Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 19:12

OzodDayjest: Депутатларининг айрим ҳуқуқлардан маҳрум этилгани “катта йўқотиш” деб баҳоланди


Ўзбекистон Олий мажлиси йиғилиши.

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи ўзбек тилига ҳурматсизлик қилмоқда. Тошкент халқаро аэропортида сумка ўғирлаган аёл қўлга тушди Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Парламент депутатлари бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум этилди

Жорий йил 4 сентябрда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга асосан 1995 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида”ги қонуни ўз кучини йўқотди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Телеграмдаги саҳифасида парламент аъзолари бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум этилганига эътибор қаратди.

Эски қонунчиликка кўра, депутат тегишли ҳокимият вакиллик органи назорати остидаги ташкилотларда фуқароларнинг муҳим манфаатларига тааллуқли бўлган ҳар қандай масала кўриб чиқилишида иштирок этиши мумкин эди.

Эндиликда депутат ҳар қандай масала эмас, фақат ҳокимлик ва ташкилот рухсат берган масалалар муҳокамасидагина иштирок этиши мумкин.

Қайд этилишича, янги қонун кучга кириши билан Олий Мажлис депутатларига халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари эшиги ҳам ёпилган.

Илгари парламент аъзолари қуйи кенгашлар мажлисларида маслаҳат овози билан иштирок этиши мумкин эди. Эндиликдан депутатлар бу ҳуқуқдан маҳрум бўлди.

Р.Кушербаев депутатларнинг ваколатлардан маҳрум этилишини адолатни тиклаш йўлида катта йўқотиш деб атаган.

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи давлат тилини менсимаётир

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунини бузмоқда (www.uza.uz, 6 cентябрь).

Қайд этилишича, ушбу брендга тегишли барча дўконларда нархлар рус тилида кўрсатилган.

“Асосан ўзбек тилида сўзлашувчи аҳолидан иборат даҳалардаги аксарият Korzinka.uz дўконларида ҳам ўзбекча нархномани учратмайсиз.

Ҳатто халқ тилида айтиладиган “ёпган нон” ҳам ушбу дўконларда “лепёшка” тарзида қайд этилган.

Қизил қовунни эса рус тилига таржима қилишда бироз тер тўкиб “дыня красномяско” сўзини ихтиро қилишганига “офарин” дейсиз”, деб ёзади муаллиф.

Таъкидланишича, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида нархномалар давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши лозимлиги белгиланган.

Мақолада давлат тилини менсимаган, жамоат жойларида ўзбек тилини ҳурмат қилмаган тадбиркорлар қонун олдида жавоб бериши кераклиги эслатилган.

Тошкент аэропортида сумка ўғирлаган аёл қўлга тушди

Тошкент халқаро аэропортида сумка ўғирлаган аёл қўлга тушди (“Ҳуқуқ”, 12 сентябрь).

Қайд этилишича, Истанбул – Тошкент йўналишида учиб келган 35 ёшли аёл аэропортдаги махсус лентадан аввал ўзига тегишли юкларни олади, сўнг шайтон васвасасига учиб, фарғоналик аёлга тегишли қора сумкани ўғирлаб, туғилган жойи – Андижонга равона бўлади.

Ўғирлик ҳуқуқ идоралари томонидан қисқа муддатда очилган. Ушбу жиноятни содир этган аёл жабрланувчига 610 долларлик зарарни қоплаб берган.

Хабарга кўра, айбланувчининг пушаймонлиги ва жабрланувчининг даъвоси йўқлиги сабаб тарафлар ЖПКнинг 584-моддасига кўра яраштирилган.

XS
SM
MD
LG