Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:18

Ислом Каримовнинг туғилган куни муносабати билан Мирзиёев Самарқандда ош берди (ФОТО)


2019 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов туғилган кун муносабати билан хотира тадбири ўтказилди. Фотосуратлар президент сайтидан олинди.

Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов туғилган кун муносабати билан 30 январда Ўзбекистонда хотира тадбирлари ўтказилмоқда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, тадбирни президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Тошкент шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошлаб берди.

“Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана - 30 январь кунини кенг нишонлаш белгиланган”, дейилади расмий маълумотда.

Шавкат Мирзиёев Тошкентда Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйганидан сўнг Самарқанд шаҳрига борди.

Ислом Каримов дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасида Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Шавкат Мирзиёев Қуръон тиловатидан сўнг ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Президент матбуот хизмати 30 январь куни: “Қарши шаҳрида ҳам буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Пойтахтимиз ва вилоятларда Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди”, деб хабар берди.

Президент Мирзиёев 2017 йил 27 ноябрда Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонланлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Шу муносабат билан 2018 йилда Каримовнинг 80 йиллиги тантаналари ўтказилган.

Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келган Ислом Каримов 2016 йилнинг сентябрида вафот этган эди.

Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбарлик қилган йилларни халқаро ташкилотлар диктатура, репрессиялар, инсон ҳуқуқлари қўпол бузилган, Ўзбекистон аҳолиси оммавий тарзда мажбурий меҳнатга жалб этилган йиллар қаторида тақдим этадилар.

Шарҳларни кўринг (28)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG