Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:26

"Тошшаҳартрансхизмат" "Абу Саҳий" бозори олдида икки одам ўлимига сабаб бўлган авария юзасидан изоҳ берди


"Тошшаҳартрансхизмат" ширкати икки одам ўлимига сабаб бўлган "Мерседес-Бенц" йўловчи автобуси иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси ҳайдовчи ҳушидан кетгани сабаб содир бўлганини билдирди.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган "Абу Сахий" ва "Чинни бозор" ўртасидаги магистраль йўлда 3 май куни 147-йўналишда қатновчи автобус уч нафар одамни босиб кетган, оқибатда икки нафар одам ўлган, бир нафари касалхонага ётқизилган эди.

"Тошшаҳартрансхизмат" баёнотида айтилишича, ҳайдовчи транспорт воситасини бекатга келиб тўхтатган. Шундан кейин автобус номаълум сабаб билан ҳаракатланиб, олдинда турган "Исузу"га урилган ва бекатдаги аёл ва қизни босиб кетган ва ғилдираклар ариққа тушгандан кейингина ҳаракатдан тўхтаган.

"20 йиллик тажрибага эга 54 ёшли ҳайдовчи М.Т бекатга келган вақтда саломатлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган. Автобус автомат бошқарувда бўлгани ҳолда ҳайдовчи тўхташ педалини босиб турган ва ўзини билмай қолгач, транспорт воситаси ҳаракатланиб кетган ҳамда юқоридаги ҳолат содир бўлган.

Суриштирувлардан маълум бўлишича, ҳайдовчи кунора иш режимида ишлаб келган. У 2 май куни тўлиқ дам олган. М. Тожибоев йўналишга чиқишдан олдин тиббий кўрикдан ўтказилганда соғлигидан шикоят қилмаган. Шифокор ҳам унинг саломатлиги юзасидан ҳеч қандай салбий ҳолатни аниқламаган", дейилади баёнотда.

Айни дамда ҳайдовчи касалхонада шифокорлар назоратида ҳушсиз ҳолатда. Суриштирув ишлари давом этмоқда. Ушбу нохуш воқеа юзасидан тўлиқ тафсилотлар ўрганилмоқда.

XS
SM
MD
LG