Линклар

Шошилинч хабар
03 август 2020, Тошкент вақти: 20:14

Ўзбекистон хабарлари

1 киши ҳалок бўлди, 22 киши тан жароҳати олди - бугун Самарқанд вилоятида содир бўлган ЙТҲ

Воқеа жойида олинган сурат. 2019, 3 сентябрь

3 сентябрь куни тахминан соат 07:00 да Самарқанд вилоят, Жомбой туман, Бешбола қишлоғи худудида “ISUZI” автобуси билан МАN юк автомашинаси тўқнашиши оқибатида автобус йўловчиларидан 1 киши ҳалок бўлди, 22 нафари турли даражадаги тан жароҳати олди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлимига кўра, автобусда 31 йўловчи бўлган. Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига 5 дақиқада етиб борган. Жами 8 та Тез тиббий ёрдам бригадаси кўмагида жароҳатланганларнинг барчаси тезкор равишда Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан беморларга ўз вақтида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида санитар авиация хизмати орқали нейрохирург, хирург, травматолог каби қатор тажрибали мутахассислар сафарбар этилгани хабар қилинди.

Айни пайтда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳатланганларнинг 6 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига даволаниш учун кўчирилган, 3 нафар беморга Жомбой туман тиббиёт бирлашмасида, 13 нафар беморга эса амбулатор тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳалокат оқибатида жабрланганларга юқори малакали тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қўшимча дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб берилди, дейилган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Кун янгиликлари

Жалолиддин Мангуберди роли турк актёрига берилди

Жалолиддин Мангуберди ролини ўйнаётган турк актёри Эмре Кивилжим.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги буюртмасига кўра, “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда Туркияда “Жалолиддин Мангуберди” сериалини суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбеккино" Миллий агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Туркиянинг "Bo‘zdag‘ film" студияси томонидан суратга олинаётган кўп қисмли фильм режиссёри Меҳмет Бўздағ бўлиб, сериал сценарийсини ёзувчи Назар Эшонқул ёзган.

Айни пайтда Туркиянинг Ақсарай вилояти ҳудудида суратга олинаётган сериал учун махсус тарихий декорациядан иборат павильон қурилган.

Фильмда бош қаҳрамон Жалолиддин Мангуберди ролини турк актёри Эмре Кивилжим (Emre Kıvılcım) ижро этади. Шунингдек, сериалда Тоҳир Саидов, Жавоҳир Зокиров, Акбархўжа Расулов, Саида Раметова, Райҳон Уласенова, Раъно Шодиева, Феруза Норматова, Юлдуз Ражабова каби ўзбекистонлик актёр ва актрисаларнинг ҳам роль ижро этиши кутилмоқда.

“Ўзбеккино” маълумотига кўра, сериалнинг илк мавсуми 13-қисмдан иборат бўлади.

Андижонда қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институт ташкил этилади

Андижондаги Бобур майдони.

Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади. Бу ҳақда, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг 30 июль куни имзоланган “Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ўрнига агротехнологиялар техникумлари ташкил этиш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат аграр университетида бакалавриат йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Қарорда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар жорий этилиши қайд этилган:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ОТМларга соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгилаш ҳамда тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;
  • хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтириш;
  • бакалавриат йўналишида касбий таълим бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.

Ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Агроинновация” ДУК ва Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги “Ғўза уруғчилиги маркази” негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази ҳам ташкил этилган.

“Шайтанат” ва “Темир хотин” сценаристи оламдан ўтди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик таниқли режиссёр ва сценарист Маҳмуд Тўйчиев 69 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Агентлик унинг вафотига нима сабаб бўлганига аниқлик киритмаган.

М. Тўйчиев ўзбекистонлик киномухлисларга “Темир хотин”, “Шайтанат”, “Катта ойи”, “Аёллар салтанати” каби фильмларнинг сценарий муаллифи сифатида яхши таниш бўлган.

Маҳмуд Тўйчиев.
Маҳмуд Тўйчиев.

Маҳмуд Тўйчиев 1951 йил 26 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1980 йил Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) сценарий бўлимини тугатган.

Давстатқўм: Июль ойида нархлар 0,3 фоизга пасайди

Жорий йилнинг июль ойда истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ўртача 0,3 фоизга пасайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг куни кеча ёйинланган ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, нархлар пасайишига бозорларнинг мева-сабзавот ҳосили билан тўйингани сабаб бўлган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари 1,3 фоизга арзонлаган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса 0,5 фоизга қимматлаган. Хизматлар ҳам 0,4 фоизга қимматлаган, айниқса транспорт ва тиббий хизматлар учун тўланадиган ҳақ ошгани айтилмоқда.

Йил бошидан буён нархлар ва тарифлар ўртача 4,3 фоизга (озиқ-овқат маҳсулотлари 4,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 4,1 фоизга, хизматлари эса 3,6 фоизга) ошган.

Ўтган бир йил ичида эса ўртача нарх ошиши 14,4 фоизни ташкил қилган.

Умумий овқатланиш соҳасида нархлар ўтган бир ой ичида деярли ўзгарган эмас. Йил бошидан бери эса бу соҳада нархлар 6,2 фоизга ошганди.

Евронинг расмий курси 12 минг сўмдан ошди

A picture illustration shows Euro and U.S. dollar banknotes in Sarajevo

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 4 августидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 2 сўм 17 тийинга қимматлаб, 10 минг 209 сўм 86 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 2 сўм 70 тийинга арзонлаб, 10 минг 207 сўм 69 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 125 сўм 5 тийинга ошиб, 12 минг 21 сўм 9 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 229 сўм 65 тийинга ошиб, 11 минг 896 сўм 4 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Наманганда ишсизларга ажратилган бюджет пулларини мансабдорлар ўзлаштиргани аниқланди

Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

Наманганда ишсизларга берилиши лозим бўлган 216,2 миллион сўм бюджет маблағи талон-тарож қилингани аниқланди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдорлари 204 фуқаронинг жамоат ишларига жалб этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.

Ҳужжатларда исмлари акс этган шахслар марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатида ҳам бўлмаган. Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

“Мазкур ҳолат юзасидан марказ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, -дейилади хабарда.

Аввалроқ маҳаллий матбуот 7 июлда Тошкентнинг Сергели туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун хайрия ҳисобига келиб тушган 95,8 миллион сўм “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилингани маълум бўлгани ҳақида хабар берганди.

Озодлик мақоласи ортидан Фарғона ИИБ ўқитувчини қийноққа солганлар устидан текширув бошлади

Шуҳрат Жўраев Фурқат тумани Тиббиёт бирлашмасида кўрикдан ўтмоқда.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси Озодлик радиосининг Фурқат туманида мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Жўраев қийноққа солингани юзасидан мақоласига муносабат билдирди. Расмий билдирувда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ва хизмат текшируви бошланган.

“ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Шунингдек вилоят ИИБ томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади”, - дейилади хабарда.

31 июль куни Фарғона вилоятининг Фурқат туманида 35 ёшли ўқитувчи Шуҳрат Жўраев туман ИИБ нинг икки ходими уни мактабда компьютер ўғирланишига алоқадорликда айблаб, жиноятга иқрор этиш учун калтаклагани, ҳақоратлаб қийноққа солгани ҳақда Озодликка айтиб берган эди.

Ўшанда Фурқат туман ИИБ навбатчиси Жўраевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамаган.

Фурқат туман прокуратураси мактаб ўқитувчисининг туман ИИБ ида қийноққа солингани ҳақдаги даъволари юзасидан терговолди суриштируви ўтказилаётганини Озодликка тасдиқлаганди.

Сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинганлар сони 275 нафарга кўпайди

16 507 бемор тузалди ва соғайиш даражаси 64 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони, 3 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 25 828 нафарга етди. Бу 2 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 275 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 122 нафари Тошкент вилояти, 56 нафари Тошкент шаҳрида, 26 нафари Самарқанд вилоятида, 16 нафари Қашқадарё вилоятида, 13 нафари Қорақалпоғистон Республикасида, 12 нафари Сурхондарё вилоятида, 11 нафари Хоразм вилоятида, 10 нафари Сирдарё вилоятида ҳамда 9 нафари Фарғона вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий хабарида.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 16 507 бемор тузалди ва соғайиш даражаси 64 фоизни ташкил этмоқда.

Касалхоналарда 9 166 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан яна 6 киши вафот этди. Беморлардан 215 нафари ўта оғир аҳволда

2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда 2 август куни коронавирусга чалинган 6 киши вафот этди. Уларнинг 5 нафари Тошкентда, 1 нафари Андижонда даволанган бемордир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони расман 153 кишига етди. Бироқ норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда. Жумладан, “Дарё” нашри 2 август куни ўз ҳисобича, коронавирусдан вафот этганлар сони камида 161 нафарга етганини хабар қилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 2 август 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 770 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 99 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 671 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

"2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 25 553 нафар бемордан 16 507 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этмоқда",- деб билдирди вазирлик.

Расмий хабарда айтилишича, айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 893 нафар бемордан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда уй карантинида 72 700 нафар, стационар карантинда эса 20 536 нафар киши тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Андижонда 63 ёшли эркак, Тошкентда 56 ёшли аёл коронавирус асоратлари сабаб вафот этди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, андижонлик эркак “COVID-19” тасдиқлангач, нафас етишмовчилиги белгилари кучайган ҳолатда вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 56 ёшли аёлда “COVID-19” тасдиқлангач, тана ҳарорати кўтарилиб, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабаб Тошкент тиббиёт академиясининг клиникасига ётқизилган.

Аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шишидан вафот этган.

ССВ ҳисоб-китобига кўра, коронавирус қурбонлари сони 151 нафарга етган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 296 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, жами коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 336 нафарга етган.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 833 нафар бемор соғайган.

Расман: Карантиндан сўнг болаларнинг масжидларда намоз ўқишига қаршилик қилинмайди (ВИДЕО)

Каримов даврида масжидларга борган болаларнинг ота-оналарига жарима солинганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1 август куни эълон қилган расмий баёнотда карантин тугаганидан кейин болаларнинг ҳам мажсидларда намоз ўқишларига ҳеч қандай тўсқинлик қилинмаслиги таъкидланган:

“Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди”.

ИИВнинг Телеграмдаги расмий саҳифасида видео тарзида эълон қилинган баёнотда ҳозирда пандемия сабаб бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам масжидларда жамоа билан намоз ўқишга чеклов ўрнатилгани ва бу чеклов карантин тугаши билан босқичма-босқич олиб ташланиши айтилган:

“Карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади”.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида болаларнинг масжидда намоз ўқиши қаътий тақиқланган эди. Бу чеклов Мирзиёев даврида бироз юмшагани кузатилди, бироқ айрим жойларда болаларни масжидларга киритмаслик ҳолатлари ҳамон давом этаётганди

Covid-19: Беморлар сони расман 25 мингдан ошди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мамлакатда яна 257 кишида коронавирус аниқлангани ва жами беморлар сони 25 мингдан ошгани ҳақида хабар берди:

«2020 йил 2 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 040 нафарни ташкил этмоқда».

Расмий маълумотга кўра, 1 август куни 774 кишида вирус аниқланган бўлиб, бу пандемия бошланганидан буён Ўзбекистондаги энг юқори кунлик кўрсаткичдир.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 299 нафар бемор соғайган, 148 бемор оламдан ўтган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Коронавирусдан вафот этган Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязов Нукусда дафн этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.

Коронавирусга чалингач 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги "Шорша баба" қабристонига дафн этилди.

Минглаб қорақалпоғистонлик, ҳукумат вакиллари, марҳум яқинлари, Ерниязовни сўнгги йўлга кузатган.

1 август куни Нукусга борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.

"Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади", деган Мирзиёев.

Муса Ерниязов 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қорақалпоғистон раҳбарининг ўрнига ким вақтинча тайинлангани ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Мирзиёев Қорақалпоғистон раҳбарининг ўлими ортидан Нукусга йўл олди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Нукус шаҳрига йўл олди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақда хабар қилинганидан бир кун ўтиб амалга ошмоқда.

31 июль куни Ерниязов вафот этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 73 ёшли Муса Ерниязов 24 июнь куни Covid-19 инфекциясини юқтиргани, бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилган.

Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси хотирасисга таъзия маросимида қатнашиши кутиляпти.

Муса Ерниязов 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қорақалпоғистон раҳбарининг ўрнига ким вақтинча тайинлангани ҳозирча эълон қилингани йўқ.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" келаси икки ҳафтада 24та чартер рейсни амалга оширади

Охирги бир ойда ўттиздан ортиқ чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган.

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ватандошларини олиб келиш учун 2- 16 август кунлари 24та чартер рейс ташкиллаштирган.

Бу давр ичида Россия, Жанубий Корея, Туркия, Миср, БАА, АҚШ, Япония, Хитой, Ҳиндистонга ҳаво қатновлари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди. Парвозларнинг тўлиқ рўйхати, санаси ва вақти вазирлик расмий сайтида эълон қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хориж давлатларида қолиб кетган 10 мингдан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилиши, 100 мингдан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, навбат кутаётгани ҳақида маълум қилганди.

Охирги бир ойда ўттиздан ортиқ чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган. Уларнинг кўпчилигида касаллик аниқланган.

"Straus House"дан кўрилган зарар миқдори очиқланди

"Straus House" туяқуш ширкати билан боғлиқ жиноят иши доирасида 298 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган ва улар кўрган жами зарар миқдори 6 617 444 500 (олти миллиард олти юз ўн етти миллион тўрт юз қирқ тўрт минг беш юз) сўмни ташкил этган.

Жиноят иши доирасида етказилган моддий зарарларни қоплаш учун ширкатнинг 1 миллиард сўмдан ортиқ мулки хатланган.

Бу ҳақдаги маълумотларни Кун.уз нашри ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига таяниб эълон қилди.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги суд Straus House МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроиловни 9 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Жиноят иши доирасида ширкатнинг яна уч ходими 5 йилдан 8 йилгача муддатларга қамалди.

"Straus House" ширкатига туяқуш олиш учун миллионлаб миқдорда пул тўлаб, жўжаларни ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар пулини ундириб беришни талаб қилиб чиқишганди.

Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязов вафот этди

Муса Ерниязов

Нукусда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда 31 июль куни ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалингани тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб Озодлик 19 июлда хабар қилган эди.

Ўшанда бу икки мулозимнинг аҳволини Ўзбекистонга борган германиялик мутахассислар таҳлил қилган ва ҳолатини барқарор, деб топган.

Маълумотга кўра, Муса Ерниязов Нукус, Тўра Боболов эса Тошкентда даволанаётган эди.

27 июлда маҳаллий нашрлар Жўқорғи Кенгес раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақида хабар эълон қилгани учун Қорақалпоғистондаги учта ОАВ: Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz бош муҳаррирлари кечаси прокуратурага чақирилган. Makan.uz раҳбари Лолагул Қаллихановани уйидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олиб кетишган. Икки журналистнинг телефон ва ноутбуклари олиб қўйилган.

Gazeta.uz нашрининг 28 июлда хабар қилишича, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокурорига тунда прокуратурага чақирилган ҳамда телефонлари ва ноутбуклари тортиб олинган журналистлар билан бўлган воқеа юзасидан танбеҳ берган.

Навоий вилояти ҳокими Тошкентда муолажа олмоқда

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов.

Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов 2020 йилнинг 27 июлидан буён Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Бу ҳақда маълум қилган Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳокимнинг қандай хасталикка чалинганини очиқламаган.

Маълумотларга кўра, К. Турсунов ўтган 4 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда.

“Навоий вилояти ҳокими тўлиқ даволаниб, яқин кунларда иш фаолиятини давом эттиради”, дейилади хабарномада.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов ҳам Тошкентда коронавирусдан даволанаётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Шунингдек, 30 июль куни АОКА залида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев ва Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязов муолажа олаётгани айтилган. Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимовга кўра, М. Ерниязовнинг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

Мирзиёев ўзбекистонликларни Қурбон ҳайити билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ватандош мусулмонларни 31 июлга белгиланган Қурбон ҳайити муносабати билан муборакбод этди.

Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни, юртимиздаги барча мусулмон умматини чин қалбимдан самимий табриклайман”, дейилади президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган Ш.Мирзиёев қутловида.

Ўз табригида президент дунё давлатлари қатори Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган оғир синов – коронавирус пандемияси шароитида мамлакат аҳли Қурбон ҳайитининг жамият ҳаётидаги беқиёс ўрни ва улкан аҳамиятини янада чуқур ҳис этаётганини урғулаган.

Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади”, деган Ш. Мирзиёев.

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, минг афсуски, ўзбекистонликлар орасида ушбу касалликдан вафот этганлар ҳам бўлгани эслатган президент уларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин қалбдан ҳамдардлик билдириб, барчаларига сабр-бардош тилаган, Яратгандан марҳумларнинг охиратлари обод бўлишини сўраган.

Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз. Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда”, дейилади президент табригида.

Алишер Усмонов тез ёрдам бригадалари учун 100 миллиард сўм ажратди

Алишер Усмонов.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов томонидан тез тиббий ёрдам бригадалари ходимлари учун 100 млрд сўм (10 млн АҚШ доллари эквивалентида) миқдорида ҳомийлик хайрияси ажратилди. Бу ҳақда ЎзА агентлиги ўз Телеграм-канали орқали хабар қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти томонидан 30 июль куни имзоланган фармонга мувофиқ, “тез ёрдам” ходимларига (врач, фельдшер, санитар ва ҳайдовчилар) бир марталик пул мукофоти бериш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳақида маълум қилинганди.

Айни пайтда ҳукуматнинг 30 июлда қабул қилинган 458-сонли қарорида ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш учун жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш тўловлари берилиши қайд этилган. Қарорга биноан “тез ёрдам” врачларига 5 млн сўмдан, ўрта тиббиёт ходимларига (фельдшер ва санитарлар) 4 млн сўмдан, ҳайдовчиларга эса 3 млн сўмдан бериш кўзда тутилган.

Азимжон Асқаровнинг Ўзбекистонда дафн этилиши тасдиқланди

Азимжон Асқаров (архив сурати).

Бишкекдаги 47-колонияда оламдан ўтган Азимжон Асқаровнинг рафиқаси, ўғли ва бошқа оила аъзоларининг ҳуқуқ фаолини Ўзбекистон ҳудудида дафн этишга оид мурожаатига биноан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон томони билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказган. Ўзаро музокаралар натижасига мувофиқ, А. Асқаров оила аъзоларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг талабларини қаноатлантириш юзасидан келишувга эришилган. Бу ҳақда davletovuz Телеграм-канали маълум қилди.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 69 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 25 июль куни 47-колонияда вафот этган. Жазони ўташ давлат хизмати у 24 июль куни “ўнг томон пневмонияси” ташхиси билан 19-колониядан олиб келинганини маълум қилган.

Ҳуқуқ фаолининг жасади 30 июль куни рафиқаси Хадича Асқаровага топширилган ва майит ортилган микроавтобус кеча Ўш томон йўлга чиққан.

Озодликнинг Ўшдаги мухбири хабарига кўра, 31 июль куни эрталаб Азимжон Асқаровнинг жасади яқинлари ҳамроҳлигида ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш маскани орқали Ўзбекистон ҳудудига ўтказилган.

Турмуш ўртоғининг майитига ҳамроҳлик қилаётган Хадича Асқарова "Дўстлик" чегара масканида, 2020 йил 31 июли.
Турмуш ўртоғининг майитига ҳамроҳлик қилаётган Хадича Асқарова "Дўстлик" чегара масканида, 2020 йил 31 июли.

Дастлабки маълумотларга мувофиқ, марҳум ҳуқуқ фаоли Тошкент вилоятида дафн этилади.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

А.Асқаровнинг вафотидан сўнг қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийлари номига танқидий фикрлар билдириб, унинг ўлими билан боғлиқ вазият юзасидан суриштирув ўтказишга чақирган.

COVID-19: Тошкентда тўрт, Бухорода бир бемор вафот этди

Ўзбекистонда 30 июль куни коронавирус инфекциясига чалинган яна 5 нафар бемор вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, оламдан ўтганларнинг 4 нафари Тошкент шаҳридан, яна бири Бухоро шаҳридан бўлган.

Бухоро шаҳрида яшаган 68 ёшли М.М. (аёл), Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшаган 57 ёшли З.И. (эркак), Шайхонтоҳур туманида яшаган 60 ёшли М.А. (аёл), яна Шайхонтоҳур туманида яшаган 60 ёшли З.Г. (эркак) ва Мирзо Улуғбек туманида яшаган 59 ёшли Қ.Р. (эркак) нинг коронавирус инфекцияси юқтириб олгани тасдиқланган. Уларнинг ҳаммасида ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлган.

ССВ қайдича, шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморлар оламдан ўтишган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 136 нафарга етган.

Ўтган кеча-кундузда қарийб 750 бемор соғайди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 30 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 23271 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Пайшанба куни мамлакат бўйлаб 686 та касаллик ҳолати қайд этилган, уларнинг 58 нафари карантин марказидаги фуқаролар орасида, 628 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида аниқланган.

Айни пайтда кеча Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Андижон, Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Бухоро вилоятларида жами 743 нафар бемор соғайган. Бу Ўзбекистонда тузалганлар сони бўйича янги рекорд кўрсаткичдир. Соғайганларнинг умумий сони эса, ССВ маълумотига кўра, 13680 нафарга етган.

Қолган 9455 нафар бемордан 436 нафарининг аҳволи оғир, 181 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.

Бухоро вилоятининг эски ҳокими ҳам, амалдаги ҳокими ҳам коронавирусга чалинди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусга чалинган ва айни пайтда даволанмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги залида 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари маълум қилдилар.

Ўктам Барноев ҳозирги лавозимига келгунига қадар Бухоро вилояти ҳокими вазифасида ишлаган.

Брифингда Бухоро вилоятининг амалдаги ҳокими Карим Камолов ҳам коронавирус юқтириб олгани ва ҳозирда Тошкент шаҳрида даволанаётгани билдирилган. Унинг Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов билан биргаликда муолажа олаётгани қайд этилган.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимовга кўра, Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

“У респиратор муолажалар олмоқда, ўпкани сунъий шамоллатиш тартибида даволанмоқда”, деган А. Алимов пайшанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.

Муҳтож оилаларга тарқатиш учун 150 млрд сўм ажратилди

Ўзбекистонда ҳукуматнинг шу йил 29 июлида имзоланган фармойишига мувофиқ, “Саховат ва кўмак” фонди орқали ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Эҳтиёжманд оилаларга моддий кўмак кўрсатиш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 150 млрд сўм ажратилиши белгиланган.

Бу маблағ ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланган:

  • Қорақалпоғистон Республикаси – 10 миллиард сўм;
  • Андижон вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Бухоро вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Жиззах вилояти – 5 миллиард сўм;
  • Қашқадарё вилояти – 20 миллиард сўм;
  • Навоий вилояти – 5 миллиард сўм;
  • Наманган вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Самарқанд вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Сурхондарё вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Сирдарё вилояти – 5 миллиард сўм;
  • Тошкент вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Фарғона вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Хоразм вилояти – 10 миллиард сўм;
  • Тошкент шаҳри – 25 миллиард сўм.

Қайд этилишича, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари 2 кун муддатда ушбу маблағларни аҳолига тарқатилишини таъминлаши лозим.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG