Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:49

Қирғизистон президенти собиқ депутат Ўмурбек Текебаевни афв қилишга тайёрлигини билдирди


Ўмурбек Текебаев (чапда) ва Сўўрўнбай Жээнбеков

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков 19 декабрь куни Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида парламентнинг собиқ депутати Ўмурбек Текебаевни афв қилишга тайёрлигини билдирди.

«Барча суд инстанциялари унинг ишини кўриб чиққан ва ҳукм чиқарган. Мен мутлақо аралаша олмайман. Ягона йўли – агар у афв қилишни сўраса, мен бунга тайёрман. Менда бошқа ваколатлар йўқ», -деди Жээнбеков.

«Ата Мекен» партиясининг раҳбари, Жўқорғу Кенеш собиқ спикери, бир неча чақириқдаги парламент депутати Ўмурбек Текебаев 2017 йил февралида 2010 йилда “Мегаком” компанияси акцияларини харид қилишда кўрсатган ёрдами учун Россия фуқароси Леонид Маевскийдан 1 млн доллар олиш гумони билан ҳибсга олинган эди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг «Коррупция» моддаси бўйича айб қўйилган ва жиноий иши қўзғатилган эди.

ҚР Олий суди 2017 йил 21 ноябрида сиёсатчига ва у билан бирга судланган ҚРнинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси Дуйшенқул Чотоновга нисбатан туман ва шаҳар судлари чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Улар мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 8 йил муддатга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилиндилар. Бироқ ҳукм қилинганлар ўзларига қўйилган айбловларни инкор қилишади, жиноий иш сиёсийлаштирилганлигини айтишади.

Май ойида собиқ омбудсмен Қубат Оторбаев президент Сўўрўнбай Жээнбековга мурожаат қилиб собиқ депутат Ўмурбек Текебаевнинг афв қилиниши имкониятларини ўрганиб чиқишни сўраган эди. Ҳақиқатчи (Ақийқатчи)нинг фикрича, Текебаевнинг айби исботланмаган, тергов ва суд жараёни туҳмат билан бир томонлама олиб борилган.

Текебаевнинг адвокати Искен Афифжанов баёнот бериб, сиёсатчи ўз айбига иқрор бўлмагани боис президентдан афв қилишни сўрамоқчи эмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG