Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 09:58

Мирзиёев Тошкентда ДХХ учун махсус қурилган бинода илк видеоселектор ўтказди (ВИДЕО)


Мирзиёев ДХХ янги биносини бориб кўрди, 25 декабрь, 2018 йил. ("Ўзбекистон24" телеканали кўрсатувидан олинган сурат)

Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) учун махсус қурилган янги бинода кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Бу Мирзиёевнинг йил бошидан бери бошдан-оёқ янгиланган ДХХ (собиқ МХХ) тузилмаси билан ўтказган илк видеоселеторидир.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида хабар қилинишича, президент 25 декабрь куни президент ДХХ учун қурилган махсус бинога борган.

Кўрсатувда янги бино олдидаги катта майдонда ДХХ махсус кучлари президент учун ҳарбий тайёргарлик машғулотлари ва техникани намойиш қилгани акс этади.

Расмий хабарда айтилишича, хавфсизлик кучлари билан видеоселектор йиғилиши олдидан президент ДХХ махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан суҳбатлашган ва уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишган.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, кенгайтирилган йиғилишда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Президент девони вакиллари, ҳукумат аъзолари, ДХХ шахсий таркиби, вазирлик ва идоралар раҳбарлари қатнашган.

Видеоселектор орқали тадбирни Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари кузатди.

Расмий хабарда айтилишича, президент ўз нутқида асосий эътиборни қайта тузилган тузилманинг ишини яхшилаш, ДХХнинг бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлигини кучайтиришга қаратган.

Бундан ташқари, "қилмишига чин дилдан пушаймон бўлгани ва ёт ғоялардан тўғри йўлга қайтгани учун жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган экстремистик ташкилотларнинг собиқ аъзолари ва тарафдорларини нормал ҳаётга қайтариш" масаласини алоҳида тилга олган.

Шу йилнинг 19 январида Шавкат Мирзиёев, ҳокимиятга келганидан бир йил ўтиб, Ўзбекистон собиқ миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) - шу кундаги Давлат хавфсизлик хизматини (ДХХ) илк бор танқид қилганди.

Унга қадар бу структура, марҳум президент Ислом Каримов асос солганидан кейинги қарийб 30 йиллик фаолияти, дахлсиз ва ўзгаришсиз қолди.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманига борган президент Мирзиёев тузилмани кескин танқид қилди.

- Булар ҳали халқнинг қадрига етмаган. Буларга ойлик бериш¸ погон бериш (га лойиқ -таҳр.) бирорта иш қилгани йўқ булар. Буларнинг ўзининг махфий иши бор¸ бу махфий иши менга боғлиқ. Ман билан гаплашсин энди оддий ҳокимнинг орқасидан қувлаб юриш (ўрнига -таҳр.) ¸ у замон тугади. Ҳоким менинг вакилим. Нима эмиш¸ битта ноинсоф¸ битта районнинг СНБсини бошлиғининг машинасини обгон қипти ҳокимни машинаси¸ бориб уни қамаб қўйипти. Э¸ кимсан ўзи сан? Ким санга бу ваколатни берди? Сани погонингни олиб ташлайман керак бўлса! Бу замон ўтиб бўлди Сурхондарëда! - деган эди Озодлик ихтиëрига юборилган аудиоëзувда президент жумладан.

Ана шу нутқида президент тез орада МХХни тугатишини билдирган ва тузилманинг 23 йиллик раиси Рустам Иноятов ҳам орадан 11 кун ўтиб, ишдан олинганди.

Шу йилнинг 14 мартида эса президент “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Шу ҳужжатга биноан собиқ Миллий хавфсизлик хизмати номи "Давлат хавфсизлик хизмати", деб ўзгартирилган, 5 апрель куни эса “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида” қонун қабул қилинди.

XS
SM
MD
LG