Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2020, Тошкент вақти: 07:47

Ўзбекистон хабарлари

Хусусий тадбиркорларга қурилиш материаллари сотиш ва автомобиль ювиш тақиқланди

Иллюстратив сурат.

Якка тартибдаги тадбиркорларга қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланиш тақиқланди. Бу маҳсулотларни сотиш учун юридик шахс мақомини олиш шарт бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 2 январь куни расман маълум қилди.

Бундан ташқари 2019 йил 1 январидан бошлаб алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш каби фаолият турлари билан шуғулланиш учун ҳам албатта юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш лозим.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бундай қарор қабул қилинишига якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқдан қочиш учун турли қонунбузарликларни содир этаётганликлари асос бўлган.

"Хусусан, автотранспорт воситаларини ювиш фаолиятини ташкил этган тадбиркорлар қўлида амалда ўнлаб шахслар ишлайди. Лекин ушбу тадбиркор ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли, улар аслида тўлаши керак бўлган солиқнинг ярмини ҳам тўламайдилар.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан амалга оширилади. Бунда якка турдаги тадбиркор 3 кишигача шахсни ёллаши мумкин.

Яъни, моҳиятан ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган фаолият турлари билан ЯТТ шуғуллана олмайди. Масалан, маълумотларга кўра, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш билан шуғулланувчи цехда ўртача 5‒15 киши фаолият юритади", - дейилади расмий маълумотда.

Кун янгиликлари

ТИВ Туркиядаги зилзилада жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини билдирди

Измирдаги зилзилада вайрон бўлган бинолардан бири, 2020 йил 30 октябри.

Туркия ғарбида 30 октябрь куни содир бўлган кучли зилзила натижасида ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда маълум қилди.

Вазирлик Ўзбекистоннинг Анқарада шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Измир вилоятининг Тезкор штаби билан доимий алоқа ўрнатганини қўшимча қилган.

Туркиянинг ғарбий қисмида 6,6 балли зилзила содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар берган. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 12 нафарга етган, 419 киши тан жароҳати олган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасини судга берган UzAuto Motors маҳкамада ютиб чиқди

Тошкент шаҳар маъмурий судининг жорий йил 30 октябридаги қарорига мувофиқ, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасига қарши даъвосида ҳақли топилди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, судда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

Жорий йил 2 октябридан эътиборан Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини бекор қилиш бўйича киритган шикояти кўриб чиқилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлаётган Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.

Суд кетаётган бир пайтда, аниқроғи, шу йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкентда ўтказилган йиғилишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилиб, қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини “популистик” деб атаган.

Бунга жавобан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли блогер ва фаоллар томонидан бош вазирга эътирозлар кучайган. Улар монополистларга қарши чора кўраётган қўмитанинг қадами “популистик” деб баҳоланса, ўзларининг ҳам популист эканини ёзиб чиқишган.

Жума куни чиққан суд қарорида жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи “UzAuto Motors” АЖ фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 миллион 230 минг сўм ва 20 минг сўм миқдорида почта харажатлари ундириш белгилангани қайд этилган.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари “Газета.uz” нашрига суд қарори юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси киритишларини билдирганлар.

Қорақалпоғистонда ўғирланган қизни никоҳга мажбурлаганлар устидан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида 24 ёшли қизни ихтиёрига зид равишда ўғирлаб кетган ва никоҳга мажбурлаган 3 нафар шахсга қарши жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шу йилнинг 13 октябрь оқшомида 30 ёшли Д.Е. ўз танишлари 29 ёшли Р.Ж. ва 30 ёшли П.Б. билан тил бириктирган ҳолда, 24 ёшдаги Г.С. исмли қизни эркига хилоф равишда Қонликўл тумани Маденият МФЙ Сари-олтин кўчасидан куч ишлатиб, “Nexia-2” русумли автомашинага миндириб, ўғирлаб кетган. Улар ўғирланган қизни Қонликўл тумани Бўстон ОФЙда жойлашган уйига олиб боришиб, Д.Е. билан никоҳ қуришга мажбурлашган.

Жабрланувчи Г.С. ҳолат юзасидан туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган.

Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи ходимлари чиқиб кўздан кечириш ва бошқа терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказишган. Д.Е.нинг номида бўлган “Nexia-2” русумли автомашина далилий ашё тариқасида олиниб, тегишли тартибда муҳрланган”, дейилган хабарномада.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан Қонликўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 136-моддаси 1-қисми (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов департаменти айни пайтда ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Божхона қўмитаси: АҚШга экспорт қилинаётган гилам ҳажми икки баробар ошди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистондан АҚШга экспорт қилинаётган гилам ҳажми икки баробар ошган. Бу ҳақда маълум қилган Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати Қўшма Штатларга сотилган гиламлар қиймати ва кўламига аниқлик киритмаган.

ДБҚ маълумотига кўра, ўтган 9 ой ичида хорижга расмий қайддан ўтган 18,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги 6 миллион квадрат метрдан зиёд гилам экспорт қилинган.

Чет мамлакатларга сотилган ўзбек гиламларининг 26 фоизи Озарбайжонга, 25 фоизи Қирғизистонга, 16 фоизи Қозоғистонга, 13 фоизи Россияга ва 13 фоизи Афғонистонга йўлланган.

ИИВ Қуръонга ҳурматсизлик кўрсатган шахсга қарши жиноят иши қўзғатилганини билдирди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ичида Қуръон оятлари акс этган китоб саҳифаларини йиртиб, оёқларига суртиб, бу видеотасвирни ижтимоий тармоқларда тарқатган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Жорий йилнинг 29 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ўзини “атеист”, деб таништириб, у томонидан динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби - Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

ИИВ буни ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “диний адоватни қўзғатиш ва диндорлар орасида муросасизликни келтириб чиқаришни тарғиб қилувчи маълумотлар”дан бири ўлароқ талқин қилган.

Қайд этилишича, ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида мазкур видеотасвирни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс (унинг исм-фамилияси очиқланмаган) аниқланиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинган.

Текширув натижасига кўра, мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дея маълум қилган ИИВ ахборот хизмати.

Хабарномадан “ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида, мазкур шахс Мингбулоқ туманидан бўлган Ш. Т. (ИИВ баёнотида тўлиқ исми келтирилган – таҳр.) эмаслиги аниқланди” деган жумла ҳам ўрин олган, бироқ вазирлик бу изоҳни нима мақсадда бергани мавҳум қолган.

ИИВ, тергов натижасига кўра, жиноят иши бўйича қўшимча маълумот бериб борилишини билдирган.

Вазирлик расмий маълумотида: “фуқароларимиздан юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик каби азалий анъаналаримизга кундалик ҳаётимизда амал қилишларини ҳамда муқаддас динимизни оёқ-ости қилиб, аҳоли орасида ихтилофлар келтириб чиқаришга бўлган уринишлар учун қонунда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз”, дея қайд этилган. Бу огоҳлантирув Ўзбекистонда ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган ёки бирор динга эътиқод қилувчи кишиларнинг ифода эркинлигини чеклашга хизмат қиладими, йўқми – ҳозирча маълум эмас.

Ички ишлар вазирлиги куни кеча ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти фойдаланувчиларини турли радикал қарашлар тарғиботи билан шуғулланишдан тийилиш ҳақида огоҳлантирган эди.

Минглаб одамни алдаган 11та хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига жиноят ишлари очилди

"Korean & Migrations" фирмасига алданганлар намойиши. 12 октябрь, Мустақиллик майдони.

Бугунги кунда 11 та хусусий бандлик агентлигининг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.

Расмий билдирувда таъкидланишича, мазкур агентликлар томонидан жами 9338 нафар фуқародан 79 миллиард 100 миллион сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.

Айни пайтда хусусий бандлик агентликлари томонидан 2019-2020 йилларда фақат 3214 нафар фуқаро Россия, Туркия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БАА, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Украина ва Қатарга ишлаш учун жўнатилди.

Бугунги кунда 103 та хусусий бандлик агентлиги реестр рўйхатидан ўтган бўлиб, шундан 75 тасига лицензия берилган ва ҳозирда 25 таси ушбу лицензия асосида фаолият юритмоқда.

Озодлик радиоси хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабрланган юзлаб ўзбекистонликлар ҳақида қатор мақолаларни эълон қилган эди. Агентликлардан жабрланган ўзбекистонликларнинг айримлари пойтахт Тошкентда норозилик акциясини ҳам ўтказган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, 2020 йил 13 августда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур қонун келаси ойдан кучга киради.

Янги қонунчиликка биноан, бундан буён Ўзбекистонда ҳусусий бандлик агентликлари хизматлар учун тўловларни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчидан ундиради.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим ҳусусий бандлик агентликлари раҳбарлари қонунга киритилган бу ўзгариш фуқароларга чет элдан иш топиш масаласини яна ҳам қийинлаштириб юборишини айтишди.

Иммунитетни кучайтирувчи дорилар ўз нархидан камида 90 фоиз қимматга сотилмоқда

Айрим аптекаларда яроқлилик муддати ўтган дорилар сотилаётгани аниқланди. Мазкур суратнинг қуйидаги хабарга алоқаси йўқ. Бу иллюстратив сурат.

Айрим дорихоналарда устамалар 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилгани аниқланди. Айниқса иммунитетни оширувчи дориларга катта устама қўйилган. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Моҳрухсор Тоғаевага кўра, аҳоли талаби юқори бўлган 91 та савдо номидаги дори воситаларининг дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг чакана нархлари ўрганилди.

“Ўрганиш натижасида 140 та дорихонадан 30 тасида белгиланган устамаларни 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилгани, 17 та ҳолатда яроқлилик муддати ўтганлиги аниқланган. Қолаверса, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш, 18 та ҳолатда лицензиясиз фаолият ва бошқа камчиликлар маълум бўлган”,-деди расмий.

Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган жами 28 та дорихонага иш қўзғатилиб, ортиқча олинган 2 миллион 800 минг сўм пул истеъмолчиларга қайтарилган. Шунингдек, лицензия шартларини қўпол равишда бузиш ҳолати бўйича ҳужжатлар мутасадди ташкилотларга юборилган

Моҳрухсор Тоғаевага кўра, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан 2020 йил 23 июлдан 9 октябргача 3 мингдан ортиқ дорихонада мониторинг кузатувлари ўтказилди.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ўт ўчирувчи сифатида пул йиғаётганларга алоқаси йўқлигини билдирди

Ўзбекистонлик ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчириш жараёнида.

Ўзларини давлат ёнғин назорати органи ходими сифатида таништириб, аҳолидан «йиллик тўлов» қабилида мажбурий равишда пул йиғаётган шахслар Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига алоқадор эмас. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида маълум қилинди.

Вазирликнинг билдиришича, сўнгги йилларда, асосан, куз-қиш мавсуми бошланиши билан махсус кийимдаги шахслар ўзларини ўт ўчирувчи сифатида таништириб, ҳудудларда мажбурий тўлов ундириш билан шуғулланиб келмоқда.

Шу муносабат билан Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги аҳолини ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигидан огоҳлантирган.

Айни пайтда вазирлик Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фавқулодда вазиятлар, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбиркорлик субъектлари фаолият юритишини билдирган.

Вазирлик, шундан келиб чиққан ҳолда, ўзини ФВВнинг қуйи тизимларига ўхшаш ташкилотлар номлари билан таништирган шахслардан, биринчи навбатда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сўрашни тавсия қилди.

Бундан ташқари вазирлик аҳолини тадбиркорлик субъектлари томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат фуқаронинг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлигини эслатди.

“Агар хизмат кўрсатмасдан ёки фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиши мумкин”,-дейилади расмий билдирувда.

Коронавирусдан вафот этганлар сони расман 560дан ошди

29 октябрь куни мамлакатда 254 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 267 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка давомида коронавирусга чалинган 3 нафар бемор вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони расман камида 561 нафарга етди.

29 октябрь куни мамлакатда 254 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 267 нафар бемор тузалди.

“Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 66 454 нафар бемордан 63 713 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда”,-дейилади расмий хабарда.

Вазирликнинг билдиришича, айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 180 нафар бемордан 269 нафари оғир, 73 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мирзиёев Шимолий иқтисодий ҳамкорлик форумида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин билан, Сеул, 2017 йил 23 ноябри.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин таклифига биноан 30 октябрь куни Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтадиган Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида иштирок этади.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбир кун тартибидан коронавирус пандемияси оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш ва халқаро шерикликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Хабарномада қайд этилишича, Ш. Мирзиёев видеоанжумандаги ўз нутқида минтақавий сиёсатнинг энг долзарб масалалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтади. Форумда Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Мўғулистон президентлари ҳам иштирок этиши билдирилган.

ИИВ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини турли радикал ғояларни тарқатишдан огоҳлантирди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига турли радикал қарашлар тарғиботи билан шуғулланишдан тийилиш юзасидан огоҳлантирув йўллади.

Вазирлик ахборот хизмати айни кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарғиб қилувчи маълумотлар тарқалаётганини қайд этган.

Шу муносабат билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-модда (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 244 прим 3-модда (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) ларида белгиланган жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилади ИИВ хабарномасида.

Вазирлик шуларни инобатга олган ҳолда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан (журналист, блогер ва фуқаролардан) омма эътиборига ҳавола қилинаётган маълумотларни аввало қонунга хилоф эмаслигини ўрганиб чиқишни сўраган.

Хабарномада зикр этилган 156-модда бўйича қонунни бузган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилиши, 244 прим 3-модда бўйича қонунбузарликка йўл қўйган шахс эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима тўлаши ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Шоир Омон Матжон Тошкентда дафн этилди

Пайшанбага ўтар кечаси оламдан ўтган Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 29 октябр куни тушдан кейин Тошкентнинг Янгиобод мавзеида жойлашган қабристонга дафн қилинди.

Маълумотларга кўра, О. Матжон сўнгги пайтларда ҳукумат касалхонасида ўпка яллиғланишидан даволанаётган бўлган. Шоирнинг фарзандлари Озодлик билан суҳбатда унга “икки томонлама пневмония” ташхиси қўйилганини тасдиқлашди.

Айтилишича, бир ҳафта муқаддам Омон Матжоннинг рафиқаси вафот этган.

Марҳум шоир ўтган аср 60-йилларида ўзбек адабиётига кириб келган авлоднинг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлган.

Абхазияда қолиб кетган ўзбекистонликлардан яна 300 чоғлиси ватанига қайтарилди

Абхазияда қолиб кетган ўзбек муҳожирлари.

Абхазияда қолиб кетган ўзбекистонлик муҳожирларнинг 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳи 28 октябрь куни Сочи шаҳридан “Uzbekistan Airways” чартер рейслари билан юртига олиб келинган.

Бу ҳақда маълум қилган Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби 20 кун муқаддам Абхазиядаги ўзбеклардан ёрдамга муҳтож (ҳомиладор аёллар, қариялар, касаллар ва болали аёллар) 19 нафари махсус поездда Ўзбекистонга қайтарилганини қайд этган.

Вазирликка кўра, ҳозирги вақтда Россия томони билан Абхазияда қолган ўзбекистонликларни РФ ҳудуди орқали ватанига олиб келишни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Шу муносабат билан яқин вақт ичида Сочи шаҳридан навбатдаги чартер рейсларни амалга ошириш кутилмоқда”, дейилади хабарномада.

Карантин чекловлари туфайли Абхазияда қолиб кетган мингдан зиёд ўзбек муҳожири ватанга қайтиш учун транзит йўли очиб беришни сўраётгани ҳақида Озодлик бундан бир ой муқаддам хабар қилганди.

Миллий театрга Ёдгор Саъдиев директор этиб тайинланди

Ўзбек миллий академик драма театри биноси.

Ўзбек миллий академик драма театрига Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев директор этиб тайинланди.

Маданият вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, Ё.Саъдиевнинг Миллий театрга раҳбар этиб тайинланганини жамоага 29 октябрь куни маданият вазири Озодбек Назарбеков эълон қилган.

74 ёшли Ёдгор Саъдиев 1971 йилдан буён Ўзбекистондаги театр ва киностудияларда ижод қилиб келмоқда.

У ўзбек томошабинига турли спектакллар, кино ва видеофильмларда ўйнаган роллари, хусусан, “Шайтанат” телесериалидаги Асадбек роли билан яхши таниш.

Ё. Саъдиев 1990 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1998 йили “Ўзбекистон халқ артисти”, 2016 йили “Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонлари билан тақдирланган.

Миллий театрнинг аввалги директори Фатхулла Маъсудов шу йилнинг 31 августига ўтар кечаси оламдан ўтган. Вафотидан аввал унинг коронавирусдан даволанаётгани айтилган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов Сардобада янги қурилган уйларни тарқатишда шаффофлик масаласини муҳокама қилмоқда

Шавкат Мирзиëев ҳам 13 октябрда Сардоба фалокати оқибатида уйсиз қолган тиббиëтчига берилган янги квартирага борган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов 29 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сардоба тўғони ўпирилиши оқибатида сув тошқинини бошидан кечирган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида барпо этилган янги маҳаллаларни бориб кўрди.

“Кун уз”нинг ёзишича, Бош вазир ташрифидан мақсад мазкур туманларда бажарилган ишлар билан танишишдир.

“Абдулла Арипов президент топшириқларини амалга ошириш масалаларини туманлар фаоллари билан муҳокама этмоқда”, -дейилади хабарда.

Хабарда таъкидланишича, янги қурилган уйларни тарқатишда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Аввалроқ Озодлик радиоси 13 октябрь куни президент Шавкат Мирзиëев Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши ортидан вайрон бўлган ҳудудларга боргани тўғрисида хабар берган эди.

Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди.

Расмий ва маҳаллий нашрларга кўра¸ 13 октябрь куни президент Сардоба туфайли мол-мулкидан ажраганларга янги ва замонавий уйларни топшириш орқали ўз ваъдаси бажарилганини намойиш қилган.

Айни пайтда Озодликка боғланган сардобалик жабрдийдалар кўпчиликнинг ҳамон коллежлар ëки ижара уйларда яшаб юргани¸ маҳаллий телеканалларда янги уйига президент меҳмон бўлгани кўрсатилган лавҳанинг навбатдаги "шоу" эканини айтишди.

Қашқадарёда ҳайдовчининг телефонини олиб қўйган йўл-патруль хизмати инспектори ишдан бўшатилди

Ўзбекистон ички ишлар ходимлари. Мазкур суратда акс этган шахсларнинг қуйидаги хабарга алоқаси йўқ. Бу иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ҳайдовчининг мобил телефонини олиб қўйган йўл-патруль хизмати (ЙПҲ) инспектори сержант Ж.Қосимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, ўтказилган хизмат текшируви доирасида инспектор Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомни ҳамда ИИВнинг меъёрий буйруқ талабларини бузгани аниқланди.

“Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ махсус отряди 3-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори сержант Ж.Қосимов ўз билдиргисига кўра “эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, келгусида ЙҲХ билан боғлиқ бўлмаган лавозимга тайинланиши” чораси қўлланди”,-дейилади расмий билдирувда.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда “Қашқадарё гаиларидан навбатдаги” сарлавҳаси остида видео тарқалган эди. Мазкур видео юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани маълум қилинган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода инспектор Ж.Қосимов Қарши шаҳар Б.Шерқулов кўчасида Nexia-3 автомобили ҳайдовчисини спиртли ичимлик истеъмол қилган ёки қилмаганлигини аниқлаш мақсадида тўхтатгани ва жараённи суратга олган ҳайдовчининг телефонини олиб қўйгани акс этганди.

“Яширин иқтисодиётни қисқартириш” тўғрисидаги фармон имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев “бизнеснинг "соядан" чиқишини рағбатлантириш, солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш”га эришмоқчи. Бу борада президентнинг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Фармонга асосан умумий овқатланиш субъектларида жисмоний шахслардан банк карталари ва контактсиз тўловлар асосида олинган даромадлар солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмайди.

Бундан ташқари 2021 йил 1 январдан риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинган. Риэлторлар айланмасидан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади.

Қурилиш корхоналарига ишчиларни уларга иш ҳақини нақд пулда тўлаш (меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 10 фоизидан ошмаган ҳолда) ҳуқуқи билан ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини сақлаб қолган ҳолда шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилади.

Фармонда “яширин иқтисодиётга таъсир қилувчи омил сифатида коррупцияни қисқартириш” ҳам белгиланди.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Махсус комиссия ва ҳудудий комиссиялар тузилади.

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон вафот этди

Шоир Омон Матжон хофиз Шерали Жўраев билан.

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 29 октябрга ўтар кечаси 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати маълум қилди.

1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган Омон Матжон ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетида таҳсил олган.

1969-2002-йиллар мобайнида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, “Ёшлик” журналида бош муҳаррир, “Чўлпон” нашриётида директор бўлиб ишлади.

Шеърлари ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб матбуотда чоп этила бошланган Омон Матжоннинг “Очиқ деразалар” (1970), “Карвон қўнғироғи” (1973), “Қуёш соати” (1974), “Драматик достонлар” (1975), “Ёнаётган дарахт” (1977), “Ярадор чақмоқ” (1979), “Ҳаққуш қичқириғи” (1979), “Сени яхши кўраман” (1983), “Дарахтлар ва гиёҳлар” (1984), “Минг бир ёғду” (1989), “Ўртамизда биргина олма” (1990), “Одамнинг сояси қуёшга тушди” (1991), “Қуш йўли” (1993), “Иймон ёғдуси” (1995), “Дийдор азиз” (2011), “Халоскор руҳ” (2012) каби йигирмага яқин шеърий тўпламлари нашр этилган.

Омон Матжон Ф.Шиллер, Ш.Бодлер каби жаҳон классиклари, Е.Евтушенко, Р.Ҳамзатов, Ш.Петефи, Ю.Марцинкявичюс, Б.Кербобоев, Сухроб Тоҳир, И.Юсупов сингари шоир ва адиблар асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

“Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон адабиётимиз ривожи йўлидаги хизматлари учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз”,-дейилади расмий хабарда.

К. Алламжонов хорижий сериалларнинг кўп намойиш этилишида “идеологик суверенитет” учун таҳдид кўради

Комил Алламжонов.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Ўзбекистондаги кўп телеканалларда асосан хориж сериаллари намойиш этилаётгани, миллий сериаллар эса деярли йўқлигидан таассуф билдириб, бунинг бугунги кунда эътибор қаратилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масала, деб ҳисоблашини билдирди.

К. Алламжоновнинг ўз Телеграм-каналида ёзишича, мазкур масала фонд вакилларининг куни кеча "Миллий" телеканали жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинган.

Унга кўра, сериаллар томошабин онгига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи кучли восита ҳисобланади. “Агар унинг меъёри бўлмаса, бу кетишда идеологик суверенитетимизни йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, дея хавотир билдирган фонд васийлик кенгаши раиси.

Шу боис яқин келажакда "Миллий" телеканалида хорижий сериалларни эфирдан имкон даражада камайтириш ва кўпроқ ўзимизнинг миллий сериалларни ишлаб чиқаришга қарор қилдик”, деб ёзган К. Алламжонов мазкур учрашувда эфир сифатини яхшилаш, янги ва қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириш орқали телеканал рейтингини янги босқичга олиб чиқиш учун вазифаларни белгилаб олинганини қўшимча қилган.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси: Ҳар куни 30 мингтагача ПЗР-тести ўтказилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ҳар куни коронавирус инфекцияси юққанини аниқлаш бўйича 20 мингдан 30 минггача бўлган текширувлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда 28 октябрь куни АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди.

Мулозимга кўра, республикада ташкил этилган 135 тадан ортиқ давлат муассасаси, қолаверса, 20 дан ортиқ хусусий тиббиёт муассасаси томонидан ПЗР, ИФА, ИХЛА усулларида коронавирус инфекциясига қарши текшириш тадбирлари амалга ошириб келиняпти.

27 октябрда кун давомида Ўзбекистонда 23 минг 659 та ПЗР усулида текширувлар амалга оширилди. Яъни ҳар куни ўртача 20 мингдан 30 минггача бўлган текширувлар амалга оширилмоқда”, деди Б. Қурбонов.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, 28 октябрь соат 09:00 ҳолатига кўра, мамлакатда жами 4 миллион 125 минг 938 та ПЗР тести ўтказилганини қайд этган.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги авиақатновни тиклаш масаласи кейинги йилга қолди

Ўзбекистон билан Тожикистон расмийлари Тошкент ва Душанбе ўртасидаги парвозларни тиклаш санасини ҳали-ҳануз белгилай олишмаяпти. Октябрь ойи ўрталарида томонлар икки пойтахт ўртасидаги авиақатновни 1 ноябргача тиклаш масаласини муҳокама қилишган, кейин бу муддат 1 декабрга кўчирилган. Энди эса янги муддат (2021 йилнинг 1 январи) муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар қилди.

Нашр манбасига кўра, коронавирус пандемияси туфайли икки мамлакатда кузатилаётган эпидемиологик вазиятнинг мураккаблиги мазкур масала юзасидан тез ва якуний қарор қабул қилишга имкон бермаяпти.

Бу орада Тожикистон Фуқаро авиацияси агентлиги Тошкентга авиақатновни тиклаш учун рухсат олган, бироқ илк парвознинг аниқ санаси ҳозирча номаълум.

Агентлик вакиллари мазкур масалани муҳокама қилиш учун яқин кунларда ўзбек ва тожик расмийларининг онлайн-учрашуви ташкил этилиши, унда Тошкент-Душанбе рейси графиги ва илк парвоз куни тасдиқланишини маълум қилганлар.

Ўзбекистон билан Тожикистон пойтахтлари ўртасидаги авиақатнов эпидемиологик вазият важидан шу йил 16 мартидан тўхтатилганди.

Тошкент ва Анқара ҳарбий ҳамкорликка оид битим имзолади

Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Туркиянинг давлатга қарашли “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, ҳужжат Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акарнинг 27 октябрь куни Тошкентга қилган сафари чоғида имзоланган.

Ҳар соҳада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг ичида савдо-сотиқ, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва табиийки, ҳарбий алоқалар ҳам бор. Бу борада жуда жиддий муваффақиятларга эришдик”, деган Ҳулуси Акар ўзбекистонлик ҳамкасби Баҳодир Қурбонов билан бўлиб ўтган музокаралардан кейин.

Туркия мудофаа вазири икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик “мустаҳкам қардошлик ришталари”га асосланганини урғулаган. Ўзбекистон мудофаа вазири Б. Қурбонов эса Тошкент учун Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этган.

Ҳулуси Акар Ўзбекистонга сафари доирасида мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан ҳам учрашган. Икки мулозим ҳарбий таълим ва ҳарбий саноат соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида сўзлашганлар. Қайд этилишича, Туркия мудофаа вазири бу учрашувда ФЕТО – Фатҳуллоҳ Гулан издошлари ташкилотига қарши курашда ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳам таъкидлаган.

Аввалроқ Озодлик Ҳулуси Акар сешанба куни Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани, учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эди.

ДХХнинг собиқ марказий биноси бошланғич нархи 1 сўм қилиб белгиланиб, сотувга чиқарилади

Тошкент марказидаги Сайилгоҳ кўчаси.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ва 20 минг 219 квадрат метр майдонга эга бўлган собиқ марказий биноси сотувга қўйилади.

Мазкур бино дохил 15 та объект Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий сайтига жойланган “Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати”га киритилган.

Бу рўйхат Ўзбекистон президентининг жорий йил 27 октябрида имзоланган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига илова қилинган.

Фармонда давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилиниши ҳамда давлат комиссияси қарорларига асосан инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

Йирик ширкатлар трансформация қилинади ва имтиёзлардан маҳрум бўлади

Uzbekistan Airways самолёти.

«Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways ва бошқа йирик ширкатларнинг имтиёз ва преференциялари бекор қилинади. Бу борада президентинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгилаб қўйилди.

Фармон билан тасдиқланган трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари рўйхатида «Ўзавтосаноат», «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, «Ўздонмаҳсулот», «Ўзагросуғурта», «Ўзсувтаъминот» ва бошқа жамиятлар бор.

Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активлари агентлиги 2020 йил 1 декабргача рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференцияларни хатловдан ўтказади. Уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, президент администрациясига киритади.

Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилади.

Департаментга 24 та штат бирлиги ажратилмоқда, улар молия ва давлат солиқ хизмати органларининг 12 тадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

Уйида даволанаётган коронавирус беморларига пульсоксиметр ва кислород концентраторлари бепул берилади

Пульсоксиметр ва кислород концентраторлари захирада мавжудлиги ва тиббиёт муассасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида берилади.

Уй шароитида реабилитацияга муҳтож бўлган коронавирусга чалинган беморларга вақтинча фойдаланиш учун пульсоксиметр ва кислород концентраторлари бепул тарқатилади.

«Газета.uz»нинг хабар беришича, коронавирус билан курашиш бўйича махсус республика комиссияси пульсоксиметр ва кислород концентраторларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларидан маълум бир муддат ҳамда бепул тарзда фойдаланишга бериш бўйича қарор қабул қилган.

Пульсоксиметр ва кислород концентраторлари захирада мавжудлиги ва тиббиёт муассасасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида берилади.

“Махсус комиссия протоколи билан пульсоксиметр ва кислород концентраторларини бепул тарзда тарқатиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. «Газета.uz» Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматидан юқоридаги тартиб бўйича изоҳ ололмади”,-дейилади хабарда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG