Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2019, Тошкент вақти: 09:22

Ўзбекистон АҚШнинг "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатидан чиқарилди


Тошкентдаги Минор масжидида таровеҳ ва хатмона ўқилаётган пайт.

АҚШ Давлат департаменти 11 декабрь куни жаҳондаги диний эркинликлар вазияти тўғрисидаги навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилар экан, Ўзбекистон "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатидан чиқарилганини маълум қилди.

Ўзбекистон АҚШнинг "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатидан чиқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00

Ўзбекистон мазкур рўйхатга мамлакатдаги диний эркинлик вазияти кескин ёмонлашиб кетгани ва минглаб диндорлар қамоқларга ташлангани ортидан 2006 йилда киритилган.

Ўзбекистон бу рўйхатда Хитой, Эритрея, Эрон, Мьянма, Шимолий Корея, Судан, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистон билан бир қаторга қўйилган эди.

Бироқ янги ҳисоботда Ўзбекистон ҳамон диний эркинлик тамойилларига амал қила бошлаган давлат сифатида тан олингани йўқ.

АҚШ Ўзбекистонни “махсус назорат қилинадиган давлатлар” рўйхатига киритди.

Ўзбекистон диний эркинликларни кафолатлаш йўналишида собит эканини намойиш этувчи жараёнларни бундан буён ҳам давом эттирса, яқин келажакда вазият яхшиланаётган ёки яхшиланган давлатлар қаторига қўшилиши мумкин.

Жорий йилнинг май ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда диний эркинликлар вазиятини яхшилашга қаратилган қадамлар ташланаётганини олқишлаган ҳолда, бу жараён секинлик билан олиб борилаётганини эътироф этган эди.

Шунинг учун Давлат департаментининг май ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон диний эркинлик ҳамон чекланган мамлакатлар рўйхатида қолдирилгани билдирилган.

Шундан сўнг ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов етакчилигидаги делегация 24-27 июль кунлари АҚШда диний эркинликни таъминлаш масалаларига бағишланган вазирлар анжуманида иштирок этганди.

Анжуманда Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш соҳасида "кескин ижобий ўзгаришлар" бўлаётгани эътироф этилган.

18 сентябрь куни АҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбэк Тошкентга келган ва Шавкат Мирзиëев билан учрашганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 декабрь куни Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган маърузасида диний экстремистик гуруҳларга алоқадор кўрилган 20 мингдан зиёд фуқаро назоратдан чиқарилганини маълум қилган.

"Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди", деб айтган президент.

Мирзиёев ўтган йилнинг 1 сентябрида мамлакатда “диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 17 минг одамдан 16 минг нафари назоратдан чиқарилгани, улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини ҳам айтган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG