Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2020, Тошкент вақти: 01:33

Туркманистонда уй ҳайвонлари касалланмоқда, расмийлар Бердимуҳамедов табобатини тавсия қилмоқда


Ўтган ҳафтада Туркманистон давлат телеканалида уй ҳайвонларининг хавфли касалликларини шифобахш ўсимликлар билан даволаш мумкинлиги таъкидланди. ​

Октябрь ойида Озодлик радиоси туркман хизмати Мари вилоятида қора моллар жигар касалидан ҳалок бўлаётганини хабар қилди. Маҳаллий ветеринарлар жониворлар сил касаллигидан (туберкулёз) ўлаётганини хулоса қилганди.​

Туркманистонни 2006 йилдан бери бошқариб келаётган Гурбангули Бердимуҳамедовни Foreign Policy халқаро нашри жаҳондаги энг ёмон диктаторлар қаторига киритган.

Бердимуҳамедов етакчилигидаги ҳукуматнинг сиёсати аҳоли турмушини мушкуллаштиришда давом этмоқда.

Масалан, мамлакат аҳолиси учун етарли миқдорда дори-дармон импорт қилмайди ёки ўзи ишлаб чиқармайди.

Бунинг ўрнига расмийлар аҳолини президент қаламига мансуб эканлиги айтилаётган ва мамлакатдаги шифобахш гиёҳлар ҳақидаги табобат китобини ўқишга ундамоқда.

Расмийларнинг бундай масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари эса ачинарли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркманистон бўйича 2016 йилда эълон қилган ҳисоботда “зооноз касалликлар юқумли касалликлар бўлиб, ҳайвонлар ва одамлар ўртасида тарқалиши мумкин. Инсонлар орасидаги яқинда тарқалган юқумли касалликларнинг 75 фоизи ҳайвонларда бошланган; барча инсон патогенларининг 60 фоизи эса зооноздир”, дейилади.

Эбола, парранда гриппи (қуш гриппи), куйдирги, сальмонелла ва бошқа ўнлаб касаллик ҳайвонлар орасида тарқаладиган ва баъзан одамларга юқадиган зооноз касалликлардир.

Туркманистон расмийлари тавсия қилаётган шифобахш ўтлар эса бундай касалликлар юқтиришда ва уларнинг тарқалиши олдини олишда ҳеч қандай самара бермайди. Агар гиёҳларнинг ўзи етарли бўлганида, замонавий вакциналарга эҳтиёж бўлмаган бўлади.

Бундан ҳам муҳими, Туркманистон расмийлари аҳоли эркин ҳаракатланишини чеклай олгани билан, қушлар, кемирувчилар ва бошқа чўл жонзотлари эркин ҳаракатланишини чеклай олмайди. Ҳатто қора моллар ва қўйлар ҳам Туркманистон чегарасидан қўшни мамлакатларга ўтиши мумкин.

Кейинги йилларда Туркманистонда турли ҳайвон касалликлари тарқалаётгани ҳақида маълумот келиб тушмоқда. Октябрь ойида Озодлик радиоси туркман хизмати Мари вилоятида қора моллар жигар касалидан ҳалок бўлаётганини хабар қилди. Маҳаллий ветеринарлар жониворлар сил касаллигидан (туберкулёз) ўлаётганини хулоса қилди.

Июнь ойида Аҳал вилоятида қора моллар ҳалок бўлаётган хабар қилинди. Ўшанда бунинг сабаби одатда каналар орқали тарқаладиган пироплазмоз касаллиги эканлигини айтилди. Бу ташхисни қўйган маҳаллий ветеринарлар касаллик вақтида аниқланганида, унинг олдини олиш мумкин бўлган бўларди, дейишди.

Март ойида эса Болқон вилоятида туялар ўлаётгани хабар қилинган эди. Ўшанда расмийлар бу ҳолатни изоҳламади. 2018 йилнинг октябрида ҳам бир неча туя ҳалок бўлган, бунинг сабаби чечак дея тахмин қилинган эди. Ўшанда бу касаллик инсонларга ҳам юққан.

2016 йил якуни, 2017 йил бошида Дашогуз вилоятида кўплаб қора мол ҳамда парранда ҳалок бўлди. Маҳаллий ветеринарлар ҳалок бўлган жониворларга куйдирги ташхисини қўйди, аммо расмийлар бу ҳолатни изоҳламади.

Туркманистон бўйлаб кейинги уч йил давомида уй ҳайвонлари ҳалок бўлган ҳолат кўп кузатилди. Айримлар бутунлай қуруқ қолмаслик учун инфекция юққан қорамол ва қўйларини сўйиб, маҳаллий бозорларда сотмоқда.

Туркманистон расмийлари буни тан олмаса-да, сўнгги тўрт йил ичида мамлакат кескин иқтисодий инқирозга юз тутган. Кўп ҳудудларда озиқ-овқат учун навбатлар юзага келган. Шу сабаб арзон нархда сотилаётган гўшт маҳаллий аҳоли эътиборини тортмай қолмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Туркманистонда 2016-2020 йилларда зооноз касалликларга қарши курашиш режаси қабул қилинган, аммо унда фақат бруцеллёз ва қутуриш ҳақида сўз юритилади.

Туркман телеканалларида жониворларни даволаш учун Бердимуҳамедовнинг шифобахш гиёҳлар ҳақидаги китобидан фойдаланиш маслаҳати берилганидан Ашхобод ҳайвонларни вакцинация қилиш ниятида эмаслигини хулоса қилиш мумкин.

Бу эса Туркманистонни зооноз касалликлар учун инкубаторга айлантиради ва нафақат Туркманистон, балки қўшни мамлакатлар аҳолиси соғлиғига таҳдид солади.

Жониворларни ва аҳолини эмлаш учун Туркманистонда маблағ йўқ, дейиш ҳам тўғри бўлмайди. 2018 йилнинг июлида The Economist нашри Германия банкларида туркманистонликларга тегишли 23 миллиард доллар борлигини хабар қилган эди.

Бердимуҳамедов кейинги йилгача Ашхободда итнинг Олабой зотига 15 метрли ҳайкал ўрнатишни буюрди. Бу бачканаликка сарфланадиган маблағнинг ўзи билан кўплаб уй ҳайвонларини эмлаш мумкин бўларди.

XS
SM
MD
LG