Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:08

Фуқаролик беришда давлат тилини билиш шарт қилиб қўйилди


Олий Мажлис Сенати ўтган ҳафта якунида янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси доирасида 28 февраль куни фуқароликка оид қонуннинг янги таҳририни муҳокама қилган сенаторлар мазкур қонуннинг амалдаги таҳрири 28 йил аввал қабул қилингани ва унинг деярли барча нормалари эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйганини таъкидлаганлар.

Қонунда яшаш гувоҳномаси, хорижий давлат фуқароси, хорижда доимий яшовчи шахс, фуқаролиги бўлмаган шахс ва бошқа тушунчаларга изоҳ берилган. Қонуннинг асосий принциплари этиб ягона фуқаролик, тенг ҳуқуқлик, фуқаросизликни қисқартириш ва очиқлик тамойиллари белгиланган.

Қонуннинг 6-моддасида 1995 йил 1 январига қадар Ўзбекистонга кириб келиб, доимий рўйхатдан ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва ушбу қонун кучга киргунга қадар Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс истак билдирган тақдирда Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олиниши қайд этилган.

Президентнинг Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини ҳал қилиши бўйича конституциявий ваколатларини амалга ошириш учун давлат раҳбари ҳузурида 5 йил муддатга Фуқаролик масалалари бўйича комиссия ташкил этилиши айтилган.

Бундан ташқари, қонун билан фуқароликка даъвогар шахснинг давлат тилини мулоқот қилиш даражасида билишига оид талаб ҳам киритилмоқда. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Шу ўринда сенаторлар фуқаролик олиш учун мулоқот қилиш даражасида давлат тилини билиш тўғрисидаги меъёрнинг нақадар зарурлиги юзасидан изоҳ сўраганлар. Газета.уз хабарига кўра, Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштиришбош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳамедов мазкур талаб Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаган шахснинг бу давлат, миллат ва мамлакатга ҳурмати ифодаси ўлароқ киритилганини айтган.

“Агар АҚШ, Россия ва бошқа қатор давлатларнинг халқаро тажрибасига назар ташласак, у ерда давлат тилини билишдан ташқари ўша мамлакатнинг тарихини билишга оид шартлар ҳам бор. Аммо биз буни киритиб ўтирмадик”, деган У. Муҳамедов.

Қонунда фуқароликка қабул қилишнинг умумий тартибидан ташқари қонун билан унинг соддалаштирилган ва истисно тартиблари ҳам жорий қилинмоқда.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев 24 январь куни парламентда қилган йиллик мурожаатида “фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш” зарурати ҳақида гапиргани ҳақида хабар қилганди.

“Мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман.

Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор.

Бу орқали 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолари ҳал этилади.

Вазирлар Маҳкамаси бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиб, жорий йил 1 майга қадар тегишли қонун лойиҳаларини тақдим этиши лозим”¸ деганди Шавкат Мирзиëев ўз мурожаатида.

XS
SM
MD
LG