Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 08:51

Блогерлар эътирози ортидан Самарқанддаги хиёбон таъмири вақтинча тўхтатилди


Самарқанд бульвари реал ва виртуал

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 17 июнь куни халқ орасида "Абрамов бульвари" деб юритиладиган хиëбонга бориб блогерларни тинчлантирди.

Озодлик мобиль мухбирининг хабар беришича, Турдимов Хитой Халқ республикасига борганида обод хиëбонларни кўриб ҳавас қилгани ва Самарқандни ҳам Хитойга ўхшатиб безатмоқчи бўлганини жамоатчиликка билдирди.

Ҳоким "бирорта дарахт кесилмайди" дея жамоатчилик вакиллари ва блогерларга ваъда берди.

Бундан олдин ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида Самарқанд бульваридаги юз йиллик чинорлар кесиб ташланаëтгани ва хиёбон оғир техника билан пайҳон қилинаëтганидан ташвиш билдирилган эди.

"Бирорта дарахтнинг шохи синмайди"

Самарқанд вилоят ҳокимининг Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича фаолият юритадиган мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича¸ бульварни таъмирлаётган техникалар 17 июнь куни тўхтатилган:

- Бульвардаги нафақат дарахт балки шохчани ҳам кесмаймиз. Чет элдан малакали Landscape designer (ландшафт дизайнери) олиб келиб, режа асосида хиëбонни ободонлаштириш бошланди. Совет пайтида ўрнатилган ва ўйдим-чуқур бўлиб қолган бетон плиталар алмаштирилади. Велосипед учун махсус жигар рангли юмшоқ қопламадан бўлган йўлак қурилади. Лимитсиз вайфай ва телефон зарядка қиладиган ускуналар ўрнатилади. Бу ишлар қилинар экан бирорта дарахт кесилмайди¸ - деди мулозим.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги Озодликка бульварнинг келажакдаги кўриниши акс этган тасвирларни тақдим қилди.

Тасвирда пиëдалар ва велосипедчилар учун мўлжалланган ранг баранг йўлакчалар акс этган.

Ҳокимга ишонмаймиз

Бундан олдин таниқли блогер Умид Ғафуров “Самарқанддаги бульвар бошига Тошкент хиëбони қисмати тушмасин”, дея ўз саҳифасида ташвиш изҳор этганди.

"Самарқандда бульварни қайта қуришмоқчи. Ҳарҳолда дарахтларга зиëн етади. Нега бундай қарорларни шаҳар турғунлари билан келишмасдан қабул қилишади? Шу тариқа Тошкент ўз скверидан айрилган эди. Фарғонада эса 80 фоиз дарахтлар кесилди. Бухоро арки рўпарасидаги парк йўқ қилинди. Мен ҳокимият амалдорлари миясидаги мантиқни тушунмайман. Тикка турган дарахтни нега чопиб ташлайсиз? Дарахтлар кесилмайди деб ваъда беришди. Аммо самарқандлик амалдорлар ваъда бериб, бажармаган илк мулозимлар эмас. Вело-йўлак ва фонтанларингизни ҳеч нарса ўсмаган яйдоқ жойда қуринг. Нега гўзал нарсани бузасиз" деб ёзади блогер.

Ижтимоий тармоқдаги #нашбульвар хештеги остида самарқандлик фаоллар хиëбондаги ҳар бир дарахтни рақамлаб чиқиб ҳимоя қилишни таклиф қилишди.

Блогерлар мулозимлар гапига ишонмасликларини изҳор қилишди.

Самарқанд вилоят ҳокимининг Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Нуруллаев ўзининг Instagram саҳифасида блогерларни “провокатор” деб атади ва уларни “нейтрал” бўлишга чорлади.

Кенгашсиз иш

Самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод ҳокимлик ўз қарорини қабул қилишдан олдин ўз режа ва планларини кенг жамоатчилиикка тақдим қилмаганини маъқулламайди:

- Ҳокимлик бирор бир нарсани амалга оширишдан олдин ўз режасини элга маълум қилиши зарур эди. Кенг жамоатчиликка тушунтирилса, бундай англашиловчилик бўлмас эди¸ - деди Каримберди Тўхтамурод.

У “бир самарқандлик сифатида шаҳардаги ҳар бир дарахт яшаб нафас олиши¸ қуримаслигини исташини” айтди:

- Мен шу шаҳар фарзанди сифатида хиëбондаги илма тешик йўлакларнинг обод бўлиши тарафдориман. Дарахтларга зиëн етмаслиги ҳақидаги ҳокимият ваъдасига ишонаман¸ - деди у.

Журналист Каримберди Тўрамурод билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:15 0:00
Бевосита линк

"Жаннат" ваъда қилинди

Самарқанд хиëбонидаги дарахт ва гулларни экилишида қатнашганини айтган блогер Фаррух Самарқандий ҳокимлик ваъдасидан кейин ўзининг танқидий битикларини олиб ташлаганини айтди:

- Жаннат бўлади, кўрасан. Катта йўлдан племсовхозгача дарё соҳили Питердаги "Набережная"дан 100 марта чиройли бўлади, деган гапларга мен ишондим. Шунинг учун ҳам постимни олиб ташладим. У ердаги жуда кўп дарахтни ўз қўлим билан экканман. Гулларини ҳам ҳафталаб ишлаганмиз у ерларда. Дарахтлар кесилмаса бульвар реконстукциясига ҳеч ким қаршилик билдирмаса керак. Лекин спорт майдонлари айнан бульварга керак эмас, деб ҳисоблайман. Спорт плошчадкаларни домларни орасига қурсаям бўлади. Россияда ҳеч қайси бульварда спорт плошчадка йўқ. Туркияда ҳеч қайси бульварда спорт плошчадка кўрмадим. Денгиз соҳилларида, домлар орасида бор. Велодорожка қуриш, бульварни чиройли қилиш, замонавий қилиш бошқа масала¸ - дейди блогер Озодлик билан суҳбатда.

Подшодан қолган боғ

Самарқанддаги бульвар 1870 йилда Туркистон генеарал губернатори Константин Кауфман тасдиқлаган режа асосида 1871 йилда Самарқанд губернатори Александр Абрамов тарафидан бунëд қилинган.

Булъвар чор даврида “Абрамов бульвари”¸ Совет даврида “Горький хиëбони” ва мустақиллик даврида “университет бульвари” деган номларни олди.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG