Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2019, Тошкент вақти: 06:24

Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан буён 14 млн долларга қисқарди

Марказий банк 13 августда эълон қилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми ярим йил якунлари бўйича 14 млн долларга камайиб, 1 август да 27,7 млрд долларни ташкил этди.

Бндан хорижий валютадаги активлар ҳажми - 12,28 млрд доллар (бир ой ичида +820 млн доллар), монетар олтин 15,08 млрд доллардан (-830 млн доллар) иборат.

Кун янгиликлари

Ҳукумат дон, ун ва нон савдосида бозор механизмларини тўлиқ жорий этишга қарор қилди

Иллюстратив сурат

14 октябрда Вазирлар Маҳкамаси дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, 2019 йил 15 октябрдан:

2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган буғдой ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа орқали сотилади;

давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун барча истеъмолчиларга 100 фоиз тўловни олдиндан амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади;

2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг 1 тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1300 минг сўмдан улгуржи нархда сотилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифаларига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси оширилиб, 50 000 сўм миқдорида белгиланди.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб компенсация оладиган аҳоли тоифаларига қуйидагилар ҳам қўшилди:

14 ёшгача бўлган болалари учун нафақа олувчи оилалар;

белгиланган энг кам миқдорда ёшга доир пенсия олувчилар.

Ўзбекистон рус тилини ўрганишни такомиллаштиришда Россия билан ҳамкорлик қилмоқчи

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев рус тили фани бўйича ўқишни такомиллаштириш, шунингдек, барча мактабларга рус тили фан ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар қилди.

Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган мазкур учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилгани, шунингдек, Ўзбекистондаги барча рус тили фани ўқитувчиларини қайта тайёрлаш учун Ўзбекистон россиялик мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдор эканлиги алоҳида таъкидлангани хабар қилинди.

Россиялик ҳамкорларга ўзбекистонлик ўқитувчиларини рус тилида билимларни синаб кўриш ва натижаларга кўра уларни қайта тайёрлаш дастурини амалга ошириш таклифи берилди.

Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистон ёшлари учун Россия университетларида педагогика йўналишида ўқишни ташкил қилиш масаласини кўриб чиқди.

Ўзбекистон томони россиялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ушбу соҳадаги таълим сифатини оширадиган ўқув дастурлари ва рус тилидаги дарсликларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

"Халқ таълими вазири ва Россия Федерацияси элчиси юртимиз мактабларига қўшимча бадиий адабиётлар тақдим этишда рус тилида таълим олиб борилмайдиган мактабларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш бўйича фикр билдирди/ Учрашувда республикамиздаги барча мактаб битирувчилари камида учта тилни - давлат, рус ва инглиз тилларини билиши кераклиги таъкидланди" дейилган хабарда.

МОИҲ ассоциацияси: Навоийдаги колонияда 5 маҳкум қийноққа қарши сиёсий очлик эълон қилди

Иллюстратив сурат. Қизилтепа шаҳридаги №64/4- жазо ўташ колониясига бу суратнинг алоқаси йўқ.

"Навоий вилоят, Қизилтепа шаҳридаги №64/4- жазо ўташ колониясида маҳкумларга қийноқ қўллаш ва шафқатсиз муносабатда бўлиш амалиётига халқаро жамоатчилик зудлик билан аралашиши лозим".

Бу баёнотни қароргоҳи Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси ўз расмий сайтида эълон қилди.

Ўзига келиб тушган маълумотга таяниб ташкилотнинг хабар қилишича, 10 октябрда №64/4- (64/(64/47) жазо ўташ колониясида сақланаётган маҳкумлардан 5 нафари ўзлари тушиб қолган вазиятга эътибор тортиш учун сиёсий очлик эълон қилган.

Ташкилотнинг хабар қилишича, 29 сентябрдан буён №64/4- (64/(64/47) жазо ўташ колониясининг жазо изоляторида 10 маҳкум сақланмоқда. Айтилишича, улар ғишт заводида ишлайди ва иссиқ ғиштни юклаш учун янги қўлқоп ва пойафзал беришини сўраб колония маъмуриятига мурожаат қилган.

“Колониянинг режим бўйича бошлиғи В.Ю.Рустамов ва колония бошлиғи К.Ш.Каримовлар маҳкумларнинг мурожаатига ўта шафқатсиз муносабат билан жавоб қилган.Рустамов шахсан таёқ билан маҳкумларнинг товонига ва таналарининг бошқа қисмларига урган ва шундан сўнг уларни жазо изоляторига қамаб қўйган. 10 октябрь куни 10 маҳкумдан 5 нафари ўзлари тушиб қолган вазиятга эътибор тортиш учун сиёсий очлик эълон қилган”, - дейилади Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси хабарида.

Ташкилот маълумотига қараганда, №64/4- (64/(64/47) жазо ўташ колониясида сақланаётган маҳкумлар ғишт заводида кечаю кундуз – 3 сменада ишлайди. Заводнинг 3 та ғишт пишириш цехида бир суткада 400 мингта ғишт пиширилади. Пишириш цехларидан ҳар 10-15 дақиқада вагончаларда чиқадиган иссиқ ғиштни маҳкумлар юк машиналарига ортиши лозим.

"Бу ишга ўзлари устидан чиқарилган ҳукмга биноан жабрланган томонга кўрилган зарарни тўлаб беришга ҳукм қилинмаганлар ҳам мажбурланади. Маҳкумларнинг бу объектда ишлатилиши Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига зид келувчи ва маҳкумларнинг Сталин Гулагидаги эксплуатациясига ўхшаш мажбурий меҳнат деб ҳисобланиши керак", - дейилган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси баёнотида.

Президент Бокуга, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитига жўнаб кетди

Ҳайдар Алиев маданият маркази. Боку шаҳри.

Президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити тадбирларида иштирок этиш учун 14 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрига жўнаб кетди.

Бу ҳақда давлат раҳбари расмий сайти хабар қилди.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Венгрия ҳамда Туркманистон делегациялари раҳбарлари Туркий кенгаш доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар, дейилади матбуот хизмати билдирувида.

Саммитда Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилиниши кутиляпти.

2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.

Ташкилотнинг 2018 йил, 3 сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида қатнашган эди.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

Афсонавий Оксана Чусовитина Гиннес китобига битилган ўз рекордини янгиламоқчи

Оксана Чусовитина Токио олимпиадасида 45 ёшида иштирок этади.

Еттита олимпиадада иштирок этгани ортидан Гиннес рекордлар китобига ёзилган ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида ҳам иштирок этади. Бу ҳақда 44 ёшли спортчи ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Оксана Чусовитина Токио олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионатида қўлга киритди.

Тelegraph нашрига берган интервьюсида Оксана Чусовитина Ўзбекистон учун Олимпиада медалини ютишни орзу қилишини айтган эди.

«Менинг орзуим — Ўзбекистон учун олимпия медалини ютиш. Рио-де-Жанейродаги Ўйиндан кейин карьерамни якунлаш-якунламасликни ўйладим, мен яна нималарнидир қила олишимни, менда ҳали куч-қувват етарли эканини ўйладим. Мен ўзимни яна бир марта синаб кўрмасам, у ҳолда умримнинг охирига қадар бундан афсусланаман, деб ўйладим», — деган эди спортчи.

Оксана Чусовитина 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, Пекиндаги Олимпиадада эса кумуш медалларини қўлга киритган.

Шунингдек, жаҳон чемпионатларида 3 мартадан олтин ва кумуш медал, 4 марта бронза медални қўлга киритган Чусовитина Осиё ўйинларининг 2 маротаба чемпиони бўлган.

Оксана Чусовитина гимнастика тарихида еттита Ёзги Олимпиадада иштирок этган ягона спортчидир. Унинг номи Гиннес рекордлар китобига ёзилган. 2017 йилда унинг номи Гимнастика халқаро шуҳрат саройидан жой олган.

Оксана Чусовитина "Дўстлик", "Меҳнат шуҳрати" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланган.

Президент Мирзиёев Япония Бош вазирига таъзия билдирди

Япониянинг сув босган шаҳарларидан бири.

Президент Шавкат Мирзиёев «Хагибис» тўфони оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Япония Бош вазири Синдзо Абэга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда 13 октябрь куни президент матбуот хизмати билдирди.

Сўнгги маълумотларга қараганда тўфонда 23 киши ҳалок бўлди, 166 киши жароҳатланди, 16 киши бедарак йўқолган ҳисобланмоқда.

Японияда 12 октябрь куни кучли ёмғирлар ва шамол билан бирга бошланган тўфон натижасида 14та дарё ўзанидан тошган. Табиий офат туфайли 200 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотидан узилган.

Мутахассисларга кўра, бу Японияга 1958 йилда ёпирилган ва 1200 кишининг умрига зомин бўлган «Ида» тўфонидан кейинги энг йирик тўфон бўлмоқда.

Петербургда яна қотиллик: ўзбекистонлик жиян амакисини ўлдирди

Иллюстратив сурат.

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик амаки ва жиян ўртасидаги ёқалашув қотиллик билан якун топди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 13 октябрда билдиришича, Санкт-Петербургнинг Калинин туманида 11 октябрда содир этилган муштлашув пайтида жиян амакисини ўлдириб қўйган.

Қотилликда гумон қилинган шахс қўлга олинган ва унга қарши жиноят иши қўзғатилган.

Ташқи ишлар вазирлиги бош консуллик вазиятни ўз назоратига олгани ва тергов идораларига юз берган воқеа бўйича қўшимча маълумот тақдим қилиш ҳақида сўров юборганини маълум қилди.

Аввалроқ Озодлик радиоси 16 сентябрдан 20 сентябргача Санкт-Петребургда камида 6 нафар ўзбекистонлик турли жароҳатлар ва миллатчилар ҳужумидан вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Сенат Ўзбекистондан ташқарига 10,5 минг долларни олиб чиқиб кетишга рухсат берувчи қонунни маъқуллади

Ўзбекистон сенати.

Олий Мажлис Сенати 23-ялпи мажлис давомида “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

Сенат матбуот хизмати бу борада тарқатган билдирувда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат валюта операцияларини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган”, қабилидаги маълумотлар берилди.

Регнум агентилиги эса қонунда Ўзбекистондан ташқарига 100 миллион сом эквивалентига тенг миқдорда валюта олиб чиқиб кетишга рухсат берилгани ҳақида билдирди.

Айни пайтда бу миқдор Марказий банк белгилаган валюта курси асосида ҳисобланганда 10, 5 минг долларни ташкил қилади.

Бунга қадар Ўзбекистондан фақат 5 минг долларгача бўлган маблағни олиб чиқиб кетилишига рухсат берилар эди.

Янги қонунга асосан Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахсларга хориж давлатларида банк ҳисоблари очишга ҳам рухсат этилди.

Судьялар учун икки турдаги махсус кийим намунаси тасдиқланди

Республикадаги барча судлар судьялари учун ишлаб чиқилган тўқ-кўк рангдаги махсус кийим (сурат Сенат сайтидан олинди)

Олий Мажлис Сенати 23 ялпи мажлиси давомида “Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Сенат сайтида хабар қилинишича, Ўзбекистонда судьяларнинг махсус кийимини белгилаш 2019 йилги давлат дастурида белгиланган ва шу асосда қарор қабул қилинган.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, йиғилишда сўзга чиққан сенатор Абдуқодир Тошқулов судьялик махсус кийими ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим қилган:

- республика судлари судьялари учун махсус кийим ранги тўқ-кўк, Конституциявий суд судьялари учун эса тўқ-олча рангда бўлади;

- махсус кийим таркиби 70 фоиз жундан иборат бўлади;

- тўплам махсус кийим, манишка ва ипак бўйинбоғ-пластрондан иборат бўлади ва у судьяларнинг индивидуал тана ўлчамлари бўйича, фақатгина судьялик гувоҳномаси асосида буюртмага қабул қилинади;

- судьялик махсус кийимининг тўплами учун ишлатиладиган мато қишки ва ёзги ҳолати бўйича ўзгариши мумкин;

- махсус кийимининг фойдаланиш муддати – 2 йил.

Конституциявий суд судьяларига мўлжалланган тўқ-олча рангдаги махсус кийим (сурат Сенат сайтдан олинди)
Конституциявий суд судьяларига мўлжалланган тўқ-олча рангдаги махсус кийим (сурат Сенат сайтдан олинди)

Сенат йиғилишида айтилишича, судьяларга махсус кийим жорий қилиш учун давлат бюджетидан 500 миллион сўм қўшимча маблағ ажратилиши керак.

Шунингдек, мажлисда махсус кийим намуналарини ишлаб чиқишда миллий қадриятлар билан бирга АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилгани айтилди.

"Судлар тўғрисида"ги қонуннинг 84-моддасида судьялар суд мажлисини махсус кийимда олиб бориши белгиланган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City очилди, деб эълон берди (ВИДЕО)

Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда ) президент куёви Отабек Умаров билан

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City комплекси очилганини эълон қилди.

12 октябрь оқшомида Инстаграм тармоғига қўйилган видеода ҳоким Tashkent City халқ учун расман очилди, деди.

"Қадрли ва азиз халқимиз! Бугун Tashkent City’нинг очилиш кунида ўтирибмиз. Ҳаммангизни эртадан бошлаб Tashkent City’га келишингизни, Паркини кўриб, ҳордиқ чиқаришингизни, оилангиз билан мазза қилиб, Тошкентимизнинг кейинги этапдаги яна бир ютуғини кўришингизни тилаб қоламиз, таклиф қиламиз!

Бу — халқимиз учун. Бу жой — миллатимиз учун. Илоҳим, миллатимизга ушбу яхши жой буюрсин! Халқимиз келиб, яйрасин! Фарзандлари билан ўйнаб, кулсин! Ҳаммаси халқимиз, Ўзбекистон халқи учун ва азиз, меҳрибон миллатимиз учун!" – деди ҳаяжонга тўлиб, сўзлаган Тошкент ҳокими.

Бу видеобаёнот бироз ўтиб Инстаграм тармоғидан ғойиб бўлганига қарамай, ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурди.

Tashkent City комплекси қурилиши 2017 йилда бошланган, шаҳарча қуриладиган ҳудуддаги аҳоли уйларининг бузилиши эса 2016 йилда бошланган.

Комплекс Тошкентнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилмоқда. Унда бизнес марказлари, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилиши режаланган.

Айни пайтда бу лойиҳа доирасида режаланган бузилиш ва қурилишлар ҳануз давом этмоқда.

Озодлик ва қатор Ғарб нашрларида Ўзбекистондаги қурилишлар, хусусан, Tashkent City қурилиши ҳақидаги кўплаб танқидий мақолалар чоп этилган.

2017 йилнинг 18 октябрь куни Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам инглиз, ҳам ўзбек тилида чоп этган мақола "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланган мақола шулар жумласидандир.

Guardian Cities лойиҳаси доирасида ҳозирланган мақолада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июль куни қабул қилган «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган Tashkent City лойиҳасининг унга ажратилган ҳудудда яшаб келган оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган.

ДХХ 150 минг долларга четга сотилаётган Қуръон қўлёзмасини тўхтатиб қолди

Қуръоннинг қадимий қўлёзма нусхаси (иллюстратив сурат)

Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси Қуръоннинг ноёб нусхасини қирғизистонлик фуқарога 150 минг АҚШ долларига сотишга уринган шахсларни қўлга олди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, ноёб китобни сотишга уринган шахс Бухорода яшовчи 49 яшар Ф. Ш.дир. Унга Қўқон шаҳрида яшовчи таниши А. Қ. ёрдам берган.

Келишувга асосан, китобни Ўзбекистон чегарасидан айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтказишни режалашган.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг экспертиза хулосасига кўра, бу китоб XVI асрда қўлёзма шаклида уста хаттот Мулла Юсуф Саххоф томонидан китоб шаклига келтирилган ва тахминан XIX аср охири XX аср бошларида қайта реставрация қилинган.

Агентликнинг ёзишича, Самарқанд ҳаттотлик мактаби услубида ёзилган, қарийб 5 асрлик тарихга эга, саҳифаларига олтин суви юритилган, беназир, қўлёзма китобнинг тахминий қиймати 1 миллиард 880 миллион сўмга тенг.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани айтилди.

Китобнинг ўзи эса Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилади.

Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган хорижликлар жиноий жавобгарликка тортилмайдиган бўлди

Шу пайтгача Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган хорижликлар жиноий жавобгарликка тортилган.  

Ўзбекистонда вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тартиби ўзгарди.

Эндиликда Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган хорижликлар жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Олий мажлис депутатлари қонунчиликка киритилган бу ўзгартишларни жума куни маъқулладилар.

Янги ўзгаришларга мувофиқ, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузгани учун белгиланган жаримани тўламаган тақдирда, кейинчалик Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи бир йил муддатга чекланган ҳолда мамлакатдан чиқариб юборилади.​

Шу пайтгача Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган хорижликлар жиноий жавобгарликка тортилган.

Қонун лойиҳаси мамлакат туристик салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида қабул қилингани айтилмоқда.



Тошкент аэропортида оғзида олтин олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

Текширув пайти, йўловчи оғзидан умумий оғирлиги 213 граммни ташкил этувчи, қиймати 70 миллион сўм атрофидаги иккита қуйма олтин доналари топилган .

Тошкент халқаро аэропортида қуйма олтин доналарини оғзида олиб ўтишга уринган шахс қўлга олинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси 12 октябр куни хабар қилди.

Қўмита билдирувига кўра, чет элга учиб кетаётган йўловчилардан бирининг ўзини тутиши божхоначилар эътиборини тортган.

Текширув пайти, йўловчи оғзидан умумий оғирлиги 213 граммни ташкил этувчи, қиймати 70 миллион сўм атрофидаги иккита қуйма олтин доналари топилган .

Олиб ўтишга уринилган олтиннинг тозаланмаган 992 пробали қуйма экани айтилмоқда.

Олтинлар мусодара этилган, ушбу воқеа юзасидан текширув олиб борилмоқда, дейилади Божхона қўмитаси билдирувида.

Мирзиёев Бокуда бўладиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида қатнашади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 октябрь кунлари Боку шаҳрида бўладиган Туркий тилли ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) еттинчи саммитида иштирок этади.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Венгрия ҳамда Туркманистон делегациялари раҳбарлари Туркий кенгаш доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар, дейилади матбуот хизмати билдирувида.

Саммитда Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилиниши кутиляпти.

2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.

Ташкилотнинг 2018 йил, 3 сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида қатнашган эди.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

МБ раиси инфляция суръати баландлигини Каримов давридаги хатолар билан изоҳлади

Олий Мажлис Сенати

Ҳақиқатан ҳам, охирги икки йилда биз онгли равишда шу нарсага [инфляция даражасининг юқори бўлишига] йўл қўйдик. Яъни инфляция даражаси маълум бир жиҳатдан бизда бошқа давлатларга нисбатан юқори бўлди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов баёнот берди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, Нурмуратов инфляция даражасининг юқори бўлишини бир неча омил билан изоҳлаган.

"Энг аввало, бошқа давлатлар 30 йил олдин бозор тамойилларига ўтиш чораларини кўришган бўлса, биз буни ҳақиқий ҳаётда охирги 3 йилда амалга оширдик. Биз шу пайтгача бошқариладиган нархларни ҳақиқий бозор ҳолатидан келиб чиқиб эмас, хўжалик субъектларига зарарига бўлса ҳам, нархларни паст даражада ушлаб турдик. Буни бозор кўтармайди. Шунинг учун биринчи навбатда қилаётган ишларимиз – бошқариладиган нархларни эркинлаштириш, бу – келгуси давр учун заминни мустаҳкамлаш мақсадида қилинди" деган Марказий банк раиси.

Нутқи давомида Ислом Каримов даврини билвосита танқид қилиб, амалдаги президентни мақтаб ўтган:

"Иккинчи сабаби эса – бу ҳам объектив сабаб – бизда 27 йил давомида инвестиция чанқоқлиги деган тушунча пайдо бўлди. Ҳукуматимиз, муҳтарам президентимиз ҳудудларда инвестицион фаолликни ошириш учун шароит яратиб бердилар. Бу мақсад ўз-ўзидан бўлмайди, бу албатта қўшимча маблағ ва ресурсларни иқтисодиётга чиқаришни тақозо қилди. Бу, ўз навбатида, банк кредитлари орқали, инвестицион кредитлар орқали, давлат ресурсларини чиқариш орқали амалга оширилди. Бу эса ўз-ўзидан иқтисодиётдаги пул миқдорининг кўпайишига олиб келди. Албатта, бунинг инфляцияга таъсири бор".

Тошкентдаги ресторандан 25 000 000 сўм ўғирлаганлар ушланди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳар, Яккасарой туман, Муқимий кўчаси 1-«А» уйда жойлашган «Поднебесная» ресторанидан 25 миллион сўмни ўғирлаб кетган шахслар қўлга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган Postda.uzга кўра, қўлга олинганлар Андижон вилоят, Марҳамат туманида яшовчи У. А. ва унинг маҳалладоши В.О. лардир.

Айтилишича, қўлга олинганлар 21 сентябрда ресторанга калит танлаш йўли билан кириб, омборхонадаги сейфдан ресторан иш бошқарувчиси У.Л.га тегишли 25 миллион сўмни ўғирлаган.

Тергов ҳаракатлари давом этаётгани хабар қилинди.

Сайлов-2019: Сиёсий партиялар МСКга имзо варақаларини топширди

10 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро Матбуот марказида мамлакатдаги сиёсий партиялар Сайлов кодексига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар ва сайловчиларнинг сиёсий партияни сайловлардаги иштирокини қўллаб-қувватловчи камида қирқ мингта имзоси бўлган имзо варақаларини тақдим этди.

Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Сайлов кампанияси эълон қилингандан кейин барча сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни олиб, сайловчиларнинг имзосини тўплашга киришган эди.

Сайлов кодексининг 38-моддасига мувофиқ, сайловчилар битта ёки бир неча партияни қўллаб-қувватлаб, имзо варақаларига имзо қўйишга ҳақли.

Сиёсий партиялар томонидан имзо варақаларидаги камчиликлар икки кунлик муддатда бартараф этилмаса ёхуд қўшимча имзо варақалари тақдим этилмаса, барча топширилган имзо варақаларидан ҳақиқий деб топилганлари инобатга олинади.

Марказий сайлов комиссиясига камчиликлари бартараф этилиб (қўшимча тўпланиб), тақдим этилган имзо варақалари тўлиқ текширилади ва уларнинг ҳақиқий деб топилганлари аниқланади.

Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 20 сентябрдан сайлов кампанияси бошланганини эълон қилган эди.

2019 йилнинг 22 декабри - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни, деб белгиланган.

ОАВ: 1 январдан импорт шоколад қимматлайди

Шавкат Мирзиëев шоколад ишлаб чиқарувчи Омилов фабрикасида.

2020 йил 1 январдан Ўзбекистонда қандолат маҳсулотлари ва шоколад импорти учун божхона божи ставкалари оширилади. Бу чора президентининг 2 октябрдаги қарорида кўзда тутилгани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди. Сайтга кўра, ҳужжат gazeta.uz таҳририятида мавжуд.

Таркибида какао бўлмаган шакардан (жумладан ок шоколад) тайёрланган қандолат маҳсулотлари учун импорт божи 30 фоизгача оширилади (ҳозирда — 20 фоиз).

Таркибида какао мавжуд бўлган шоколад ва бошқа тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун ставкалар ҳозирги 15 фоиздан 30 фоизгача оширилади.

2018 йилда қандолат маҳсулотлари ва шоколад учун божхона божи 10 фоиз даражасида эди.

Бишкекда 12 ёшли қизни зўрлашда гумонланган ўзбекистонлик қўлга олинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эълон қилган фотосурат.

Бишкекда 10 октябрь куни 34 ёшли ўзбекистонлик 12 ёшли қизни зўрлаганликда айбланиб қамоққа олинди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 5 октябрь куни соат 19:00да милицияга Катта Чуй канали ва Шопоков кўчалари кесишган жойда балоғатга етмаган қиз жинсий зўрлангани тўғрисида маълумот келиб тушган.

Мазкур воқеа юзасидан “жинсий зўрлаш” айблови билан жиноят иши қўзғатилди. 10 октябрь куни Ички ишлар вазирлигининг криминал милиция хизмати ходимлари томонидан жиноятда гумонланган Ўзбекистон фуқароси А.Ш., қўлга олинган.

Маълумотда билдирилишича, А.Ш., Бишкекдаги қурилишлардан бирида ишлаб келган. Аввал у Ўзбекистонда безорилик айблови асосида судлангани аниқланган.

“Эркак жиноятни содир этганини тан олди ва кўрсатма бермоқда”, дейилади Ички ишлар вазирлиги маълумотида.

Бош прокуратура Данғарадаги сазойи қилиш воқеаси тўғрисида баёнот тарқатди

Данғарадаги самосуд видеосидан олинган скриншот.

Бош прокуратура Фарғона вилоят, Данғара туман, Бешкапа қишлоғида ўғриликда гумонланган икки шахснинг сазойи қилиниши юзасидан 10 октябрь куни баёнот тарқатди.

Озодлик радиоси бу ҳодиса ҳақида 10 октябрь куни хабар берган эди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, мазкур воқеа 1 октябрь куни бўлиб ўтган. 1991 йилда туғилган Ахмаджон Н., ва 1968 йилда туғилган Аваз Х., Алижон Т.,нинг уйига ўғриликка киришиб, 12.500.000 сўм пулни ўғирлаб чиқишаётганида уй бекаси Одина Т. уларни кўриб қолган ва бақириб, қўшнилардан ёрдам сўраган.

Қўшнилар ўғрилик қилгани айтилаётган шахсларни қувлаб, Олтиқуш қишлоғида жойлашган “Султонбой” боғдорчилик фермер хўжалиги ҳудудида қўлга туширишган. Улар ўғриларнинг бўйнига арқон тақиб, ўша жойдаги терак дарахтига боғлаб қўйган. Бу ҳолат видеога олиниб, Телеграм канали орқали тарқатиб юборилган.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ўғриларни сазойи қилган шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.

Гумонланувчи Ахмаджон Н., ва Аваз Х.,ларга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилган. Улар ўғрилик қилганларини тан олганлар.

Қувада фермер 150 килоли авиация бомбасини топиб олди

Қува туманида топилган бомба. "Постда" газетасидан олинган сурат.

Фарғона вилоятининг Қува туманида бомба топилди. Бу ҳақда 10 октябрь куни “Постда” газетаси хабар берди.

Маълум қилинишича,7 октябрь куни соат 16:00ларда Қуванинг «Турк» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Абдуқодир” боғдорчилик фермер хўжалигининг гилос боғидан шартли белгиларсиз, узунлиги 94 сантиметр, оғирлиги 150 кило бўлган авиация бомбаси топилди.

Айни пайтда бомбанинг боғда қандай пайдо бўлиб қолгани, қанчалик хавфлилиги юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хабарда айтилишича, бомба йўқ қилиниши учун ҳарбий қисмга топширилган.

Мухожирлар тўққиз ойда Ўзбекистонга 4,5 миллиард доллар пул ўтказди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг январидан сентябригача Ўзбекистон аҳолисининг умумий халқаро пул ўтказмалари ҳажми 5 миллиард 200 миллион долларни ташкил қилди.

Марказий банкнинг билдиришича, бу пулнинг 4,5 миллиард доллари Ўзбекистонга хорижий давлатлардан халқаро пул ўтказмалари тизими орқали жўнатилган. Ўзбекистондан хорижий давлатларга эса 800 миллион доллар ўтказилган.

Маълум қилинишича, валюта маблағларининг халқаро пул ўтказмалари орқали тушуми ҳажми 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга ошган: 2018 йилнинг илк 9 ойида ушбу қиймат 3 миллиард 800 миллион долларни ташкил қилган эди.

Академик лицейлар ўқитувчилари маоши 1 январдан 2 бараварга оширилиши кутилмоқда

Академик лицейлар ва профессионал таълим тизимидаги таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари ҳамда ўқув ёрдамчи ходимларининг лавозим маошлари:

а) 2020 йил 1 январдан - 2 бараварга;

б) 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб - 1,2 бараварга оширилади.

в) 2020 йил 1 январдан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра техник, хизмат кўрсатувчи ва бошқа ходимларнинг лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорида қўлланилади.

Бу чоралар Ўзбекистон Республикаси президентининг “Академик лицейлар ва профессионал таълим тизими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳасида назарда тутилган.

Фармон лойиҳаси билан мана бу ерда танишиш мумкин.

Тошкентдан Екатеринбургга парвоз қилган самолёт Тюменга қўнишга мажбур бўлди

10 октябрь куни Тошкент-Екатеринбург йўналиши бўйича парвозни амалга ошираётган Uzbekistan Airways Миллий авиакомпаниясининг HY661 рейси Тюмендаги захира аэропортига йўналтирилди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар қилди.

Самолётнинг Тюменга йўналтирилишига Екатеринбургдаги аэропорт техник сабабларга кўра ёпилгани сабаб бўлгани хабар қилинди. Самолёт бортида 103 киши бор эди. Аэропорт очилганидан сўнг борт белгиланган манзилга учиб кетади.

РИА Новости маълумотларига кўра, пайшанба куни Екатеринбургдаги Кольцово аэропортига Ан-12 ҳарбий-транспорт самолёти фавқулодда қўндирилган. Қўниш вақтида ҳаво кемасида ёнғин чиққан, лекин олов бартараф этилган. Фавқулодда ҳодисага шассиларнинг чиқмай қолиши сабаб бўлган. Аэропорт фаолияти тўхтатилган

Афғонистондаги зилзиланинг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди

Афғонистонда 9 октябрь куни юз берган зилзила кучи соат 15:44да Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида ҳам сезилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси эпимарказда 5,5 баллни ташкил қилган.Тошкент зилзила эпимарказидан 524 километр узоқликда бўлган.

Зилзила кучи Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона, Гулистон, Жиззах, Самарқанд ва Қаршида 2 балл, зилзила эпимарказидан 293 километр олисда бўлган Термизда эса 2−3 балл бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG