Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2020, Тошкент вақти: 21:51

Коронавирусда гумонланган йўловчи боис Сеул-Тошкент рейси орқага қайтди. Ўзбекистон вирусни тўхтатишга тайëрми?


27 февраль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирус таҳдидига бағишланган махсус селектор йиғилиши ўтказди.

Селектор қатнашчиларидан бири томонидан Озодликка тақдим этилган аудиоëзувдан тиббиëт тизими мутасаддиларининг Ўзбекистонга коронавирус кириши олдини олиш чора-тадбирларидан қониқмаëтгани англашилади.

Шодмонов ўз чиқишида 27 февраль куни бортида коронавирусга чалингани гумон қилинган йўловчи ўтирган Сеул-Тошкент рейсининг уч соатдан сўнг Сеулга қайтарилгани¸ беморни Кореяда қолдириб¸ қолган йўловчилар билан Тошкентга учиб келгани воқеасини Ўзбекистоннинг коронавирусни “кутиб олишга тиббий жиҳатдан тайёр эмас”лигига мисол қилиб келтирди.

Вазир: Коронавирус билан боғлиқ икки ҳолат барча камчиликларимизни очиб ташлади!

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 27 февраль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида гапни 23 февралдан то шу кунгача мамлакатда коронавирусда гумонланиш билан икки ҳолат юзага келганини айтиш билан бошлади. Озодликка юборилган видеоселектор йиғилишининг бир соатлик аудиоёзувида вазирнинг қуйидаги гапларини эшитиш мумкин:

-Бизда инцидент бўлди. 23 февраль куни Хитойдан келган одам Тошкентга аэропорт орқали бемалол кириб келган.

- Бизда инцидент бўлди. 23 февраль куни Хитойдан келган одам Тошкентга аэропорт орқали бемалол кириб келган. Биласизлар, бизда Хитой билан мингдан ортиқ қўшма корхоналар бор. Хитойда байрамлар тугаганидан кейин уларнинг ишчилари Ўзбекистонга қайтмоқда. У ўзини ёмон ҳис қилган, аммо у карантинга ҳам олинмаган. У ўзи яшаётган маҳаллага келиб, поликлиникага “Мен коронавирусга чалинганга ўхшайман”, деб мурожаат қилган. Ундан анализларни олиб қайта-қайта текширдик. Негатив чиқди. Аммо бу ҳолат бизнинг барча камчиликларимизни очиб ташлади. Биринчидан, аэропортдан ўтишда белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилинмаган, анализларни топширишда ҳам муаммолар бўлган, - деган вазир хавотирга лойиқ яна бир ҳолат ҳақида тўхталади.

Вазирга кўра, иккинчи ҳолат 27 февраль куни Жанубий Кореядан учиб келган самолёт билан боғлиқ:

- Бугун эрталаб соат иккида самолёт Сеулдан Тошкентга учган. Уч соат ўтганидан сўнг йўловчилардан бири ўзини ёмон ҳис қилган. Самолёт Сеулга қайтган. Беморни Сеул аэропортидан "Тез ёрдам" олиб кетган. Ўша самолёт Тошкентга қўнаётганида Сеулда қолдирилган беморнинг тана ҳарорати кўтарилаётгани, коронавирусда гумонланаётгани хабар қилинди. Улар изоляцияга олиниб, радарда текширилди. Лекин улар ҳозир аэропортнинг алоҳида бир хонасида сақланмоқда. Ҳолбуки, гумонланувчилар учун аэропорт ҳудудида махсус изолятор бўлиши керак. Махсус изолятор йўқ! Бу Тошкент аэропортида юз бераётган воқеа. Унда бошқа аэропортларимизда нима бўлаяпти?

Тиббиёт ходимлари учун чегарада ҳеч қандай шароит яратилмаган

Видеоселектор йиғилишида иштирок этган соҳа вакилларидан бири йиғилиш пайтида вазирнинг “Бошқа аэропортларимизда нима бўлаяпти”, деган гапига жавоб бера туриб¸ "умуман шароит йўқ"лигини айтади:

Чегарада бизнинг ходимларимиз 24 соат туриши учун ҳеч қандай шароит яратилмаган.

- Чегарада бизнинг ходимларимиз 24 соат туриши учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Божхоначиларга қанча шароитларни қилиб беришди. Чегарачиларга шароитлар яратиб беришган. Нега энди санитар-осойишталикка шароит йўқ? Бундан ташқари ходимларни тана ҳароратини масофавий ўлчаш аппаратлари билан таъминлаб беришимиз керак.

Вазир Алишер Шодмонов йиғилиш давомида яна Андижон, Бухоро, Сурхандарё вилоятларида коронавирусга қарши ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга оширишда ўнлаб камчиликлар аниқланганини айтади. Вазир вилоят тиббиëт мутасаддиларига қарата:

“Aгар билсангиз бу жиноят! Сизлар жиноят қилаяпсиз”, дейди жумладан.

Селектор йиғилишининг Озодликка тақдим этилган аудиоëзувида вазир бу вилоятларда айнан қандай камчиликлар аниқланганига тўхталмаган.

Мутахассис: Яна олди-қочди гап бўлди, аниқ режа йўқ!

Видеоселекторда билдирилган хавотирлар юзасидан изоҳ олиш мақсадида Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитар-осойишталик бўйича агентлик расмийларига боғланди. Бироқ улар Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олиш бўйича штаб тузилгани, керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб¸ уларни амалга ошириш бўйича жадал ишлар олиб борилаëтганини билдириш билан чекланди.

27 февраль ҳолатига кўра, видеоселектордаги муҳокама мавзуси, унда билдирилган ташвишлар жамоатчиликка расман бирон бир тарзда эълон қилинмади.

Бироқ видееоселекторда қатнашган врачлардан бири исми сир қолиш шарти билан Озодликка видеоселектор йиғилишидан ҳеч қандай амалий натижа ва хулосалар чиқарилмаганини билдирди.

Видеоселекторда деярли тайинли гап айтилмади. Ҳаммаси доимгидек олди-қочди гаплар бўлди.

“Видеоселекторда деярли тайинли гап айтилмади. Ҳаммаси доимгидек олди-қочди гаплар бўлди. Коронавируснинг олдини олишга қаратилган аниқ тадбир йуқ. Видеоселекторда қандайдир аниқ тадбирлар белгилаб берилишини кутгандик. Масалан, карантин ва яна шунга ўхшаган ишларни амалга ошириш меҳанизми қандай бўлиши кераклигини аниқлаб олишни кутгандик”.

Озодлик гаплашган яна бир тиббиëт мутахассиси эса видеоселектор йиғилишидан “ҳали коранавирусни кутиб олишга тайёр эмас эканмиз”, деган таассурот олганини билдирди.

“Аниқ бўлдики, биринчидан, коронавирусга бефарқ муносабатда бўлаяпмиз. Қолаверса, кадрларнинг билим ва салоҳияти етишмаяпти. Вазирнинг ўзи видеоселекторда тан олаяптики, ҳали мутахассислар масалани жиддий эканлигини тушунмаяпти, шунчаки ўтиб кетади¸ деб ўйлашаяпти”.

Помпео ҳам Ўзбекистондаги вазиятдан ташвиш билдирган эди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 14 февраль куни Ўзбекистон ва Қозоғистон коронавирусга тайёр эмаслигидан ташвиш билдирган эди. Ахборот агентликларининг хабар беришларича, Мюнхендаги хавфсизлик бўйича анжуманга бораётган Помпео самолёт бортида журналистлар билан мулоқот қилиб:

“Биз вирусдан адекват ҳимоя инфраструктурасига эга бўлмаган жойлар борлигидан ташвишдамиз. Мен Ўзбекистонда ва Хитой билан узун чегарага эга бўлган Қозоғистонда бўлдим, улар коронавирусга ўхшаган масштабли таҳдидга бас кела олиш салоҳиятига эга эмас”, деб айтган.

Помпеога кўра, коронавирусга қарши кураш учун бу давлатларга юз миллион доллар маблағ ажратилган.

"Россия 24" телеканали эса 26 февраль куни Ўзбекистонга Новосибирскдан коронавирус диагностикаси учун керакли воситаларнинг биринчи партияси жўнатилганини хабар қилган. Новосибирскда ишлаб чиқарилган бу воситалар мингта ташхис учун етиши айтилган.

Янги коронавирус туфайли биргина Хитойда ҳаётдан кўз юмганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 2744 кишига етган.

27 февралга келиб¸ жаҳон бўйлаб коронавирусга чалингани аниқланганлар сони 81 мингга етди¸ ўлганлар эса¸ 3000 га яқинлашди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG