Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:03

Ўзбекистонда аёлларнинг сунъий йўл билан ҳомиладор бўлишига рухсат берилиши мумкин


Олий Мажлиснинг қуйи палатасига аёлларнинг сунъий йўл билан ҳомиладор бўлишига рухсат берилиши назарда тутилган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилди.

Ўзбекистонда аёлларнинг сунъий йўл билан ҳомиладор бўлишига рухсат берилиши мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Ўзбекистонда турмушга чиққан аёлларнинг 5 фоиздан ортиқроғи фарзанд кўра олмайди

Маҳаллий нашрларнинг 23 январь куни хабар беришларича, қонун бепушт аёлларнинг фарзанд кўриш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Хабарда айтилишича, жаҳон миқёсида оила қурганларнинг 10-15 фоизи бепушт экани аниқланган. Ўзбекистонда ўтказилган қатор тадқиқотлар эса турмушга чиққан аёлларнинг 4,9 фоизидан 5,3 фоизигача бўлган қисми фарзандли бўлиш бахтидан мосуво эканини кўрсатган.

“Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистонда хориж мамлакатларида кенг қўлланилаётган ва замонавий бўлган сунъий йўл билан уруғлантириш орқали бола туғдириш ва соғлом генофондни шакллантириш учун соғлом туҳум хужайраларини танлаб олиш амалиётидан фойдаланишга имконият яратиб беради”, деб айтган Олий Мажлис қуйи палатасининг саломатликни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Нурия Айтжонова.

Экспертлар: Суррогат оналик ва эмбрионлар донорлигига рухсат беришга ҳали эрта

Қонун лойиҳасида бу йўналишда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш муаммоларига ҳам эътибор қаратилган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, қонун лойиҳасини мукаммаллаштириш жараёнида бўлиб ўтган муҳокамаларда экспертлар Ўзбекистонда суррогат оналик ва эмбрионлар донорлиги каби замонавий ва қўшимча репродуктив амалиётни жорий этишга ҳали эрта, деган якдил фикрга келганлар.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларига сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказишга рухсат берилмаган. Шунинг учун бепушт аёллар сунъий йўл билан ҳомиладор бўлиш учун Туркия, Россия, Исроил каби давлатларга боришга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбекистон муфтиятининг "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвоси

2018 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг расмий сайтида сунъий уруғлантириш масаласи шу кунларда долзарб мавзулардан бирига айланиб бораётгани қайд этилган ва "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатво эълон қилинган эди.

"...Айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотираётгани кўпчилигимизга маълум. Шу нуқтаи назардан, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш бўйича уламолар қатор изланишларни олиб боришди", дейилади расмий хабарда.

Муфтиятнинг "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвосида билдирилишича, “Сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга ошириш мубоҳдир”.

Бу ҳолатда “эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли табиб амалга ошириши шарт” бўлади.

“Ўрталарида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан манъ этилади. Дину диёнатига беэътибор бўлмаган, наслу насабининг пок бўлишини муҳим деб билган мўмин-мусулмонлар сунъий уруғлантиришнинг манъ этилган усулидан фойдаланишдан ҳазарда бўлсинлар”, дейилади фатвода.

XS
SM
MD
LG