Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:18

Ўзбекистонда "Қаҳрамон она" ордени қайтадан таъсис этилиши мумкин


Совет Иттифоқи даврида кўп фарзанд туққан аёлларга бериб келинган "Қаҳрамон она" ордени Ўзбекистонда қайтадан жорий этилиши мумкин.

"Кун.уз" нашрининг хабар қилишича, 20 сентябр куни Ўзбекистон Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси қарор чиқариб, бу ҳақда аҳоли фикрини ўрганиш учун "Оила" илмий-амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, "Ижтимоий фикр" маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига топшириқ берган.

Унга кўра, санаб ўтилган ташкилотлар 2 ой муддатда мазкур масала бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиб чиқишлари лозим.

Қарорга асосан, "Қаҳрамон она" ордени давлат ва жамият ҳаётида фидокорона меҳнат қилган, одоб-аҳлоқли ва юқори маънавиятли фарзандларни тарбиялаган оналар хизматини юксак эътироф этиш ва тақдирлаш мақсадида таъсис этилиши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, кўп болали оилаларга нисбатан манзилли давлат сиёсатини юритиш мақсадида уларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш масаласини ҳам ўрганиш бўйича қатор идораларга вазифа юклатилди.

Унга асосан, эндиликда Ўзбекистонда:
– кўп болали оилаларнинг электрон реестри шакклантирилиши ва доимий равишда юритиб борилиши,
– бундай оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий кўмаклар ҳажми таҳлил қилиб борилиши,
– кўп болали оилаларга кўрсатилиши зарур бўлган кўмаклар тўғрисида маълумот йиғиш масалаларига кўпроқ этибор қаратила бошланиши мумкин.

"Қаҳрамон она" ордени собиқ СССРда 1944 йилда, демографик инқирознинг олдини олиш мақсадида таъсис этилган бўлиб, 10 ёки ундан кўпроқ болани дунёга келтирган оналар ўнинчи фарзанди 1 ёшга тўлган ва қолган болалари ҳаёт бўлган тақдирда мазкур орден билан тақдирланган.

Мукофот эгаларига қатор имтиёзлар жорий этилган.

1944-1991 йиллар давомида Ўзбекистонда юз мингга яқин онага "Қаҳрамон она" ордени берилган.

XS
SM
MD
LG