Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 15:26

Ўзбекистон

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City очилди, деб эълон берди (ВИДЕО)

Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда ) президент куёви Отабек Умаров билан

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City комплекси очилганини эълон қилди.

12 октябрь оқшомида Инстаграм тармоғига қўйилган видеода ҳоким Tashkent City халқ учун расман очилди, деди.

"Қадрли ва азиз халқимиз! Бугун Tashkent City’нинг очилиш кунида ўтирибмиз. Ҳаммангизни эртадан бошлаб Tashkent City’га келишингизни, Паркини кўриб, ҳордиқ чиқаришингизни, оилангиз билан мазза қилиб, Тошкентимизнинг кейинги этапдаги яна бир ютуғини кўришингизни тилаб қоламиз, таклиф қиламиз!

Бу — халқимиз учун. Бу жой — миллатимиз учун. Илоҳим, миллатимизга ушбу яхши жой буюрсин! Халқимиз келиб, яйрасин! Фарзандлари билан ўйнаб, кулсин! Ҳаммаси халқимиз, Ўзбекистон халқи учун ва азиз, меҳрибон миллатимиз учун!" – деди ҳаяжонга тўлиб, сўзлаган Тошкент ҳокими.

Бу видеобаёнот бироз ўтиб Инстаграм тармоғидан ғойиб бўлганига қарамай, ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурди.

Tashkent City комплекси қурилиши 2017 йилда бошланган, шаҳарча қуриладиган ҳудуддаги аҳоли уйларининг бузилиши эса 2016 йилда бошланган.

Комплекс Тошкентнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилмоқда. Унда бизнес марказлари, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилиши режаланган.

Айни пайтда бу лойиҳа доирасида режаланган бузилиш ва қурилишлар ҳануз давом этмоқда.

Озодлик ва қатор Ғарб нашрларида Ўзбекистондаги қурилишлар, хусусан, Tashkent City қурилиши ҳақидаги кўплаб танқидий мақолалар чоп этилган.

2017 йилнинг 18 октябрь куни Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам инглиз, ҳам ўзбек тилида чоп этган мақола "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланган мақола шулар жумласидандир.

Guardian Cities лойиҳаси доирасида ҳозирланган мақолада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июль куни қабул қилган «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган Tashkent City лойиҳасининг унга ажратилган ҳудудда яшаб келган оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган.

Кун янгиликлари

Прокуратура ходимларига иш вақтида ижод билан шуғулланишга рухсат берилди

Президент имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан 20 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра прокуратура органлари ходимлари ишининг ўзига хос томонларидан келиб чиққан ҳолда, 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга 15 календарь кун қўшимча таътил берилади.

Шу билан бирга, эндиликда Прокуратура органлари ходимларига илмий, педагогик ва ижодий фаолият билан шуғулланишга рухсат этилади (илгари улар илмий, ўқитувчилик ва ижодий фаолият билан фақат асосий ишдан бўш вақтда шуғулланиши мумкин бўлган).

Бош прокуратура: Нон нархининг оширилгани коррупцияга қарши курашга ёрдам беради

Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура қолипли нон нархининг ошиши юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, таҳлиллар қолипли нон нархининг кескин ошишига қуйидаги омиллар сабаб бўлаётганлигини кўрсатган:

1. Давлат томонидан дон ва ун сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечилгани.

2. Ёқилғи, энергетика ва газ нархининг йилдан-йилга ошиб бориши ишлаб чиқарилаётган ун ва нон тан нархи қимматлашувига олиб келмоқда. Хусусан, 2017 йилда ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга 1 кВт соат электр энергияси нархи 204,3 сўм этиб белгиланган бўлса, 2019 йилга келиб 450 сўмни (120,4 фоизга ошган) ташкил қилмоқда.

Бош прокуратура давлат томонидан дон ва ун сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечилгани нон ишлаб чиқариш соҳасидаги коррупцияга барҳам бериш мақсадини кўзлаганини ҳам эслатиб ўтди.

Баёнотда айтилишича, давлат нон нархини назорат қилаётган пайтда, биргина, “Оҳангарон дон” АЖ бошқаруви мансабдор шахслари томонидан 2011-2018 йиллар давомида аҳоли эҳтиёжлари учун қолипли нон ишлаб чиқарилиши лозим бўлган жами 18,6 млрд сўмлик ун ва дон маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

“Шунингдек, “Қорақалпоқ дон маҳсулотлари” АЖ мансабдор шахслари томонидан 2018-2019 йиллар давомида ҳар бир қопи 87.5 минг сўмдан сотилиши белгиланган 6 134 қоп ун маҳсулотларини 110 минг сўмдан, жами 674,7 млн. сўмга сотиб, 138 млн. сўм пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги ҳолати юзасидан 17.10.2019 йилда қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади баёнотда.

Марказий Осиё давлатлари президентлари 27 ноябрда Тошкентда учрашади

Минтақа давлатлари раҳбарларининг биринчи норасмий учрашуви 2018 йилда Остона (ҳозирги Нурсултон)да ўтказилган эди.

Марказий Осиё давлатлари президентларининг иккинчи консультатив учрашуви 27 ноябрда Тошкентда ўтказилади. ТАССнинг хабар беришича, бу ҳақда 12 ноябрь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев маълум қилган.

Назарбоев 27 ноябрга мўлжалланган учрашув кечиктирилмасдан, ўз вақтида ўтказилишига умид билдирди.

Назарбоев: “Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилинмаган муаммолар мавжуд. Тўқнашувлар содир этилмоқда, одамлар ҳалок бўлмоқда”, - деб айтган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида минтақа давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувини ташкил этиш ғоясини олға сурган эди.

2018 йилнинг март ойида Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи консультатив учрашуви бўлиб ўтган.

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг иккинчи консультатив учрашуви 2019 йил мартида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида хабарлар берилган эди.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги июль ойида учрашув кузда ўтказилишини билдирган, аммо учрашувнинг аниқ кунини маълум қилмаган эди.

Европа Иттифоқи билан янги шартнома Мирзиёевнинг Брюссел сафари доирасида имзоланади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқига раислик қилаётган Финлаядия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто билан. ТИВ сайтидан олинган сурат.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги янги ҳамкорлик шартномаси 2020 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга қиладиган ташрифи доирасида имзоланиши кутилмоқда.

Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи-Ўзбекистон ҳамкорлик кенгашининг Брюсселда ўтган навбатдаги йиғилишидан сўнг журналистларга маълум қилди.

-Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлик истиқболлари қандай? Бу масалада мен эътиборингизни энг аввало Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида янги ҳамкорлик шартномасини тайёрлаш жараёнига қаратмоқчиман. Бу йўналишдаги ишларни давом эттирмоқдамиз. Мазкур шартнома 2020 йилда президентимизнинг Брюсселга қиладиган ташрифи доирасида бошқа жиддий лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги шартномалар билан биргаликда имзоланишига умид қиламиз, - деди Абдулазиз Комилов.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, музокаралар чоғида икки томон кун тартибидаги бир қатор масалалар, сиёсий, иқтисодий, инвестиция, инсон ҳуқуқлари, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон тарихда биринчи марта бешкураш бўйича Олимпиада лицензиясини қўлга киритди

Бешкураш бўйича терма жамоа аъзолари. МОҚ сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта спортнинг бешкураш тури бўйича Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи лицензия қўлга киритилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси 12 ноябрда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Токио олимпиадасига йўлланмага Хитойнинг Ухан шаҳрида ўтган Осиё ва Океания чемпионатида Алисэ Фахрутдинова сазовор бўлган. Бунга қадар спортнинг бошқа турлари бўйича Ўзбекистон Токио олимпиадасига 11та йўлланмани қўлга киритган эди.

Бешкураш чемпионатида жамоа ҳисобида Ўзбекистон Жанубий Корея ва Япониядан кейинги учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ва бешинчи ўринлар эса Хитой ва Қозоғистонга насиб қилди.

Жорий йилнинг 21 августида Алисэ Фахрутдинова ва Александр Савкин Россия ва Ўзбекистон Бешкураш федерациялари ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида Тошкент спорт фуқаролигига ўтказилган эди.

29 ёшли Фахрутдинова эстафета бўйича жаҳон чемпионатида бронза, Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. У икки марта Россия чемпиони бўлган.

31 ёшли Савкин эса 2013 йилда эстафета бўйича жаҳон чемпиони бўлган. У, шунингдек, икки марта Европа ва беш карра Россия чемпиони ҳисобланади.

Nukus city қуриш учун Нукус марказида 400та уй бузилади

Нукус шаҳри манзараси.

Нукусда Nukus city лойиҳасини амалга ошириш учун 400 дан ортиқ хусусий уй босқичма-босқич бузилади.

ЎзАнинг 12 ноябрда хабар беришича, Nukus city қурилиши 2020 йилда бошланади. Лойиҳа учун «Турон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудуддан 70 гектардан ортиқ ер майдони ажратилади.

Хусусий уйларни бузиб, кўчириш ишлари уч босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда 140 та уйнинг бузилиши ва унинг эгаларини бошқа жойга кўчириш ишлари режалаштирилган.

«Nukus city»да дастлаб 16 қаватлик уйлар қурилиши режалаштирилган. Ундан ташқари 20 қаватли меҳмонхона, бизнес марказлари, кўнгилочар масканлар, банклар, савдо дўконлари қурилиши ҳам назарда тутилган.

Хабарда айтилишича, Nukus city президент қарори асосида Нукус шаҳри марказида барпо қилинади.

Риштонда вояга етмаган опа-сингил газдан заҳарланиб ҳалок бўлди

Фарғона вилоят, Риштон туманида вояга етмаган икки қиз газдан заҳарланиб вафот этди.

Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таяниб хабар қилди.

2019 йил 11 ноябрь куни соат 06:30ларда Риштон тумани, “Зарариқ” маҳалласида яшаган вояга етмаган опа-сингиллар хонадонидаги ҳаммомга ювиниш мақсадида кирган вақтда ҳаммомни иситиш учун қўлбола усулда ясалган печга уланган табиий газ ўчиб қолиши натижасида табиий газдан заҳарланиб, ҳодиса жойида вафот этишган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар қилинди.

Давлат тилини ривожлантириш департаментига мудир тайинланди

Ҳукуматнинг 11 ноябрдаги қарори билан Абдуғаффор Каримжонович Қирғизбоев Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг мудири этиб тайинланди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти Ўзбекистон президентининг 2019 йил 21 октябрдаги фармонига асосан ташкил этилган. Давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш Департамент асосий вазифаларидан саналади.

Қашқадарёда беш нафар эркак бир қизни зўрлади

Иллюстратив сурат.

Қашқадарёда 5 нафар эркак 26 ёшли қизни зўрлаган. Бу ҳақда “Постда” газетаси 11 ноябрь куни хабар берди.

Билдирилишича, бу воқеа 2019 йилнинг октябрь ойида содир этилган. Тунги соат 01:30 да кўчада кетаётган 26 ёшли М.Т.ни Қарши шаҳрида яшовчи 30 ёшдан ошган 5 нафар фуқаро мажбурлаб машинага ўтқизиб, овлоқ жойга олиб борган ва номусига теккан.

Ҳозирги кунда жиноятчиларнинг барчаси ушланиб, ЖКнинг 118-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жанубий Корея касалхоналарни жиҳозлашга 74 миллион доллар берадиган бўлди

Иллюстратив сурат.

Жанубий Кореянинг Эксимбанки касалхоналарни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш лойиҳасига 74 миллион доллар маблағ ажратди.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 11 ноябрда билдиришича, бу борада Эксимбанк расмийлари билан Тошкентда 8 ноябрда ўтказилган учрашувдан сўнг ҳамкорлик тўғрисида протокол имзоланди.

Лойиҳада чекка туман ва қишлоқларда жойлашган 150 дан ортиқ тиббий муассасани замонавий технологиялар билан жиҳозлаш назарда тутилган.

Президент Путин Самарқандда ўтган "Валдай" анжумани иштирокчиларига қутлов йўллади

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин 11 ноябрда “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига қутлов йўллади.

Мазкур анжуман Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари ўтказилди. Анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этди.

“Халқаро экспертлар жамияти томонидан Осиёга қаратилаётган эътибор ҳақиқатан ҳам асослидир — энг йирик ва дунёда аҳолиси зич жойлашган ушбу минтақанинг жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги роли тобора кучайиб бормоқда. Бу ерда транспорт, коммуникация ва энергетика инфратузилмаси, юқори технологиялар ва фундаментал фан жадал ривожланмоқда”, дейилади Путин қутловида.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ҳам анжуман иштирокчиларига қутлов жўнатган.

“Валдай” халқаро мунозара клуби 2004 йилда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ ташкил қилинган эди.

Президент Мирзиёев Россияга хайрихоҳ экспертларнинг Самарқанддаги анжуманини қутлади

Ўзбекистон Республикаси кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори. Асосий мақсадимиз Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақа, тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантиришдан иборат.

Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига қутловида айтилган.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда.

Президент қутловида яна бундай дейилган:

"Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқдоши. Азалий дўстлик ришталарига асосланган муносабатларимиз изчил ривожланиб, янги амалий мазмун билан бойимоқда".

Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этмоқда.

10 ноябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган махсус сессия ҳам ўтказилди.

Анжуман доирасида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

2004 йили Россиянинг Новгород шаҳрида ташкил этилган “Валдай” клуби халқаро доираларда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ кўрилади.

Клубнинг Осиё анжумани ҳар йили турли мамлакат ва шаҳарларда ўтказиб келинади. Бундан аввалги IХ Осиё анжумани 2018 йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилган.

Доллар қимматлади, евро ва рубль арзонлади

Марказий банк 12 ноябридан бошлаб 1 АҚШ долларини 9490.77 сўмга тенг этиб белгилади. Бу эса доллар курсининг ўтган ҳафта белгиланган қийматига нисбатан (+23.50) сўмга ошганини кўрсатади.

Евро курси эса ой бошидаги кўрсаткичга нисбатан (-115.18) пастлаб, 10455.03 сўмга тенг этиб белгиланди. Шунингдек, Россия рублида ҳам пастлаш (-0.31) кузатилиб, 148.82 сўмни ташкил этди.

Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

ФВВ: Қуйичирчиқдаги газ портлаган уйда 2 киши ҳалок бўлди, 4 киши тан жароҳати олди

Қуйичирчиқ туманидаги Сурун маҳалласида газ портлаган хонадон.

11 ноябрда Тошкент вилоят, Қуйичирчиқ туман, «Сурум» МФЙ, Намунали уй кўчасида жойлашган 1-уйнинг иситиш қозонидан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида чақнаш содир бўлган

Бу ҳақда хабар қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, оқибатда уйнинг томи қулаб тушган ва уй жиҳозлари ёнган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2 фуқаро воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, 4 фуқаро турли даражадаги тан-жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари ва вилоятнинг тегишли мутасадди раҳбарлари, Тез ҳаракат қилиш Республика кўп тармоқли маркази, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ёнғин-қутқарув отряди қутқарувчилари чиқишган.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ФВВ маълумотида.

Олдинроқ Озодлик бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига таяниб хабар қилган эди.

Ис газидан заҳарланган яна бир оила вафот этди

Иллюстратив сурат.

Нукусда 10 ноябрь куни уйида газда ишловчи иситиш қозонидан фойдаланган эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

9 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши тумани Боғдод маҳалласида яшовчи аёл, унинг 2 нафар фарзанди ҳамда меҳмонга келган 5 нафар қариндоши – жами 8 киши ис газидан заҳарланиб касалхонага ётқизилгани хабар қилинган эди.

Маълумотда айтилишича, улар ошхонадаги газ плитасини ўчирмасдан ухлаб қолишган.

Октябрь ойида Фарғона вилояти Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида уч кишилик оила, Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида тўрт кишилик оила ис газидан заҳарланиб вафот этгани билдирилганди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган.

Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳоллари, асосан, кеч куз-қиш-эрта баҳор мавсумида кўп учрайди.

"Ўзтрансгаз” 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб вафот этгани, 54 одам эса жабрланганини билдирган.

Расмий маълумотга кўра, 2017 йилда ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони 83 нафарни, жабрланганлар сони 110 нафарни ташкил этган.

Қуйичирчиқда газ портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди

Қуйичирчиқ туманидаги Сурун маҳалласида газ портлаган хонадон.

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги Сурун маҳалласида жойлашган уйларнинг бирида газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг билдиришича, ҳодиса 11 ноябрь куни юз берди.

«Ҳодиса содир бўлган жойига зудлик билан етиб борган тергов тезкор гуруҳи ишламоқда. Ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.

Москва-Фарғона самолётида Ўзбекистон фуқароси вафот этди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг 52 ёшли фуқароси Москва-Фарғона самолётида вафот этди. Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, бу ҳодиса 8 ноябрь куни юз берган.

Москванинг Домодедово аэропортидан парвоз қилган “Ural Airlines” авиаширкатига тегишли самолёт бортида ўзбекистонлик Г. Т., ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Шу сабабли самолёт Самара шаҳрининг Курумоч аэропортига шошилинч қўндирилган.

“Самолёт реанимация ва тез тиббий ёрдам машиналари билан кутиб олинган, лекин Г.Т. шифокорлар келгунига қадар вафот этган. Дастлабки маълумотларга қараганда, унинг ўлимига инфаркт сабаб бўлган”, деб билдирилади расмий хабарда.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси вафот этган одамнинг жасадини ватанига жўнатиш юзасидан чора-тадбирларни кўрмоқда.

Россия Ўзбекистоннинг биринчи сонли савдо ҳамкорига айланмоқчи

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев.

Россия савдо соҳасида Ўзбекистоннинг биринчи даражали ҳамкорига айланишни режалаштирмоқда. 10 ноябрь куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев Самарқандда ўтаётган “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё анжумани доирасида мана шу ҳақда маълум қилди.

Элчининг билдиришича, айни пайтда Россия Ўзбекистон билан савдо алоқаларида Хитойдан кейинги иккинчи ўринни эгалламоқда.

“Ўзбекистонда Россиянинг 9 миллиард долларлик сармоясидан 8 миллиарди “Лукойл” ҳиссасига тўғри келади, бироқ бошқа компаниялар ҳам олға бормоқда. Биз бу ерда жиддий мақсадларни кўзлаётган, жумладан, геологик қидириш ишларини олиб бораётган “Газпром”ни ҳам ҳисобдан чиқармаслигимиз керак”, деб айтди Россия элчиси.

Ўзбекистон Статистика қўмитасининг билдиришича, 2018 йилда Хитойнинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 19, 2 фозига тенг бўлса¸ иккинчи ўриндаги Россия билан бу кўрсаткич¸ 18,1 фоизни ташкил этган.

Самарқандда "Валдай" клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда

Самарқанд манзараси.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этмоқда.

10 ноябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган махсус сессия ҳам ўтказилди.

Анжуман доирасида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

2004 йили Россиянинг Новгород шаҳрида ташкил этилган “Валдай” клуби халқаро доираларда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ кўрилади.

Клубнинг Осиё анжумани ҳар йили турли мамлакат ва шаҳарларда ўтказиб келинади. Бундан аввалги IХ Осиё анжумани 2018 йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилган.

Хусусий бандлик агентлигининг кореялик раҳбарига жиноят иши очилди

HUMAN хусусий бандлик агентлигидан пулини ололмай, Вазирлар Маҳкамасига норозилик билдириб борган ўзбекистонликлар (Иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда фирибгарликда гумон қилинётган Жанубий Корея фуқаросига жиноят иши қўзғатилди.

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг маълум қилишича, бу шахс Korean and migrations хусусий бандлик агентлиги мулозимидир.

"Тергов департаменти томонидан Korean and Migration хусусий бандлик агентлиги МЧЖнинг (масъулияти чекланган жамият - таҳр.) мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирда жиноят содир етишда гумон қилиниб, Корея Республикасининг фуқароси Канг Намкю терговга жалб қилинди", деб хабар қилади департамент.

Департамент бу шахсдан жарб кўрганларга, шикоят қилишни истаса, мурожаат қилиши мумкин бўлган телефон рақамларини эълон қилди.

Бунга қадар Korean and migrations агентлигига ўзбекистонларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича берилган 0010-сонли лицензия тўхтатилгани маълум қилинган эди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 88 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлигида рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган ва улардан 30 таси бирорта ҳам фуқарони шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга жўнатмагани маълум бўлган.

Хусусан, 70 га яқин ўзбекистонлик Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўнатиш учун тўловларни олгани, аммо жўнатмаганидан Озодликка шикоят қилганди.

Наманган ҳокимлиги вилоятда “Hugo Boss” костюм-шимлари ишлаб чиқарилишини маълум қилди 

Наманганда жаҳоннинг машҳур “Hugo Boss” бренди остида костюм ва шимлар ишлаб чиқарилади.

Германиянинг “Hugo Boss” ширкати делегациясининг Наманган вилоятига ташрифи чоғида бунга эришилган.

Наманган ҳокимлиги расмий сайтида маълум қилинишича,“Hugo Boss” ширкати вилоятдаги кўплаб текстил корхоналари орасидан ҳамкор сифатида “Lyuks plyus servis” масъулияти чекланган жамиятни ўзига ҳамкор сифатида танлаб олган.

“Vakkoni” маркаси остидаги либослари билан танилган “Lyuks plyus servis” МЧЖ ишга туширадиган янги линия лойиҳасининг умумий қиймати 10 млн АҚШ долларини ташкил этиши айтилмоқда.

Корхонанинг 5 млн АҚШ долларлик маблағи ҳисобидан амалга ошириладиган биринчи босқичнинг ўзида 800 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда, дейилади расмий хабарда.

Ширкат маҳсулотларни “Hugo Boss” орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига, шунингдек Россия ва Қозоғистонга экспорт қилишни режалаштирилган.

Милиция амалдори машинаси билан авария содир этиши ортидан бедарак кетган Абдуллоҳ уйига қайтди

Андижонда 26 октябрда Ички ишлар бошқармаси ходимлари олиб кетиши ортидан бедарак қолаётган 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳиров 8 ноябр куни Жалақудуқ туманидаги уйига қайтган.

Бу ҳақда Абдуллоҳнинг отаси Дилмурод Тоҳиров 9 ноябр куни Озодликка маълум қилди.

Аммо, Тоҳиров ўғлининг шу пайтгача қаерда ушлаб турилгани ҳақидаги тафсилотларга тўхталмади.

- Муҳими соғ-омон бағримизга қайтди. Қаерда бўлгани ҳақида қизиқмадим. Уни тақдири ҳақида қайғурган, бефарқ бўлмаган барчага раҳмат, - деди Дилмурод Тоҳиров.

Андижонлик деҳқон Абдуллоҳ Тоҳиров вилоят ички ишлар бошқармасининг юқори мартабали амалдори машинаси билан йўл ҳодисаси содир этгани ортидан милицияга олиб кетилган ва ўшандан бери оиласи унинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтиб келаётган эди.

Абдуллоҳнинг йўқолиши ижтимоий тармоқда ҳам шов-шувга сабаб бўлганди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Абдуллоҳ Тоҳиров ишига изоҳ беролмаслиги, бу масала билан "бошқа идора" шуғулланаётганини айтиш билан чекланганди.

Абуллоҳ Тоҳиров Жалақудуқ туманида деҳқончилик билан шуғулланган. У Россияда бир йил ишлаб шу йил май ойида қайтганди.

Туркия элчиси Нодира Қодированинг ўлими синчковлик билан тергов қилинаётганини айтди

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Эр Меҳмет Сурайя ўз мамлакати тегишли идоралари ўзбек фуқароси Нодира Қодированинг Анқарадаги ўлими билан боғлиқ холат бўйича ҳар томонлама ва синчковлик билан тергов ўтказаётгани, ушбу ишга доир барча ҳолатлар ўрганилаётганини айтган.

Элчи бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов билан учрашувда айтган.

​Туркия элчиси тергов объектив олиб борилиши, Ўзбекистон томони эса тезкор ва мунтазам тарзда терговнинг бориши ва натижалари тўғрисида хабардор қилинишини маълум қилган.

Туркиянинг адолат ва тараққиёт партияси депутати Ширин Уналнинг уйида 1 йилдан бери ишлаб келаётган 23 ёшли ўзбекистонлик Нодира Қодированинг жасади сентябр ойида топилган.

У ўз жонига қасд қилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Нодира Қурбонованинг фожиали ўлими билан боғлиқ вазият ўз назоратида эканлигини маълум қилган.

Анқара Хавфсизлик мулозимлари ўзбекистонлик қиз "ўзини тўппонча билан отганини" айтишган.

Аммо унинг яқин дугонаси бундан олдин Нодира депутат Уналнинг тажовузига дуч келганини ва яшагиси келмай қолганини айтган эди, деб билдирган.

Айни пайтда ўзбек қизининг Туркиядаги ўлими "шубҳали" деб кўрилмоқда.



Ўзбек чегарачилари Тошкент аэропортида Шри-Ланка фуқароларини қалбаки паспорт билан қўлга олган

Ўзбекистон Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари мамлакат ҳудудига сохта паспорт билан кирмоқчи бўлган Шри-Ланка фуқароларини қўлга олган.

Улар Малайзия паспорти билан Ўзбекистонга киришга уринишган.

Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари хабар қилди.

Хабарда айтилишича, 8 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида 6 нафар шахс тақдим этган Малайзия паспортлари текширилган ва қалбаки эканлиги маълум бўлган.

Ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ушбу шахслар аслида Шри-Ланка фуқаролари эканлиги аниқланган.

Хабарда уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгани айтилади, лекин айнан қандай чора кўрилгани маълум қилинмаган.

Бундан аввал Ўзбекистонга қалбаки паспорт билан киришга уринган эронликлар қўлга олинган эди.

Мирзиёев нон ишлаб чиқаришда харажатларини камайтиришга буйруқ берди

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда нон ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш бўйича топшириқ берди.

Президент топшириғи Ўзбекистонда 15 октябрдан бошлаб ун ва буғдой нархларининг эркинлаштирилиши ортидан кузатилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги қарорига мувофиқ, дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмлари жорий этилган.

Шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир нафақа олувчига ойига 50 минг сўмдан компенсация тўланмоқда.

Видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ноннинг нархи нисбатан юқорилигича қолаётгани кўрсатиб ўтилган.

Президент мамлакатнинг барча ҳудудларида аҳолининг нонга бўлган кунлик эҳтиёжини тўлиқ таъминлаб бориш бўйича вазифалар юклади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG