Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2019, Тошкент вақти: 17:55

Мирзиёев ШҲТ саммитида темир йўл ва "яшил камар" ҳақида гапирди


Президент Шавкат Мирзиёев Бишкекда ўтаётган ШҲТ саммитида Хитой-Қирғизистон -Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши Марказий Осиёни барқарор ривожланишига омил яратувчи лойиҳа эканини таъкидлади.

Мирзиёевдан аввалроқ сўзлаган Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков ташкилотга аъзо давлатларни Хитой-Қирғизистон -Ўзбекистон темир йўлининг қурилишини тезлатишга чақирган эди.

Мазкур темир йўлни қуриш ғояси камида 20 йилдан бери муҳокама қилиб келинаётган бўлса-да, шу кунгача амалий ишга ўтилган эмас.

Шавкат Мирзиёев ўз сўзида давом этар экан, Марказий Осиё минтақасида ШҲТнинг “яшил камарини” яратиш таклифини ўртага ташлади. Мирзиёевга кўра, “яшил камар” лойиҳаси минтақада экологик жиҳатдан тоза технологияларни жорий этишни ўз ичига олади.

Ўзбекистон президенти ШҲТ давлатларини транспорт, агроинновациялар, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни устувор йўналишлар сифатида танлаб олишга чақирди.

“Биз, масалан, Самарқандда ШҲТнинг иқтисодий форумларини мунтазам равишда ўтказиб туришни таклиф қиламиз”, деди Мирзиёев.

14 июнь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг XIX саммити бўлиб ўтмоқда.

Унда иштирок этиш учун ташкилотга аъзо бўлган Хитой, Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон ва Тожикистон президентлари Бишкекка келдилар.

Бундан ташқари саммитда ШҲТда кузатувчи мақомига эга бўлган Афғонистон, Беларус, Эрон ва Монголия раҳбарлари ҳам қатнашмоқда.

XS
SM
MD
LG