Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2021, Тошкент вақти: 04:13

Ўзбекистон хабарлари

Британия нашри Ўзбекистонни коронавирусдан холи туристик мамлакатлар қаторига киритди

Хива манзаралари.

Буюк Британиянинг The Telegraph журнали Ўзбекистонни коронавирусдан холи 19 та туристик мамлакат рўйхатига киритди.

Ўзбекистондан ташқари ушбу рўйхатга Аргентина, Намибия, Куба, Туркия, Мўғулистон, Мадагаскар, Перу, Малдив, Малта, Лаос, Ботсвана, Жанубий Африка, Чили, Полша, Колумбия, Венгрия, Боливия ва Танзания каби мамлакатлар киритилган.

Нашрнинг қайд этишича, бу мамлакатларда коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланмаган, айни пайтда у ерларда кўриш мумкин бўлган жойлар талайгина.

Сайёҳларга Ўзбекистонда Буюк Ипак йўлининг уч буюк шаҳри - Бухоро, Хива ва Самарқанд жойлашгани эслатилади.

Кун янгиликлари

Президент “Ёшлар дафтари”га киритилган 4 минг йигит-қизни компьютер билан таъминлашга кўрсатма берди

Ёшларни компьютер билан таъминлаш учун фоизсиз кредит берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни ўтказилган видеоселекторда республикадаги 120 та IT-марказни тамомлаган 4 минг йигит ва қизни компьютерлар билан таъминлашга кўрсатма берди.

Унга кўра, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва “Халқ банки” ёшларга фоизсиз кредит беради. Банкларнинг фоиз ҳаражатлари эса бюджет ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари “Ёшлар дафтари”га киритилганларга, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари ҳам 1 июндан бошлаб бюджетдан тўлаб берилади.

Президентга кўра, шу ва ёшларга доир бошқа лойиҳаларни амалга ошириш учун Ёшлар агентлигига қўшимча юз миллиард сўм ажратилади.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, 2021 йилнинг биринчи чорагида 33 минг ёшга тадбиркорлик қилишлари учун 800 миллиард сўм кредит ажратилган.

Тоғли Қорабоғда Ўзбекистон мактаб қурмоқчи

Тоғли Қорабоғ учун ўтган йилнинг кузида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида уруш бўлган эди.

Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда мактаб қуришни режалаштираётгани тўғрисида АОКА директори Асаджон Хўжаев матбуот анжуманида маълум қилган.

“Газета уз”нинг ёзишича, Асаджон Хўжаев Ўзбекистон ҳукумати номидан Озарбайжоннинг Боку ва Агдам шаҳарларида Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасида йиғилишда иштирок этган.

Йиғилишда Тоғли Қорабоғда амалга ошириладиган қурилишларда Туркий Кенгашга аъзо давлатларнинг иштироки муҳокама этилган. Ўзбекистон ҳам ушбу ҳудудни ва инфратузилмани тиклашда ўз ёрдамини таклиф қилган.

“Менинг билишимча, битта мактабни қуриш тўғрисида келишув мавжуд бўлиб, у озарбайжон халқига Ўзбекистондан туҳфа сифатида тақдим этилади. Яқин орада ҳамкорлигимиз натижаларини кўрамиз деган умиддаман”,- Асаджон Хўжаев.

Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам мактаб ва касалхоналар қурган эди.

Бухородаги иккита кўчага собиқ ҳокимларнинг исмлари берилди

Ўктам Барноев ўтган йили коронавирусдан вафот этган эди.

Бухоро шаҳридаги Алпомиш кўчасининг номи Ўктам Барноев, Ғиждувон кўчаси Карим Камолов номига ўзгартирилди. Бу ҳақда Бухоро шаҳар кенгаши сессиясида қарор қабул қилинди.

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 2020 йилнинг сентябрида 56 ёшида вафот этган эди.

Унинг ўлимига коронавирус сабаб бўлгани айтилган. У 2016 йилнинг декабридан 2020 йил февралигача Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган, 2020 йил февралида бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Карим Камолов 2017 йилдан Бухоро шаҳар ҳокими бўлган. У 2020 йил февралида Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланганди. Камолов ҳам коронавирусдан 2020 йилнинг 22 августида вафот этган эди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўтган йил 23 октябрь куни ўтган йиғилишида иккита кўчага Аъзамхон Баҳромов ва Ўктам Барноев исмлари берилишини таклиф қилган эди.

Коронавирусга чалинганлардан 104 нафарининг аҳволи ўта оғир

Эмланган фуқаролар сони 216 087 нафарга етди.

Ўзбекистонда 12 апрель ҳолатига қараганда, тиббиёт муассасаларида коронавирусдан 1568 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 229 нафари оғир, 104 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир сутка ичида коронавирус яна 177 кишида аниқлангани ва бу билан касалланганлар сони 85 291 кишига етганини билдирди. Улардан 83089 нафари соғайган.

Коронавирусга чалинганлар бўйича кунлик кўрсаткич бўйича республика ҳудудлари орасида Тошкент ҳам етакчилик қилмоқда. 12 апрель куни аниқланган 177 кишидан 127 нафари тошкентлик.

Шу билан бир қаторда 12 апрель куни Ўзбекистон бўйлаб жами 67 445 нафар киши COVID-19 га қарши эмланди. Эмланган фуқаролар сони бу билан 216 087 нафарга етди.

Афғонистондаги зилзила таъсири Ўзбекистоннинг Термизида ҳам сезилди

Жорий йилнинг 13 апрель куни Тошкент вақти билан 09:28 да Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистонда зилзила содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, зилзила маркази жанубий-ғарбий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 587 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида ҳам сезилган ва унинг кучи 2 баллга тенг бўлган.

Қувайт авиаширкатига Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амал учун оширишга рухсат берилди

Тошкент аэропортидаги учоқлар

“Ўзавиация” агентлиги жорий йилнинг 12 апрель куни Jazeera Airways авиаширкатига Қувайт – Тошкент – Қувайт йўналиши бўйлаб мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур рухсатнома Ўзбекистон ҳукумати ва Қувайт давлати ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим асосида берилган.

Айни пайтда авиаширкат парвозларни А320-214 ва А320-251N учоқларида амалга оширишини маълум қилган.

Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Тошкентда фаолият бошлади

Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Олег Мальгинов

Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Олег Мальгинов Тошкентга етиб келиб, ишга киришди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, шу йилнинг 12 апрель куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов элчи Олег Малгиновдан ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилган

“Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Олий ва юқори даражада бўлажак тадбирлар жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилди”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Россия элчиси Владимир Тюрденев Ўзбекистондаги дипломатик миссияси якунлангани муносабати ўтган ой президент Мирзиёев томонидан қабул қилиниб, Фахрий ёрлиқ билан тақдирлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Ўзбекистонда 2009 йилдан бери ишлаб келган В. Тюрденевнинг фаолияти 2016 йили Ш. Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин Тошкент билан Москва алоқалари янада тиғизлашгани ортидан кучайгани кузатилган.

Унгача Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасини Филипп Сидорский (1992-1997), Александр Пацев (1997-1999), Дмитрий Рюриков (1999-2003) ва Фарит Мухаметшин (2003-2008) каби дипломатлар бажарган.

Мусиқа асбобларини ҳақиқий нархидан қимматроқ сотиб олган мулозимлар устидан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 миллион сўмга қиммат нархда сотиб олганини аниқлаган. Бу ҳақда департаментнинг Телеграмдаги расмий канали орқали маълумот тарқатилди.

Қайд этилишича, мусиқа асбобларини сотиб олиш юзасидан ўтказилган тендер танловида 3,3 миллиард сўмга етказиб бериш таклифи мавжуд бўлса-да, муқобил қимматроқ вариантни кўрсатган тадбиркорлик субъектини асоссиз равишда танловда ғолиб сифатида кўрсатилган, натижада бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мазкур ҳолат юзасидан компания мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини билдирган.

Расмийлар хорижда маблағсиз қолган ватандошларга қарз бериб туришни ваъда қилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати хорижий давлатда яшаш учун маблағсиз қолган фуқароларга вақтинча молиявий ёрдам кўрсатиб туришга қарор қилди. Бунга оид низом Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 12 апрелидаги қарори билан тасдиқланган.

“Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, хориждаги консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағсиз қолганда дипломатик идорага молиявий ёрдам сўраб, мурожаат қилиши мумкин.

Низомда қайд этилишича, дипломатик идора 2 иш куни ичида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди, ҳужжатларни ўрганиш асосида молиявий ёрдам кўрсатишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва уни Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқлаш учун юборади.

Шундан сўнг ТИВ 1 иш куни ичида фуқарога ёрдам кўрсатишга оид ҳужжатларни ва хулосани кўриб чиқади ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида хат юборади.

Дипломатик идора мазкур хатни олганидан сўнг 1 иш куни ичида фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар-жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.

Ариза рад қилинган тақдирда консуллик мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади. Қарз олган фуқаро 30 кунда қарзни республика бюджетига қайтаради.

ЎзЖОКУ ортидан ТАТУ Самарқанд филиали ҳам карантинга олинди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши огоҳлантирувлардан бири.

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалининг ўқитувчилари ва талабаларида коронавирус аниқлангани ортидан мазкур муассаса 12 апрелдан бошлаб 14 кунлик карантинга ёпилди. Расман билдирилишича, 14 кун мобайнида ўқиш онлайн режимда олиб борилади.

Филиал расмий сайтида коронавирусга чалинганлар 9 апрель куни Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан олиб борилган эпидемиологик текширув чоғида аниқлангани билдирилган. Бироқ уларнинг сони ва бугунги кундаги аҳволи тўғрисида маълумот берилмаган.

Бундан ташқари филиалнинг талабалар и яшовчи ётоқхонада беморлар билан мулоқотда бўлганлар 14 кунлик изоляцияга олинади ҳамда назорат ишлари олиб борилди.

Аввалроқ талабалар орасида коронавирусга чалиниш ҳодисалари аниқлангани ортидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 12 апрелдан икки ҳафтага карантинга олингани хабар қилинганди.

Бу орада Самарқанддаги 35-умумтаълим мактаби ҳам икки ҳафталик карантинга олингани маълум бўлди. Бунга ўқувчилар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлган.

Андижонда уч ойлик чақалоқни сотмоқчи бўлганлар қамалди

2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Андижон вилоятида 3 ойлик чақалоқни сотмоқчи бўлган Ғ., исмли аёл ва О., исмли эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди.

“Халқ сўзи”нинг ёзишича, 2 нафар боланинг онаси “кимдан эканлиги номаълум бўлган чақалоғини” сотишга уринган. Унга бу ишда О., исмли эркак кўмаклашган.

Ғ., чақалоғини сотмоқчи экани тўғрсида хабар тарқалганидан сўнг болани кўргани “эр-хотин мижоз” келган. Улар чақалоқни 700 долларга сотиб олишга розилик беришган.

Оғзаки келишувдан сўнг, улар Андижон шаҳридаги “Дарётранс” ширкати ёнида кўришадиган бўлган. Ғ., ва О., “эр-хотин”дан 700 долларни санаб олаётганларида ушланган.

Суд ҳукми билан О., исмли эркак 5 йилга кесилди. Ғ.,га чақалоқ фарзанди борлиги ва эри йўқлигини ҳисобга олган ҳолда 2 йил муддатга шартли қамоқ белгиланди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Наманганда 5 синф ўқувчисини сувга чўктирганликда гумонланган келинойи қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Наманган вилоят прокуратурасининг 12 апрелда маълум қилишича, Наманган шаҳрида 5-синфда ўқийдиган қизни каналга ташлаб ўлдирганликда гумонланаётган Ф.Қ., жиноят иши доирасида қўлга олинди.

Расман билдирилишича, 5 апрель куни кечқурун ўқувчи М.А., нинг онаси қизи мактабга кетганича уйга қайтамагани ҳақида ариза ёзган. Қидирув ишлари натижасида қизалоқнинг жасади 6 апрель куни Наманган шаҳри Шербулоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шербулоқ кўчасидан оқиб ўтган “Катта Наманган” канали устидан ўтган кўприк остидан ташқи тан жароҳатларсиз топилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида қизнинг келинойиси бўлган Ф.Қ., М.А.,ни 5 апрель куни соат 10:30да мактабдан олиб чиқиб кетгани маълум бўлган.

Тергов жараёнида Ф.Қ., қизалоқни Чортоқ тумани, Навоий МФЙ, Улуғбек кўчасидан оқиб ўтган “Катта Наманган” каналига олиб бориб, сувга итариб юборганлиги аниқланган.

Вазир ўринбосарлигидан бўшатилган Равшан Эрматов Миллий Олимпия қўмитасига вице-президент бўлди

Равшан Эрматов дунёнинг энг зўр футбол ҳакамларм ўнлигига киритилган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 12 апрель куни ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Равшан Эрматов вице-президентликка сайланди.

“Тадбир иштирокчилари бир овоздан таклиф этилган номзодни қўллаб-қувватлашди ва Равшан Эрматов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди”,-дейилади қўмита расмий хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9 апрелидаги қарори билан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов “бошқа ишга ўтганлиги” муносабати билан лавозимидан озод этилган эди. Аммо унинг қайси ишга ўтгани ўшанда хабар қилинмаган.

Дунёнинг энг зўр футбол ҳакамларм ўнлигига киритилган Р. Эрматов айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти бўлиб ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг чегараолди ҳудудида ҳамкорлик маркази қурилиши бошланди

Ўзбекистон бош вазири А. Арипов қозоғистонлик ҳамкасби А. Мамин билан, 2021 йил 10 апрели (Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати фотоси)

Жорий йил 10 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг чегара ҳудудида (Ғишткўприк – Жибек жўли) “Марказий Осиё” халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказига тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди.

Ҳукумат матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин иштирок этишган.

“Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу лойиҳа нафақат икки томон учун самарали бўлади, балки минтақада савдо-иқтисодий алоқалар ривожига ҳам қўшимча туртки беради”, дейилган ҳукумат хабарномасида.

Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати маълумотига кўра, халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказининг умумий майдони 400 гектарга тенг бўлиб, бу ердан келажакда кунига 35 минг киши ва 5 минг юк автомобили ўтишига имконият яратилади. Маросим чоғида бош вазир Мамин Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини истиқболда 10 миллиард долларга етказиш вазифаси устида ишлаётганларини қайд этган.

Ўзбек расмийларининг Қозоғистонга ташрифи доирасида Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари делегациялари иштирокида ишчи йиғилиши ҳам ўтказилган.

Қайд этилишича, йиғилишда икки халқ манфаатлари йўлида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни амалга оширишнинг мақбул йўллари муҳокама қилинган.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 85 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 11 апрель ҳолатига кўра, 85 минг 114 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 192 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда якшанба куни Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 183 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 82 минг 943 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 1537 нафарни ташкил этиб, улардан 229 нафарининг аҳволи оғир, 104 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Бу орада, Worldometer сайти маълумотига мувофиқ, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 634 нафарга етган.

Журналистика университети COVID-19 важидан икки ҳафталик карантинга ёпилди

Талабалар орасида коронавирусга чалиниш ҳодисалари аниқлангани ортидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети икки ҳафтага карантинга олинди.

Ректор Шерзодхон Қудратхўжага кўра, университет ҳудудида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиниб келинаётганига қарамай, айрим талабалар орасидан енгил шаклдаги коронавирус инфекцияси аниқланган.

Ректор инфекция талабалар ва профессор-ўқитувчилар орасида кенг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида университет талабалари жорий йил 12 апрель санасидан 14 кунлик онлайн ўқув тартибига ўтказилишини билдирган.

Бу орада Самарқанддаги 35-умумтаълим мактаби ҳам икки ҳафталик карантинга олингани маълум бўлди. Бунга ўқувчилар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлган.

Прокуратура ўзини осган шовотлик келин иши бўйича текширув ўтказмоқда

Мухлиса Қадамбоева

Хоразм вилоят прокуратураси Шовот туманида эрининг уйидаги молхонада ўзини осиб ўлдирган Мухлиса Қадамбоева иши юзасидан расмий маълумот тарқатди.

Шовотнинг Катқалъа қишлоғида бундан 6 ой олдин турмушга узатилган 19 ёшли М. Қадамбоева шу йил 1 апрелида молхонада осилган ҳолда топилгани хусусида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Прокуратура хабарномасида ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий марказига суд-тиббий экспертиза тайинланиб, мурда текширувдан ўтказилгани билдирилган.

Қайд этилишича, дастлабки текширувлар М. Қадамбоеванинг ўлимига ўзини ўзи осиши натижасидаги асфикция сабаб бўлганини кўрсатган.

Вилоят прокуратураси, дастлабки тўпланган ҳужжатларга кўра, фуқаро М. Қадамбоева ёки унинг оила аъзолари турмуши давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки маҳалла фуқаролар йиғинига шикоят қилишмаганини урғулаган.

“Ҳозирда Шовот туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, якуни юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилган хабарномада Хоразм вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари назоратга олингани айтилган.

Озодлик мухбири ўтган ҳафта марҳума Мухлиса Қадамбоеванинг эри Мурод, қайнона, қайнотаси ва қайниси билан учрашган, аммо улар “келин ўзини ўлдирди, бизда айб йўқ”, деган гапдан нарига ўтишмаганди. Айни пайтда келиннинг яқинлари унинг ўлимидан олдин калтакланганини айтишган.

Бу борада Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳуқуқшунос Маримбой Ражабов ушбу ҳодиса Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси (“Ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш”) билан малакаланиши мумкинлигини таъкидлаган.

Равшан Эрматов спорт вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди

Равшан Эрматов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9 апрелидаги қарори билан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов лавозимидан озод этилди.

“Бошқа ишга ўтиши муносабати билан” лавозимидан бўшатилган мулозимнинг қайси ишга ўтгани ҳозирча маълум эмас. Дунёнинг энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган Р. Эрматов айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти бўлиб ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистонда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тугатилиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибига қўшиб юборилиши ҳақида президент Ш. Мирзиёев жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган видеоселекторда маълум қилганди.

Давлат раҳбарининг куни кеча ёйинланган фармони билан янги вазирликка шу кунгача Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини бошқариб келган Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тасдиқланган.

Айни пайтда 9 апрелдаги қарор билан Улуғбек Аъзамов, Абдулазиз Аққулов, Авазжон Каримов ва Зариф Казаков Туризм ва спорт вазирига ўринбосар этиб тайинланганлар.

Ўзбекистон муфтияти: Коронавирусга қарши эмланиш рўзани очмайди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 1 апрелдан бошланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати коронавирусга қарши эмланган рўзадорнинг рўзаси очилмаслиги тўғрисида маълум қилди.

Фатво ҳайъатининг билдиришича, бугунги кундаги тўрт мазҳаб уламолари рўзани еб-ичиш маъносидаги нарсалар бузишидан келиб чиққан ҳолда, тери ости, мушаклар ораси ёки ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган.

“Энди айнан коронавирусга қарши эмлашга келсак, у ҳам тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири. Бунинг устига озиқлантирувчи эмас. Юқоридаги фатволарга биноан рўзадор ҳолда ҳам уни олиш жоиз, бу иш рўзани бузмайди”,-дейилади расмий билдирувда.

Билдирилишича, Кувайт вақф вазирлиги, Иордания фатво уюшмаси, Саудия умумий муфтийси ва катта уламолар ҳайъати раиси Шайх Абдулазиз Оли Шайх, Азҳар халқаро электрон фатво маркази, «Дорул ифто» (Миср) фатво маркази рўзадор киши эмлаш олиши рўзани бузмаслигига фатво берган.

Ўзбекистонда 1 апрелдан аҳолини оммавий равишда коронавирусга қарши эмалаш бошланган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 10 апрелгача 148 642 киши эмланди.

Тошкент вилоятининг тўртта туманида фоҳишахоналар аниқланди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Бекобод тумани ва Ангрен шаҳрида фоҳишахоналар аниқланди.

Вилоят ИИББ матбуот хизматининг билдиришича, фохишахоналарни спа-салон ва сауна ниқоби остида ташкил қилган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари кўрилган.

Бундан ташқар, фоҳишалик билан шуғулланган 4 кишига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддаси (фоҳишалик билан шуғулланиш) га асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Карантин қоидаларини бузган 24 нафар шахс аниқланиб, кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) га асосан маъмурий баённома тузилди.

Бундан аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Жиззахда ва Бухорода фохишахона ташкил қилган шахслар аниқлангани ҳақида маълум қилган эди.

Депутат: Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ дастурига қабул қилинди

Шу кунгача GSP+ дустурига 9 та давлат киритилган.

Ўзбекистон 10 апрелдан бошлаб GSP+ иштирокчиси сифатида 6200 турдаги маҳсулотни божхона божисиз Европа Иттифоқи ҳудудига экспорт қилиш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ўз Телеграм каналида маълум қилди.

Депутатга кўра, шу кунгача Ўзбекистонга Европа Иттифоқига 3000 турдаги маҳсулотни божхона тўловисиз олиб киришга рухсат берилган эди.

Европа Иттифоқи GSP+ дастурига қабул қилинган мамлакатлар зиммасига қатор мажбуриятларни ҳам юклайди. Масалан, дастурга қабул қилинган давлат инсон ҳуқуқлари, экология, меҳнат ҳуқуқлари, самарали бошқарувга оид 27 та Халқаро конвенцияларни самарали бажариш мажбуриятини олади.

“Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Ўзбекистон томони иккита қонун - Жиноят ҳамда Меҳнат кодексларини қайта кўриб чиқиши жараёнига эътибор қаратаётганини расман маълум қилган”,-деб билдирди депутат.

Шу кунгача GSP+ дастурига 9 та давлат киритилган. МДҲ давлатлари орасида мазкур дастурга фақат Арманистон ва Қирғизистон аъзо эди.

Метро поезди очиқ эшик билан ҳаракатлангани учун тўрт киши жазоланди

Тошкентдаги метро станцияларидан бири.

Тошкент метросида поезд очиқ эшиклар билан ҳаракатлангани ортидан метрополитеннинг уч ходими ишдан бўшатилди.

Тошкент метрополитени ширкатининг маълум қилишича,ҳаракат таркибининг машинисти, электр-чилангари ва катта устаси ишдан бўшатилди. Бундан ташқари Элеткродепо раҳбари ўринбосари ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримга тортилди.

10 апрель куни ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” станциялари оралиғида поезд очиқ эшиклар билан ҳаракатлангани тўғрисида видеолар тарқалган эди. Ўшанда ширкат мазкур ҳолат юзасидан текширув бошланганини билдирган.

Ўзбекистонда 2021 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди

Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 сўм, бир ойга 750 000 сўм бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг билдиришича, фитр садақаси 2 кило буғдой, 4 кило арпа, 2 кило майиз ва 4 кило хурмо нисобида белгиланди. Фитр садақани ҳар ким ўз имкониятига қараб, мана шу маҳсулотларнинг бири нисобида тўлаши мумкин.

Фатво ҳайъати бу маҳсулотларнинг бозор нархини ўрганиб чиққан ҳолда, фитр садақанинг пул миқдорини қуйидагича белгилаган: 2 кило буғдой 10 000 сўм, 4 кило арпа 14 000 сўм, 2 кило майиз 80 000 сўм, 4 кило хурмо 140 000 сўм деб белгиланди.

Фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 сўм, бир ойга 750 000 сўм бўлади.

Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 000 сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 27 миллион 200 минг сўм деб белгиланди.

Бир йил давомида шунча ва ундан ортиқ пулга эга бўлган мусулмон жами маблағининг қирқдан бирини закотга бериши шарт.

МХХнинг собиқ марказий биноси бошланғич 1 сўм нархда сотувга қўйилди

Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (Давлат хавфсизлик хизмати)нинг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган бош қароргоҳи аукцион савдоларига қўйилди.

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 10 апрель куни маълум қилди.

Эълонда таъкидланишича, ушбу давлат активидан келгусида офис, савдо, савдо-кўнгилочар, маданий-хордиқ, спорт, туристик ва бошқа хизматлар кўрсатиш фаолияти йўналишларидан бири ёки бир нечтасини амалга оширилиши талаб этилади.

Мазкур бино дохил 15 та объект Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий сайтига жойланган “Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати”га киритилган.

Бу рўйхат Ўзбекистон президентининг ўтган йил 27 октябрида имзоланган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига илова қилинган.

Фармонда давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилиниши ҳамда давлат комиссияси қарорларига асосан инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

ИИВ милиция идораларида рўй бергани айтилган икки ўлим юзасидан изоҳ берди

Бир ҳафта ичида икки нафар эркак ИИБ идорасида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг кўп ўтмай вафот этгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги эса ҳар икки ҳолатда ички ишлар ходимларининг айби йўқ, дея баёнот берди.

Биринчи ўлим Фарғона вилоятининг Қува туманида, иккинчиси эса Тошкентнинг Юнусобод туманида шу ой бошида рўй берди.

Ижтимоий тармоқларда эса уларни милиция ходимлари қийнаб ўлдиргани ҳақида айтилди.

Фарғона вилоятининг Қува туманида 20 ёшли А.А. 31 март куни тиббий ниқоб тақмасдан кўчада юргани учун ўзи яшайдиган маҳалла таянч пунктида профилактика инспекторлари томонидан сўроқ қилингани ортидан ҳаётдан кўз юмганди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ходимлар тушунтириш ишлари билан чекланишган, ҳолат юзасидан баённома тузилмаган, томонлар келишиб ўз уйига тарқалган.

ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов марҳумга ИИБ биносида жароҳат етказилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ғиёсовга кўра, А. А.нинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлган.

Аммо, марҳумнинг яқинларига кўра, шахсини аниқлаштириш мақсадида участкавой хонасига олиб келиш жараёнида А.А.га куч ишлатилган, бунинг оқибатида марҳумнинг курткаси йиртилган.

ИИВ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги ўлимда ҳам милиция ходимларининг айби йўқ демоқда.

Интернетда тарқалган хабарларда 41 ёшдаги эркак Юнусобод туманидаги ички ишлар идорасига кириб чиққанидан сўнг вафот этган.

Бироқ расмий баёнотда эркак 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг қўйиб юборилгани таъкидланади.

Вазирликка кўра, 1 апрел куни ИИБ биносида сўроқ қилинган шахслардан бирининг мурдаси 2 апрел куни эрталаб топилган.

Суд-тиббиёт экспертизасидан сўнг марҳумнинг бир неча касалликлари, хусусан, юрак ишемик касаллиги, гематоген сил, полиорган етишмовчилиги, икки томонлама ўпка плеврити, бош мия ва ўпка шиши, гиёҳвандлик, алкоголдан заҳарланиш, сурункали гепатит бўлгани аниқланган.

Бироқ экспертиза хулосасига кўра фуқаронинг ўлими ушбу касалликлар натижасида юзага келгани ёки эркак бошқа нарсадан ўлганига аниқлик киритилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG