилган Оманов Толибжон Бутаевич эса жароҳат олган.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг ёнғин чоғида “СТРОЙ ПРОЕКТ СЕРВИС” МЧЖга тегишли бўлган, ишчилар яшаши учун мўлжалланган вагонда бўлгани айтилмоқда.

ФВВ ҳозирда мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ ташкилий тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилган.

Тошкентда МГИМО филиали очилди

МГИМОнинг Тошкентдаги филиалини очишга оид келишувлар ўтган йил октябрида Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган эди.

Тошкентда 9 декабрь куни Москва Давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) филиалининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда олийгоҳ портали маълум қилади.

Қайд этилишича, Тошкент шўъбаси МГИМОнинг хорижда очилган илк филиали бўлиб ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, филиал шу йил сентябрь ойида “бизнес-ахборот” ва “юриспруденция” йўналишлари бўйича 88 нафар талабани ўқишга қабул қилган.

Порталда ёзилишича, кейинги ўқув йилидан филиалда яна уч факультет – “Халқаро хусусий ҳуқуқ”, “Синхрон ва ёзма таржима назарияси ва амалиёти” ҳамда “Ҳодисавий менежмент” каби факультетлар очилади. Контракт тўлови йўналишига қараб $4800 ёки $6400 бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG