Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:16

Президентнинг тўнғич қизи давлат ташкилотларининг матбуот хизматларини танқид қилди


Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева давлат ташкилотлари матбуот хизматларини ҳамда уларнинг ходимларини танқид қилди.

Саида Мирзиёева Facebook саҳифасида матбуот хизматлари фаолиятига доир фикрлари билан ўртоқлашган. Президентнинг қизи, жумладан, “матбуот хизматларининг фаолияти, афсуски, суст даражада қолаётганини қайд этишга мажбур” бўлаётганини эътироф этган.

“Матбуот хизматларининг иши сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида мамлакатимиз аҳолисининг ислоҳотлар бориши тўғрисида хабардорлиги паст, уларни етарли даражада идрок этмаяпти ҳамда Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англамаяпти. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда”, деб ёзди Мирзиёева.

Унга кўра, матбуот хизматларининг етарли даражада ишламаётгани текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Саида Мирзиёева “матбуот хизматлари кадрлар салоҳияти чеклангани, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши ва ходимлари малакаси даражаси пастлиги” вазиятни “янада кескинлаштираётгани”ни урғулади.

Шундан келиб чиққан ҳолда Мирзиёева “қўшимча равишда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишни” таклиф этмоқда.

“Хусусан, матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, мунтазам равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш лозим ва ҳоказо”, деб ёзди Мирзиёева.

Унинг билдиришича, бу борадаги ишлар бошланган. Жумладан, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилган.

“Бундай чора-тадбирларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ахборот соҳасини ривожлантириш учун шароитлар яратишга, шунингдек, энг муҳими, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот асосларини салмоқли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дейилади Мирзиёеванинг Facebook саҳифасида.

Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева 2019 йилнинг 12 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорига ўринбосари этиб тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG