Линклар

Шошилинч хабар
29 феврал 2020, Тошкент вақти: 12:03

Ўзбекистон хабарлари

Москвалик ўзбек Навоий иқтисодий зонаси раҳбарлигига тайинланди

Ҳабиб Абдуллаев (ўртада) ота-онаси билан Москвадаги тадбирлардан бирида.

Москва ўзбек миллий - маданий автономияси раиси Ҳабиб Абдуллаев “Навоий” эркин иқтисодий зонаси директори лавозимига тайинланди.

Фарғона агентлигининг 28 январда хабар беришича, Ҳабиб Абдуллаев 26 январь куни бу лавозимга тайинланган.

Айни пайтда Навоий эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқаришнинг турли соҳасига мансуб бўлган 18та корхона ишламоқда.

Ҳабиб Абдуллаев 1956 йилдaн то умрининг охири- 1962 йилгача Ўзбекистон Фанлар Aкадемияси президенти бўлган жаҳонга машҳур академик Ҳабиб Абдуллаевнинг невараси бўлади.

У 1967 йилда Москвада туғилган. 1989 йилда Москва давлат халқаро алоқалар институтини, 2012 йилда Москва иқтисодиёт Олий мактабини тамомлаган. 25 йил Россиянинг нуфузли ташкилот ва вазирликларида раҳбар лавозимларда ишлаган.

Ҳабиб Абдуллаев Москвада чоп этиладиган “Ўзбегим” газетаси асосчиси ва ношири ҳисобланади.

Кун янгиликлари

Президент қарори лойиҳаси энг йирик корхоналардаги давлат улушини очиқ тендерсиз сотишга имкон беради

Лойиҳа чиқиши арафасида Мирзиëев Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳозирланган лойиҳа “Иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.

Ҳужжатга кўра¸ унга илова қилинган 1115 та корхонадаги давлат улуши 2025 йилга қадар хусусийлаштирилади.

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси тузилиб¸ унга Бош вазир¸ унинг ўринбосарлари ва президент маслаҳатчилари киритилади.

Президент қарори лойиҳаси Тендер комиссиясига¸ давлат улушларини “аукцион, танлов, тендер, тўғридан-тўғри музокаралар орқали, IPO,SPO ва бошқа” механизмлар орқали хусусийлаштириш ваколати беришни кўзда тутади.

Қарорга давлат улуши тўлиқ ëки қисман сотиладиган корхоналар рўйхати илова қилинган.

Бу рўйхатга киритилган Ucell¸ Uzbekistan Airways, "Ўзбектелеком", "Ўзбекнефтгаз", "Ўзтрансгаз", "Дори-Дармон, Олмалиқ кон-металлургия комбинати¸ Ўзбекистон металлургия комбинати ва "Навоий кон-мeталлургия комбинати каби мамлакатдаги монополист мақомида қолаëтган йирик корхоналардаги давлат улушлари ҳам сотувга қўйилади.

26 февраль кунги расмий хабарга кўра¸ давлат улуши хусусий қўлга сотиладиган "Навоий кон-мeталлургия комбинати" Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхонаси саналади ва мамлакатдаги жами саноат маҳсулотининг 10 фоизини ва бюджет даромадининг эса¸ 18 фоизини таъминлайди.

Президент қарори лойиҳасида¸ бу сотувларнинг очиқ тендерсиз ўтказилишига ҳам имкон қолдирилгани¸ иқтисодий таҳлилчиларда жараëннинг ҳалол ва шаффоф ўтишига нисбатан шубҳа уйғотмоқда.

Мирзиëев "халқ билан мулоқот" қатнашчиларини “ëдланган гапларни гапирмасликка” чақирди

Президент "савол ва таклиф бериш"ни сўраган яшнободлик фаоллар.

28 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод тумани раҳбарлари, маҳалла раислари, тадбиркорлар, мактаб ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувни “халқ билан очиқ мулоқот” деб тақдим этган президент матбуот хизматига кўра¸ Мирзиëев тўпланганлардан “ёдланган гапларни гапирмасдан, кўпроқ савол бериб, таклифларини айтишни” сўраган.

Расмий хабарда халқ вакиллари деб аталганларнинг президентга бирор савол ëки таклиф берган-бермагани ҳақида маълумот йўқ.

Бунинг ўрнига расмий хабарга¸ Яшнобод туманида Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан кейин амалга оширилгани айтилган лойиҳаларга оид рақамлар илова қилинган.

“Ўтган йили туманда инвестициялар 1,3 баробар, саноат 12 фоиз, қурилиш 26 фоиз, хизмат кўрсатиш 28 фоиз ўсган. 445 миллиард сўм сармоя ҳисобидан 16 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилган. 2020-2022 йиллар учун қиймати 8,5 триллион сўм бўлган 61 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган”¸ дейилади президент матбуот хизмати расмий хабарида.

28 февраль куни Яшнободдаги қатор объектларга борган Мирзиëев¸ хусусан¸ Технопарк ҳудудида ишга туширилган илк лойиҳа – электрон газ ҳисоблагичлар корхонаси фаолияти билан ҳам танишган.

Gazeta.uz Давлат тест марказини судда ютди; ДТМ устидан судга жавоб даъвоси киритди

Шавкат Мирзиëев судлар мустақиллигини таъминлаш ҳақида тез-тез гапириб келади.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (ДТМ) Gazeta.uz интернет нашрига қарши даъвосини қаноатлантирмади.

27 февраль кунги суд ДТМ даъвосини қондириш учун асос мавжуд эмас¸ деган қарорга келди.

Gazeta.uzнинг ëзишича¸ нашрнинг 2019 йил 4 декабрь кунги мақоласи марказ шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир қилганини иддао қилган ДТМ¸ суддан ўзини ҳимоя қилиш ва 200 млн сўм миқдоридаги маънавий зарарни ундириш сўраган.

Gazeta.uz муаллифи Комил Жалиловнинг бу ва ДТМ фаолиятига оид бошқа мақолаларида Ўзбекистондаги тест тизими камчиликлари танқид қилинган.

Айтилишича¸ январь ойида бошланган маҳкама жараëнида Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Хушнудбек Худойбердиев Gazeta.uz ва унинг муаллифини ҳимоя қилган.

27 февраль кунги ҳукмдан сўнг «Газета.uz» ва Комил Жалилов Давлат тест марказига қарши шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида судга жавоб даъвоси киритган.

Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз шахсий блогида Gazeta.uz жамоасини суддаги ғалаба билан табриклади.

"Журналистлар ишлари судда кўрилиши жуда яхши ҳолат ҳисобланади. Матбуот билан боғлиқ ҳар қандай низо фақат суд орқали кўриб чиқилиши керак"¸ деб ëзди президент Мирзиëев ҳукуматининг матбуот сиëсати муаллифларидан бири кўриладиган Алламжонов жумладан.

Россия¸ АҚШ ва Хитой Ўзбекистонга коронавирус диагностикаси учун тест-системалар юбормоқда

Иллюстратив сурат

Роспотребнадзор Ўзбекистонга коронавирусни диагностика қилиш учун яна минг дона тест-система берди¸ деди 28 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Бунгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россиядан 1¸5 минг шундай система юборилганини билдирган эди.

Айтилишича¸ жами Россиядан Ўзбекистонга коронавирусни аниқловчи 10 минг дона тест-система юборилиши режаланган.

Алматовга кўра¸ АҚШ ва Хитойдан ҳам 1¸5 минг дона шундай тест тизими келиши кутилмоқда.

«Биз коронавирусда гумонланганлар қон намунасини анализ учун Англия¸ Ҳолландия ва Германиядаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лабораторияларига жўнатиш имконига эгамиз. Диагностика билан муаммо йўқ»¸ деди 28 февраль куни Алматов.

Ўзбекистонда ҳозирча расман қайд қилинган коронавирус ҳолати йўқ. Айни пайтда¸ 27 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазири ëпиқ эшиклар ортида ўтказган махсус селектор йиғилишида мамлакатнинг коронавирус тарқаши олдини олишга тайëр эмаслиги эътироф қилинди.

Ўтган йили 1550 нафар ўзбекистонлик қиз Туркияга келин бўлган

Иллюстратив сурат.

2019 йил мобайнида 1550 нафар ўзбекистонлик қиз туркиялик йигитларга турмушга чиққан. Айни пайтда 11 нафар ўзбекистонлик йигит туркиялик қизларга уйланган. Бу рақамлар Туркия статистика ташкилотининг оила қуриш ва ажрашишга оид ҳисоботида акс этган.

Ҳужжатга мувофиқ, ўтган йили туркияликлар энг кўп Сурия (14,5%), Озарбайжон (11,7%), Германия (10,5%) ва Марокаш (7,8%) ватандоши бўлган қизлар билан оила қурган. Ўзбекистонлик келинлар бу рўйхатда 6,7 фоиз билан бешинчи ўринда келмоқда.

Чет эллик куёвлар орасида эса Германия (31%) ва Сурия (16,4%) ватандошлари пешқадамлик қилмоқда.

Коронавирус хавфи важидан Тошкентдаги футбол ўйини қолдирилди

Иллюстратив сурат.

Осиё чемпионлар лигаси доирасида Ан-Наср (Саудия Арабистони) ва Сепаҳон (Эрон) жамоалари ўртасида 3 март куни Тошкентнинг “Локомотив” стадионида ўтказилиши керак бўлган матч кейинроққа қолдирилган. Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Айни пайтда ОФК Эрон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяда ўтказилиши режаланган учрашувларни ҳам бекор қилган.

Учрашувларнинг қолдирилишига COVID-19 (коронавирус) тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг таранглашгани сабаб ўлароқ келтирилмоқда.

Қолдирилган ўйинлар қайси санада ўтказилиши ҳозирча маълум эмас.

Беш университет таркибида Педагогика институти ташкил этилади

Таркибида Педагогика институти ташкил этиладиган университетлар орасида Андижон Давлат университети ҳам бор.

Самарқанд, Андижон, Бухоро, Термиз ва Қарши Давлат университетлари қошида Педагогика институти ташкил этилади. Бу иш Ўзбекистон президентининг шу йил 27 февраль куни қабул қилинган “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.

Университетлар қошида Педагогика институтлари ташкил этиш ҳудудларда педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш, таълим соҳаси учун мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётгани урғуланган.

Мирзиёев аҳолининг 4-5 миллиони камбағал эканини эътироф этди

27 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бу йиғилишда президент келтирган рақамларга кўра¸ ҳозирда ўзбекистонликларнинг 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳоли камбағалликда яшайди.

Президент таъкидича¸ шунча аҳолининг камбағал қисмининг кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмайди.

БМТ хулосасига кўра¸ 2020 йилга келиб кунлик даромади 1 доллар 90 центдан кам бўлганлар қашшоқликда кун кўраëтган ҳисобланади.

1.90 доллар эса¸ Марказий банкнинг 28 февраль кунги расмий курси бўйича¸ 18 100 сўмга тенгдир.

Сўнгги статистик рақамларга кўра¸ Ўзбекистон аҳолиси сони 34 миллиондан ошган. Мирзиëев тилга олган рақамлар¸ ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 6 тадан биттаси қашшоқликда яшаëтганини англатади.

Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси Болалар омбудсмани этиб сайланди

Ўзбекистон Болалар омбудсмани Алия Юнусова.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 26 февраль кунги мажлисида Алия Юнусова Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига сайланди.

Бу ҳақда парламент расмий сайтида хабар қилинди.

Расмий хабарда ëзилишича¸ 2005 йилдан бери Олий мажлис депутати сифатида фаолият кўрсатиб келган 59 яшар Алия Юнусова¸ депутатликка қадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлим мудири¸ ундан олдин эса¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада I даражали мутахассис, бош мутахассис бўлиб ишлаган.

Шавкат Мирзиëев 2019 йил 22 апрель куни имзолаган «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4296-сонли қарорга мувофиқ¸ Ўзбекистонда биринчи марта Омбудсман ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими таъсис қилинган эди.

Болалар ҳақлари билан шуғулланувчи Омбудсман лавозими¸ қарорда ëзилишича¸ БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида жорий этилган.

Мазкур конвенцияга кўра¸ 18 ëшга тўлмаганлар бола ҳисобланади.

Мирзиëев ШҲТ ҳукуматлари билан ОАВ соҳасидаги ҳамкорлик битимини тасдиқлади

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзоларининг аксари дунëдаги матбуот эркинлиги бўғилган давлатлардир.ШҲТ давлат раҳбарлари Бишкек йиғинида. 2019¸ 14 июнь.

26 февраль куни Ўзбекистон президенти имзолаган “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Адлия вазирлигининг билдиришича¸ мазкур битим 2019 йил 14 июнь куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг кенгаши йиғилишида имзоланган.

Қарорга кўра¸ президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланган.

2001 йил июнида Шанхайда таъсис этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Ўзбекистон¸ Тожикистон¸ Ҳиндистон ва Покистон аъзо. Афғонистон¸ Беларус ¸ Эрон ва Монголия ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

ШҲТ аъзоларининг аксарияти матбуот ва сўз эркинлиги вазиятини кузатиб келаëтган халқаро ташкилотлар хулосасига кўра¸ бундай эркинликлар чекланган давлатлардир.

Хусусан¸бош қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар (RSF) ташкилотининг 2019 йилги ҳисоботига кўра¸ Қирғизистонни мустасно қилганда¸​ ШҲТга аъзо давлатларининг барчаси¸ матбуоти эркин бўлмаган давлатлардир.

Ташкилотнинг 180 давлат киритилган рўйхатида матбуот эркинлиги бўйича Хитой 177¸ Россия 149¸ Ўзбекистон 160¸ Қозоғистон 158, Тожикистон 161¸ Қирғизистон 83, Ҳиндистон 140¸ Покистон эса¸ 141-ўринга қўйилди.

Бош вазирнинг камбағалликни қисқартириш бўйича ўринбосари лавозими таъсис қилинди

Сирдарëлик ëлғиз она Муҳаббат Қаюмова яшаëтган уй.

Президент Мирзиëев 24 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасига ўзгартиш киритилди.

Хусусан¸ Бош вазир ўринбосари – молия вазири лавозими тугатилди, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодиёт ва саноат вазири лавозими киритилди.

Бундан ташқари, Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркибида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари шўъбаси ташкил этилди.

Қарор билан Бош вазирга ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган устувор вазифаларни ҳал қилишнинг муҳимлиги ва натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда, зарурат бўлганда, Вазирлар Маҳкамаси ходимларининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Бухоро ҳокими Ўктам Барноев бош вазирга ўринбосар бўлди

Ўктам Барноев.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 27 февраль куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида депутатлар Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевни бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқладилар. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мазкур лавозимга Барноев номзоди бош вазир Абдулла Арипов тавсиясига асосан киритилган.

Ўктам Барноев 2016 йилнинг декабридан бери Бухоро вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

2008 йил баҳорида у ўша пайтдаги президент И. Каримов томонидан Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланган. Бироқ 2010 йил декабрида уни Каримовнинг ўзи танқид қилиб, ҳокимликдан бўшатган эди.

Шундан сўнг Сув инспекциясига раҳбар бўлиб ишлаб келган Барноев Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин яна ҳокимлик курсисига қайтган.

Бухорода савдо мажмуасига ўт кетди

Иллюстратив сурат.

Бухоро шаҳридаги Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган савдо бинолари 26 февраль оқшомида аланга қуршовида қолди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарномасида қайд этилишича, ёнғинга оид хабар вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига маҳаллий вақт билан соат 22:37 да келиб тушган.

Ёнғинни бартараф этиш учун 15 та асосий, 2 та махсус ёнғин ўчириш автомобиллари ва 20 дан ортиқ ёрдамчи техникалар жалб қилинган. Натижада соат 00:40 да ёнғин тарқалишининг олди олинган ва соат 01:30 да олов батамом ўчирилган.

Ёнғин майдони 520 квадрат метрни ташкил этган.

ФВВ ҳодиса чоғида ҳеч ким ҳалок бўлмагани ва жароҳат олмаганини маълум қилган. Ёнғин сабаблари ва моддий зарар кўлами аниқланмоқда.

Омбудсман қийноққа қарши кураш учун тергов идораларини бирлаштиришни таклиф қилди

Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев парламент депутатлари олдида чиқиш қилмоқда.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев тергов чоғида қийноқларнинг олдини олиш учун ягона тергов қўмитаси тузиш таклифи билан чиқди. Бу таклифни омбудсман, Газета.uz нашрининг ёзишича, 26 февраль куни парламент депутатлари олдида қилган чиқишида айтган.

У. Муҳаммадиевга кўра, парламент бу таклифни инобатга олишга мажбур эмас. “Бироқ мурожаатларнинг аксарияти терговга оид бўлиб, уларда қийноқ ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарлар кўп такрорланаяпти”, деган омбудсман.

Муҳаммадиевнинг билдиришича, баъзи ҳолатларда тергов хонасида мавжуд ёзув камералари ўчириб қўйилган ёки махсус хонадан ташқарида қийноқларни қўллаб, айбланувчи тергов қилинган. Омбудсманга кўра, бундай ҳолатлар назоратга олинмоқда ва прокуратурага йўлланмоқда.

Сеулдан учиб келган йўловчилар карантинга олинди

Иллюстратив сурат.

Коронавируснинг Ўзбекистонда тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 февраль куни Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропорти халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways авиаширкати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор зарур профилактик тадбирлар ўтказилгандан сўнг ва SARS белгилари йўқлиги тасдиқланганидан кейин йўловчилар карантин хонасидан чиқиб кетишларига рухсат берилади.

Маълумотларга кўра, кеча Сеулдаги Инчхон халқаро аэропортидан парвоз қилган HY514 рейси (Boeing 787-8 Dreamliner) Тошкентга тунги соат 02:00 да келиб қўнган.

Жанубий Корея Хитой хорижида COVID-19 вируси шиддат билан тарқалаётган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Бу мамлакатда 1600 чоғли одам янги коронавирусни юқтириб олгани айтилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари 500 млн долларлик шартномалар имзолади

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Агросаноат кооперацияси, саноат ва туризм соҳасида ҳудудий бизнеснинг ҳамкорлиги” мавзусида бўлиб ўтган иккинчи ҳудудлараро форум якунида умумий қиймати 500 миллион долларга етадиган 52 та шартнома имзоланган.

Қозоғистон бош вазири сайти тарқатган маълумотга кўра, имзоланган шартномалар машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, молия-банк, саноат, инфратузилма, фармацевтика ва соҳаларга оиддир.

Урганчдаги форумда икки мамлакатдан давлат идоралари раҳбарлари ҳамда тадбиркорлардан иборат 300 чоғли киши иштирок этгани айтилмоқда.

Анжуманда транзит-транспорт ҳамда логистика соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

ИИББ: Тошкентда Суриядаги террорчи гуруҳларга қўшилишни режалаган 21 шахс фаолияти фош этилди

"Ислом давлати" гуруҳининг Суриядаги жангарилари.

"Жорий йилнинг 26 февраль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган халқаро террористик ташкилот ва экстремистик оқим ёлловчиларининг ғоявий таъсирига тушган бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди" деб хабар қилди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

ИИББ расмий баëнотида ëзилишича¸ бу шахслар «ноқонуний диний йиғилишлар ўтказиб, унда Суриядаги халқаро террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиб, уларни фаолиятини қўллаб-қувватлаб, ушбу ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштириб келган».

«Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2442-моддаси 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга рахбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ва вилоят ҳудудидаги 24 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилди.

Ушбу шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди ва тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда»¸ дейилади ИИББ хабарида.

Расмий хабарда фаолияти тўхтатилган «ноқонуний гуруҳ»нинг 21 аъзосига нисбатан қамоққа олиш эҳтиëт чораси қўлланган-қўлланмагани¸ уларнинг Суриядаги айнан қайси террорчи гуруҳга қўшилишни режалаганига оид маълумот йўқ.

Шу муносабат билан ИИББ ўзбекистонлик ëшларни «бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмаслик ҳамда жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик, сақламаслик ва тарқатмаслик»ка чақирган.

Ўзбекистон президенти 2019 йил 4 сентябрь куни имзолаган диний вазиятни соғломлаштиришга қаратилган махфий қарорда¸ мамлакатда диний сиëсатнинг юмшашини суиистеъмол қилиб¸ экстремистик ғояларни тарғиб қилувчиларнинг кўпайиб бораëтгани айтилган эди.

19 февралда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахт ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдор ва аъзолари - 21 киши қўлга олинганини хабар қилган эди.

Мирзиëев Навоий кон-металлургия комбинатида $4 миллиарлик лойиҳаларни амалга оширишни топширди

26 февраль кунги мажлис иштирокчилари.

Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Навоий кон-металлургия комбинатини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди¸ деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхонаси саналган бу комбинат¸ расмий хабарда ëзилишича¸ мамлакатдаги жами саноат маҳсулотининг 10 фоизини ва бюджет даромадининг 18 фоизини таъминлайди ва унда 58 минг ходим ишлайди.

Хомашё ресурсларининг ҳажми бўйича (жорий олтин заҳираси 3,7 минг тонна ) жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчилар орасида учинчи ўринда турадиган Навоий кон-металлургия комбинати активларининг қиймати¸ айтилишича¸ хорижий компанияларникига нисбатан анча кам.

"Масалан, ҳозирги кунда комбинатнинг баланс қиймати 1,3 миллиард доллар бўлса, шу даражадаги хорижий корхоналарнинг бозор нархи 11 миллиард долларни ташкил этади"¸ дейилади расмий хабарда.

Миризëев 26 февраль кунги мажлисда 2026 йилга қадар корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини 94 тоннага етказиш, бунинг учун 4 миллиард долларлик 40 та лойиҳани амалга ошириш¸ хусусан¸ қиймати 525 миллион доллар бўлган янги конни ўзлаштириш бўйича кўрсатма берган.

Японияга ишга юбораман деб 2000 доллардан пул олган хусусий бандлик агентлиги лицензияси тўхтатилди

HUMAN хусусий бандлик агентлигидан пулини ололмаган мижозлар.

Consort xususiy bandlik agentligi” МЧЖга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди”¸ деб хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати 26 февраль куни.

Бу қарорга вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига “Consort xususiy bandlik agentligi” фаолияти устидан тушган кўплаб шикоят аризалари сабаб бўлган.

Расмий хабарда айтилишича¸ МЧЖ лицензиясининг амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилган ва шу муҳлат ичида ширкат ўз мижозлари шикоятларини ижобий ҳал қилиши керак.

Ўзбекистонликларни хорижга ишга юбориш лизенцияси берилган бу МЧЖ 10 кун ичида келишувга мувофиқ мижозларини ишга юбориши¸ ëхуд улар тўлаган пулни қайтариб бериши лозим.

2019 йилнинг 6 декабрь куни бу агентлик устидан Озодликка шикоят қилган мижозлар¸ “Consort xususiy bandlik agentligi” 100 га яқин одамдан Японияга ишга юбораман¸ деган ваъда билан 2000 доллардан пул олгани ва на ишга юборгани ва на пулни қайтарганини билдирган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан лизенция олган хусусий бандлик агентликлари орасида фирибгарликда айбланиб судга тортилаëтганлари сони ошиб бормоқда.

18 февраль куни “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабрланганлар билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов¸ мамлакатдаги барча хусусий бандлик агентликлари фаолияти тўхтатилиши ва бу ваколатнинг яна фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига берилиши мумкинлигини билдирди.

Қонунчилик палатаси Шаҳарсозлик кодекси лойиҳасини қабул қилди

Янги Кодекс қабул қилинса¸ депутатлар таъкидича¸ қурилиш сифатини яхшилаш, маблағларнинг оқилона сарфланишини таъминлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 25 февраль кунги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги (янги таҳрир) қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

Парламент билдирувида ëзилишича¸ Ўзбекистоннинг амалдаги Шаҳарсозлик кодекси эскирган ва “унда шаҳарсозликни техник тартибга солишнинг замонавий механизмлари ва рақобат муҳитини яратиш тизимлари кўзда тутилмаган”.

Депутатлар томонидан “қизғин муҳокама” қилинган Кодекснинг янги таҳририга 26 та янги модда қўшилиб, амалдаги 20 дан ортиқ модданинг мазмуни-моҳияти кенгайтирилган.

Хусусан¸ янги таҳрирдаги Кодекс “аҳоли пункти”, “шаҳар”, “шаҳарча” ва “қишлоқ (овул)”, объектлар турлари, “ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш”, “урбанизация” каби тушунчалар, шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар муҳокамаси иштироки ва бошқа иборалар билан бойитилган”.

Янги таҳрирдаги Кодекс қабул қилинган тақдирда¸ расмий хабарда ëзилишича¸ “аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шаҳар чегараларини аниқлашнинг янги қонуний асослари яратилиб, бу борада бюрократик тўсиқлар бартараф этилиши таъминланади”.

Шунингдек¸ янги Кодекс қабул қилинса¸ депутатлар таъкидича¸ қурилиш сифатини яхшилаш, маблағларнинг оқилона сарфланишини таъминланашга хизмат қилади.

ТИВ хорижга чиқмоқчи ўзбекистонликларни коронавирус хавфидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Хизмат, туризм ва бошқа мақсадларда хорижга чиқишни режалаштираётган ўзбекистонликлар сафардан олдин соғликлари учун таҳдидларни диққат билан ўйлаб кўришлари лозим. Бу огоҳлантирув Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 25 февраль куни ёйинланган хабарномасидан ўрин олган.

Унда айтилишича, чет элга чиқмоқчи бўлган ўзбекистонликлар борадиган мамлакатидаги эпидемиологик ҳолатни ўрганишлари ва сафар чоғида шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари, жамоавий тадбирларда иштирок этишдан тийилишлари, одамлар тўпланадиган жойларда барча эҳтиёткорлик чораларини кўришлари зарур.

ТИВ сўнгги кунларда дунёнинг қатор давлатларида COVID-19 коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашганига, Хитой Халқ Республикаси билан бир қаторда Корея Республикаси, Япония, Эрон, Италия ва баъзи бошқа давлатларда беморлар сони ортиб бораётганига эътибор қаратган.

Андижонда атмосферага зарарли чиқиндилар чиқараётган цемент заводи фаолияти тўхтатилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган SING LIDA цемент заводи фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бунга завод томонидан атроф-муҳитга зарарли ташламалар ташланаётгани сабаб ўлароқ келтирилган.

Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, қўмита вакиллари завод ишини тўхтатиш қарорига шу йил 12 февралидан 21 февралигача ўтказилган текшириш натижасида келганлар.

Текшириш чоғида корхонанинг клинкер тайёрлаш печининг ишлаш жараёнида циклонларнинг бир неча жойида туйнуклар мавжудлиги, мазкур туйнуклар орқали ифлослантирувчи моддалар тўғридан-тўғри атмосферага ташланаётгани аниқланган.

“Клинкер тайёрлаш печидаги ифлослантирувчи моддаларни ташлаш 1- ва 2-манбалардаги чанг тозалаш ускунасининг самарадорлигини ўлчаш учун лаборатория таҳлиллари ўтказилганида 1-манбадаги цемент чангини ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 53,1 % (лойиҳа бўйича 99,9%), 2-манбадаги чанг ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 60,7% (лойиҳа бўйича 99,9%) ни ташкил этиб, чангларни ушлаб қолиш самарадорлиги паст даражада эканлиги аниқланди”, дейилади хабарномада.

Қўмита мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари талаблари бузилганини қайд этади.

Экология қўмитаси аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш мақсадида жамият балансида мавжуд бўлган, бугунги кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлаб турган клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони ускуналарининг фаолияти вақтинча тўхтатилди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилганини урғулайди.

Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бўлган SING LIDA 2013 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Завод йилига 100 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.

Бўстонлиқда супа ва қайиқ солиғи жорий этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 1 майидан тажриба тариқасида бир йилга сайёҳлар кўп борадиган Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида супалар ва сув транспортига солиқ жорий этди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ҳукуматнинг шу йил 20 февралида имзоланган қарорига мувофиқ, Бўстонлиқда сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, шунингдек, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаи ҳисобланади ва солиққа тортилади.

Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, яшаш учун мўлжалланган турар жойлар ва бошқа айрим мол-мулклар махсус гувоҳнома асосида ижарага берилади.

Қайд этилишича, яқин кунларда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилади. Уларда фаолият юритадиган ходимлар ушбу қарорда кўрсатилган ва солиққа тортиладиган кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олади.

“Тажрибадан мақсад солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларини вақтида, тўлиқ ва тўғри бажарилишини таъминлашдир”, дейилади ДСҚ хабарномасида.

Ушбу тартиб-қоидалар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мазкур солиқ экспериментини 2021 йил 1 майига қадар давом эттириш кўзда тутилган.

Ўзбек-қозоқ чегарасида йўлтўсарлик қилган тўда қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоят полиция департаменти Криминал полиция бошқармаси вакиллари махсус хизмат ходимлари билан биргаликда “Сариоғочликлар” уюшган жиноятчилар тўдасини қўлга олдилар. Бу ҳақда Polisia.kz портали хабар қилади.

Хабарда айтилишича, жиноятчилар ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Қоплонбек” масканида товламачилик билан шуғулланиб келганлар. Улар чегара масканидан ўтиш учун МДҲ мамлакатларидан бўлган юк машинаси ҳайдовчиларидан 15000 тангадан 50000 тангагача (тақрибан 40 доллардан 133 долларгача) пул талаб қилганлар.

Ҳайдовчилар пул беришдан бош тортган тақдирда йўлтўсарлар уларга таҳдид қилганлар, калтаклаганлар, машиналар ойналарини синдирганлар ва шиналарини тешиб қўйганлар.

Махсус амалиёт чоғида жами 13 нафар гумонланувчи ушланган. Уларнинг ҳаммаси Туркистон вилояти турғунлари бўлиб чиққан.

Айни пайтда мазкур ҳодисалар юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 194-моддаси (“Товламачилик”) бўйича судгача суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳибсга олинган гумонланувчилардан ашёвий далил ўлароқ милтиқ, пичоқ ва пуллар олиб қўйилган. Полиция жиноятчилар тўдасининг бошқа жиноятларга дахлдорлигини ўрганмоқда.

Мирзиёев молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштирмоқчи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар зиммасига 2021 йил охирига қадар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш мажбуриятини юклади. Мазкур талаб Президентнинг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган.

Қарорда белгиланишича, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлаши лозим. Бунинг учун улардан 2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган камида уч ҳисобчига эга бўлиш талаб этилади.

МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб Молия вазирлиги белгиланган.

Қарорда молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилиши урғуланади.

Ҳужжатда МҲХСга ўтишни жадаллаштириш хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш учун муҳимлиги таъкидланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG