Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2019, Тошкент вақти: 07:02

Президент Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиш тўғрисидаги қонунни имзолади


Туркий тилли давлатлар кенгаши саммитида Ўзбекистон президенти биринчи марта 2018 йилда иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2009 йилнинг 3 октябрь куни имзоланган «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.

13 сентябрда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли "Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлишга қарор қилди. Ўзбекистон томонининг расмий мурожаати Турк кенгаши котибиятига келиб тушди", деб баёнот берган эди.

2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилганди.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти 2018 йилгача Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

2018 йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда президент Шавкат Мирзиёев биринчи марта Ўзбекистон номидан фахрий меҳмон сифатида иштирок этган эди.

“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, деган эди Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида сўзлаган нутқи давомида.

Турк тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити 2010 йилдан бошлаб 2015 йилгача ҳар йили ўтказилиб келинган. 2015 йилда саммитни ўтказиш навбати Қирғизистонга келган эди. Бироқ бу даврга келиб Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Туркия ва Қозоғистон билан алоқаларни совуқлаштиргани ортидан бу саммит ўтказилмай қолинган эди.

Қирғизистоннинг 2017 йил кузида сайланган янги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Туркий тилли давлатлар саммитини 2018 йилнинг 3 сентябрида ўтказиш тўғрисидаги фармонни 21 июнь куни имзолаган.

Мазкур саммитнинг ўтказилиши ўшанда Қирғизистон учун Туркия ва Қозоғистон билан алоқаларнинг яхшиланаётганни англатган эди.

XS
SM
MD
LG