Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2020, Тошкент вақти: 00:20

Ўзбекистон хабарлари

Янги йилдан имтиёзли кредитлар бериш бекор қилинади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 январидан имтиёзли равишда кредитлар бериш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрда имзолаган “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда белгиланди.

Айни пайтда фармон билан “фоиз харажатларининг маълум бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқи” берилади.

Фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади. Лекин ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно бўлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда қайта молиялашнинг устама ставкаси 16 фоизни ташкил қилади. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кредитлар 8 фоиз, “Ёшлар- бизнинг келажагимиз” дастури асосидаги кредитлар 7 фоиз устама билан берилади.

Кун янгиликлари

33-ўлим: Тошкентда уйида ўзини даволаб юрган коронавирус бемори вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда 45 ёшли эркак коронавирусдан вафот этганини маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, пойтахтлик З. да бир неча кун давомида коронавирус аломатлари сезилиб, оғриқ ва ҳолсизлик кузатилганига қарамай уй шароитида даволаниб юрган.

30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган.

"Беморга юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган. Реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди", дейилади расимий хабарда.

5 июль куни Тошкентда коронавирусдан 71 яшар аёлнинг вафот этгани ҳам хабар қилинган эди.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирус юққач, вафот этганлар сони 33 кишига етди.

Ўзбекистонда сўнгги икки ҳафта ичида COVID-19 га чалинганлар сони кунига камида 200 нафарга ошаётгани кузатилмоқда. Сўнгги бир неча кун ичида ўлим ҳолатлари ҳам қарийб 10тага кўпайди.

32-ўлим: 71 яшар бемор ўткир юрак ва нафас етишмовчилигидан вафот этди

​Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган 71 яшар бемор ўткир юрак ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 71 ёшли М.Г. жорий йил 30 июнь куни коронавирус аниқлангани сабабли Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга “Юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги” ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган.

Сўнгги бир ой ичида эса режали гемодиализ муолажаларини олишни бошлаган.

"Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди", деб хабар қилди вазирлик.

5 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони камида 9829 нафар, 32 бемор вафот этди.

​Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 3373 нафар бемор шифохоналарда қолмоқда, улардан 15 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Пойтахтда 1-батальонни бошқарган Миллий гвардия мулозими Навоийга тайинланди

Миллий гвардия аскарлари (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Тошкент шаҳри Қўриқлаш бошқармасида ишлаган майор Нурмахон Ниёзбеков Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Миллий гвардия Телеграм каналида хабар қилинишича, Н. Ниёзбеков бунга қадар пойтахт Қўриқлаш бошқармаси 1-Алоҳида батальони командири лавозимида ишлаган.

Расмий хабарда, гвардиянинг Тошкентда мулозими нима сабаблар билан Навоийга тайинлангани, Навоийдаги эндиликда собиқ раҳбар нега лавозимидан олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.

Аммо, кейинги пайтларда айниқса Навоий вилоятидан, шунингдек қатор бошқа вилоятлардан, COVID-19 эпидемиясига қарши карантин чоралари назоратини сақлашга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбийлари устидан аҳоли шикоятлари ортгани кузатилмоқда.

Озодликка келаётган шикоятларда, ҳарбийларнинг ниқобсиз ёки мақсадсиз юрган, деб топилган аҳоли вакилларига куч қўллаётгани иддао қилинади.

Тошкентда аҳоли орасида коронавирус юқтирган 100дан ортиқ киши аниқланди

Жамоат жойларда аҳолининг қўлларини дезинфекция қилишини назорат қилувчи гуруҳлар ишламоқда, июнь, 2020, Сирдарё (иллюстратив сурат)

Тошкентда 100 дан ортиқ ҳолатда коронавирус аҳоли орасидан аниқланди.

4 июль куни Ўзбекистон бўйлаб, 312 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Шундан 142 нафари аҳоли орасида:

- 105 нафари Тошкент шаҳрида,

- 36 нафари Тошкент вилоятида,

- 1 нафари Бухоро вилоятида аниқланди.

Қолган 162 нафари Карантин муассасаларида, 8 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида орасида аниқланган.

Мамлакат бўйлаб уй карантинида 42 659 нафар, стационар карантинда эса 24 301 нафар одам тиббий кузатувда қолмоқда.

Коронавирус юққан яна бир эркак оламдан ўтди, қурбонлар сони 30 нафарга етди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Тошкентда коронавирусга чалинган 65 ёшли эркак 3 июль куни вафот этган.

Шундай қилиб, расмий маълумотларда келтирилаётган Ўзбекистондаги касаллик қурбонлари сони 30 нафарга етди.

Вазирлик билдирувида айтилишича, 1 июль куни 65 ёшли эркак ўта оғир аҳволда Ибн Сино номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Унга гипертония касаллиги, атеросклероз, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши (инсулт)нинг иккинчи бор қайталаниши (биринчи ҳолат 2020 йил июнь ойида юз берган), геморрагик инсулт ташхиси қўйилган.

3 июль куни шифокорлар томонидан стандарт асосида кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда 4 июлга келиб коронавирус аниқланганлар 9 ярим мингда ошган.

ССВ: Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар 104 кишига кўпайиб, 9500 нафарни ташкил этмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 9500 нафарга етди.

Ўзбекистонда 4 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 104 кишига кўпайиб, 9500 нафарни ташкил этмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Шу пайтга қадар 29 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.

Ҳозирда мамлакатда 3220 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 16 нафари оғир, 8 нафари ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистонда коронавирусни аниқлаш бўйича умумий ҳисобда 1 246 691 та тест ўтказилди.

29-қурбон: Тошкентда коронавирус юқтириб олган 77 ёшли аёл оламдан ўтди

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда яшаган ва коронавирус инфекцияси юқтириб олгани тасдиқланган 77 ёшли Н. Г. вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, бемор жорий йил 7 июнидан 16 июнигача Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида юрак ишемик, гипертония, қон айланиш етишмовчилиги, ўнг сут бези саратони, икки томонлама бронхопневмония, ўпка шиши ташхиси билан даволанган.

23 июнь куни унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

ССВ қайдича, у охирги 10 йил давомида юрак ишемик, гипертония ва онкологик хасталик каби қатор ташхислар билан даволаниб келган.

Вазирлик, кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак қон-томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 29 нафарга етган.

Ўзбекистонда қолиб кетган россияликлар бешта рейс билан юртига олиб кетилади

Коронавирус пандемияси ортидан чегаралар ёпилиб қолгани туфайли Ўзбекистонда қолиб кетган россияликларни олиб чиқиб кетиш учун янги рейслар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси консуллик хизмати маълум қилди.

Аввалдан келишилган графикка мувофиқ россияликлар қуйидаги саналарда юртига қайтарилади:

5 июль куни – Тошкент-Новосибирск

5 июль куни – Тошкент-Ростов

7 июль куни – Тошкент-Москва

8 июль куни – Тошкент-Жуковский

10 июль куни – Тошкент-Санкт-Петербург

Учоқ бортида жой сони чекланганини урғулаган консуллик Россияга қайтажак ватандошлар рўйхати Давлат хизматлари порталидаги қайд асосида шакллантирилишини билдирган.

SamAuto заводида янги тез ёрдам автомобиллари ишлаб чиқарилади

SamAuto заводида ишлаб чиқариладиган "тез ёрдам" автомобили ("Ўзавтосаноат" АЖ фотоси).

Ўзбекистондаги SamAuto заводида ISUZU D-Max пикапи негизидаги тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АЖ Телеграмдаги ўз расмий канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур автомобиль “юқори ўтувчанликка, маневрликка эга ҳамда ишончлилиги ва тежамкорлиги билан ажралиб туради”.

“Ўзавтосаноат” янги автомобиль тиббиётнинг айнан зарур бўлган йўналишига қараб, талаб ва кўрсатмаларга мувофиқ қўшимча ускуналар билан жиҳозланиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида “тез тиббий ёрдам” хизматлари Андижонда ишлаб чиқарилган ва салони анча тор бўлган Damas машиналаридан фойдаланиб келади. Ўтган йили мамлакат ҳукумати пойтахт Тошкентда тез тиббий ёрдам хизматидаги Damas машиналарини тўлалигича замонавий Ford машиналарига алмаштириш ҳақида қарор қабул қилганди.

Коронавирусга чалинган тошкентлик эркак оламдан ўтди, қурбонлар сони 28 нафарга етди

Тошкент шаҳрида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 59 ёшли Ғ. Б. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2 июль куни ўта оғир ҳолатда Тошкентдаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Юрак ишемик касаллиги, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, инфарктдан кейинги кардиосклероз, икки томонлама пневмония каби ташхислар қўйилган беморда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

ССВ қайдича, тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 28 нафарга етган.

Қаршида чеклов чоралари кучайтирилади

Қаршида жамоат транспортини дезинфекция қилаётган ходим, 2020 йил 17 марти.

Қашқадарё вилояти маркази бўлган Қарши шаҳрига кириш-чиқиш жиддий назоратга олинади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълум қилган.

Хабарномада вилоят махсус комиссияси қарори билан фаолияти тўхтатилган айрим назорат масканлари (постлар) қайта тикланиши қўшимча қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинган сони 201 нафарни ташкил этмоқда. Беморлардан 119 нафари соғайиб кетган, бир бемор оламдан ўтган.

Сўнгги уч кун ичида Нукус, Бухоро ва Жиззах шаҳарларига кириш-чиқишда назорат кучайтирилгани кузатилди.

ЕИ ўзбек чегарачиларига коронавирусга қарши ҳимоя воситаларини тақдим этди

Ўзбек чегарачилари (иллюстратив сурат).

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига коронавирусга қарши индивидуал ҳимоя воситаларини тақдим этди. ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ёрдам “Марказий Осиёда чегараларни бошқариш (БОМКА)” дастури доирасида топиширилган.

Ёрдам юки 830 та ҳимоя костюми, 1000 та пуркаладиган антисептик суюқлик ва 15 000 та тиббий ниқобдан иборат.

Қайд этилишича, ҳимоя воситалари давлат чегарасида назоратчилик қилаётган чегарачилар соғлиғи учун хавф-хатар даражасини камайтиришга хизмат қилади.

ЕИ томонидан молиялаштирилувчи “БОМКА”дастури Марказий Осиё мамлакатларида 2003 йилдан бери турли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Дастур ўтган 17 йил ичида минтақа ҳукуматлари билан чегараларни бошқаришга кўмаклашиш жабҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаган.

Камолиддин Беҳзод асарларини хориждан Ўзбекистонга қайтариш режалаштирилмоқда

Шайбонийхоннинг Камолиддин Беҳзод чизган портрети.

Бадиий академия ахборот хизматининг маълум қилишича, “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Унга асосан Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб хориждаги асарларнинг асл ёки кўчирма нусхасини олиб келиш сингари вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгиланди.

Бундан ташқари, Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарларига оид адабиёт ва манбаларни аниқлаш, Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг хорижда сақланаётган намуналари рўйхатини шакллантириш, Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари сақланаётган хорижий музей ва кутубхоналар билан музокаралар олиб бориш каби вазифалар ҳам белгиланган.

Президен Шавкат Мирзиёев 2020 йил 21 апрелда “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

Қарорга асосан жорий йил 14-16 октябрь кунлари Ўзбекистонда буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади.

АҚШ Ўзбекистонга деярли икки миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатмоқда

Иллюстратив сурат. 30 июнда АҚШдан 600 минг долларлик ёрдам келди.

Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги 2 июль куни АҚШнинг Project Hope саҳоват ташкилоти Тошкентга 600 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида хабар берди.

Хабарда айтилишича, мазкур юк Тошкент халқаро аэропортига 30 июнда етиб келган. Ёрдам хусусий тиббий ҳимоя воситалари, антисептиклар, дезинфекция маҳсулотлари, коронавирусни аниқлаш учун 20 мингта тест ва тиббий ускуналардан иборат.

Бундан ташқари июль ойида АҚШнинг Globus Relief нодавлат ташкилоти Юта штатининг Солт-Лейк-Сити шаҳридан Ўзбекистонга 800 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатиши кутилмоқда. Мазкур ёрдам 2 минг турдаги дори-дармонлардан иборат бўлиб, у иккита контейнерда Тошкентга келтирилади.

Агентликнинг билдиришича, АҚШнинг ADRA ташкилоти Ўзбекистонда муҳтож оилаларга ун, гурунч, ўсимлик мойи, дукакликлар, туз, шакар ва гўштдан иборат озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатмоқда. Бу ёрдамнинг миқдори 400 минг долларни ташкил қилади.

“Барча озиқ-овқат маҳсулотлари юқори сифатли бўлиб, улар Ўзбекистондаги супермаркетларда сотиб олинмоқда ва барча вилоятларда, жумладан, май ойида сув тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилояти аҳолисига ҳам тарқатилмоқда”, -дейилади хабарда.

Ўзбекистонга 1 миллион 800 минг долларлик гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича Вашингтондаги элчихона АҚШ нодавлат ташкилотлари билан келишгани билдирилди.

Сурхондарёда 69, Тошкентда 48 кишида коронавирус аниқланди

Ҳозирда касалхоналарда 3138 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда 3 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 9199 нафарни ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу 2 июль соат 23:00даги кўрсаткичдан 121 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 69 нафари Сурхондарё вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 48 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 32 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 16 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Тошкент вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида) аниқланган”,- дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 6034 нафар фуқаро тузалди ва соғайиш кўрсаткичи 65 фоизни ташкил этмоқда. Шу кунгача 27 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3138 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 16 нафари оғир, 8 нафари ўта оғир аҳволда.

Пешкўдаги автоавария оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Тергов департаменти тақдим этган суратларда “Cobalt” автомашинаси тўқнашув оқибатида мажақланиб кетганини кўриш мумкин.

Бухоро вилоятининг Пешкў туманида иккита автомашина тўқнашуви оқибатида уч киши вафот этди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг 2 июлда билдиришича, 1 июль куни Пешку тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 йўлининг Хоразм-Бухоро йўналишида 21 ёшли Ҳ.С., бошқарувида бўлган “Cobalt” 52 ёшли Ю.Ш., нинг бошқарувида бўлган “Mercedes-Benz 1841 LS” юк машинасининг орқа қисмига келиб урилган.

Департамент тақдим этган суратларда “Cobalt” автомашинаси тўқнашув оқибатида мажақланиб кетганини кўриш мумкин.

Натижада “Cobalt” автомашина ҳайдовчиси Ҳ.С., ва йўловчи сифатида кетаётган 22 ёшли С.Й., ҳамда 50 ёшли П.Н., лар ҳодиса жойда вафот этганлар.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навоийда тиббиёт ходимларига коронавирус юққани тасдиқланди

Расмий билдирувда коронавирус юққан тиббиётчилар сони ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази ходимларида коронавирус инфекцияси аниқлангани расман тасдиқланди. Бироқ расмий билдирувда коронавирус юққан тиббиётчилар сони ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2 июлда маълум қилишича, мазкур тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг айримларида коронавирус инфекциясининг дастлабки ҳолатлари қайд этилгани ўз тасдиғини топган.

Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказининг реанимация бўлими карантинга ёпилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўриққа олинган.

“Марказда фаолият олиб бораётган бошқа барча тиббиёт ходимлари, беморлар ҳамда улар билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролар умумий назоратга олиниб, карантин тартиби қатъийлаштирилган”, -дейилади хабарда.

Аввалроқ фтизиатрия ва пульмонология маркази ходимларидан бири президент Шавкат Мирзиёевга касалхонада айрим ходимларга коронавирус юққани, аммо раҳбарият томонидан ҳеч қандай чоралар кўрилмаётгани юзасидан мурожаат қилгани тўғрисида хабар берилганди.

28 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокорининг коронавирусга чалингани, оқибатда миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган эди.

Томорқаси борларга микрокредитлар берилади

Ўзбекистонда томорқадан қандай фойдаланилаётганини назорат қилиш тизими йўлга қўйилган.

Томорқа ер эгаларига тижорат банклари уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда 2 миллион сўмгача кредит беради. Бу борада президентнинг “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга асосан, микрокредитларни Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз Online тарзда бериш механизми жорий этилади.

Бундан ташқари Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 7,5 фоизли пунктигача қоплаб бериш тизими амалга киритилади.

Президент қарорида аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун «Томорқа хизмати» МЧЖларга иссиқхона, совиткичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратиш ҳам назарда тутилган.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 9 мингдан ошди, кун бўйи 300 чоғли одам хасталикка чалинди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 2 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 9078 (+82) нафарни ташкил этган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Қайд этилишича, янги касалланиш ҳолатларининг (соат 17:00 дан кейин) 33 таси Жиззах вилоятида, 26 таси Тошкент шаҳрида, 17 таси Тошкент вилоятида ва 6 таси Навоий вилоятида аниқланган.

Кун бўйи хасталикка чалинганлар сони 297 нафарга етган, бу эса Ўзбекистонда бир кунда инфекция юқтириб олиш бўйича рекорд кўрсаткичдир.

Ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 6034 нафари (66 фоиз) соғайган, 27 бемор эса ҳаётдан кўз юмган.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3017 нафар бемордан 16 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Наманганнинг Попида 30 ёшли аёл бирданига тўрт ўғилни дунёга келтирди

Наманган вилоятида туғилган эгизаклар (ССВ фотоси).

Наманган вилоятининг Поп туманида яшовчи 30 ёшли Мадина Икромова бирданига тўрт ўғилли бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

ССВ вакилларига кўра, болалардан биринчисининг вазни 902 грамм, иккинчисиники 1360 грамм, учинчисиники 1701 грамм, тўртинчисиники эса 1400 граммни ташкил этган.

Наманган вилоят перинатал маркази директори Ирода Муҳитдинова онага туғруқ жараёнига қадар замонавий перинатал технологиялар бўйича барча замонавий ёрдам кўрсатилганини билдирган.

Вазирлик айни пайтда онанинг ҳам, чақалоқларнинг ҳам аҳволи яхши экани, уларга марказ шифокорлари малакали тиббий хизмат кўрсатаётганини қайд этган.

Ўтган ой пойтахтда 35 та фоҳишахона аниқланди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда июнь ойи давомида шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан 35 та фоҳишахона аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.

Тартиб посбонлари хабарномасидан англашилишича, мазкур фоҳишахоналар массаж ёки спа-салонлар кўринишида ташкил этилган

Қайд этилишича, фоҳишахона ташкил этган ва қўшмачилик билан шуғулланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 131-моддаси (“Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш”) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Хабарномада ИИББ ходимларининг гиёҳванд ва психотроп моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний савдосига қарши курашига оид ҳисоботи ҳам акс этган.

Озодлик хабари ортидан Саида Мирзиёева машҳур блогерлар рўйхатидан олиб ташланди

Саида Мирзиёева.

Forbes.uz нашри Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёевани мамлакатдаги энг машҳур блогерлар рўйхатидан олиб ташлади.

С. Мирзиёева мазкур нашр томонидан Ўзбекистондаги таниқли блогерлар рейтингига киритилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Гарчи Forbes.uz нашрининг 1 июль куни ёйинланган рейтинги “Топ-15” деб номланган бўлса-да, унга С. Мирзиёева дохил 16 нафар блогер номи киритилганди. Аммо орадан бир кун ўтиб, президентнинг қизи рўйхатдан олиб ташланди ва рейтингдаги блогерлар сони ҳақиқатан 15 нафарга тушди.

Ўзбекистон президентининг катта қизи – 35 ёшли Саида Мирзиёева айни пайтда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Ундан аввал С. Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директор ўринбосари лавозимида ишлаган.

Мирзиёев Путинни Россияда овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади

Шавкат Мирзиёев (ч) Владимир Путин (ў) билан сўнгги бор юзма-юз июнь ойида ўтказилган парадда иштирок этиш учун Москвага борган пайтда учрашганди (2020 йил 23 июнида олинган сурат).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича умуммиллий овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев бу қутловини Путинга 2 июль куни икки президент орасида ўтказилган телефон мулоқоти чоғида етказган.

Суҳбат чоғида президентлар "Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқлаганлар".

Мулоқот асносида бўлажак олий даражали ташрифлар кун тартибидаги масалаларга, шунингдек, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирини камайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Суҳбат чоғида халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Сентябрь ойидан онлайн-аукционлар тартибига ўзгартишлар киритилади

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 сентябридан онлайн-аукционлар тартибига ўзгартишлар киритилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 1 июль куни имзоланган “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан барча аукцион савдолари натижалари QR-код (матрик штрихли код)ни қўллаш орқали расмийлаштирилади.

Шунингдек, “E-IJRO AUKSION” тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинади:

  • “мобиль идентификация қилиш” билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали аукционда иштирок этиш;
  • давлат мулки объектларини ижарага бериш шартномасини ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали) икки томонлама тузиш орқали расмийлаштириш;
  • савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталогни яратиш.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази тузилиши ҳам айтилган.

Марказнинг асосий вазифаси ўлароқ қуйидагилар белгиланган:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тоифадаги бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини (кейинги ўринларда – бўш турган объектлар) аниқлаш ва ҳисобини юритиш;
  • бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, давлат мулки объектларини ижарага беришни ташкил этиш;
  • ижарага берилган давлат мулки объектларини ва уларни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш;
  • ижарага берилган давлат мулки объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га бириктирилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган давлат мулки объектларининг ортиқча қисмини, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларини олиб қўйиш;
  • Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш.

Коронавирусга чалинганлар сони 9 мингга яқинлашди, 25 беморнинг аҳволи оғир

Ҳозирда касалхоналарда 3030 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 2 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8904 нафарни ташкил этмоқда. Бу билан сўнгги 12 соатда беморлар сони 123 нафарга кўпайди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 101 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 12 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 7 нафари Наманган вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 6 нафари аҳоли орасида), қолган 3 нафари Тошкент вилоятида аҳоли орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 5847 нафар бемор соғайди, 27 киши коронавирусдан вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3030 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 16 нафари оғир, 9 нафари ўта оғир аҳволда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG