Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 16:17

"Обод маҳалла" дастурида ишлаган тадбиркор Олмазор ҳокимидан ҳақини талаб қилмоқда (ВИДЕО)


Ҳабибжон Йўлдошев Олмазор ҳокимияти олдида пикетда

“Обод маҳалла” давлат дастури асосида 2018 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилиш олиб борган фарғоналик қурувчи-тадбиркор Ҳабибжон Йўлдошев меҳнат ҳақи берилмаганидан шикоят қилиб, 5 августда туман ва шаҳар ҳокимиятлари олдига норозилик пикетига чиқди.

Олмазор ҳокимиятида Озодлик сўровига касодга учраган тадбиркор билан учрашишгани ва меҳнат ҳақи берилиши масаласи муҳокама этилаётганини билдиришди.

Айни дамда, ҳуқуқ фаоллари Тошкентда "Обод маҳалла" дастурига киритилган ҳар бир маҳаллага 3 миллиард сўм ажратилганини айтмоқда.

"Келажакка ишончим қолмади"

“Кенагас махсус-таъмир” ширкати раҳбари 35 яшар фарғоналик Ҳабибжон Йўлдошев 2018 йилнинг ёзида “Обод маҳалла” дастури асосида Олмазор туманининг “Иброҳим ота” маҳалласида жойлашган 9,11 ва 14-сонли кўп қаватли уйларни том, фасад ва кириш йўлакларини таъмирлаш учун шартнома тузади.

Озодлик билан суҳбатлашган Ҳабибжон Йўлдошев объектларни таъмирлаш учун 360 миллион сўмга шартнома тузгани, пулнинг ярмисини материаллар учун олгани, қолган қисмини оломаётганидан шикоят қилди.

- 3 домни том, фасадлари ва кам таъминланган бир аёлнинг уйини ремонт қилиб берганмиз. 360 миллионга келишган эдик, ундан 157 миллиони қолиб кетди. Биз материал олганмиз, ишчилардан қарз бўлганмиз, бу пулга ишониб, бошқа жойлардан ишчилар пулини бериб қўйганмиз. 2018 йил октябр охирларида топширган бўлсак, ундан бери “эрта бераман-индин бераман”! Олмазор туман ҳокимияти бериши керак, дейди Ҳабибжон.

Тадбиркор бу пулларни ололмагани боис 10 ойдан бери тинчи бузилгани, иш ҳақини беролмасдан ишчилари олдида фирибгарга айлангани ва қарзга ботиб кетган фирмаси банкротлик арафасида эканини айтади:

- Менда давлатимиз келажагига негатив кайфият уйғонаяпти. Арз қилмаган жойим қолмади – порталга икки маротаба, Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага ёздим, барча инстанцияларга чиққаним билан натижа йўқ. Ўртоғимни ўғлининг операциясига пулини беролмадим - бола нобуд бўлди. Бу бир руҳий зарба бўлди. Ўртоқларим сабр қиляпти, бошқа одамлар уйимга бостириб киряпти, қишлоқда “мошенник” деган ном олдим, одамлардан қочиб юрибман. Қарзларга ботган фирма эса банкротлик арафасида. Шу сабабли Вазирлар Маҳқамаси, Тошкент шаҳар ва Олмазор туман ҳокимиятлари олдига пикетга чиқишдан бошқа илож қолмади, деди Ҳабибжон Йўлдошев.

Фарғоналик қурувчи 5 августда ўзи уюштирган норозилик пикетига “Олмазор туман ҳокимидан ҳақимни берилишини талаб қиламан” деб ёзилган плакат ҳам кўтариб чиққан.

У билан Вазирлар маҳкамасида, Тошкент ҳокимиятида бир қанча мулозим билан суҳбатда бўлгани, ниҳоят уни Олмазор тумани ҳокими муовини Тўлқин Тешаев билан учраштиришгани маълум бўлди.

Ҳабибжон “Мени яна ўша олдин кирган кабинетларимга олиб киришди ва яна сабр қилишни сўрашди”, деди.

У солиқчилар олдида солиқдан қарзи борлиги туфайли Ўзбекистон ташқарисига чиқиб, пул ишлаш ҳам имконсиз эканидан афсусланди.

Ҳ.Йўлдошевнинг қўлида қолган ягона ҳужжат
Ҳ.Йўлдошевнинг қўлида қолган ягона ҳужжат

Олмазор тумани ҳокими муовини Тўлқин Тешаев Озодликка норозилик акциясини уюштирган йигит билан учрашиб, унинг ҳақи берилишига ишонтириб, деди:

- Учрашганман, қабул қилганман уни. Пули бўйича жавобини берганмиз. Бу бўйича шуғулланаяпмиз – ҳеч ким еб кетмайди, берилади пули! Ким билан гаплашган, ким билан келишган – ўзи билади. У ким билан шартнома тузганини ҳам бироз сўранг! Пул вақтида берилган, ўшанда тенг бўлиниши керак эди. Ҳокимиятни бу масалада айбдор қилиш керак эмас, деди пул нимага вақтида берилмаганини изоҳлашга уринган ҳоким муовини.

“Ҳар бир маҳаллага 3 миллиард сўмдан ажратилган!”

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, 2018 йилнинг октябрь ойида Олмазор туманининг "Иброҳим ота" маҳалласида “Обод маҳалла” дастури асосида қурилиш ишлари якунига етган.

Жумладан, янги қурилган бинолардан 48 оилага янги квартиралар калитлари топширилган, болалар майдончалари ва баскетбол майдони қурилиб битказилган.

Шунингдек, кам таъминланган оилаларга уй-жойлари таъмирдан чиқарилгани айтилган.

Айнан "Иброҳим ота" маҳалласидаги қурилишга июнь ойида Шавкат Мирзиёев шахсан ташриф буюрган эди.

Ўшанда президент маҳаллада 1960 йилларда қурилган 19та икки қаватли ва 4-та 4 қаватли уйларни таъмирлашни, 7-та икки қаватли арзон уй-жойларни ва битта боғчани қуриш режасини тасдиқлаб кетган эди.

- Бу ердаги одамларнинг ҳам бола-чақаси, эртанги кундан умидлари бор. Мамлакатимиздаги ўзгаришларни, қабул қилинаётган дастурлар натижасини одамлар ўз уйида сезиши керак", деган эди "Иброҳим ота" маҳалласидаги чиқишида Шавкат Мирзиёев.

Ҳабибжон Йўлдошев ишини тошкентлик мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли Шабнам Оллошукурова кузатиб бормоқда.

У ўзининг Фейсбук саҳифаси орқали қурувчи йигитнинг пикетидан тўғридан-тўғри трансляция олиб борди.

Озодлик билан суҳбатда Шабнам Оллошукурова фарғоналик тадбиркор билан бирга ҳокимият вакиллари билан учрашгани тафсилотига тўхталди.

- Дастлаб ҳоким муовини “Айнан Олмазордаги “Обод маҳалла” ҳомийлик пуллари эвазига қилинсин деган буйруқ бор!”, деган эди, кўрсатинг десам, кўрсата олмади. “Нимага булар ҳокимият билан эмас, маҳалла билан шартнома тузишган?”, десам, “Хабаримиз йўқ, ўзлари қилишган!”, деди. Улар Ҳабибжонни маҳалла раиси билан шартнома туздириб, “Пулни маҳалла ҳисобига ташлаб берамиз, оласан”, дея кафиллик берган. Қурилиш тугаганидан кейин улар маҳалла раисини бир аёлга сайловсиз алмаштириб ташлаган, у эса “Кимга борсанг бор – мен пул бермайман!”, деган, дейди Шабнам.

Маълум бўлишича, арз қилишни бошлаганини эшитиб қолган ҳокимият вакиллари Ҳабиб Йўлдошевдан шартномани тортиб олиб қўйган.

Озодлик билан суҳбатда Шабнам Оллошукуровага кўра, тадбиркор “Обод маҳалла” дастурига жалб қилиниб, ҳокимликлар томонидан ҳақи берилмаган биринчи тадбиркор эмас.

Унинг айтишича, Тошкент шаҳридаги ҳар бир дастурга киритилган маҳаллага 3 миллиард, вилоятларда эса ҳар бир қишлоққа 3 миллиард сўмдан ажратилди:

- Битта буни алдашмаяпти. Олмазорда кўплаб бошқа фирмаларни ҳам алдашган. “Хўп!” деб норози бўлиб кетворган тадбиркорлар жуда кўп. Ҳар бир “Обод маҳалла” дастурига тушган маҳаллага 3 миллиард сўм давлат томонидан ажратилган экан. Мен бу масалани кўтараман десам, менга таҳдидлар бўлаяпти. “Обод маҳаллада” бешта муҳим жиҳати бор: тоза ичимлик суви, электр, газ, йўл ва ички инфраструктура. Вилоятлардаги қишлоқларда худди шулари мавжуд бўлган қишлоқларни ташқи кўринишини уй эгасига бўяттириб, маҳаллани “обод” қиляпти. Лекин унга ажратилган 3 миллиард пул кимнинг чўнтагига кетяпти? - дея савол қўйди журналист ва блогер Шабнам Оллошукурова.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG