Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:58

Прокуратура ноқонуний муомаладаги қарийб 3 ярим млн. АҚШ долларини олиб қўйди


Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев
Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев

Бош прокуратура органлари 2019 йил давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 млн. 306 минг АҚШ доллари ва 6,9 млрд. сўм маблағни олиб қўйган.

8 февраль куни Бош прокуратурада 2019 йил якунларига бағишланган йиғилишда асосий эътибор, аҳолидан ундирилган мажбурий тўлов ҳамда ноқонуний муомаладаги пул маблағларининг йиғилган ҳажмига қаратилди.

Бундан ташқари, президентнинг коррупцияга қарши курашадиган алоҳида орган тузиш ташаббуси олқишланди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, 8 февраль куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтган.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда 2019 йилги ишлар натижаси муҳокама қилинди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокурор текширишлари ва дастлабки терговлар давомида айбдор шахслардан жами 2 трлн. 341 млрд. сўмлик зарар қопланганини маълум қилди.

Йиғилишда айтилишича, Бош прокуратура органлари томонидан бюджетга 1 ярим трлн. сўмга яқин маблағ киритилган, шундан 563 млрд. сўми ундирилган, ноқонуний муомаладаги 3 млн. 306 минг АҚШ доллари ва 6,9 млрд. сўм эса олиб қўйилган.

Айни пайтда, ноқонуний муомалада бўлгани айтилган хорижий валютанинг кимдан, нима учун олиб қўйилганига аниқлик киритилмади.

Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси томонидан газ ва электр энергиясидан 37 трлн. сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 15,7 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилгани айтилди.

Бош прокурорнинг маълум қилишича, ишини яхши бажара олмаган 180 нафарга яқин раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилган ёхуд бошқа интизомий жавобгарликка тортилган.

Бош прокурор ўз маърузасида:

- тиббиёт ходимларига ҳужумлар ва ҳақоратлаш ҳоллари ошгани,

- оналар ва болалар ўлими,

- дори воситалари назорати ва контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш,

- хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқлари,

- меҳнатга оид қонунчилик ижроси,

- вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари каби масалаларини тилга олди.

24 январь кунги парламентдаги йиллик мурожаатида президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистондаги коррупцияни тараққиëтга ғов бўлаëтган “ëвуз бало” сифатида таърифлади.

Мирзиëев таъкидича¸ президент номига келиб тушаëтган¸ матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги шикоятларнинг аксарияти коррупция¸ хусусан¸ ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳалардаги коррупция билан боғлиқ.

24 январь кунги йиғинда президент коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган ташкил этишни сўраган эди.

Бош прокурор президентнинг бу таклифини тўлиқ қувватлашини билдирди:

"Парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш ташаббуси давлат бошқарувидаги тарихимизнинг янги саҳифасига асос солди", деди бош прокурор.

Озодликка келаётган аксар шикоятларда акс этаётган ўзбекистонликлар фикрича, айнан коррупцияга қарши кураш ваколати берилган бошқармалар, прокуратура, солиқ ва божхона органларининг ўзи энг коррупциялашган тизимга айланган.

Президентликка келганидан кўп ўтмай Мирзиëевнинг ўзи ҳам прокуратура ва МХХ тизими¸ хусусан¸ уларнинг коррупцияга қарши курашга масъул собиқ расмийларини “ўғрилар” деб атаган эди.

Ўтган йили Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров билан бирга судланган 12 нафар собиқ амалдорнинг аксарияти Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш департаментини бошқарган шахслардир.

Узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган ака-ука Ҳаëт ва Жавдат Шарифхўжаевлар эса¸ МХХнинг айнан коррупцияга қарши фаолиятига масъул бўлган собиқ амалдорлардир.

Дунë мамлакатларидаги коррупция вазиятини кузатиб борадиган нуфузли Transparency International ташкилотининг 2019 йилги Коррупция индексида Ўзбекистон 180 давлат рўйхатида 153 ўрин - энг коррупциялашган давлатлар сафига қўйилди.

2018 йилги рўйхатда Ўзбекистон 158-ўринга қўйилган эди.

XS
SM
MD
LG