Линклар

Шошилинч хабар
29 январ 2020, Тошкент вақти: 22:27

Ўзбекистон хабарлари

1 мартдан янги намунадаги кадастр паспорти жорий қилинади

Вазирлар Маҳкамаси “Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига биноан қабул қилди 2020 йил 1 мартдан бошлаб янги намунадаги паспорт босқичма-босқич жорий этилади:

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар қилди. Ҳукумат қарори 2019 йилнинг 12 декабрида қабул қилинган эди.

"Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштиришга" қаратилган мазкур қарорга мувофиқ

• 2020 йил 1 мартдан бошлаб - Тошкент шаҳрида, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида;

• 2020-2022 йилларда босқичма-босқич - бошқа вилоятларда ва Қорақалпоғистонда.

Қарорга кўра, кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан мурожаат қилинганда, ариза берувчига давлат хизматлари марказлари орқали янги намунадаги кадастр паспорти берилади.

Кун янгиликлари

К.Алламжонов ва С.Мирзиёева АОКАдан кетди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мажлис ўтмоқда.

29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўзининг Телеграм-каналида хабар қилди.

Шу куни Саиджанов Дилшод Мадрахимович Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Алламжонов ва Мирзиёеваларнинг лавозимларидан озод қилинганига доир хабарда айтилишича, Президент Администрацияси Раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида кенгайтирилган мажлисда АОКА директори в.б. К.Алламжонов ва директор ўринбосари С.Мирзиёева келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари билан боғлиқ мурожаатларини Президент Администрациясига киритишгани ва Президент Администрацияси томонидан ушбу мурожаатлари кўриб чиқилиб, қондирилгани ҳақида эълон қилинган.

Тадбир доирасида Агентлик директори в.б. К.Алламжонов ва директор ўринбосари С.Мирзиёева ўз раҳбарлик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида қисқа ҳисобот бериб, шунингдек, келажакдаги жамоатчилик йўналиши билан боғлиқ режалари борасида фикр билдиришди.

Хабарда Алламжонов ва Мирзиёеванинг "келажакдаги жамоатчилик йўналиши билан боғлиқ режалари"га оид конкрет маълумот берилмаган.

"Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари З.Низомиддинов Агентлик томонидан эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаб, К.Алламжонов ва С.Мирзиёеваларнинг республикамизнинг ОАВ соҳасида демократик ислоҳотларни амалга оширишда, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, давлат органлари раҳбарларининг масс-медиа билан ўзаро муносабатлари самарадорлигини оширишдаги шахсий ҳиссаларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон давлати ривожланиши йўлидаги келгуси ишларига зафарлар тилади", дейилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабарида.

Комил Исмоилович Алламжонов 2018 йил ноябрида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

2018 йил октябрида Алламжонов президент администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимидан озод қилинган эди.

Комил Алламжонов 2017 йил декабрида президент матбуот котиби ва давлат раҳбари ижро аппарати раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Молия вазири: Ўзбекистон Яшаш даражаси минимумини жорий этишга тайёр эмас

Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров.

Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимумини ҳисоблаб, эълон қилиш учун ҳеч қандай муаммо йўқлиги, 2020 йил давомида яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасига оид рақамлар эълон қилинишини ўтган шанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Бироқ вазирнинг айтишича, "Яшаш даражаси минимумини эълон қилиш, маълум бир юридик муаммоларни келтириб чиқаради".

"Буни очиқ айтишимиз керак. Яшаш минимумини ҳисоблаб чиқдик ҳам дейлик. 2018 йилда ҳисоблаганда 700 минг сўм атрофида эди. Фараз қилайлик, ҳозир 800 ёки 900 минг сўм деб олсак, Конституциямизда пенсия ва ижтимоий нафақалар яшаш минимумидан кам бўлиши мумкин эмас деб ёзиб қўйилган. Агар ҳозир шу рақамни эълон қиладиган бўлсак, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини оширишимизга тўғри келади. Бироқ айни пайтда биз буни ошириш имкониятига эга эмасмиз, бюджетимиз кўтара олмайди. ЯИМ кичкина ва ундан ташқари [молиявий манбалар] ҳеч қаердан пайдо бўлмайди. ЯИМдан ташқари фақат ташқи қарз бор", деган Жамшид Қўчқоров.

ТИВ ўзбекистонликларга Хитойга бормай туришни "қатъий тавсия" қилди

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари берган маълумотга биноан Хитой Халқ Республикаси ҳукумати кўраётган қатъий чораларга қарамасдан коронавируснинг янги шакли (2019-нCоВ) тарқалиши билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Вирусни юқтирганлар сони 6 мингдан кўпроқни ташкил қилиб, касалликдан вафот этганлар сони эса 130 нафардан ошди. Бундан ташқари касалга чалинганлар қатор бошқа давлатларда ҳам аниқланди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 29 январдаги баёнотида.

Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, вазирлик фуқароларни Хитойга сафар қилишдан тийилиб туришни қатъий тавсия қилган.

"Ватандошларимизнинг соғлиғига бўлган эҳтимолий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон фуқароларига Хитойга хизмат, туристик ва бошқа мақсадларда ташриф буюришдан тийилиб туришлари қатъий тавсия этилади", дейилган баёнотда.

Айтилишича, Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Бош консулхонаси Ухань шаҳри ва карантин жорий қилинган бошқа шаҳарлардаги ўзбекистонликлар билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда марказий ва маҳаллий ҳукумат идоралари билан биргаликда юзага келаётган муаммолар, шу қаторда маиший масалаларни тезкорлик билан ҳал қилмоқда.

Январь ойида Ухань шаҳридан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалар зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига +998909882330 (директор ўринбосари Б. Қурбонов),+998972755074 (бош мутахассис Ф. Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишлари зарур.

Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда Пекин шаҳридаги элчихонасига +86 135 1102-4242 (Бобур Яхяев), +86 139 1175-4476 (Шуҳрат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255-5772 (Азиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади», дейилган ТИВ хабарида.

"Аҳмадбой иши" бўйича 4- суд бўлиб ўтмоқда

Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судида судланувчилар Аҳмад Турсунбоев (Аҳмадбой) ва яна 16 кишига нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича тўртинчи очиқ суд бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизматига таяниб, daryo.uz хабар қилди.

Судланувчилар Аҳмад Турсунбоев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Ҳозирги кунда суд тергови ўтказилмоқда. Суд жараёни давом этмоқда.

Кейинги суд мажлиси 30 январь куни ўтказилади.

Аввалроқ «Аҳмадбой иши» бўйича жабрланганларга пулларини қисман қайтариш бошлангани ҳақида хабар берилган эди.

Аҳмадбой Турсунбоев 2015 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида "Чиноз ҳалол чорва" ва "Чиноз авто ҳамкор транс" корхоналарини ташкил қилган. У ва унинг ходимлари миллий ва чет эл валютасида аҳолидан энг камида йилига 100 фоиз устама бериш шарти билан пул олиб келган. Шу билан бирга Аҳмадбой пулни қайтариб беришга ҳеч қандай кафолат бермаган.

Икки йил мобайнида Турсунбоев ва унинг шериклари катта миқдордаги пул, чорва моллар ва турли русумдаги автомобилларни ўзлаштириб келган. Уларнинг жиноий фаолияти беш йил давом этган. Маълум қилинишича, бундан минглаб фуқаролар жабр кўрган.

Турсунбоев 2019 йилнинг февралида 13 йиллик қамоққа ҳукм этилган эди.

Миграция агентлиги 275 ўзбекистонликнинг жасадини ватанга жўнатди

Бугунги кунгача 275 ўзбекистонлик жасадини агентлик ёрдамида ватанга юбордик. Шундан 235 фуқаро жасадини юбориш харажатлари жамғармадан қопланган. Қолганларини юбориш харажатлари ё иш берувчи томонидан, ёки яқинлари томонидан тўланган.

Бу маълумотни kun.uz сайти мухбирига Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуров берди.

- Ҳозирги кунда Москва шаҳри ва унинг атрофида 100 км масофада ўзбекистонлик фуқаро жасадини ватанга юбориш 34 500 рублга (550 доллар атрофида) тушмоқда. Биз тендер эълон қилдик, юзга яқин дафн қилувчи компанияларга хат юбордик. Ҳар бирининг таклифини, вақтини ўрганиб, авиапарвозни ҳисобга олганда, Москвадан Ўзбекистоннинг исталган шаҳрига шу нархда етказилади,- деган Саиднўъмон Мансуров.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси манзили:

Москва шаҳри, 1 казачий переулок 11/2

Ваколатхона навбатчи телефони: +79250454744

Бош вазир коронавирус бўйича йиғилиш ўтказди

Ўзбекистонда [тожли вирус бўйича] ҳали биттаям ҳолат бўлмаган. Кеча Бош вазир томонидан комиссия йиғилиши ўтказилди. Ҳар бир идора ва ташкилотлар, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Чегара қўшинларига топшириқлар берилди.

Бу гапни Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев 29 январда Халқаро пресс-клуб сессиясида айтгани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Баҳодир Юсупалиев аҳолини ваҳимага тушмасликка чақириб, вирус Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш учун етарли чоралар кўрилганини билдирган.

"Чегарадаги санитар-карантин пунктларининг фаолияти назоратга олинган. Ҳар бир пунктга инфекционист бириктирилган. Тегишли тепловизор билан кириб келаётганларнинг тана ҳарорати кўтарилган-кўтарилмаганини биламиз. Шундан келиб чиқиб, биринчи тадбирларни амалга оширишимиз мумкин бўлади. Кейинги масала, ҳар битта тиббиёт муассасасида захира ўринлар, дори-дармонлар тайёрлаб қўйилган», – деган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари.

  • Хитойнинг Хубэй вилоятида сўнгги бир кеча-кундузда тожли вирусни юқтирган яна 26 киши вафот этди. Шу тариқа ХХР Соғлиқни сақлаш Миллий комиссияси маълумотига кўра, қурбонларнинг умумий сони 132 нафарга етди.
  • Бундан ташқари сўнгги бир кеча-кундузда пневмонияга чалиниш билан боғлиқ 1459 та ҳолат қайд қилинди. Шу тариқа Хитойда 6000 га яқин кишининг янги вирусга чалингани маълум бўлди.

Пенсия ёшини кўтариш режалаштирилмоқда

Эркакларга 62, аёлларга 58 ёшни пенсияга чиқиш даври этиб белгилаш кўзда тутилмоқда. Аммо ўзгариш бирдан барчага татбиқ этилмайди. У босқичма-босқич, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, тадрижий амалга оширилада.

Бу ҳақда gazeta.uz "ҳукуматдаги манба"га таяниб хабар қилди.

Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори биринчи ўринбосари Медет Тлеуов 28 январда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда пенсия таъминоти солидар тизимда ишлашини, айни пайтда ишлаётганлар ҳисобидан пенсия ёшига чиққанлар учун пул тўланишини айтар экан, пенсия тизими босқичма-босқич ўзгариши кутилаётганини билдирган. Бироқ конкрет муддатлар ҳамда ўзгаришлар нимадан иборат бўлишини айтган эмас.

Медет Тлеуовнинг айтишича, мамлакатда қарийб 15 миллион иқтисодий фаол фуқаролар бўлиб, уларнинг фақат 5 миллионга яқин қисми солиқларни расман тўламоқда, яъни даромадларини шаффоф кўрсатади. Шу туфайли пенсия таъминоти тизими айнан бугун солиқ тўловчилар қувватига чамбарчас боғланган.

Пенсия жамғармаси рахбарияти вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат пенсия таъминоти уч поғонали тизимга алмаштирилиши кутилмоқда.

«Пенсия сиёсати фақат бир пенсия тизимига асосланиб қолмаслиги керак. Шу сабабли, тараққий этган мамлакатларда ҳар иккала тизимдан фойдаланишга асосланган уч поғонали пенсия тизими шаклланди: давлат пенсияси, жамғариб бориладиган пенсия ҳамда ихтиёрий пенсиявий суғурталаш», — деган Медет Тлеуов.

  • 2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 542 463 нафарни ёки аҳоли сонидаги улуши 10,7% ташкил қилди.
  • Бу ҳақда хабар қилган Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига кўра, бу кўрсаткич, Тошкент шаҳрида 13,5%, Навоий вилоятида 11,9%, Тошкент вилоятида 11,7%, Бухоро вилоятида 11,4%, Фарғона вилоятида 11,1%, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 10,8%, Хоразм вилоятида 10,7%, Қорақалпоғистон Республикасида 10,4%, Наманган вилоятида 10,0%, Самарқанд вилоятида 9,9%, Қашқадарё вилоятида 9,5%, Сурхондарё вилоятида 9,3% ва Жиззах вилоятида 8,9%.

3 542 463 нафар пенсия ва ижтимоий нафақа олувчидан:

  • ёшга доир пенсия олувчилар - 2 656 396 нафар (74,9%)ни;
  • ногиронлик пенсияси олувчилар - 374 999 нафар (10,6%)ни;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсия олувчи оилалар - 175 907 та (4,9%)ни;
  • ижтимоий нафақа олувчилар - 335 161 нафар (9,6%)ни ташкил қилди.

Олтин танга нархи яна 200 минг сўмга қимматлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда бу ҳафта олтин танга нархи 200 минг сўмга ошди. Марказий банк 29 январдан бошлаб 1 олтин танга 15 миллион 500 минг сўм бўлганини эълон қилди.

Кумуш танга нархи эса ўзгаришсиз (343 минг сўм) қолган.

Ўтган ҳафта (22 январдан) МБ олтин тангалар нархини 15 миллион 300 минг сўм қилиб белгилаган.

Ундан олдинги ҳафта (15 январдан) эса мазкур танга нархи 15 миллион 100 минг сўмга тенг бўлган.

Ўзбекистон Россия банкидан ГЭСлар қуриш учун 100 млн евро қарз олди

Иллюстратив сурат.

Россия “Внешэкономбанк”и Ўзбекистон “Туронбанк”ига ГЭСлар қурилиши ва модернизацияси учун умумий қиймати 101,3 млн еврога тенг учта кредит берди. Бунга оид шартнома 28 январь куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида имзоланди, дея маълум қилади “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати.

Мазкур маблағлар Ўзбекистон президентининг “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши айтилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, яқин келажакда Ўзбекистонда 42 та янги ГЭС қуриш ва мавжуд 32 та ГЭС модернизациялаш назарда тутилган. ГЭСлар қурилиши ва модернизацияси учун тақрибан $2,6 млрд маблағ лозим бўлади, бу маблағнинг 1 млрд доллардан кўпроғини хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан қоплаш кўзланган.

Мирзиёев рақобат муҳитини яратмаган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фаолиятини танқид қилди

Иллюстратив сурат.

Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда билдирди.

Мирзиёевга кўра, ўтган йили 4 та аэропортда “очиқ осмон” режими жорий этилиб, “бешинчи ҳаво эркинлиги” ўрнатилганига қарамай, ҳанузгача биронта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмаган. Бу ҳолат йўловчиларнинг асосли эътирозларига, бошқа хорижий авиакомпаниялар хизматидан фойдаланишига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, президент Жаҳон банкининг тавсиялари асосида фуқаро авиацияси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берган.

Йиғилишда Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш хабига айлантириш мақсадида “очиқ осмон” режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, янги авиакомпаниялар фаолияти учун шароит яратиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Тожикистон бу йил Ўзбекистондан 200 млн куб метр газ сотиб олмоқчи

Иллюстратив сурат.

Тожикистон 2020 йилда Ўзбекистондан 200 миллион куб метр газ сотиб олишни режаламоқда. Бу ҳақда, “Ховар” ахборот агентлигининг хабар қилишича, “Тожиктрансгаз” ОАЖ бош директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Шоимзода 28 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Тожикистонлик мулозим айни пайтда бу борада қўшни давлат билан музокаралар олиб борилаётгани ва бу масала ижобий ҳал этилишига умид борлигини билдирган.

Шоимзодага кўра, Тожикистон 2019 йилда Ўзбекистондан 17,7 миллион долларга 140 миллион куб метр табиий газ сотиб олган. Агар Тошкент билан музокаралар ижобий якун топса, Душанбе бу йил ўтган йилдагидан 42 фоизга кўп газ сотиб олишни кўзламоқда.

Ўзбекистон ҳар йили Тожикистонга экспорт қилинаётган газ ҳажмини ошириб бораяпти. 2018 йили ўзбек газчилари қўшни мамлакатга 54,6 миллион куб метр газ сотган бўлсалар, 2019 йилда бу миқдор 2,6 баробарга (140 млн куб метр ёки 257 фоизга) оширилган.

Тожикистонга ўзбек газини етказиб бериш 2018 йил баҳоридан тикланган. Унгача газ етказиб бериш 6 йил тўхтаб қолганди.

Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газдан асосан Тожикистондаги саноат корхоналари фойдаланади.

Ўзбекистон Тожикистонда ГЭС қурмоқчи. Музокаралар бошланди

Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш масаласини ишлаб чиқиш Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган эди.

28 январь куни Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида Зарафшон дарёсида биргаликда ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилиш бўйича музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Айтилишича, гидроэлектрстанцияларни қуриш босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилади: даставвал ҳисоб-китоб қиймати 282 млн. долл., қуввати 140 МВт бўлган, 700-800 млн. кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилади. Навбатдаги босқичда томонлар Фандарёда ҳисоб-китоб қиймати 270 млн. долл., қуввати 135 МВт бўлган, 500-600 млн. кВт-соатэлектр энергия ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши имкониятини кўриб чиқади.

Қурилган гидроэлектростанциялар фақат Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1400 млн. кВт.с экологик соф электр энергия ишлаб чиқаради.

Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт га тенг иккита ГЭС ни биргаликда қуриш масаласини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган эди.

Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да акс эттирилган.

"Аҳмадбой иши" бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қисман қоплаб бериш бошланди

"Аҳмадбой иши" бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қисман қоплаб бериш бошлангани тўғрисида 28 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилингани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши доирасида 11 минг 700 нафар жабрланувчига умумий ҳисобда 418 млрд 293 млн 345 минг сўм зарар етказилгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 май кунги ҳукми билан халқ орасида Аҳмадбой деб ном олган Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан дастлабки тергов даврида хатланган хорижий ва миллий валютадаги пул, кўчмас мулк, автотранспорт ва заргарлик буюмлари сотувга қўйилган.

Тадбирда «Аҳмадбой иши» бўйича миллий валютадаги 26 млрд 708 млн 295,7 минг сўм пул, 12 млн 580 минг 622 АҚШ доллари, шунингдек, заргарлик буюмлари, 29 та кўчмас мулк, 8 турдаги автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулклар жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун хатлангани маълум қилинди.

Мазкур мол мулклар суд қарорига асосан сотувга қўйилиб, сотувдан тушган пул маблағларини жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун пропорционал тарзда тақсимлаш белгиланган. Бугундан сотувдан тушган пул етказилган зарарни қоплаш учун Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда пропорционал тарзда жабрланувчиларнинг пластик карточкаларига ўтказиб берила бошланган.

Андижонда ИИБ ходимлари 350 та пичоқни бироз зарарсизлантирди

Андижон шаҳридаги “Жахон буюм бозори”да ўтказилган тадбирлар давомида 350 дан ортиқ пичоқнинг учи тўмтоқ ҳолатга келтирилди.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ матбуот хизматига кўра, пичоқлар учини тўмтоқлаш амалиётини Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари шаҳар худудида тиғли предметлар ёрдамида содир этилиши мумкин бўлган оғир турдаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ўтказган.

"Худди шу каби профилактик тушунтирув ишлари Андижон шаҳрининг Бобур МФЙ худудида жойлашган “Эски шахар деҳкон бозори” худудида ҳам ўтказилиб, ўткир тиғли жисмлар тўмтоқ ҳолатга келтириляпти. Бундан ташқари ўтказилаётган "Тун" тадбирлари давомида бемақсад юрган шахсларнинг ёнидан 18 та тиғли предметлар олинди. Жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан олиб борилаётган бу каби профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда", дейилган хабарда.

  • Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бозорларда тиғли асбоблар савдоси назоратини кучайтиришга қаратилган рейдлар ўтказилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Пахта мавсумида меҳнатга мажбурлаган 43 амалдор жаримага тортилгани хабар қилинди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун маъмурий жаримага тортилган мансабдор шахслар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда жами 43 нафар мансабдорнинг исм-фамилияси келтирилган.

Жаримага тортилганларнинг икки нафари туман ҳокими, беш нафари туман ҳокими ўринбосари, 15 нафари банкларнинг ҳудудий филиаллари бошқарувчиларидир.

43 амалдорнинг барчасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1 -қисми қўлланилган.

Кодекснинг 51-модда, 1- қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилган.

8 ойлик қизини $5000 га сотмоқчи бўлган аёл ушланди

Иллюстратив сурат

Андижонда 8 ойлик фарзандини 5 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл ушланди

Бу ҳақда хабар қилган Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси ҳамда ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро 2000 йилда туғилган оилали аёл 2019 йилда туғилган қиз фарзандини бир фуқарога 5 000 АҚШ долларига сотиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини берган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан бола сотмоқчи бўлган аёлга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар қилинди.

Қорақалпоғистонлик тадбиркор ўзбек-қозоқ чегараси яқинидаги намозхонани сақлаб қолишни сўраяпти (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида жойлашган “Довуд ота” божхона пости яқинидаги кичик намозхонанинг ноқонуний қурилгани ва бузиб ташланиши тўғрисида суд қарори чиқди. Бинони барпо қилган тадбиркор унинг бузилмаслигини, давлат ҳисобига ўтказилишига ҳам рози эканини таъкидлаб, сайёҳлар, зиёратчилар ва ҳамюртларимиз учун асраб қолинишини сўрамоқда, дея хабар қилади kun.uz.

Намозхона қурилиши 2018 йили бошланиб, 2019 йилда тугатилган. Бироқ кейинчалик намозхона учун танланган жой Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тегишли экани маълум бўлган.

Намозхона қурилишидаги хатолик, яъни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳудудига ўтиб кетилгани маълум бўлгач, тадбиркор Давронбек Қўчқаров уни қонунийлаштириб, ҳужжатлаштириб олиш ҳаракатини қилган. Аммо Қўнғирот тумани ҳокимлигига бу ҳақда қилган мурожаатлари натижа бермаган. Пировардида иш судгача етиб борган.

2019 йил декабрида Қўнғирот туманлараро фуқаролик суди “Довуд ота” божхона пости яқинида жойлашган, қурилиш ости майдони 152,7 кв.м. бўлган иморатнинг ноқонуний қурилгани ва жавобгар Давронбек Қўчқаров томонидан бузиб ташланиши, бундан ташқари, уни 461,6 минг сўм жаримага тортилиши тўғрисида қарор чиқарган. Айни пайтда Давронбек Қўчқаров суднинг бу қарори устидан юқори инстанцияга апелляция тартибида шикоят берган.

Бино қурилишида қонунбузарлик ҳолати содир бўлганини рад этмаган қорақалпоғистонлик тадбиркор эндиликда намозхонанинг бузилмаслигини, сақлаб қолинишини сўрамоқда. У ҳатто намозхонани Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳисобига ёки “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфига ўтказилишига ҳам рози. Д. Қўчқаров бинодан фойдаланиш жараёнидаги келгуси харажатларни кўтаришга, унинг озодалиги ва саришталигини сақлаб туришни зиммасига олишга ҳам тайёр эканини таъкидлаган.

Мультимодал транзит йўлаги орқали илк поезд Грузияга етиб борди

Иллюстратив сурат.

Шу йилнинг 21 январ куни Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан мультимодал транзит йўлаги орқали илк юк поезди Грузиянинг Батуми шаҳрига жўнаб кетди. 49 цистернадан (мазут) иборат таркиб Ўзбекистон ҳудудидан режалаштирилган 36 соат ўрнига 33 соатда йўл босиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати ахборот хизмати маълум қилади.

Аввал хабар қилганимиздек, ўтган йил 19-20 декабр кунлари Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон темир йўллари раҳбарлари Тошкентда учрашиб, Кавказ ўлкаларига транзит поездлари қатновини амалга ошириш бўйича келишувга эришгандилар.

Учрашув иштирокчилари “Осиё-Тинч океани мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа" халқаро мультимодал маршрутини ривожлантириш бўйича мазкур тадбирнинг аҳамияти, контейнер поездларини жадаллик билан ўтказиш ва ягона тарифларни қўллаш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш юзасидан бир фикрга келгандилар.

Айтилишича, бу Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ўртасидагина эмас, балки Европа ва Осиё қитъасининг бошқа давлатлари билан савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Мирзиёев тиббиёт соҳасида кадрлар етишмовчилигини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда медицина соҳадаги кадрлар таъминоти, малакаси ва салоҳияти танқид қилди. Бу танқид 27 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасини ва илм-фан йўналишларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда янгради.

Йиғилишда қайд этилишича, ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимида 75 минг нафар врач фаолият юритмоқда. 2 минг 900 та умумамалиёт шифокори, 10 мингта тор мутахассислар етишмайди. Илмий изланиш натижаларини ҳаётга жорий этиш 5 фоиздан ҳам ошмайди.

Мирзиёев мутахассисларни давлат буюртмаси асосида манзилли тайёрлаш, мақсадли квоталарни туман, қишлоқ ва иш жойи кўрсатилган ҳолда шакллантириш зарурлигини таъкидлаган ҳамда тиббиётда илм-фанни ривожлантириш, илмий изланишларнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берган.

Тошкент ҳайвонот боғи реконструкцияси лойиҳаси билан немис ширкати шуғулланади

Иллюстратив сурат.

Тошкент ҳайвонот боғини реконструкция қилиш лойиҳаси Германиянинг dan pearlman Group томонидан ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Газета.uz нашри хабар қилади.

Боғни реконструкция қилиш ҳукуматнинг 2019 йил декабрдаги қарорида кўзда тутилган. Ҳайвонот боғи давлат тасарруфидан чиқарилиб, масъулияти чекланган жамиятга айлантирилаяпти, унинг ишончли бошқаруви эса Wildlife Care компаниясига топширилмоқда.

Wildlife Care бош директори Абдумалик Сиддиқовга кўра, дастлабки босқичда немис мутахассислари ҳайвонот боғининг ҳозирги ҳолатини баҳолашлари керак. 27 январь куни улар ҳайвонларни сақлаш шароитлари, жониворлар экспозицияси ва ҳайвонот боғи инфратузилмаси билан танишган.

Бир ойдан сўнг dan pearlman Group ўз тавсияларини тақдим этади, шундан сўнг уч ойда якунланиши режалаштирилган реконструкция лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланади.

Германиянинг dan pearlman Group ширкати олдин Германия, Грузия, Италия, Буюк Британия, Дания, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ҳайвонот боғларини ривожлантириш режалари ва дизайнларини ишлаб чиққан.

Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Пулини ололмаётганлар HUMAN агентлиги биносида. 2019 йилнинг сентябри.

Судланувчидан, шунингдек, 1080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида судланувчи, Human хусусий бандлик агентлиги Шоҳинур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Шоҳинур Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («фирибгарлик») 4-қисми «а» банди, 179-моддаси («сохта тадбиркорлик»), 189-моддаси («савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш») 1-қисми, 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди («нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш»), 227-моддаси («ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш») 2-қисми «а» банди ва 243-моддаси («жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган эди.

Суд ҳукмига кўра, Ш. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми «а» банди ва 179-моддаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси («реабилитация учун асослар»)нинг тегишли бандларига асосан реабилитация қилинди ҳамда унинг айбловидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилди.

Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» бандлари, 189-моддаси 1-қисми ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59 («бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш») ва 61 («жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари») моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Судланувчидан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

  • Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германияга деб ёлланган 200 ва Чехияга деб ёлланган 500 ишчи жўнатилмай қолгани, ишчилар агентликка банк орқали тўлаган пулларини қайтариб ололмаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш эҳтимоли юзасидан фикр билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

"Қайси шаклда, қайси қисмида Ўзбекистон мазкур интеграцион ташкилотларда иштирок этиши мумкинлигини аниқлаймиз. ЕОИИ бўйича кўплаб саволлар пайдо бўляпти. Аввало, бизнинг интеграцияга муносабатимизни билдирсам. Глобаллашув даврида бу - табиий жараён. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. Биз доим миллий ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, иш тутамиз".

Бу фикрни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро пресс-клубнинг (Тошкент шаҳри) 25 январь куни ўтказилган сессиясида сўзлаган нутқи давомида билдиргани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.

Нутқи давомида Комилов яна бундай деган:

"Ташқи ишлар масаласида асосийларидан бири — йирик, стратегик ҳамкорлик мавжуд давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш. Булар, аввало, буюк давлатлар — Хитой, Россия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Туркия, араб давлатлари ва Европа Иттифоқи, Осиё мамлакатлари. Россия Федерацияси билан нафақат икки томонлама алоқаларни ривожлантирамиз: Ўзбекистон жорий йилда МДҲ раислигини қабул қилган".

Президент мурожаатномасида ташқи сиёсатда интеграция масаласига алоҳида тўхталганди. Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқини назарда тутган ҳолда, қуйидаги фикрни билдирган:

"Бу масалани бир йилдан бери ўрганяпмиз. Бу масалани энг аввало халқимизнинг манфаатлари, уларнинг орзу-истакларига таяниб ҳал қиламиз. Депутатлар ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича ўрганиб, хулосалар беришни ўз зиммаларига олишлари лозим. Депутатлар қўлига қалам олиб масаланинг ижобий ва салбий томонларини ўргансин. Уларни айтгани бўлади. Маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлади".

Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик жамоасига таништирилди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков.

27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Ахмадович Назарбековни бош вазир Абдулла Арипов вазирлик ходимларига таништирди.

Бу ҳақда хабар қилган Маданият вазирлиги матбуот хизматига кўра, собиқ Мадания вазири, айни пайтда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев янги вазирни қутлаган.

"Вазир Озодбек Назарбеков барчага миннатдорчилик билдирган ҳолда, устози Бахтиёр Сайфуллаевни яна бир карра қутлаб, уларнинг тажриба ва маслаҳатларига таянишини билдирди. Шунингдек, вазирлик жамоасига ўз ишончларини айтиб, соҳа ривожи учун камарбаста бўлишларини тилаб қолди", - дейилган хабарда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 январь куни ўтган мажлисида депутатларнинг 138 нафари (умумий 150 нафар) Озодбек Назарбеков номзодини маданият вазири лавозимига лойиқ, деб овоз берган эди. Бунга қадар у вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

ҳукумат раҳбари А. Арипов Ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмита раиси, Олий Мажлис Сенатининг сенатори Б.Сайфуллаевни бу юксак лавозимлар, шу билан бирга, Ҳурматли Президентимиз томонидан уларга билдирилган ишонч билан қутлади.
Б.Сайфуллаев ўз нутқида, Президентимиз билдирган ишончларига Ватанига, халқига, ишига ва уларга фидоий бўлиб ишлашларига ваъда берди.
Сўнг, бир қатор ташриф буюрганлар М.Ходжиматов, Ф.Абдухаликов, М.Йўлчиева, Ш.Тохтасимовлар Б.Сайфуллаев ва О. Назарбековни қутлаб, сўзга чиқдилар.
Вазир О.Назарбеков барчага миннатдорчилик билдирган ҳолда, устози Б.Сайфуллаевни яна бир карра қутлаб, уларни тажрибалари ва маслаҳатларига таянишини билдирди. Шунингдек, вазирлик жамоасига ўз ишончларини айтиб, соҳа ривожи учун камарбаста бўлишларини тилаб қолдилар.

Ўзбекистон аҳолиси салкам 34 млн. кишига етди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 33905,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 650,3 минг кишига ёки 2,0 фоизга ўсди.

Бу ҳақда Давлат статистика кўмитаси хабар қилди.

Қўмитага кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон доимий аҳолиси сонининг 30,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,9 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталардир.

Ўзбекистон аҳолиси 2019 йил 1 октябргача 33 миллион 724 минг 500 кишини ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазири Хитойга бормай туришни тавсия қилди

Ҳонконгдаги метрода тибниқоб кийиб кетаётган йўловчилар. 2020, 23 январь.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов фуқароларга «Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни» тавсия қилгани тўғрисида вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик баёнотига кўра, Хитойда янги коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 80 нафардан, касалланганлар сони эса 2400 нафардан ошган. Хубэй провинцияси ва унинг маъмурий маркази Ухан шаҳрида зарарланишнинг энг кўп ҳолати қайд этилган.

«Коронавирус бўйича юзага келган мураккаб эпидемик вазият дунё миқёсида хавотирли тус олмоқда», — дейди Алишер Шодмонов. Унинг қайд этишича, ушбу эпидемик вазиятга қарши мамлакатда керакли барча чоралар кўрилмоқда. Хаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Хитойдан қайтаётган фуқароларга тиббий назорат ўрнатилган.

«Аммо бу хавфсизликни тўлиқ кафолатлайди, дегани эмас. Негаки, коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликнинг яширин даври 1−14 кунгача кечиши жиддий хавотир уйғотмоқда. Шу боис фуқароларимиздан Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни тавсия қиламан», — дея вазир сўзлари келтирилган хабарда.

Алишер Шодмонов маълум қилишича, айни пайт Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги кузатилмоқда. «Хитойдан ва бошқа чет давлатлардан ушбу инфекциянинг кириб келиш ҳолатлари қайд этилмади».

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG