Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 16:03

Мирзиёев "хиёнатчи" ҳокимларни жазолашга буйруқ берди (АУДИО)


Президент Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга сиёсатига хиёнат қилган Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимларини ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берди. Шавкат Мирзиёев тошпириғи 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида янгради.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00
Бевосита линк

Дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган ҳокимлар иш масаласи кўриб чиқилади

Шавкат Мирзиёев интернет нашрларида бу вилоятлардаги бузилишларга фикр билдирган ўзбекистонликларнинг ёзганларини дастак қилиб келтириб, у ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтди.

-Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда 30 йилда зўр бўлиб кетардик", - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

"Сен ноинсоф, бузишдан олдин калланг билан ўйлаб кўрмайсанми?"

Президент уйлари бузилиб кўчада қолган, ойлаб товон пулини ололмаган минглаб одамларнинг кўчага чиқиб автомобил йўлини тўсиб қўйгани учун, Хоразм вилояти ҳокими Эрмановни қаттиқ танқид қилади:

- Менинг сиёсатимга энг катта душманлик қилганлардан бири - Хоразм вилояти ҳокими жаноб Эрманов. Эрмановга интернетдаги изоҳлардан сенга ва сенга ўхшаган ноинсофларингга «табрик» жўнатаман.

Урганч шаҳар ҳокими [Шуҳрат Абдуллаев - таҳр.]ни жиноий жавобгарликка тортамиз, десам, адвокат бўлиб, бош вазиримизга илтимос қилдинг. Мана, сенинг менга қилган "дўстлигинг". Сен ва менинг сиёсатим тўғрисидаги бугун чиққан изоҳларни ўқи.

Сен ноинсоф менга дўст бўлсанг, бузиш қўлингдан келмас экан, нима қиласан у ерни бузиб? Мана, изоҳларни ўқи. Бош вазир борганидан сўнг одамлар нима деб ёзаяпти? Сенинг суратинг йўқ бу ерда. Бош вазирники турибди ва президентнинг сиёсатига лаънат айтишяпти.

Атрофингда ўтирган одамларинг билан мана менга қилган душманликларинг. Бузишдан олдин калланг билан ўйлаб кўрмайсанми, бузгандан фойда борми ёки йўқ? У ноинсофларга шунча пул бердик 30-50 миллиардлаб, нима қиласан у пулни? Катта холангнинг пулими у молия вазирлигининг пули? Ё Ўзбекистонга ўтказиб қўйган жойинг борми?

Бировни ишдан олиш, жиноий жавобгарликка тортиш керак бўлса дарров адвокатга айланасизлар.

Буларни ўқиб мен қандай кабинетимда тинч ўтира оламан? - деди президент Шавкат Мирзиёев.

Озодлик Хоразм вилоят, Урганч туман, Ашхобод кўчасида истиқомат қилган минглаб одам 26 июль куни кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсиб қўйгани, одамлар ҳокимлик уйи бузилганларга товон пулини бермаётганига, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетганига норозилик билдиргани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган эди.

Бу воқеани эшитган президент Бош вазирни шошилинч тарзда Урганчга юборган, Абдулла Арипов норози аҳоли билан учрашиб, ўша куннинг ўзида товон пулини тўлаттирган эди.

"Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим?"

Президент Мирзиёев Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевни ҳам қаттиқ танқид қилиб, уни президент сиёсатини бутун дунёга шарманда қилганини айтди:

- Қашқадарёнинг валломати бор, Рўзиев деган, 5 йил қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ноинсоф. ДХХ раҳбари борганидан сўнг чиққан изоҳларни ўқи. Битта жиннининг қариндоши билан жанжал қилиб, менинг сиёсатимни бутун дунёга шарманда қилди. Ўзимни туманим, у қиламан, бу қиламан, дейсан. Битта тузукроқ кадринг йўқ, яна Деҳқонободга тирмашасан. Мана, сенинг менга қилган "дўстлигинг". Ўзбекистондаги ҳозирги ошкоралик, шаффофликни таъминлай, деб кечаю-кундуз юритаётган сиёсатимга атрофингдагилар билан қилган "дўстлигинг," - деди Шавкат Мирзиёев.

У одамлар уйини бузишга топшириқ бермаганини қўшимча қилди.

- Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман.

Мана, сенинг "дўстлигинг", жаноб Рўзиев! Ўзингни ўша туманга ҳоким қилиб юбораман, айтиб қўяй!", - деди президент Яккабоғда бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдирар экан.

Озодлик Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани ҳақида 22 июль куни хабар берган эди. Бу воқеа ортидан туман ҳокими ва унинг ўринбосари ишдан олинган эди.

"Мана, сенинг менга "дўстлигинг", Ғаниев деган валломат!"

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга ҳам алоҳида тўхталиб, президент тарбия қилиб юрган ҳоким "қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйганини" айтади:

- Мана, интернет фойдаланувчиларининг Риштон туманидаги кўчмас мулк бузилишларига нисбатан изоҳлари. Мен сизларга тайёр пул бераяпман, пулни "Обод қишлоқ" қилинглар, деб бераяпман. Мана, сенинг менга "дўстлигинг", Ғаниев деган валломат! - деди Шавкат Мирзиёев.

У Фарғона вилоятининг амаллари ортидан халқнинг президентга бўлган ишончига путур етаётганига ишора қилди.

- Мана, одамлар изоҳларда йиғлаяпти, сенинг расминг йўқ, президентнинг расми бор. Сен ноинсоф бориб, Эрмановга ўхшаб аҳмоқларча "буза, буз" дейсан. Бузишдан аввал сен ўз бошингни буз. Мен сени шунинг учун тарбия қилиб юрувдимми? Қош қўяман деб кўз чиқариб, бутун Ўзбекистонни...

Болалар меҳнати бор эди, энди у йўқ бўлди, энди бутун интернет президент топшириқ берган, бузиш, одамларни норизо қилиш билан тўлиб тошди.

Эй ноинсоф, Риштон бўйича ҳам сенга пул бериб айтдимки, Риштонни янгилаш керак, бироқ одамларни рози қилиб қилиш керак, деб. Жаноб Ғаниев, тажрибали ҳоким! Майли, Эрманов кеча келган ҳоким, Рўзиев иккаланг хиёнатчисан! Сизлар билан катта-катта ишларни амалга ошира оламизми? Ҳеч қачон ошира олмаймиз! Чунки сизларга бир топшириқ беришга одам қўрқади! Нега десангиз, савиянг йўқ, билиминг йўқ, китоб ҳам ўқимайсан, президентнинг қарорини ҳам, - деди Ўзбекистон президенти.

"Сизлар рози қилиш уёқда турсин, қилган ишинг одамларда норозилик уйғотиш бўлмоқда"

Мирзиёев эътирозли вазиятларни келтириб чиқарган вилоят раҳбарларига қандай чоралар кўрилишини ҳам айтиб ўтди:

- Шуларнинг ҳаммасини инобатга олиб, бош вазир тўртта секторнинг ишини ўрганиб, уларнинг масъулияти ва жавобгарлиги бўйича менга қарор таклиф қилади. Тўртта сектор ишламаяпти.

Иккинчидан, масъулият ва жавобгарликни ҳис қилиш йўқ.

Учинчидан, мен биринчи кунимдан такрорлаб келмоқдаман: одамларни бугун рози қилайлик, деб. Сизлар рози қилиш уёқда турсин, қилган ишинг одамларда норозилик уйғотиш бўлмоқда.

Сизларга ўхшаган ноинсофлар билан ишлаганим учун Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилаяпсизлар. Эрманов, Ғаниев, Рўзиев ва шунга ўхшаган одамлар.

Агар миқдорини олсак, икки ярим йилда тадбиркорлик учун ажратган пулимиз 30 йилда берилмаган. Бунинг натижаси иқтисодиётда, одамларнинг кайфиятида, ялпи ишлаб чиқаришда акс этиши керак. Ажратган кредитларимизнинг 60 фоизи ҳали иқтисодиётда ўзининг ижобий таъсирини кўрсата олгани йўқ, жаноб Қўчқоров. Бу қип-қизил сенинг айбинг!

"Интернет орқали халқдан кечирим сўрасин!"

Президент уч ҳокимдан Интернет орқали чиқиш қилиб, аҳмоқлигини тан олиши ҳақида топшириқ беради:

Эрмановнинг қилган қилиғи, Рўзиевнинг қилган хиёнати — бу маданиятсизлик.

Энди учови Интернет орқали мурожаат қилсин, Абдулла Негматович! Рўзиев ҳам, Эрманов ҳам, Ғаниев ҳам — ҳаммаси. Қандай қилиб мурожаат қилишини сиз ўзингиз айтинг.

Бутун элга айтсин: Ўзбекистонни ундай деб ўйламанглар, мен аҳмоқлик қилганман, мен хиёнат қилганман, деб. Миллат эмас, мамлакат эмас, давлат эмас, деб. Керак бўлса ўша блогерларни йиғсин, блогерларга ўзлари ҳисобот беришсин, - деди Шавкат Мирзиёев видеоселекторда.

Шарҳларни кўринг (47)

XS
SM
MD
LG