Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:49

Ўзбекистонлик шифокорлар Самарада заҳарланган муҳожирларни бориб кўрди (ФОТО)


Россиянинг Самара областида ўта хавфли - зоокумарин моддасидан заҳарланган хоразмлик муҳожирларни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўллаган шифокорлар бориб кўрди.

Шу кунда шифохонада қолаётган муҳожирларнинг Озодликка билдиришича, Тошкентдан учиб борган икки шифокор ва Қозондаги консуллик вакиллари 17 август куни Самара шаҳар шифохонаси, 18 август куни эса Тольятти шаҳар шифохонасида бўлган.

Шифокорлар беморларга зарур барча ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган.

Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош токсикологи Рустам Акалаев ва бош гематологи Ҳамида Казакбаевалар заҳарланган муҳожирларни бориб кўриши ҳақида 17 август куни хабар қилганди.

Расмий маълумотга кўра, Самарадаги "Кошелевский посад" корхонасида ишлаган ва июль ойида "номаълум моддадан заҳарланиш" ташхиси билан касалхонага келтирилган жами 69 кишидан 48 нафари ҳануз даволанмоқда.

Улардан 4 нафари оғир аҳволда ва илк кез уларнинг исми-фамилияси расман эълон қилинди.

Булар Оғабек Артиқов, Исломбой Кучкаров, Фарҳод Хайитов, Омонбой Рўзимовлардир. 4 бемор 16 август куни даволанишни давом эттириш учун Москва шаҳридаги Гематология Миллий тиббий тадқиқотлар марказига олиб борилган.

Расмий баёнотда айтилишича, 44 ўзбекистонлик ҳамон Самара вилояти клиник шифохонаси ва 1-сон Толятти шаҳар клиник шифохонасида сақланмоқда.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалиги ишлари шуғулланиб, пул топаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида илк бор 18 июль куни хабар қилган эди. Орадан қарийб бир ой ўтиб - 15 август куни бу заҳарланганлардан бирининг вафот этгани хабар қилинди.

14 августда Тольятти шаҳар клиникасида 26 яшар О.С. вафот этгани тўғрисида унинг юртдошидан олинган хабарни, тилга олинган клиника қабул бўлими ходими тасдиқлаган.

Ўзбекистон томони расмий баёнотида заҳарланган бир меҳнат муҳожирининг вафоти борасида умуман маълумот берилмади.​

Ўзбекистонлик йигитнинг вафот этгани тўғрисида Самара вилоятида қолаётган унинг юртдоши, исми сир қолиш шарти билан, бундай деганди:

- Шу йилнинг февралида ишга келганди, шунда танишган эдим у билан. Далада ишларди биз билан, ер чопарди, мева терарди. У ҳам биздан – Ҳонқа районидан. Унинг қишлоғи мендан 6-7 км нарироқда. Оиласи – хотини ва иккита фарзанди Ўзбекистонда қолган. Оиласи ҳам эшитган уни вафот этганини.

18 август куни шифохонада қолаётган беморлардан олинган маълумотга кўра, вафот этган беморнинг жасади якшанба куни тушда Хоразмга етказилган. Жасадни жўнатиш сарф-ҳаражатини Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўлагани айтилди.

Самара вилоятининг Сизран туманида 69 нафар ўзбекистонлик ўта хатарли Зоокумарин препаратидан заҳарланган бўлиши мумкинлигини Озодликка Тольятти шаҳридаги 1-сонли касалхона бош шифокори Леонид Разливинский айтган эди.​

“Кошелевский посад” фирмаси директори Наиль Шаркаев заҳарланган Ўзбекистон ватандошларини даволашга кетадиган барча ҳаражатлар корхона ҳисобидан қопланаётганини 14 август куни Озодликка билдирган эди.

XS
SM
MD
LG