Ўзбекистон хабарлари
Медведев Ариповга "Хивани Россия ва хорижда тарғиб қилишга" ваъда берди
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси яқин вақт ичида 10 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда 30 май куни Урганчда ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилишида Бош вазир Дмитрий Медведев маълум қилди.
Медведевга кўра, айни пайтда икки давлат ўртасидаги савдо 20-25 фоизга кўпайиб, 4,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Йиғилиш якунланганидан сўнг Медведев ҳамкасби Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Хивага борди.
ЎзАнинг билдиришича, Хивадан завқланган Дмитрий Медведев: «Ичан қалъа каби яхлит ҳолда сақланган тарихий шаҳарлар дунёда жуда кам. Бу ерга келган ҳар бир инсон ҳайрат ва завққа тўлиши табиий. Бугундан бошлаб Хива ҳақидаги таассуротларимни Россия ва хорижий давлатларда кенг тарғиб этаман»,- деб айтган.
Дмитрий Медведев Хоразмдан Туркманистон пойтахти Ашхабодга учиб кетди. 31 май, жума куни Ашхабодда МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Медведев Тошкентга 29 май куни ишчи ташриф билан келган ва президент Мирзиёев томонидан қабул қилинган.
Кун янгиликлари
Келгуси йил иссиқ сув тарифи икки марта оширилади
Ўзбекистонда иситиш ва иссиқ сув таъминоти тарифлари 2025 йил давомида икки марта оширилиши мумкин. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Тўраев маълум қилган.
“Жорий йилда ҳудудларда нархлар бир марта ошган бўлса, келгуси йилда икки марта ошади. Гап [зарарларни] қоплаш учун давлат субсидияларига бориб тақалади. Иссиқлик таъминотида давлат субсидияларининг улуши жуда катта. Шу муносабат билан биз тизимни янгилаш ва яхши шароит яратиш учун нархларни қайта кўриб чиқишимиз керак ва бунинг учун маблағ керак”, дея иқтибос келтирган Илҳом Тўраев сўзларидан Gazeta.uz нашри.
Мулозимга кўра, келгуси йилда электр энергияси ва табиий газ қимматлаши сабаб иситиш ва иссиқ сув тарифлари 15 фоиздан икки марта ошиши прогноз қилинмоқда.
Озодлик Ўзбекистон пойтахтида 31 октябрдан эътиборан аҳоли ва юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари тарифлари 15 фоизга оширилгани ҳақида хабар қилган эди.
Пойтахтда марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатувчи “Veolia Energy Tashkent” МЧЖга кўра, шаҳар аҳолиси асосий тарифнинг 14 фоизини тўлайди, қолган қисми эса шаҳар бюджетидан субсидия сифатида қопланади.
2025-2027 йиллар учун Бюджетнома лойиҳасида аҳолига пасайтирилган нархларда иссиқлик етказиб беришдаги зарарни қоплаш учун ғазнадан 4,2 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланган. Шу мақсадда 2023 йилда 1,6 триллион сўм сарфланган бўлса, жорий йилда мазкур кўрсаткич 1,97 триллион сўмга етган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти нархи 2024 йилнинг 2 апрелида ҳам 15 фоизга оширилганди.
Умра зиёратини ноқонуний ташкил этаётган фирмалар жазоланмоқда
Ўзбекистонда Умра тадбирларини ноқонуний ташкил этаётган туроператорлар жавобгарликка тортилмоқда. Бу ҳақда Daryo.uz нашри Дин ишлари бўйича қўмитадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Ўзбекистон ва Тожикистоннинг юзга яқин фуқароси қўмитага Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги меҳмонхонадан чиқариб юборилгани ҳамда қайтиш авиачипталарисиз қолиб кетгани ҳақида мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, зиёратчилар тегишли лицензиясиз, ноқонуний фаолият олиб бораётган Yusro Tour, Мuslim Travel, Меtа Travel ҳамда Elchi Travel туроператорлари орқали муқаддас зиёратга борган. Ҳолат ўрганилганда, турфирмалар томонидан меҳмонхона пуллари тўланмагани аниқланган.
Саудия Арабистонида қолиб кетган фуқаролар қайтарилган ва Умра тадбирларини ноқонуний ташкил этган фирмаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дин ишлари бўйича қўмита жорий йил 21 ноябрь куни Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга оширишга ҳақли бўлган 12 та сайёҳлик фирмаси номини эълон қилганди.
Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 12 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 668-сонли қарор қабул қилиши ортидан Умра лицензияси талаблари кучайтирилган.
Расмийлар лицензия талаблари кучайтирилишини турфирмалар айби билан бир неча минг ватандош Саудия Арабистонида сарсон бўлгани билан изоҳлаган.
Жамоатчилик эса лицензия шартлари янада қийинлашиши ортидан Умра монополияси қайтиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Ўзбекистон Ғарб давлатларидан виза олишни осонлаштирмоқчи
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатларда ўқиш, малака ошириш ҳамда замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўришни топширди.
Президент матбуот хизмати маълумотига мувофиқ, 7 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, келгуси йилдан ривожланган давлатларда ҳам ишлаш, ҳам ўқиш имконини берувчи “Work and Travel” каби дастурларда қатнашаётган ўзбекистонлик ёшларга йўлкира харажатлари учун ссуда ажратишни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Шу билан бирга, чет элда меҳнат қилаётган ватандошлар билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг кўпроқ ойлик олишига шароит яратиш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилган.
Озодлик декабрь ойи бошида Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолагани ҳақида хабар қилганди.
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади.
Германия ҳам ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартибини енгиллаштириш истагини билдирган.
Айни пайтда экспертлар Буюк Британия каби марказий осиёликлар орасида меҳнат миграцияси учун машҳур манзилларда виза, иш ва даромад борасида алдов ва фириб қурбони бўлиш хатари кучли эканини ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак, деб ҳисоблайди.
“Саидазиз медгородок”нинг жазо муддати узайтирилди
Ўзбекистонда жиноий уюшма ташкил этиш дохил оғир жиноятларда айбдор деб топилган Саидазиз Саидалиевга нисбатан яна бир жиноят бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди.
Kun.uz нашри хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг жорий йил 29 октябридаги ҳукмига мувофиқ жамоатчиликка “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган фуқаро Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-моддасида (товламачилик) кўзда тутилган жиноятнинг яна бир эпизодида айбдор деб топилган.
Суд ҳужжатида баён қилинишича, Саидазиз Саидалиев Илҳом Сотволдиев ва терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа шахслар билан жиноий тил бириктириб, 2023 йил январь ойида Яшнобод туманидаги уйлардан бирига бориб, тадбиркор Бахтиёр Колоновга собиқ шеригидан гўё 700 минг доллар қарздор эканини айтишган.
Тадбиркор уларга қаршилик кўрсатганида “Саидазим медгородок” ва шериги пичоқ ҳамда тўппончадан фойдаланган ҳолда, пулни қайтармаса, оиласига жиддий зарар етказиб, ўзини отиб ташлашни айтиб таҳдид қилишган.
Суд мажлисида Саидалиев ва Сотволдиев айбига иқрор бўлмаган.
Ҳукмга кўра, Саидалиев жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августидаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисмини қисман қўшган ҳолда узил-кесил 20 йил 6 ой, Сотволдиев эса узил-кесил 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Озодлик аввалроқ “Саидазиз медгородок”ка 20 йиллик қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилган.
“Кўча”га алоқадор деб кўрилган Саидалиев ЖКнинг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик), 242 (жиноий уюшма ташкил этиш), 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 211−28 (пора беришга шериклик қилиш), 277 (безорилик) каби моддаларида айбдор деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси жорий йил 27 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганди.
Конституция куни муносабати билан 483 маҳкум афв этилди
Ўзбекистонда анъанага мувофиқ 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан маҳкумларнинг бир гуруҳи афв этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, афв ҳуқуқидан 483 нафар шахс фойдаланмоқда.
Ушбу рўйхатга киритилган шахсларнинг 107 нафари жазодан тўлиқ озод бўлади, 275 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 7 нафарига тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилади, 94 нафар шахсга эса тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддати қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 25 нафарини чет эл фуқаролари, 32 нафарини аёл, 5 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 274 нафарини ёшлар (жумладан, 104 нафар вояга етмаганлар) ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Қайд этилишича, фармон ижроси доирасида афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.
“Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир”, дейилган фармон шарҳида.
Ўзбекистонда кенг кўламли афвнинг сўнггиси жорий йил 30 август куни Мустақилликнинг 33 йиллиги арафасида эълон қилинган эди. Унга мувофиқ, 522 нафар шахс афв этилган.
Ўтган йили Конституция куни арафасида эълон қилинган афвдан эса 334 маҳкум фойдаланганди.
Россияда фарзандини қийноққа солган ўзбекистонлик аёл қамалди
Россияда фарзандини муттасил равишда қийнаб келганликда айбланган ўзбекистонлик аёл 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Новосибирск шаҳри тергов бошқармаси ёйинлаган хабарномада судланувчи 2021 йилнинг июнь-август ойлари мобайнида 1,5 яшар қизига мунтазам равишда жисмоний ва руҳий азоб бергани қайд этилган.
Ўша йилнинг август ойида қизча вафот этган. Аёл эса тиббий муассасаларга мурожаат қилмай, уни ўзбошимчалик билан дафн қилган.
Аёл РФ Жиноят кодекси 117-моддаси (қийнаш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Болалар омбудсмани мазкур жиноят иши юзасидан берган қўшимча маълумотга кўра, судланувчи Андижон вилояти Жалақудуқ туманида доимий рўйхатда турган А.Г. 2016 йилдан эътиборан РФнинг Новосибирск шаҳрида турмуш ўртоғи Б.И. билан яшаб келган.
2024 йил бошларида ижтимоий тармоқларда А.Г. 2019 йилда туғилган қизи Р.Х.ни шафқатсизларча ураётгани, кейинроқ эса гўдакнинг жасадини ерга кўмаётгани тасвирланган видео тарқалганди.
Маълум бўлишича, Россия тергов идоралари томонидан аёлга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Болалар омбудсмани сўрови асосида қўзғатилган.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Россияда ота-она қарамоғисиз мушкул вазиятга тушиб қолган ўнлаб ўзбекистонлик бола ватанига қайтарилганини маълум қилганди.
Туркман–ўзбек чегарасида божхона пости фойдаланишга топширилди
Туркманистон 4 декабрь куни Ўзбекистон билан чегарадаги “Фароб автойўллари” божхона постини қайта реконструкция қилиб фойдаланишга топширди.
Kun.uz нашрининг Туркманистон давлат божхона хизмати маълумотига таянган ҳолда ёзишича, Бухоро вилоятидаги “Олот” чегара-божхона постига туташ мазкур пост 10 гектаргача (олдин 5,2 гектар эди) кенгайган бўлиб, эндиликда бир вақтнинг ўзида 16 та юк автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиш мумкин.
Натижада кунига 1000 тагача юк автотранспорт воситаси ҳаракатланишига имконият яратилиши айтилмоқда.
Расмий Ашхобод “Фароб автойўллари” божхона пости реконструкциясини ушбу ҳудуд орқали транзит юк ташиш ҳажми ошгани билан изоҳлаган.
Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам музокаралар олиб бормоқда. Туркманистоннинг ҳукуматга яқин нашрлари икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ошгани ҳақида хабар бермоқда.
Шунга қарамай, икки давлат фуқаролари узоқ йиллардан бери саёҳат қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Озодлик аввалроқ Тошовуз вилоятидаги “Тошовуз-Шовот” чегара пунктида туркманистонлик фуқароларни Ашхобод томонидан Ўзбекистонга ўтказмаслик ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани муаммосини кўтарганди.
Омбудсман орган ходимлари босими бўйича ўнлаб мурожаатни ўрганди
Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган фуқароларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 та шикоят келиб тушган.
Омбудсманнинг матбуот хизмати қайдича, бу шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказилиши белгиланган.
Прокуратура олиб борган терговга қадар текширувларда 52 та мурожаатдаги даъволар тасдиқланмаган.
62 та шикоят юзасидан эса терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Омбудсман ҳисоботида маҳбус ва маҳкумларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганига доир тафсилотлар очиқланмаган.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм ва мажбурий даволаш муассасалари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар деб аталади.
Озодлик аввалроқ халқ орасида “Тоштурма” номи билан танилган ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси камераларида белгиланган меъёрдан ортиқ маҳбус сақланаётгани, маҳбусларнинг соғлиғи борасида етарлича қайғурилмаётгани, тиббий хизмат талаб даражасида йўлга қўйилмагани каби масалаларга масъуллар эътиборини қаратганди.
Жорий йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.
Қуйи палата ўн триллионлик харажатларни 9 дақиқада маъқуллади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 декабрь кунги мажлисида 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди.
Унга кўра, давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 триллион сўмга оширилди. Шу тариқа давлат бюджети харажатлари аввал тасдиқланган 255,4 триллион сўмдан 265,4 триллион сўмга кўпайтирилди.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, мажлисга йиғилган депутатларнинг барчаси ўзгаришларни бир овоздан ёқлаб овоз берган. Муҳокама жами 9 дақиқа давом этган. Шундан 5 дақиқаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг нутқига сарфланган.
Ҳукумат таклиф қилган лойиҳага асосан, бюджет ташкилотларидаги вакант лавозимлар ва самарасиз, бир-бирини такрорловчи штат бирликларини қисқартириш ҳисобига 1 триллион сўм, болалар нафақалари ва моддий ёрдамдан 2 триллион сўм, вазирлик ва идораларни ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан 1,7 триллион сўм иқтисод қилиниши кутиляпти.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров давлат ташқи қарзининг йиллик лимити 5 миллиард доллардан 7,3 миллиард долларгача оширилганига эътибор қаратган.
“Қонунчилик палатаси залида қўр тўкиб ўтирган пўрим депутатларнинг бирортаси ҳам қарши овоз беришга журъат этмагани”ни танқид қилган жамоатчилик фаоллари ҳукумат ҳам, парламент ҳам давлат харажатларини ошириш зарурлигини асослаб бермаганини танқид қилишган.
Рубоб ясаш ва чалиш санъати ЮНЕСКО рўйхатига киритилди
Рубоб ясаш ва чалиш санъати ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.
“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақдаги қарор 4 декабрь куни Парагвай пойтахти Асунсон шаҳрида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессиясида маъқулланди.
Рубоб ясаш ва чалиш санъатини махсус рўйхатга киритиш ташаббуси Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон ва Эрон томонидан илгари сурилган.
Қўмита қарорида Марказий, Жанубий ва Жануби-Ғарбий Осиёдаги энг қадимги мусиқа асбобларидан бири саналган рубоб ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва ҳамжиҳатликни ривожлантиришга ҳисса қўшиши таъкидланган.
Рубоб ижрочилиги Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилган 16-элемент бўлди.
2023 йилда мазкур рўйхатга Ўзбекистоннинг учта ижтимоий-маданий номинацияси (тазкира, ифторлик ва кулолчилик бадиий безаги), 2022 йилда ипакчилик ва Хўжа Насриддин латифалари, унга қадар эса Бойсун маданий муҳити, Шашмақом, Наврўз байрами, катта ашула, аския ижрочилиги, палов ва ош билан боғлиқ анъаналар киритилганди.
2019 йили Хоразм “Лазги”си ҳам Ўзбекистон маданий меросининг унсури сифатида жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатидан ўрин олганди.
Ўрта Чирчиқда газ портлаши оқибатида бир киши қурбон бўлди
Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида 5 декабрь куни содир бўлган газ портлаши натижасида бир киши вафот этган, яна олти киши тан жароҳат олган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, портлаш туманнинг “Ким Пен Хва” МФЙ, Қутб Юлдузи кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш корхонаси маъмурий-хўжалик биносида Тошкент вақти билан эрталабки соат 07:46 да содир бўлган.
Хабарномада фавқулодда вазиятлар вазири A. Қўлдошев воқеа жойига етиб боргани, ҳодиса оқибатлари вазир бошчилигида бартараф этилаётгани қайд қилинган.
“Шунингдек, ҳодиса жойига вилоят ФВБ раҳбарияти, туман ҳокимияти, прокуратура, ИИБ, ССБ, “Ҳудудгазтаъминоти” раҳбар ходимлари етиб борган. Айни вақтда ФВВнинг ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойида амалий ҳаракатларни олиб бормоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида айни пайтда ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.
Термитлардан жабр кўрган фуқароларга уй берилади
Ўзбекистонда термитлар ёки бошқа ҳашаротлар туфайли уйи яроқсиз ҳолга келган фуқаролар давлат уй-жой фондидан янги тураржой олиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг “Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда ана шу талаб кўзда тутилган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 январидан эътиборан туман (шаҳар) ҳокимликлари ташкил этадиган термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни аниқлаш бўйича комиссиялар томонидан давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизмати кўрсатилиши режалаштирилган эди.
My.gov.uz платформаси 29 ноябрь куни мазкур хизмат ишга туширилганини эълон қилган.
Ушбу хизмат ёрдамида My.gov.uz портали орқали тураржой ҳолатини бепул баҳолаш ва тегишли хулоса олиш мумкин. Комиссия тураржойни яшаш учун яроқсиз деб топса, талабгорга уй-жой берилади.
Ҳукумат қарори билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни яшаш учун яроқсиз деб топиш учун техник талабларни ишлаб чиқиш топширилган. Икки ой муддат ичида эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу ҳужжатга мувофиқлаштириш зарур.
Халқ орасида “сариқ чумоли”, “ваҳмат” каби номлар билан аталадиган термитлар ёғоч ва таркибида целлюлоза бўлган бошқа материаллар билан озиқланадиган зараркунанда ҳашаротлар бўлиб, иншоотлар ва инсон мулки учун жиддий хавф туғдиради.
Аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти директори Бахтиёр Холматов Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО муҳофазасидаги “Ичан-Қалъа” тарихий ёдгорлик мажмуасидаги 33 та тарихий обидага зараркунанда ҳашаротлар жиддий зарар етказаётганидан огоҳлантирган эди.
Озодлик бир муддат олдин расмийлар эътиборини Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги уйларга термитлар қирон келтираётганига қаратганди.
“Эзгулик” жамияти халқаро мукофот билан тақдирланди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Франция Республикасининг “Озодлик, тенглик, биродарлик” халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда 4 декабрь куни Франциянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Матбуот хизмати қайдича, Франция Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича "Озодлик, тенглик, биродарлик" мукофоти 1988 йилда CNCDH ташаббуси билан таъсис этилган. Ушбу мукофотнинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг асосий ролини тан олишдир.
Комиссия Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятини мамлакатда рўйхатга олинган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти сифатида эътироф этган. Бу йилги мукофотга “Эзгулик” ўзининг уруш даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — ўзбек мигрантларининг Россия агрессорлари томонидан урушга сафарбар қилишнинг олдини олишга қаратилган лойиҳаси бўйича эришган.
Мазкур мукофот дунёдаги бешта фуқаролик жамияти ташкилотига берилади. Бу галги ғолиблар орасида “Эзгулик” билан бирга Камерундаги “Манделла” маркази, Гаитидаги “Citizens” ташкилоти, Колумбиянинг Ludirlena PÉREZ CARVAJAL ташкилоти ва Суриядаги "Caesar" ташкилотлари бор.
Тақдимот маросими шу йилнинг 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Парижда мамлакат Адлия вазирлиги саройида ўтказилади. Мукофот Франция Республикаси Бош вазири томонидан “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга топширилади.
Атмосферани булғаётган қурилиш масъуллари жавобгарликка тортилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасида 4 декабрь куни экологик вазиятни яхшилаш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, қурилиш ташкилотларининг масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, қонун лойиҳаси билан қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотлари мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Жумладан, ушбу ҳаракат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3 миллион 750 минг сўм) миқдорида, ҳуқуқбузарлик жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 50 баравари (18 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима белгилаш режаланмоқда.
Маълумот ўрнида: Тошкент жорий йилнинг 21 февраль куни ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиққан.
IQAir порталига кўра, ўша куни пойтахт ҳавосида PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 171 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу ЖССТ тавсия этган ўртача ҳаво сифати кўрсаткичидан 34,2 баробарга кўпдир.
Озодлик жорий йилнинг учинчи ноябрга ўтар кечаси ҳам Тошкент ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошгани ҳақида хабар қилганди.
Жаҳон банки ҳисоботига мувофиқ, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.
Сурияда жанг қилаётган ўзбекистонлик қидирувга берилди
Сурияда ҳукуматга қарши кечаётган қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган Ўзбекистон фуқароси Давлат Тиллабердиев қидирувга берилди. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри Ички ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Д. Тиллабердиев 1995 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу шахс Туркияда халқаро террористик ташкилот таъсирига тушгани, 2019 йилнинг сентябрь ойида айланма йўллар орқали Сурияга кетгани аниқланган.
Ҳуқуқ идоралари қайдича, ўша йили Тиллабердиев мазкур давлат ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг Ҳавон ҳарбий базасида махсус тайёргарликдан ўтиб, Дамашқ ҳукуматига қарши қуролли ҳаракатларда иштирок эта бошлаган.
Мазкур шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш), 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ҳамда 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айбланмоқда.
Ўтган ҳафта Сурияда Туркия билан алоқаси борлиги айтиладиган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” террор гуруҳи ва бошқалар дохил исломий гуруҳлар президент Башар Асад назорати остидаги Сурия армияси ва унга иттифоқдош бўлган эронпараст гуруҳларнинг Ҳалаб шаҳри ғарбидаги позицияларига кенг кўламли ҳужум бошлаган.
Қуролли тўқнашувлар чоғида жиҳодчилар ҳукумат армиясининг стратегик жиҳатдан муҳим нуқталари ва аҳоли пунктларини эгаллаб олишган. Ҳужумларга жавобан Сурия армияси россиялик ҳарбийлар билан биргаликда қуролли гуруҳлар позицияларига зарба бериш учун авиацияни ишга солган.
Содир бўлаётган воқеалар сўнгги йилларда Сурияда кузатилаётган фуқаролар урушининг энг йирик эскалациясига айланиши мумкин.