Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:36

Замбаракнинг ўқи ёки “Қўшариқ” тўйхонасидаги хотин-қизлар базми (сатира)


Uzbekistan - painting of Rustam Bozorov

8 - март халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлашга тайёргарлик Ўзбекистондаги ҳажвий воқеликни фош қилди.

Воқелик эса, ретро ҳажвия, Эргаш Каримов иштирокидаги “Учрашув” телеминиатюрасидаги бўлажак қудалар билан маслаҳат эпизодини эслатади.

Телеграмдаги @SIZDANTELEGRAM каналига келган Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исамидинов томонидан имзоланган ҳужжат “8-март байрамини юқори савияда ўтказиш мақсадида “Қўшариқ” тўйхонасида бўлиб ўтадиган байрам дастурхони учун керакли бўладиган маҳсулотлар бўйича РЕЖА - ТОПШИРИҒИ” деб аталади.

Андижон тумани ҳокими У. Исамидиновнинг 8-март байрамини нишонлаш топшириғи
Андижон тумани ҳокими У. Исамидиновнинг 8-март байрамини нишонлаш топшириғи

Топшириқда тумандаги барча ташкилот ва корхоналар олиб келадиган “камчиқим” байрам дастурхони учун керакли нозу неъматлар тақсимлаб берилган. Туман хавфсизлик идоралари ИИБ, ДХХ прокуратура рўйхатда йўқ. Улардан фақат тадбирда иштирок этиш талаб этиладиган кўринади.

Тўйни алкоголь билан қизитиш Агробанкка топширилди. Дастурхонга 60 дона шампан (қизлар ичадида буни) ва 60 дона вино қўйилади. Рўйхатда ароқ йўқ. Бу масала шампан ва винодан кейин ҳал бўлса керак.

Бу ажойиб базмда 120 дона банан (миллий менталитет учун мунозарали маҳсулот), 20 килограмм “қази, қарта, “супар рулет” (балки супер рулет назарда тутилмоқда), 300 дона сарёғли гижда нон, мандарин, сыр, Кола-фанта, Гумбаз ширинликлар (бунақасини еб кўрмаган эканмиз) ва яна 45 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари столга тортилади.

Ҳоким Пенсия жамғармасига топшириқ бераркан, уларнинг айёр-тирриқ эканини инобатга олган шекилли. Уларга топширилган 120 дона икки турдаги сок қаршисида “яхшисидан” деб ёзиш эсдан чиқмаган. Халқ банки ҳам писта бодомнинг “яхшисидан” олиб келадиган бўлди.

Ўзбекистон жадаллик билан ички ишлаб чиқаришни ривожлантираётган бир пайтда ҳоким импорт маҳсулотларини ҳам рағбатлантиришни унутмаган. Устидан "кўк ва қора чой" ичиладиган 4 хилдаги 10 килограмм конфет айнан “российский” бўлиши лозимлиги таъкидланган.

Маҳсулотларнинг ҳар бири ташкилот фаолият турига қараб тақсимлангани таҳсинга сазовор.

Қишлоқ хўжалик бўлими 40 кило мол гўштини топиб келса, туман архитектори байрам табрикномаси устида ижод қилади.

Ветеринария бўлимига топширилган 8 килограмм думба ҳайвонлардан ампутация йўли билан олинмаслигига умид қиламиз.

Шу ўринда 8-мартдан кейин Ўзбекистонда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазо кучайтирилишини эслатиб қўямиз.

Сув оқова ДУК ходимлари ўз ишидан байрамга олиб келиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳар қандай маҳсулот қатъиян ман қилинди.

Улар фақат ўз хизматлари билан байрамга улушини қўшади. (Афтидан уларнинг хизматларига байрам олдидан эмас, ўтиришдан кейин эҳтиёж туғилади)

Байрамдан олдин қилинадиган хизматлар учун эса, мажбурий меҳнатнинг абадий қаҳрамонлари ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари жалб этилади.

350 аёлга совғалар бериш туманни узлуксиз электр ва газ билан таъминлайдиган ташкилотларга юклатилди.

Экология бўлими столни экибана яъни қуриган гуллар билан безатади, тўй узра эса “Ўзбегим шарлари” ҳилпираб туради.

“Бир кунлик тўй ўтади, кетади.”

“Гражданлар поезд учинчи йўлдан кетяпти! Эҳтиёт бўлинглар! Эҳтиёт бўлинглар”

XS
SM
MD
LG