Линклар

Шошилинч хабар
06 август 2020, Тошкент вақти: 06:15

Ўзбекистон хабарлари

Президент Сурхондарёда қурилаётган 144 млн долларлик цемент заводини бориб кўрди

Жарқўрғон туманида қурилган «Сурхонцементинвест» хорижий корхонасида Германия, Австрия, Россия ва Хитойдан замонавий технология ва ускуналар ўрнатилди. Лойиҳа қиймати қарийб 144 миллион доллар бўлган корхонанинг биринчи босқичи якунланди. Завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 1,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади ва 750 минг тонна цемент экспорт қилинади, 1 125 киши иш билан таъминланади.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, президент Мирзиёев 17 октябрда завод иши билан танишган.

- Сурхондарё вилоятининг иқтисодий имкониятлари жуда катта. Бу ерда ерости бойликлари кўп. Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар бор. Бундан оқилона фойдаланишимиз, халқимиз манфаати учун ишлатишимиз керак, - деган Президент.

Давлат раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, ўтган йили Шеробод туманида цемент заводи ишга туширилган эди.

Кун янгиликлари

Бош прокуратура Сирдарёда қурувчилар 2,5 миллиард сўмни талон-торож қилганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятидаги кўп қаватли уйлар қурилишида 2 миллиард 482 миллион сўм миқдорида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Газета.уз нашрига Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиннов маълум қилган.

Мулозимга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.S.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани “Кўркам диёр” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Шунингдек, “Y.N” МЧЖ томонидан массивдаги битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.М.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани “Ховос маркази” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани қайд этилган.

Шу йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий ҳисоб-китобга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. Ҳодиса ортидан зарар кўрган туманларда расмийлар буюртмаси билан бир қанча кўп қаватли уйлар қурила бошлаганди.

Ўттиз кишилик тўйларни карантиндан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда 30 кишилик тўйларни карантин чекловлари олиб ташланганидан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинди. Бунга оид петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқларда “яшил” ҳудудларда 30 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўпчилик тўйлардаги бундай чегара карантиндан кейин ҳам сақланиб қолишини хоҳламоқда”, деб ёзган петиция муаллифи Жавлонбек Нурматов.

Муаллиф шу важдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартиришни таклиф қилган.

Тўй қиламан деб қарзга ботиб, эртаси куни куёв бола ёки унинг отасининг хорижга кетаётганлик ҳолатлари ҳам кам эмас”лигини урғулаган Ж. Нурматов ҳатто “бунинг ортидан жиддий касалликлар орттириб олинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд”лигини қўшимча қилади.

Муаллиф фикрича, Абдулла Авлонийнинг юз йил олдин ёзиб қолдирган “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг” деган сўзлари бугунги кун учун ҳам айни ҳақиқатдир.

Шу тўйга аталган пулларга ёшларни уй-жой билан таъминлашга, оиласининг молиявий аҳволини яхшилашга, таълим олишига шароит яратиб берсак, қанчалик бахтиёр оилани тузган бўламиз. Қанчадан-қанча оилалар иқтисодий аҳволи туфайли ҳозир тўй қила олмаяпти. Менимча, 30 кишилик тўйни доимий қилиш вақти келди”, деб ёзган петиция муаллифи.

Риштонда ўзбек-тожик “Дўстлик уйи” очилди

Риштонда очилган ўзбек-тожик "Дўстлик уйи" (Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати фотоси).

Фарғона вилоятининг Риштон туманида ўзбек-тожик “Дўстлик уйи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Маросимда иштирок этганлар ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ўлароқ Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий байтларидан ширу-шакар услубида намуналар ўқиганлар.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса “бу ер мушоиралар, учрашувлар, маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маънавият марказига айланиши лозим”лигини урғулаган.

“Дўстлик уйи” шарқона услубдаги ёғоч ўймакорлигининг энг гўзал намуналари бўлган устун ва шифтлар, ганч деворлар ва сопол кошинлар билан безатилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳрига 10 минг гектардан зиёд ер қўшилади, шаҳардан вилоятга 1000 гектар ер ўтказиб берилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тошкент, 2020 йил 5 августи.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳридан пойтахт вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтга эса 10196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур таклиф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти чоғида билдирилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

Мутасадди раҳбарларга мазкур масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилган.

Тожикистонда рўй берган зилзила таъсири Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ҳис этилди

Жорий йилнинг 5 август куни Тошкент вақти билан 13:18 да Тожикистон ҳудудида зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ер силкинишининг эпимаркази Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан жанубий-шарқий йўналиш бўйича 181 километр нарида бўлган.

Зилзила кучи Наманган ва Фарғонада 4 балл, Тошкент, Андижон, Гулистон ва Жиззахда 3 балл, Самарқанд, Термиз, Қарши ва Навоийда 2 баллга тенг бўлган.

Шу куни Тошкент вақти билан 14:32 да Фарғона водийси вилоятларида яна бир ер силкиниши қайд этилган. Зилзила кучи Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 2 баллга тенг бўлган, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ер силкиниши кузатилмаган.

Ижтимоий нафақаларни олиш тартиби жўнлашади

2020 йилнинг 1 сентябридан ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Бу ҳақда, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, президентнинг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида баён қилинган.

Қайд этилишича, кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашувни бартараф этиш тизимни жорий этишнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Қарор билан 2021 йил 1 январидан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда фуқаролардан талаб этилмайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати тасдиқланган.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади.

Мазкур ахборот тизими 2019 йил 1 октябридан бери тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида ишлатиб келиняпти.

Газета.уз нашрининг ёзишича, тизим сентябрь ойидан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида, октябрь ойидан Бухоро, Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, ноябрь ойидан Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, декабрь ойидан эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ишга тушади.

Қирғизистон қамоқдан қочган икки ўзбекистонликни ушлашга ёрдам берди

Қўлга олинган қочоқлар Ўзбекистон ички ишлар органларига топширилган.

Қирғиз чегарачилари Ўзбекистонда қамоқдан қочиб, мамлакатни тарк этишга уринган икки маҳкумни қўлга олишда ёрдамлашди. Бу ҳақда 5 август куни Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, чегарани бузиб ўтишга ҳаракат қилаётган пайтда қўлга олинган қочоқлар Ўзбекистон ички ишлар органларига топширилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса Жалолобод вилояти Олабуқа тумани Белсўғот қишлоғи яқинида юз берган. Қирғиз чегарачилари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида 24 ва 29 ёшдаги икки ўзбекистонлик қўлга олинган.

Расмий билдирувда таъкидланишича, бунга қадар Ўзбекистон томони Тошкент вилояти Зангиота туманидаги қамоқдан икки маҳкум қочиб кетгани тўғрисида Қирғизистонни огоҳлантирган.

Коронавирусга чалинганлар сони 27,5 мингга яқинлашди

Ҳозирда касалхоналарда 9 096 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 5 август соат 10:30 ҳолатига кўра, 27 314 нафарни ташкил этмоқда. Бу сўнгги 12 соатда беморлар сони 267 нафарга кўпайганини англатади.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 125 нафари Тошкент вилоятида, 84 нафари Тошкент шаҳрида, 39 нафари Бухоро вилоятида, 12 нафари Қашқадарё вилоятида ҳамда 7 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий хабарида.

Сўнгги 12 соатда Тошкент вилояти Тошкент туманида яшаган 70 ёшли А.М., (эркак) ҳамда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшаган 51 ёшли А.Л., (эркак), жами 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 18 051 нафар бемор (66 фоиз) соғайган.

Ҳозирда касалхоналарда 9 096 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 619 нафари оғир, 208 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Андижонда 18 ёшли йигит 30 ёшли эркакни уриб ўлдирди

О.Н., гумон қилинувчи тариқасида ҳибсга олинган.

Андижонда 18 ёшли йигит севган қизига гап отган 30 ёшли эркакни уриб ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Хабарда айтилишича, 18 ёшли О.Н., 25 июль куни соат 22:30 да Асака тумани Қипчоқ МФЙ ҳудудида ўзининг яхши кўрган қизига гап отганлиги учун 30 ёшли Ж.Ў., билан ўзаро жанжаллашиб қолган.

Шундан сўнг О.Н., қўлидаги темир бўлаги билан Ж.Ў., нинг бош қисмига уриб, тан жароҳати етказган. Натижада Ж.Ў., оғир тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ж.Ў., жорий йилнинг 27 июль куни шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. О.Н., гумон қилинувчи тариқасида ҳибсга олинган.

Коронавирусдан ўлганлар сони 165 нафарга етди

Вафот этганларнинг асосий қисми Тошкент шаҳридан.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 август соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган беморлардан яна олти нафари вафот этди.

Вафот этганларнинг 4 нафари Тошкент шаҳридан. Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, коронавирусга чалинган бемор жон берди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 165 нафарга етди.

Коронавирусдан ўлганлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти етакчилик қилмоқда.

Шу кунгача Тошкент шаҳрида 105 нафар, Тошкент вилоятида 15 нафар, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида 6 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 5 нафардан, Навоий вилоятида 4 нафар, Самарқанд вилоятида 3 нафар, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 2 нафардан, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 1 нафардан бемор вафот этган.

Ҳукумат коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш имкониятларини ўрганади

Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши хабар қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 агустда ўтган видеоселектор йиғилишида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга хориж давлатларидан коронавирусга қарши вакцинани сотиб олиш имкониятларини ўрганиб чиқишни топширди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия фармацевтика компаниялари яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилинаётгани таъкидланган.

“Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир ҳафта муддатда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, вакцинани харид қилиш ва мамлакатимиз аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди”,- дейилади хабарда.

Йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш юзасидан қўшимча чоралар кўрилди. Жумладан, охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилди ва қарийб 65 мингтага етказилди.

Жойларга қўшимча равишда қарийб 800 та тез тиббий ёрдам машиналари етказиб берилди. Қўшимча 4 мингта нафас бериш ускуналари (ЎСВ, портатив сунъий нафас бериш аппарати, кислород концентратори) олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етди.

2,5 яшар болани дўппослаб ўлдирган Миллий гвардия зобити 19 йилга озодликдан маҳрум этилди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда Миллий гвардия зобити хотинининг жияни бўлган 2,5 яшар болани ваҳшийларча дўппослаб ўлдирган. Бу ҳақда xabar.uz нашри ёзиб чиқди.

Маълумотларга кўра, болакайнинг Тошкент вилоятида яшаган онаси уни пойтахтда истиқомат қиладиган опасига ташлаб, пул топиш учун Туркияга кетган. Опанинг Миллий гвардияда ишлайдиган ва доим ичиб юрадиган эри, айтилишича, хотинини ва унинг жиянини муттасил калтаклаб келган. У бир куни яна ичиб келиб, хотинини калтаклай бошлаган. Аёл яшириниб олгач, зобит болакайга ташланиб, уни дўппослай бошлаган. Калтаклаш асносида бола жон таслим қилган.

Боланинг ўлганини билган Миллий гвардия зобити хотинига жиянининг “зинадан йиқилиб, тили тортилиб ўлгани” ҳақида гап тарқатишни буюриб, унга таҳдид қилган.

Аёл жиянининг жасадини олиб, туғилган қишлоғига кетган. Болакайнинг яқинлари мурдани кўмишга ўлим гувоҳномаси олиш учун шифокорга мурожаат қилганлар. Мурдани кўрган қишлоқ фельдшери унинг “тили тортилиб ўлгани”га шубҳа билдирган. Шундан сўнг болакайнинг бувиси ички ишлар органига қўнғироқ қилган.

Вазиятга орган ходимлари аралашгач, болакайнинг мурдаси экспертизага юборилган. Экспертлар эса бола тили тортилиб эмас, етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганини тасдиқлаган. Иш судга оширилган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в, ж” бандлари (ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-моддаси 2-қисмининг “а, в” бандлари (вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) билан айблов қўйилган зобитнинг иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўрилган. Айбловлар судда тасдиғини топгани важидан судланувчи 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Пандемия бошидан буён Афғонистон ва Покистонга 14 тоннадан зиёд ловия экспорт қилинди

Жорий йил бошидан бери Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали вилоятдан жами 29,4 миллион АҚШ долларлик 20 минг тоннадан ортиқ ловия маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги вилоят божхона бошқармасидаги ўз манбаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, экспорт қилинган ловиянинг асосий харидорлари Покистон ва Афғонистон давлатлари бўлиб ҳисобланади.

Пандемия бошланган 2020 йилнинг март ойидан шу кунга қадар Афғонистон ва Покистон давлатларига 24,2 миллион АҚШ долларлик 14,1 минг тонна ловия экспорт қилинган.

Бу икки давлатга жорий йил бошидан бери Сурхондарё вилоятидан 9,4 миллион АҚШ долларлик мош ва 2,2 миллион АҚШ долларлик нўхат маҳсулотлари ҳам сотилгани айтилмоқда.

Бухоро аэропортини 20 йилдан зиёд бошқарган Тоҳир Баҳронов коронавирусдан вафот этди

Т. Баҳронов раҳбарлик қилган Бухоро аэропорти 2017 йили МДҲда "энг яхши аэропорт", деб топилганди.

Бухоро халқаро аэропорти директори, собиқ сенатор Тоҳир Баҳронов 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги маълумот тарқатди.

Газета.уз нашрига кўра, мулозим коронавирус инфекциясини юқтириб олгани ортидан вафот этган.

Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелида Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 1986 йили Бухоро давлат педагогика институти, 1996 йилда эса Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини сиртдан ўқиб тугатган.

У 1997 йилдан бери “Бухоро халқаро аэропорти” давлат унитар корхонасини бошқариб келаётган эди. 2017 йили у раҳбарлик қилган аэропорт МДҲ ҳудудидаги "энг яхши аэропорт", деб топилганди.

Т. Баҳронов Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1999−2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014−2019), Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014−2019) сифатида фаолият кўрсатган.

Статистикани ривожлантириш бўйича миллий стратегия тасдиқланди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 2020-2025 йилларда мамлакат статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегиясини тасдиқлади.

“Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида Давстатқўмнинг расмий статистикани шакллантириш билан боғлиқ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга ошириши белгиланган.

Унда статистика органларининг қонуний фаолиятига, шу жумладан, расмий статистика ҳисоботлари ва кузатувларини ўтказиш ҳамда уларни нашр қилиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмаслиги урғуланган.

Ҳужжатда миллий стратегиянинг Жаҳон банки кўмагида ишлаб чиқилгани урғуланиб, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.

Миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари ўлароқ қуйидаги белгиланган:

  • статистика органларини талаб юқори бўлган, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантиришга, статистика маълумотларининг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган профессионал мустақил хизматга айлантириш;
  • статистика соҳасида ягона сиёсатни амалга оширишга қаратилган ваколат ва мажбуриятларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгашининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш;
  • илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш, нашр этиш ва сақлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш;
  • расмий статистикани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асослар ва бошқарув тамойилларини такомиллаштириш;
  • идоравий маълумотлар базаларини ягона маълумотларни бошқариш тизимига интеграция қилиш орқали кузатувларни босқичма-босқич оптималлаштириш ва респондентлардан ҳисобот топшириш юкини камайтириш;
  • статистика маълумотларидан фойдаланувчилар билан самарали ҳамкорлик сиёсатини йўлга қўйиш ва мавжуд статистика маълумотлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш орқали фойдаланувчиларнинг статистика ахборотларига бўлган ишончини ошириш ва б.

Қарор билан Давлат статистика қўмитасига бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ва аудит натижаларига кўра, вазирлик ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳамда кузатувларни ўтказиш, расмий статистика материалларини шакллантириш ва таҳлилларни амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро электрон боғланиш ҳуқуқлари берилган.

Шунингдек, қўмита ҳузурида ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланадиган Жамоатчилик кенгаши фаолият юритиши қайд этилган. Унинг зиммасига қўмита фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ва фойдаланувчиларнинг расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, статистика маълумотларининг шаффофлиги, ошкоралиги ва қулайлигини оширишни таъминлаш, Давстатқўм томонидан долзарб, сифатли ва ишончли статистиканинг шакллантирилишига кўмаклашиш ва бошқа вазифалар юклатилган.

Жамоатчилик кенгашига НҲТ, тадбиркорлар, олимлар, журналистлар ҳамда маҳаллий ва хорижлик экспертлар жалб этилиши айтилмоқда.

Тошкентда кучсиз ер силкиниши кузатилди

Жорий йилнинг 4 август куни Тошкент вақти билан 02:59 да Қозоғистонда зилзила рўй берган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълум қилди.

Зилзила эпимаркази Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан шимолий-шарқий йўналиш бўйича 59 километр нарида бўлган. Ер силкиниши кучи Тошкент шаҳрида 3 баллни ташкил этган.

Шу куни Тошкент вақти билан 08:31 да Тожикистонда ҳам зилзила содир бўлган. Бироқ бу зилзила, Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳудудида сезилган эмас.

Россиянинг икки шаҳридан Самарқандга 500 дан зиёд ўзбекистонлик қайтарилди

Сўнгги бир ой ичида ўттиздан ортиқ чартер рейс билан 8 мингга яқин ўзбекистонлик ватанига қайтарилган.

Самарқанд аэропортида 3 август куни Россиянинг Қозон ва Екатеринбург шаҳарларидан учиб келган 501 нафар ўзбекистонлик кутиб олинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўзбекистонликлар Қозон ва Екатеринбургдан 3 та чартер рейс билан келтирилган.

“Барча йўловчилар Махсус комиссия белгилаган тартиб-қоидаларга асосан Самарқанд шаҳридаги карантин маркази (Кимёгарлар шаҳарчаси) ҳудудига олиб кетилди”, дейилади ширкат хабарномасида.

Йўловчиларга хизмат кўрсатишда пандемия тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чоралар қўлланилгани айтилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ватандошларни олиб келиш учун 2- 16 август кунлари 24 та чартер рейс уюштираётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Маълумотларга кўра, сўнгги бир ой ичида ўттиздан ортиқ чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган. Хориждан қайтганларнинг кўпчилигида касаллик аниқланган.

Тошкентда 20 ёшли йигит банкоматдан 10,5 миллион сўм ўғирлади

Ўғри Қўйлиқ бозорига ўрнатилган банкомат олдида "фаолият юритган".

Тошкентда 10 кун ичида 7 одамнинг пластик картасидан ўн миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган 20 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 20 ёшли И.М., “Қўйлиқ деҳқон бозори” ҳудудидаги банкомат олдида 29 май кунидан 09 июнгача пулни нақдлаштириш мақсадида келган одамларга пулни ечиб олишда ёрдам таклиф қилган.

У мижозларнинг пластик карталарини олиб, пулларни нақдлаштириш жараёнида, пластик картага уланиш «SMS» хабарномасини ўзининг уяли телефон рақамига яширинча ўрнатган. Шунингдек, у пластик карта рақами ва кодини уяли алоқа воситасига сақлаб олган.

Шундан сўнг у жами 7 нафар фуқаронинг пластик картаси ҳисобида мавжуд бўлган жами 10 миллион 497 минг 410 сўм пулни банкоматдан ечиб олган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида, И.М., айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва лозим бўлган эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйча судга юборилган”, -дейилади хабарда.

Зангиотада коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 августда билдиришича, Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 80 ёшли бемор О.А.,ва Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшаган 41 ёшли бемор Ф.Т., Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида вафот этди.

Ҳар иккала беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани ҳақида гапирган эди. Унга кўра, бунга коронавирусдан ўлганлар рўйхатига пневмониядан ўлганлар киритилмаётгани сабаб бўлмоқда.

Коронавирусга чалинган беморларнинг 1151 нафари оғир аҳволда қолмоқда

Янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент вилоятида аниқланди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 4 август соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 249 кишига кўпайди ва 26 550 нафарни ташкил этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент вилояти, 79 нафари Тошкент шаҳрида, 14 нафари Хоразм вилоятида, яна 14 нафари Навоий вилоятида, 11 нафари Қашқадарё вилоятида, 5 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Айни пайтда коронавирусдан соғайганлар сони 17 262 нафарга етди.

Ҳозирда 9 127 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 927 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан ўлганлар сони расмий статистикадан кўпроқ экани тан олинди

Шу кунгача Ўзбекистонда расман 159 одам коронавирусдан ўлгани билдирилди.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани тан олинди.

“Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор”, - деб билдирди 3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов.

Унга кўра, коронавирусга чалингани таҳлил натижаси билан тасдиқланган беморлар вафот этса ўлим статистикасига киритилади. Қолган ҳолатларда эса беморлар ўлимига пневмония сабаб бўлган, деб ҳисобланади.

“Уйида даволанишга ҳаракат қилиб, кейин оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1-2 кун ётиб, кейин вафот этадиган бўлса ва келган пайтда қўлида таҳлил (тест) натижаси бўлмаса, яъни клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикада коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмайди, пневмония бўлиб ҳисобланади”, -деди Ҳабибулло Оқилов.

Шу кунгача Ўзбекистонда расман 159 одам коронавирусдан ўлгани билдирилди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

Айни пайтда қўшни давлатлар бўлган Қирғизистон ва Қозоғистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони бирлаштирилган. Бунга пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Муфтият коронавирусдан ўлганларни дафн этиш тартибини тушунтирди (ВИДЕО)

Жаноза намози узоғи билан 5-7 минут ичида ўқилиши зарур.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси пандемия шароитида дафн маросимини ўтказиш тартиби ҳақида тушунтириш берди.

Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимовнинг 3 августда билдиришича, дафн маросимларида кўпчиликнинг иштирок этиши вирус тарқалишига қулай шароит яратиб беради. Шунинг учун мусулмонлар идораси жанозага кўпчилик йиғилмаслигини тавсия қилади.

Бундан ташқари жанозага йиғилганлар ўзаро кўришишдан ҳам тийилишлари ва 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари шарт.

“Маййит тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ювилиши лозим. Яъни ғассол ниқоб ва қўлқопда бўлиши керак. Ғуслда ишлатилган барча нарсалар ёқиб юборилиши, челак ва бошқа асбоблар хлор каби воситалар билан дезинфекция қилиниши ҳамда 5-6 соатга қуёш остида қуритилиши керак”, - деб билдирди Мирзамақсуд Алимов.

Уламонинг таъкидлашича, жасад тиббиёт ходимлари томонидан махсус матога ўраб қўйилган бўлса, уларни тиббий хавфсизлик нуқтаи назаридан очиш мумкин эмас. Бунда маййитни қайта ғусл қилиш шарт бўлмайди.

Жаноза намози узоғи билан 5-7 минут ичида ўқилиши, унда саломатлиги заиф бўлганлар, кексалар ва ёш болалар иштирок этмаслиги зарур.

“Тиббиёт ходимлари маййитни қабристонга олиб келишган бўлса, жаноза ўша жойда адо этилиши керак”, - деб қўшимча қилди Мирзамақсуд Алимов.

Ўзбекистон Қирғизистонга 560 минг долларлик ёрдам кўрсатди

Қирғизистон ҳукумати кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмаклашиш учун март ойидан то шу кунгача Қирғизистонга жами 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 3 август куни Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон Қирғизистонга 2 минг тонна буғдой уни, 9500 дона комбинезон, 12 минг дона ниқоб, 25 минг дона қўлқоп, 500 дона кўзойнак, 200 дона пирометр ва 45 тонна дезинфекцияловчи воситаларни юборган.

Ўзбекистон Қирғизистонга жорий йилда уч марта -апрель, май, июль ойларида инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Бундан ташқари Фарғона вилояти Қирғизистоннинг Боткен вилоятига, Андижон вилояти эса Ўш шаҳрига инсонпарварлик ёрдами кўрсатган.

Айни пайтда Ўзбекистон пандемия бошланганидан бери АҚШ, Туркия, Германия, Сингапур, Қирғизистон, Қозоғистон ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан инсонпарварлик ёрдамларини қабул қилган.

Хорижликлар учун виза муддати 1 ноябргача узайтирилди

Ўзбекистонда хорижий мамлакатлар фуқароларининг виза муддати жорий йил 1 ноябрига қадар автоматик тарзда узайтирилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, бунга оид қарор Республика махсус комиссияси томонидан шу йил 30 июлида қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, виза муддатини чўздирмаган хорижликларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди, жарима ундирилмайди.

Аввалроқ Республика махсус комиссия қарори билан хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган виза муддатлари жорий йилнинг 1 сентябрига қадар узайтирилганди.

Жалолиддин Мангуберди роли турк актёрига берилди

Жалолиддин Мангуберди ролини ўйнаётган турк актёри Эмре Кивилжим.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги буюртмасига кўра, “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда Туркияда “Жалолиддин Мангуберди” сериалини суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбеккино" Миллий агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Туркиянинг "Bo‘zdag‘ film" студияси томонидан суратга олинаётган кўп қисмли фильм режиссёри Меҳмет Бўздағ бўлиб, сериал сценарийсини ёзувчи Назар Эшонқул ёзган.

Айни пайтда Туркиянинг Ақсарай вилояти ҳудудида суратга олинаётган сериал учун махсус тарихий декорациядан иборат павильон қурилган.

Фильмда бош қаҳрамон Жалолиддин Мангуберди ролини турк актёри Эмре Кивилжим (Emre Kıvılcım) ижро этади. Шунингдек, сериалда Тоҳир Саидов, Жавоҳир Зокиров, Акбархўжа Расулов, Саида Раметова, Райҳон Уласенова, Раъно Шодиева, Феруза Норматова, Юлдуз Ражабова каби ўзбекистонлик актёр ва актрисаларнинг ҳам роль ижро этиши кутилмоқда.

“Ўзбеккино” маълумотига кўра, сериалнинг илк мавсуми 13 қисмдан иборат бўлади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG