Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 08:44

Ўзбекистон

Россия Федерал божхона хизмати Тошкентда ваколатхона очиш жараëнини бошлади

Россия Федерал божхона хизмати (ФБХ) Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очмоқчи. Бу ҳақда ТАСС агентлигига гапирган хизмат расмийсига кўра¸ ваколатхона очиш жараëни 2-3 йил вақт олиши мумкин.

Хабарда айтилишича¸ айни кунларда Россия ФБХ Ўзбекистонда ваколатхона очиш билан боғлиқ ташкилий ишларни бошлаган. ТАСС гаплашган россиялик мулозимга кўра¸ Бу жараëннинг биринчи босқичида Россия божхоначилари вакиллари Ўзбекистонда ваколатхонасиз ишлайди¸ шундан сўнг Ўзбекистон Божхона қўмитаси билан Тошкентда ваколатхона очишга оид тегишли келишув лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Россия божхоначилари учун МДҲ ҳудудидаги асосий ҳамкор экани таъкидланган ТАСС хабарига кўра¸ россияликларнинг Тошкентда муқим ваколатхона очиши "ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди¸ мунтазам тажриба алмашишни кучайтиради".

Россия ФБХси Тошкентда ўз расмий ваколатхонасини очгунга қадар¸ Россия президенти фармони билан бу хизмат ўз икки расмийсини Ўзбекистондаги Россия элчихонасига доимий асосда ишга юборади.

Каримов даврида Ўзбекистон Россия етовидаги Божхоналар иттифоқига ҳам¸ унинг асосида ташкил этилган Евроосиë иқтисодий ҳамжамиятига ҳам қўшилмаган. Бу тузилмага Россиядан ташқари Беларус¸ Қозоғистон¸ Арманистон ва Қирғизистон аъзо.

Таҳлилчиларга кўра¸ Россия президенти Владимир Путин мазкур тузилма воситасида Москванинг собиқ СССР ҳудудидаги таъсирини сақлаб қолиш ва бу ҳамжамият орқали ўзини ЕИ ва НАТОга қарши куч сифатида тақдим этишга уринмоқда.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан бери Россия билан сиëсий-иқтисодий муносабатлар яқинлашиб¸ Тошкентнинг бу тузилмага қўшилиш эҳтимолига оид прогнозлар кўпайиб бормоқда.

Кун янгиликлари

Ҳоким ўринбосарининг Kun.uz мухбирига ҳужуми ва милиция ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда

Ўзбекистон Бош прокуратураси Kun.uz журналистларига Олмазор тумани ҳокими ўринбосари томонидан қилинган тажовузни ўз назоратига олганини маълум қилди.

Ҳоким ўринбосарининг ҳужуми ва уни кузатиб турган ички ишлар ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда, дейилади Бош прокуратура билдирувида

14 август, чоршанба куни Kun.uz ўз журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақидаги видеони эълон қилган эди.

Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Оққўрғон бозоридаги тартибсизликлар юзасидан баёнот берди

Uzbekistan - Screen from Oqqurgan

16 август куни Озодлик Оққўрғон тумани марказидаги деҳқон бозорида норозилик билдирган аёлларга милиция куч қўллагани ҳақида хабар берган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати билдирувида шундай дейилади:

“Оққўрғон Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудига А.Навоий кўчаси томонидан кириш қисмида, туман ҳокимининг 1836-сонли “Оққўрғон шаҳри Бирлик МФЙ А.Навоий кўчаси ҳудудидаги бўш турган ер майдонида фуқаро Қурбонов Даврон Эргашевич томонидан икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун рухсат бериш” тўғрисидаги Қарори асосида қурилиш ишларини бошлаш учун усталар иш бошлаган.

Шу вақтда бозорга кириш йўлини девор билан беркитаётган вақтида, шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган аёллар қурилаётган девор ўзларининг савдосига халақит қилишини айтиб, қурилишни тўхтатишни талаб қилишган".

Ҳокимлик баёнотида айтилишича, тушунтиришларга қарамай, 5 нафар савдогар аёл бақир-чақир қилиб, атрофдаги оломон эътиборини ўзларига қаратиб, қурувчи усталар ва бозор раҳбарини ҳам ҳақорат қилиб, кўплашиб қурилаётган деворни бузиб ташлаган.

Шундан сўнг воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими етиб келган.

"Ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли, тўпланган ҳужжатларни туман ИИБ Навбатчилик қисмидаги ШАКЛ-2 китобига 703-сон билан қайд қилиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган", - дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги билдирувида.

Kun.uz мухбири Олмазор тумани ҳокими муовинини тухмат қилганликда айбламоқда

Kun.uz Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокими муовинининг ўз мухбирига нисбатан илгари сурган таъмагирлик ҳақидаги айбловлари юзасидан хизмат текшируви ўтказганини маълум қилди.

Текширув чоғида журналист ҳоким муовинининг гаплари тухмат эканини айтган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 17 август куни ҳоким Абдурасул Ваҳобовнинг видеоинтервьюсини эълон қилган эди.

Ушбу интервьюда Ваҳобов Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари сурганди.

Мазкур даъво юзасидан Kun.uz ички суриштирувини ўтказган.

Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҳеч қачон кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилган.

Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллагани ҳақда Kun.uz маълум қилди.

Чоршанба куни Kun.uz ўзининг журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақида видео эълон қилган эди.

Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Олмазор ҳокими муовини ҳаракатларини қоралади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Kun.uz сайти мухбирларига қилган муносабатини "номуносиб, қўпол муомала", деб баҳолади, инцидент акс этган видеода ўринбосарнинг "ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани"ни белгилаб ўтди.

АОКА Телеграм каналида эълон қилинган "Расмий муносабат"да бундай дейилган:

"Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга".

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

ИИВ ўринбосари: Мустақиллик байрами кунлари Тошкент ёпилмайди

Мустақилликнинг 28 йиллиги арафасида ҳам, байрам кунлари ҳам пойтахтга келувчиларга нисбатан ҳеч қандай чеклов бўлмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Муҳиддин Жўраев ЎзАга берган суҳбатида баёнот берди.

Вазир ўринбосари шу пайтгача эҳтиёт чоралари "ҳаддан зиёд кучайтириб келинган"ини тан олиб, бундай деган:

- Ҳақиқатан ҳам нафақат байрамларда, бошқа пайтларда ҳам эҳтиёт чораларини ҳаддан зиёд кучайтириб келинган. Бу бир қарашда қобиққа ўралиш, бошқача айтганда, коса тагига бекиниб олишга ҳам ўхшаган. Афсуски, бу амалиёт тўғри бўлмаганини эркинлаштириш сиёсати яққол кўрсатди. Яқин қўшнилар билан ҳамкорлик алоқаларининг кучайтирилгани, ёпиб ташланган чегара постларининг очилиб, фуқаролар, тадбиркорларнинг бемалол ўтиб-қайтиши йўлга қўйилгани нафақат туризмнинг, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муҳим роль ўйнамоқда.

Вазир ўринбосарига кўра, қўшни давлатлар билан борди-келди йўлга қўйилгач, "четдан кириб келаётган шахслар ичида Ўзбекистонга бузғунчилик ниятида келган ёки террористик хавф туғдирувчи бирорта ҳам шахс қайд этилмаган".

Олмазор туман ҳокими муовини билан kun.uz мухбирлари ўртасидаги "нохуш ҳолат" ўрганилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 15 август куни ижтимоий тармоқларда kun.uz сайти мухбирлари билан Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ўртасидаги инцидентни "нохуш ҳолат" деб атаб, "бу масала томонлар иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилганини" билдирди.

Хабар қилинишича, Тошкент вақти билан соат 15:00 га қадар учрашув тафсилотлари эълон қилинади.

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

Аҳолига қудуқ қазишга рухсат берилди

1 сентябрдан бошлаб суткасига кўпи билан 5 куб метр ҳажмда ер ости сувини шахсий эҳтиёжга якка тартибда олиш мақсадида чуқурлиги 25 метргача бўлган қудуқ қазиш учун жисмоний шахсларнинг рухсатнома олиши талаб қилинмайди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, бу меъёр Вазирлар Маҳкамасининг 14 августдаги қарорида белгилаб қўйилди.

Ҳукумат қарори билан Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентда сув учун қудуқ қазиш учун юридик шахсларга рухсатнома бериш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.

Тошкентда чақалоқли ёш аёл автобуснинг эшигини тепиб синдирди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Тошкентда қўлида чақалоғи бўлган йўловчи аёл шовқин-сурон кўтариб, автобуснинг эшигини уриб синдирди ва бу билан ўзининг ҳамда чақалоғининг ҳаётини хавф остига қўйди. Бу борадаги видеони 15 август куни “Тошшаҳартрансхизмат” расмий саҳифасида эълон қилди.

Хабарда айтилишича, 14 август куни 5-автобус саройи тасарруфидаги 99-йўналишда йўловчи аёл Қўйлиқ бозори яқинидаги Чирчиқ дарёсидан ўтган кўприк устида автобусни тўхтатишни талаб қилди.

Ҳайдовчи унга бу ерда тўхташ мумкин эмаслиги, ҳаёти учун хавфлилигини тушунтирганига қарамай, у даражада шовқин-сурон кўтариб, автобуснинг эшик ойнасини бир неча марта тепиб синдирган. Бунинг оқибатида аёлнинг ўзи ҳам ойна синиқларидан шикастланган.

“Ушбу ҳолатни батафсил ўрганиш ҳамда чора кўриш мақсадида тегишли органларга хабар берилди. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этамиз”, дейилади расмий маълумотда.

Янги рекорд: доллар нархи 9 минг сўмдан ошди

Марказий банк биноси.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг қиймати 9 минг сўмдан ошиб, тарихий максимумни янгилади.

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 16 августдан кучга кирадиган янги қийматларини эълон қилди.

Унга асосан АҚШ доллари 179 сўмга қимматлаб, 9061 сўмни ташкил қилди. Евро нархи эса 163 сўм 84 тийинга ошиб, 10092 сўм14 тийинга етди.

Марказий банк 9 август куни тарқатган билдирувида мамлакатда июль ойидан бери доллар курси ошаётганини эътироф этган ҳолда, буни Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган Россия, Қозоғистон ва Хитойда миллий валюталарнинг кучсизлангани билан изоҳлаган эди.

Марказий банкнинг билдиришича, мамлакат ичкарисида ширкатларининг хорижий валютага бўлган талаби ошаётгани ҳам доллар курсининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Расман: Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёлни зўрлаганларнинг барчаси қамоққа олинди

Деҳли манзараси.

Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёл зўрлангани тўғрисидаги Озодлик хабарини тасдиқлади.

Озодлик радиоси 15 август куни ижтимоий тармоқлар орқали хиндистонлик йигит билан танишгани ортидан Деҳлига​ келган 31 яшар ўзбекистонлик аëл оммавий зўрлаш қурбони бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Бироқ Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасидан бу воқеа юзасидан жавоб олишнинг иложи бўлмаган эди.

Ҳиндистондаги қатор нашрлар, хусусан етакчи телеканаллар ўзбек аëлининг гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида 12 август куни маълум қилган.

India-TV мухбирининг воқеа юз берган жойдан туриб маълум қилишича¸ “ўзбек аëлни зўрлаган 3 кишидан 2 нафари душанба куни Деҳли ғарбидаги Vasant Kunj мавзеида қўлга олинган. "Аëлни зўрлаганлар сони 3 нафардан кўпроқ бўлиши мумкин" дейди телеканал мухбири.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай воқеа бўлганини тасдиқлаган ҳолда, 15 август куни Деҳлида зўрлангани айтилаётган аёлнинг ёши 32да эканини, бу ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов ишларини назоратга олганини билдирди.

“Полиция вакиллари билан муносабатлар ўрнатилди, улар аёлни зўрлашда гумонланаётган уч нафар шахс қўлга олинганини билдирдилар”, дейилади расмий маълумотда.

Чартер рейсларини уюштирувчиларга ҳар бир турист учун 20 доллардан 50 долларгача ҳақ тўланади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилувчи ширкатларга ҳар бир турист учун 20 доллардан 50 долларгача ҳақ тўланадиган бўлди. Бу меъёр президентнинг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгилаб берилди.

Фармонга асосан 2020 йил 1 январдан сайёҳлик ширкатлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида қоплаб берилади.

Ширкатлар мазкур ҳақни хорижий турист мамлакат ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда олишга ҳақли бўладилар.

Фармонга мувофиқ хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар яратишдаги харажатларининг 20 фоизи, лекин 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади

Ангренда Марказий Осиёда ягона бўлган завод қурилиши бошлангани хабар қилинди

“Ангрен” эркин иқтисодий зонаси.

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда ягона бўлган минерал юнг ишлаб чиқарувчи янги “ANGREN INSULATION” заводи қурилиши бошланди. Бу ҳақда ЎзА 15 август куни хабар берди.

Хабарда айтилишича, Хитой билан ҳамкорликда қурилаётган мазкур заводни барпо этиш учун 40 миллион доллардан кўпроқ сармоя киритилади. 300 одамни иш билан таъминлаши айтилаётган заводни ишга тушириш 2020 йилга мўлжалланган. Завод 50 минг тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган автоматлаштирилган линиялари билан жиҳозланади.

Маълум қилинишича, минерал юнг Марказий Осиёда муҳим ва муқобили йўқ энергия тежайдиган маҳсулот ҳисобланади.

“Қурилиш жараёнида минерал юнг изоляциясидан фойдаланиш энергия тежаш кўрсаткичларини сезиларли даражада оширади ва ҳар қандай бинонинг энергия самарадорлигини яхшилайди. Қурилиш компаниялари ва аҳоли томонидан минерал юнгдан фойдаланиш йилига камида 10 миллиард кубометр табиий газни тежаш имконини яратади. Тежалган ушбу миқдордаги табиий газ 1 миллиард доллар демакдир”, деб ёзди ЎзА.

Меҳнат вазирлиги: Заҳарланган 58 ўзбекистонлик бўйича консилиум ўтказишга Ўзбекистондан врачлар юборилади

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлардан бири.

Шу тобда масъул идоралар ватандошларимизга жойига бориб қўшимча ёрдам кўрсатиш чоралари устида, яъни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари кўмагида ишчи гуруҳи тузиб, унинг таркибида Ўзбекистон Республикаси врачлари жойига бориб консилиум ўтказиш устида иш олиб бормоқда.

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлар билан боғлиқ бу баёнотни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида рус тилида эълон қилди.

Қарийб бир ой муқаддам заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолаётгани тўғрисида Озодлик куни кеча хабар қилган эди.

Самара вилоятининг Сизран туманида заҳарланиш аломати билан касалхонага ётқизилган 69 нафар ўзбекистонлик каламушларни ўлдиришда ишлатиладиган заҳардан жабрланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Волга Ньюс нашри 14 август куниўзбекистонликлар даволанаётган Тольятти шаҳридаги 1-сонли касалхона бош шифокори Леонид Разливинскийга таянган ҳолда хабар берди.

Аввалроқ Леонид Разливинский Озодлик радиосига токсикология бўлимида қолаётган хоразмлик мардикорлар уруғликка ишлов беришда ишлатиладиган ўта хавфли Зоокумарин препаратидан заҳарлангани аниқланганини билдирган эди.

Шифокорнинг Волга Ньюс нашрига айтишича, ҳозирча ўзбекистонликлар нимадан заҳарланганини фақат тахмин қилиш мумкин. Аниқ жавоб топиш учун эса бир неча ой изланишлар ўтказиш талаб қилинади.

Леонид Разливинскийга кўра, 14 август ҳолатига кўра, касалхонада 41 одам қолмоқда.

Озодлик радиосидаги маълумотларга қараганда, заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалигидаги ишларни бажариб, пул ишлаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.​

ХТВ Самарқанд ва Наманганда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганига оид хабарларни ўрганмоқда

Иллюстратив сурат

Халқ таълими вазирлиги Самарқанд ва Наманган вилоятларида умумтаълим мактаблари ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар қилди.

"Вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари мазкур хабарларда келтириб ўтилган ҳолатларни ўрганиб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида ушбу ҳолатга йўл қўйганларга чора кўради" дейилган хабарда.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сонли қарорининг 16-бандига кўра халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш қатъиян таъқиқланганини эслатган.

Мазкур бандга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортишни таъминлаш топширилган.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатларни олдини олиш ва халқ таълими тизими ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шикоятларни қабул қилишда қулай бўлган виртуал инспекторни ишга туширган. Тизимдаги ходимлар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин.

Озодлик Наманганда таътилдаги ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олишга сафарбар этилгани тўғрисида 14 августда хабар қилди.

UzAuto Motors "шапка" талаб қилган дилерлар ҳақида маълумот беришни илтимос қилди

2019 йилнинг июль ойида GM Uzbekistan компанияси ўз номини UzAuto Motors’га ўзгартирган эди.

UzAuto Motors ширкати автомобилларни сотиш жараёнида коррупциянинг олдини олиш мақсадида потенциал харидорларга мурожаат қилди.

Мурожаатда қайд этилишича, бугунги кунда UzAuto Motors томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг барча ранг ва комплектацияларига шартномалар мавжуд.

“Агарда Сиз автомобиль хариди жараёнида у ёки бу моделдаги автомобиль учун шартнома йўқлиги, етказиб берилиш муддатининг узоқлиги каби важлар билан қўшимча пул маблағларини талаб қилиш ҳолатларига дуч келсангиз UzAuto Motors компаниясининг ишонч телефонларига 78 141-77-77 рақамлари орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади мурожаатда.

Маълум қилинишича, ширкат товламачилик ва бошқа коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш, автомобиллар савдосида шаффофликни таъминлаш мақсадида “Uzavtosavdo” мобил иловасини ишга туширган.

“Агарда иловада зарур автомобиль йўқ бўлса, буюртма тўғридан-тўғри автомобиль заводига юборилади. Мазкур илова орқали харидор ўзи истаган автомобилнинг ранги ва русумини танлаб унга шартнома олиши мумкин. “Uzavtosavdo” иловаси харидорга барча жараёнларни бошиданоқ назорат қилиш, ўз навбати ва автомобилни олиш санасини билиб бориш имконини яратмоқда”, деб билдирилди.

Мирзиёев: Ўзбекистон тарихида биринчи марта инвестиция улуши 38 фоиздан ошди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошди. Олдинги йилларда бу кўрсаткич 25 фоизга ҳам етмасди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни ўтган 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига бағишланган йиғилиш чоғида билдирди.

Президент жорий йил охирига қадар Навоий кон-металлургия комбинатида 25 та, “Ўзэлтехсаноат”да 18 та, “Ўзавтосаноат”да 7 та, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 5 та инвестиция лойиҳаси бўйича янги қувватлар ишга туширилишини жадаллаштириш бўйича тавсиялар берди.

– Охирги бир йилда ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 26 фоиздан 30 фоизга етган бўлса-да, бу биз бошлаган ислоҳотлар кўламига нисбатан ҳали етарли эмас, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда таъкидланишича, 2019 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 5,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоизга ўсган.

Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 триллион сўмдан зиёд ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолдирилди.

Бюджет даромадлари қарийб 51 триллион сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этди.

Европа Иттифоқи Жаслиқ ёпилиши ортидан қамоқхоналар ислоҳ қилинишига умид билдирди

Европа Иттифоқи байроғи.

Европа Иттифоқи 14 август куни Жаслиқ қамоқхонаси ёпилганини олқишлади. “Бу қамоқхоналарни бошқаришни яхшилаш томон ташланган қадам бўлди”, дейилади расмий баёнотда.

Европа Иттифоқи Ўзбекистондан кейинги қадам қаторида жазони ўташ системасида қийноқлар ва ноинсоний муносабатларга барҳам берувчи ислоҳотлар ўтказилишини кутаётганини ҳам таъкидлаган.

Баёнотда Омбудсмен фаолияти доирасини кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилишига умид билдирилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 августидаги қарори билан Жаслиқ номи билан танилган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси тугатилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари колонияда яқин ўтмишда қийноқлар қўллангани юзасидан хавотирлар билдириб келган.

Самарада 69 ўзбекистонлик нимадан заҳарлангани ҳақида аниқ ташҳис йўқ

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлардан бири.

Самара вилоятининг Сизран туманида заҳарланиш аломати билан касалхонага ётқизилган 69 нафар ўзбекистонлик каламушларни ўлдиришда ишлатиладиган заҳардан жабрланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Волга Ньюс нашри 14 август куни ўзбекистонликлар даволанаётган Тольятти шаҳридаги 1-сонли касалхона бош шифокори Леонид Разливинскийга таянган ҳолда 14 августда хабар берди.

Аввалроқ Леонид Разливинский Озодлик радиосига токсикология бўлимида қолаётган хоразмлик мардикорлар уруғликка ишлов беришда ишлатиладиган ўта хавфли Зоокумарин препаратидан заҳарлангани аниқланганини билдирган эди.

Шифокорнинг Волга Ньюс нашрига айтишича, ҳозирча ўзбекистонликлар нимадан заҳарланганини фақат тахмин қилиш мумкин. Аниқ жавоб топиш учун эса бир неча ой изланишлар ўтказиш талаб қилинади.

Леонид Разливинскийга кўра, 14 август ҳолатига кўра, касалхонада 41 одам қолмоқда.

Озодлик радиосидаги маълумотларга қараганда, заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалигидаги ишларни бажариб, пул ишлаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.​

Тошкентда 15 августдан йўлкира нархи оширилди

Ўзбекистондаги автобус йўловчилари.

Тошкентда 15 августдан автобус ва метро йўлкираcи 200 сўмга қимматлади ва 1400 сўмни ташкил қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти тарқатган расмий хабарда айтилишича, айни пайтда ойлик йўлкира карточкаларининг нархи ўзгармайди. Унинг нархи ҳозирги даражада сақлаб қолинади.

Йўлкира нархининг оширилиши тўғрисидаги қарор Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қабул қилинди.

«Иш ҳақининг ошиши ва ёқилғи ҳамда эҳтиёт қисмларига нархларнинг кўтарилиши, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва шаҳар транспортида йўқотишларни камайтириш бўйича маълумотларнинг таҳлили натижасида Молия вазирлиги таклиф этилган тарифларни тасдиқлади”, дейилади расмий билдирувда.

Бундан аввал пойтахтда йўлкира 2016 йилнинг апрелида оширилган ва 1200 сўм қилиб белгиланганди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан буён 14 млн долларга қисқарди

Марказий банк 13 августда эълон қилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми ярим йил якунлари бўйича 14 млн долларга камайиб, 1 август да 27,7 млрд долларни ташкил этди.

Бндан хорижий валютадаги активлар ҳажми - 12,28 млрд доллар (бир ой ичида +820 млн доллар), монетар олтин 15,08 млрд доллардан (-830 млн доллар) иборат.

Адлия вазирлиги блогерлар пост остидаги шарҳларни қай ҳолатларда ўчиришга мажбурлигини эслатди

Адлия вазирлиги ўзининг Телеграм саҳифасида қуйидаги эслатишича, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга 2014 йилда киритилган ўзгартиришларга мувофиқ (ушбу талаблар блогерга ҳам таалуқли) веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги шарт:

  • мавжуд конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитликни зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
  • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
  • давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
  • порнографияни тарғиб қилиш;
  • қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш.


"Демак, постлар тагидаги шарҳларда юқорида қайд этиб ўтилган ахборотлар мавжуд бўлган фикрлар, чақириқлар бўлса, қонун талабига кўра блогерлар у шарҳларни ўчириши лозим бўлади" дейилган Адлия вазирлиги эслатмасида.

Ер участкасини фермерга бериш ҳуқуқи ҳокимлардан кенгашларга берилади

2020 йил 1 январдан бошлаб:

  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларидан олиниб, тегишли Халқ депутатлари кенгашларига берилади.

Бу норма Ўзбекистон президенти 13 августда имзолаган "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги фармони билан жорий қилинганини Адлия вазирлиги хабар қилди.

Тадбиркорни хайрия ёрдами кўрсатишга, темир-терсак топширишга мажбурлаш тақиқланди

Президент Мирзиёев 13 августда имзолаган фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:

  • тадбиркорларни ўз фаолиятидан ташқари, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ишларига мажбурий жалб қилиш;
  • тадбиркорларни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
  • тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

Бу тақиқлар Ўзбекистон президенти 13 августда имзолаган "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги фармони билан жорий қилинганини Адлия вазирлиги хабар қилди.

Андижон вилоятидаги ҳокимларга ижодий маслаҳатчилар бирлаштирилади

Иллюстратив сурат.

Андижон вилоятида ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш учун ёзувчи ҳамда шоирлар туман ва шаҳарлар ҳокимларига ижодий маслаҳатчи сифатида бирлаштирилади.

Бу нарса Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятида ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятни кенг тарғиб қилиш ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳа муҳокама учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилди.

28 августдан кучга кириши режалаштирилаётган қарорда Андижонда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг камида 20,6 фоизини, яъни 264 минг 200 нафар одамни кутубхоналарга жалб этиш, китоб ўқишн маданиятини шакллантириш белгилаб берилди. Бу борада алоҳида “Йўл харитаси” ҳам ишлаб чиқилди.

Шу мақсадда Андижон вилоятидаги барча туман ва шаҳарлар ҳокимларига ижодий маслаҳатчи сифатида жамоатчилик асосида шоир ва ёзувчилар бириктирилади.

Ўзбекистон тўғрисида фильм олган хориж ширкатларига ҳаражатларининг бир қисми тўлаб берилади

Иллюстратив сурат.

Келаси йилдан бошлаб ҳукумат хорижий ширкатларга Ўзбекистон тўғрисида ишлаб чиқилган кино, теле ва видеофильмлар, мультфильмлар, клиплар, аниме учун сарфланган ҳаражатларнинг бир қисмини тўлаб беради.

Президент Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қайд этилишича, Ўзбекистон ичкарисида қилинган ҳаражатларнинг 20 фоизи, лекин 300 минг доллардан кўп бўлмаган қисми давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Бундай меъёр МДҲ давлатлари орасида фақат Ўзбекистонда амалга киритилмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон тарихи ва тарихий шахслари тўғрисида бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқармоқчи бўлган ширкатларга фильм учун сарфланадиган маблағнинг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда грант берилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG