Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:57

OzodDayjest: Гўшт нархининг кўтарилишига ўзбекларнинг "гўштхўр"лиги сабаб эмас


Ҳокимликлар гўшт нархи борасида қош қўяман деб кўз чиқармоқда. Навоийда қадимий минора қолдиғи топилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Фарғонада “Обод қишлоқ” дастури ижроси ўлда-жўлда экани аниқланди

Фарғона вилояти Учкўприк тумани “Меҳнатобод”, “Қумариқ” ва “Юлғунзор” маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури бўйича қилинган ишлар қониқарсиз, деб хабар беради “Ишонч” нашри.

Масалан, 6300 киши яшайдиган “Қумариқ” маҳалласида дастур доирасида 2 километр пиёдалар йўлагини таъмирлаш, 2 та чиқинди йиғиш пункти қуриш, 1,7 километр ҳудудда дарахтзор ва гулзорлар ташкил этиш, 1 та суғориш қудуғи қазиш, 86 дона тунги кўча ёритиш устунларини ўрнатиш ва 6 километрлик электр кабеллари тортиш, 1 та сув минорасини ўрнатиш, ­қишлоқ оилавий поликлиникасининг мукаммал таъмирланиши режалаштирилган. Аммо бу ишларнинг бирортаси бажарилмаган.

“Юлғунзор” маҳалласида режадаги боғча ҳали ҳам қурилмагани сабаб ота-оналар фарзандини 8 километр йўл босиб туман марказига олиб бормоқда.

“Меҳнатобод” маҳалласидаги дастур доирасида таъмирланган мактаб синфхоналари ойнаси йўқлиги боис деразаларга фанер қоқилганини кўриш мумкин. Ушбу ҳолатлар юзасидан мутасаддилар саволга тутилган.

Навоийда топилган қадимги минора ғиштлари ўтган асрда ташиб кетилгани маълум бўлди

Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти мутахассислари Навоий вилоятида қадимий ёдгорлик – қўриқлаш минораси қолдиғини топди (“Оила даврасида”, 12 сентябрь).

Қайд этилишича, Нурота тоғ тизмасини кесиб ўтадиган довоннинг энг юқори қисмида, тик қоя устида қурилган қўриқлаш минораси орқали ўтмишда ўтиш йўли назорат қилинган. Маҳаллий аҳоли миноранинг ғиштлари ўтган асрнинг 50-60-йилларида ташиб кетилганини маълум қилган.

Археологик кузатувлар натижасида бу ердан темурийлар даврига оид мис танга, пишиқ ғишт қолдиқлари, сирланмаган сопол идиш парчалари ва бошқа тарихий буюмлар ҳам топилган.

Ўзбекистонда гўшт нархини арзонлаштириш йўли айтилди

Ўзбекистонда кейинги пайтларда гўшт нархи кескин ошгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Чорвадор фермер хўжаликлари раҳбарлари гўшт нархи яна ошишда давом этишини маълум қилган (www.kun.uz, 8 cентябрь).

Бунга эса энергия ресурслари, ем-хашак, озуқа ва ёқилғи нархи кўтарилаётгани сабаб қилиб кўрсатилган. Чорвадор фермерлар ем-хашак учун ер майдонлари етишмаслиги, ем-хашак етиштириш учун энг паст бонитетли ерлар берилишидан ёзғирган.

Мамлакат бўйлаб ҳокимликлар гўшт нархини пасайтириш учун гўшт сотувчилардан нархни туширишни талаб қилади. Қайд этилишича, улар бу билан нарх янада кўтарилишига сабаб бўлмоқда, холос.

“Давлат нархни тушириш учун бозорда гўшт қимматлашган пайт чорвачилик фермер хўжаликларидаги бўрдоқиларни сўйиб бозорга олиб чиқиб ёки товуқ ва балиқ маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириб натижага эришиши мумкин. Бугунги кунларда эса чорвачилик маҳсулотлари нархини ушлаб туриш учун эса ем-озуқа базасини кўпайтириб унинг нархини туширишни ўйлаш керак” деб ёзади ахборот-таҳлилий сайт.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов гўшт нархи қимматлашуви сабабларидан бир сифатида аҳоли жуда кўп гўшт истеъмол қилаётганини айтди. Ушбу иддао ижтимоий тармоқда кескин танқид уйғотди.

XS
SM
MD
LG