Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Бош прокуратура: Рашитжон Қодировга нисбатан қийноқ қўлланилмаган


Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров.
Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров.

Бош прокуратура коррупцияда айбланиб судланаётган собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан қийноқлар қўлланилганини рад этди.

10 апрель куни Озодлик радиоси Amnesty International ташкилоти Рашитжон Қодиров қийноқларга солинган бўлиши эҳтимолидан ташвиш билдиргани ҳақида мақола чоп этган эди.

Бош прокуратура расмий баёнотида таъкидланишича: “Терговнинг бошиданоқ Р.Қодировга ҳимояланиш ҳуқуқи берилган, адвокатнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки, шунингдек, у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган.

Р. Қодиров ва бошқа иштирокчиларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, дастлабки тергов давомида уларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббиёт муассасаларининг доимий назорати остида бўлди. Ишни судда кўриб чиқиш жараёнида ҳам доимий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда ва барча зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган алоҳида махсус транспорт воситаси ажратилган.

Тергов давомида суд-тиббий экспертиза ўтказилган, унинг хулосасига кўра, Р.Қодировнинг соғлиғининг ҳолати қамоқда сақлашга тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлган ва унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган”.

Бош прокуратуранинг билдиришича, жиноят иши доирасида 2018 йил 25 февралда қамоққа олинган Рашитжон Қодиров адвокатга ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий босим ўтказилмаётганлигини ҳам айтган.

“Таъкидлаш жоизки, Москва шаҳрининг «Щеглов и партнёры» адвокатлик бюроси билан тузилган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш шартномаси асосида фаолият юритувчи адвокат А.Мадьяров Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида адвокат сифатида иштирок этишини таъминлашга оид чоралар кўриш тўғрисида илтимоснома билан фақатгина 18.07.2018 йилда мурожаат қилган.

Тергов органлари зудлик билан бу ҳақида Р.Қодировни хабардор қилиш чораларини кўрган, Р.Қодиров А.Мадьяров ҳузурида ўз ташаббусига кўра унинг хизматларидан воз кечиб, унга нисбатан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий босим ўтказилмаётганлиги, у ихтиёрий равишда кўрсатмалар бераётгани ҳақида маълум қилган. Шунингдек, Р.Қодиров айни пайтда унинг ҳуқуқларини бошқа адвокат ҳимоя қилаётгани ва қўшимча адвокат жалб қилинишига эҳтиёжи йўқлигини билдирган.

Бундан ташқари, учрашувда А.Мадьяровнинг талабига биноан Р. Қодиров унга ўз танасини кўрсатган, шундан сўнг А.Мадьяров тан жароҳатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилган”, дейилади расмий хабарда.

Бош прокуратура тергов давомида Р.Қодиров ўз айбини фақат қисман тан олган, “бу эса унга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва унинг бундай мазмундаги кўрсатмаларини олишда унга нисбатан қандайдир босим ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир”.

“Бундан ташқари, 17.01.2019 йилги суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг саволига Р.Қодиров тергов давомида ўз кўрсатмаларини ихтиёрий равишда берганлигини маълум қилди ва бу суд мажлиси баённомасида қайд этилди.

Бугунги кунда Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бош прокуратура жиноят ишларига жалб этилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилишини кафолатлайди”, деб билдирди Ўзбекистон Бош прокуратураси.

XS
SM
MD
LG