Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2019, Тошкент вақти: 11:25

OzodDayjest: Севара Назархон Қўқон хонининг авлоди экани иддао қилинди


Сурхондарёда ҳайдовчининг уқувсизлиги боис “КамАЗ” уч болани босиб нобуд қилди. Таниқли хонанда Севара Назархон подшо авлоди бўлиб чиқди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Таниқли хонанда Севара Назархон Қўқон хонлари авлоди экани маълум қилинди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Қўқон хонлари авлоди саналади. Бу ҳақда “Зарафшон” газетаси расмий сайти маълум қилади.

Қайд этилишича, хонанда Қўқоннинг машҳур хонларидан бири Худоёрхонга саккизинчи бўғин билан боғланган. Ушбу ҳолатга оид далиллар келтирилмаган.

Атоқли хонанда ва композитор Севара Назархон 1976 йилда Андижон вилоятида туғилган. У ўзбек қўшиқчилик санъатини дунёга танитаётган хонандалардан бири деб эътироф этилади.

Хонанда жаҳонга машҳур мусиқачи ва продюсерлар билан ҳамкорлик қилади. 2005 йилда у “Йўл бўлсин” деб номланган альбоми учун BBC Music Awards танловида, “Осиëнинг энг яхши қўшиқчиси” номинациясида ғолиб чиққан.

Пора олган бандлик маркази раҳбари маҳкамага тортилди

Навоий вилояти Зарафшон шаҳри Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори В.Э. порахўрлиги учун маҳкамага тортилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Зарафшон суди раиси Дилноза Хонбўтаева “Даракчи” нашри орқали маълум қилган.

Қайд этилишича, бандлик маркази раҳбари В.Э. маҳаллий аҳоли вакилларидан бирини Зарафшон шаҳридаги Марказий кон бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 2,5 миллион сўм пора талаб қилган.

Порахўрликда айбланган масъул шахсга катта миқдорда жарима ва 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Машина қўл тормози тортилмагани оқибатида уч нафар бола нобуд бўлди

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Тошбулоқ қишлоғида тўй куни фожиа рўй берди (“Постда”, 16 март).

Термиз шаҳридаги хусусий фирмалардан бирида ишловчи ҳайдовчи набираларининг тўйига “КамАЗ”да борган ва машинасини базм бўладиган майдондан юз метрлар берида тўхтатган.

Аммо қўл тормози тортилмаган юк машинаси жойидан қўзғалиб кетиб, уч нафар болани босиб нобуд қилган.

Пировардида юк улови базм ўтадиган саҳнага бориб урилган. Тўй азага айлангани хабар қилинган, аммо ушбу фожиага оид бошқа тафсилотлар баён этилмаган.

XS
SM
MD
LG