Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 18:19

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон Озарбайжон билан ҳамкорликда енгил автомобиль йиғишни режалаяпти

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Озарбайжонлик ҳамкорлар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш доирасида умумий қиймати 355 миллион доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилаяпти. Жумладан, енгил автомобиль ва автобуслар йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Нефть-газ соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда.

Бу ҳақда, президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев томонидан Россия Федерацияси ва Озарбайжон Республикаси билан икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокамасига бағишлаб 9 март куни ўтказилган йиғилиш айтилди.

Қайд этилишича, 2019 йил якунларига кўра Озарбайжон билан икки томонлама савдо ҳажми 55,7 фоизга ошган. Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган 178 та корхона фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон президенти йиғилишда Озарбайжон билан аграр саноат, узумчилик ва виночилик, заргарлик, нефть ва газ, транспорт ва логистика, таълим соҳаларида қўшимча янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берган.

Кун янгиликлари

Коронавирусдан соғайганлар сони 25 кишига етди

1 апрель куни тузалганлар сони 12 нафар эди.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, уларнинг 12 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиққан.

1 апрель куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етганди. 2 апрель куни соғайганлар сони 25 нафар бўлди. 2 нафар бемор вафот этди.

Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, 2 апрель ҳолатига кўра, 190 киши коронавирусга чалинган.

"Адолат": ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодига 2 миллиард доллар зиён келтиради

ЕОИИга қўшилиш масаласи Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари мустаҳкамлана бошлаши ортидан кун тартибига қўйилди.

«Адолат» социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласида ўтказилган видеоконференцияда, Тошкентнинг ташкилотга аъзо бўлиши ортидан мамлакат иқтисоди 2 миллиард доллар зиён кўриши тўғрисидаги хулосани эълон қилди.

Хулосада айтилишича, ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа соҳаларда инқироз юзага келиши мумкин.

Партия матбуот хизмати эълон қилган хабарда айтилишича, хулосада “ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоиз ташкил этувчи) Россия ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида. Бу унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда, охирги 2 йилда рубль бир неча баравар қадрсизланган. Ушбу мамлакат билан битта иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришиш келгусида бизнинг иқтисодиётимизга ҳам салбий таъсирини ўтказади”, деб ёзилган.

Айни пайтда партия "аъзолик ЕОИИ давлатларидаги мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради”, деб ҳисоблайди. Хулосада айтилишича, бугунги кунда Россияда 2,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида юрибди.

"Аъзоликдан сўнг фуқаролар ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўлади ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 миллиарддан 7-8 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда”, дейилади хулосада.

Март ойининг бошларида эса Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилиши маълум бўлганди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи аввал Белорусдан, Қозоғистон ва Россия Божхона бирлашмаси сифатида тузилган. 2015 йилдан кейин мазкур ташкилотга Армения ҳамда Қирғизистон қўшилиб, ҳозирги номини олган.

Тўққизта банк жисмоний шахсларга кредит таътили эълон қилгани тўғрисида хабар берилди

"Фоиз тўловлари вақтида амалга оширилмаганлиги учун пеня ва жарима ҳисобланмайди", демоқда банклар.

Ўзбекистон Миллий банки жисмоний шахсларнинг барча кредит турлари бўйича апрель, май, июнь ойидаги кредит тўловлари учун таътил эълон қилди. Миллий банкнинг 2 апрель куни расман билдиришича, бу ойлар учун тўловлар қолган тўлов муддатига тенг равишда тақсимланади.

“Фоизлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун жарима (пеня) ҳисобланмайди. Кредитни муддатидан аввал қўшимча тўловларсиз сўндириш имкони мавжуд”, дейилади хабарда.

Айни пайтда яна 8та банк -Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк,Туронбанк, Алоқабанк, Ҳамкорбанк, Агробанк, Микрокредитбанк ва ZiraatBank ҳам кредит таътили эълон қилган банклар қаторида экани хабар қилинди.

“Ушбу банклар жисмоний шахслар учун кредит шартномасига бир томонлама ўзгартириш киритишмоқда ва кредитлар бўйича 2-3 ойлик имтиёзли давр беришмоқда. Фоиз тўловлари вақтида амалга оширилмаганлиги учун пеня ва жарима ҳисобланмайди”, дейилади хабарда.

Коронавирусдан даволанаётганларнинг энг кўпи Тошкентда (Инфографика)

COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича Ўзбекистондаги эпидемик вазият тўғрисида батафсил маълумот.

Маълумот Соғлиқни сақлаш вазирлиги хузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2 апрель ҳолатига асосан ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонда бир кунда 4,3 млн. дона тиббий ниқоб ишлаб чиқарилаётгани айтилди

АОКА ҳузуридаги штабда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори Сардор Кариев иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра жами 15та тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхона бўлган ва уларнинг кунлик ишлаб чиқариш қувватлари 450-500 минг донани ташкил этган.

1 апрелга келиб тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сони 190 тага етказилган ва уларнинг умумий ишлаб чиқариш қувватлари 4,3 млн. донага кўтарилган.

ССВнинг буйруғи билан ниқоблар тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилган.

Шу боис ҳозирги кунда уларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун алоҳида лицензия талаб этилмайди.

Президент Шавкат Мирзиëев 26 март куни ижтимоий ва тиббий муҳофазани кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида ўтказган йиғилишда тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқаришни кунига 5 миллион донага етказиш бўйича топшириқ берган эди.

Э. Боситхонова кўнгилли хайриячилар устидан 500га яқин шикоят тушганини айтди

Хайрия учун ҳозирланган озиқ-овқатлар

АОКА ҳузуридаги штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда асосан, "иммунитети нисбатан паст бўлган аҳоли тоифалари — кексалар ва нуронийлар, ногиронлар, якка ёлғиз яшовчи фуқароларнинг" хонадонларига турли ҳомийлар, волонтерлар томонидан хайрия маҳсулотларининг карантин қоидаларига зид равишда кириб бораётгани ҳақида гап борди.

"Кейинги 5 кунда Вазирликка келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб кўрдик — 494 та шу мазмунда мурожаат бўлган. Ҳақиқатда, оилаларни, одамларни, айниқса, хонадонимиз фаришталари — дуогўйларимизни асрашимиз керак. Бундан ташқари, айрим хонадонларга устма-уст ёрдам берилгани ҳолда, айрим хонадонлар эътибордан четда қолаётгани ҳақида ҳам 200 га яқин норозилик мурожаатлари бўлди", деди Боситхонова.

Унинг айтишича, бу ҳолатни инобатга олган ҳолда, 1 апрелдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилган ва хайрияни макразлашган тартибда етказиш қарори олинган.

1 апрель куни президент топшириғи билан Ўзбекистонда карантин қоидалари янада кескинлаштирилиб, қатор чекловлар жорий этилди.

65 ёшдан катталарнинг уйда чиқмаслиги билан бирга якка тартибдаги хайрия акциялари ҳам 1 апрелдан вақтинча тақиқланди.

Бош санитар инспектор ҳаво ҳарорати исиб кетиши билан коноравирус вазияти яхшиланишига умид билдирди (ВИДЕО)

Коронавирусдан ҳимояланиш учун айрим одамлар мана шундай чораларни ҳам кўрмоқда.

АОКАда 2 апрель куни ўтказилган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирус инфекцияси ҳаво ҳарорати исиб кетиши билан коронавирус инфекцияси йўқола бошлашига умид билдирди.

“Айрим тадқиқотларда коронавирус инфекцияси ҳаво ҳарорати -2 ва +10 даражагача бўлган пайтда фаоллашиши аниқланди. Демак, умид қиламизки, ҳаво ҳарорати исиб кетиши билан вазият яхшиланади”, деди Отабеков.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2 апрель куни тушга яқин билдиришича, яна 9 одамда коронавирус аниқланиб, беморлар сони 190га етди.

2 апрелдаги сўнгги маълумотларга қараганда, дунёнинг 203 давлатида коронавирусга чалинганлар сони 935 840 нафарни ташкил этди. Улардан 194 286 нафари соғайган, 47 241 нафари вафот этган, 35 478 нафар бемор оғир аҳволда.

Коронавирусдан касалланганлар сони 190 нафарга етди

1 апрель куни коронавирусдан соғайган тўрт одамнинг барчаси ёшлардир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2 апрель куни тушга яқин билдиришича, яна учта одамда коронавирус аниқланиб, беморлар сони 190га етди.

Вазирлик Тошкент вақти билан соат 10да берган маълумотида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 6 тага ошгани ва коронавирусдан касалланганлар сони 187 нафарни ташкил этганини билдирганди.

1 апрель соат 21.40даги ҳолатга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 9 тага ошиб, 181 нафарни ташкил этганди.

Шу куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етди. 2 нафар бемор вафот этди.

Афғонистонга ҳам инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

Афғонистонга коронавирус тарқалишининг олдини олишда кўмак бериш мақсадида инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Ўзбекситон Афғонистонга коронавирус тарқалишининг олдини олишда кўмак бериш мақсадида инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи асосида уюштирилган ёрдам 1 апрель куни Ангрен — Тошкент — Термиз — Мозори-Шариф йўналиши бўйлаб жўнатилди.

Инсонпарварлик ёрдами тиббий ниқоблар, ҳимоя комбинезонлари, касалликни аниқлашга ёрдам берадиган тепловизор, пирометрлар, ун, ёғ, гуруч, хўжалик совуни, афғон болалари учун кийим-кечаклардан иборат.

29 март ва 1 апрель кунлари Ўзбекистон Қирғизистонга ҳам шу каби маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини жўнатган эди.

Ходимлари коронавирусга шубҳа билан карантинга олинган Молия вазирлиги онлайн ишлашга ўтди

Молия вазирлиги ишни онлайн шаклда ташкил қилиш ҳамда ходимларни ўз-ўзини изоляция қилиши юзасидан қарор қилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги 2 апрелга ўтар кечаси маълум қилди.

Вазирликнинг бундай қарор қабул қилишига айрим техник ходимларининг коронавирус тест натижалари шубҳа туғдиргани ва улар кейинги текширувлар учун клиник карантинга олингани сабаб бўлди. Вазирлик бу воқеа қачон бўлгани ва қанча ходим карантинга олингани тўғрисида маълумот бермаган.

“Вазирлик жамоаси шифокорлар назорати остида қуйидаги тартибда фаолият олиб боради:

1.Вазир ва вазир ўринбосарлари бошчилигидаги раҳбарият, асосий бўлимларнинг бошлиқлари ва алоҳида ходимлари аввалгидек, вазирлик биносида иш олиб боради.

2️. Ғазначилик ҳам ҳисобварақлар бўйича барча хизматларни тақдим этган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Бунинг учун тегишли ходимлар жалб қилинади ва улар алоҳида бинода мустақил ишлайди.

3️. Қолган ходимлар масофадан ишлашни давом эттиради”, дейилади баёнотда.

Вазирлик иш ҳақи ва нафақалар ажратилиши тўхтатилмаслигини, шунингдек, вазирликка юклатилган барча вазифалар ва функциялар белгиланган тартибда бажарилишини билдирди.

Баёнотда айтилишича, вилоят, туман, шаҳар молия ва ғазначилик бўлимлари ўз фаолиятини одатдагидек давом эттиради.

Палов индекси: Март ойида энг арзон палов Наманганда, қиммати Самарқандда бўлди

Давлат статистика қўмитаси жорий йилнинг январидан палов индексини шакллантира бошлади.

Давлат статистика қўмитаси март ойида республиканинг турли минтақалари кесимида паловнинг ўртача нархларни эълон қилди.

Маълумотда айтилишича, энг арзон палов Наманган вилоятида бўлган. Бу ерда паловнинг бир порцияси 11 571 сўм, бир килоси 80 997 сўм бўлган.

Энг қиммат палов Самарқандда бўлиб, бир порцияси 16 667 сўм, бир килоси 116 669 сўмдан сотилган.

Февраль ойида ҳам Самарқанд палов қимматлиги бўйича биринчи ўринда бўлган. Февралда энг арзон палов Сурхондарёда қайд этилган эди.

Бошқа вилоятларда паловнинг бир порцияси 11 800 сўмдан 16 минг сўмгача, килоси 85 169 сўмдан 112 минг сўмгача сотилган. Тошкентда паловнинг порцияси 16 минг, килоси 112 минг сўм бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати 10 январда “Палов индекси” маълумотларини шакллантирилиш жорий этилаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ҳар бир ҳудуд (мамлакат)нинг ўзига хос “хусусиятлари”ни инобатга олиб, Европанинг аксарият мамлакатларида “Big-Mak индекси”, Россия Федерациясида “Оливье индекси” маълумотлари шакллантирилади. Ўзбекистонда энг оммавий таом – “Палов индекси” маълумотларини шакллантириш бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатнинг барча ҳудудий марказларида жойлашган йирик умумий овқатланиш муассасалари (жумладан, “Ош марказлари”)даги 1 кг палов учун сарфланадиган масаллиқлар рўйхати, шунингдек, уларнинг нархлари (қиймати) тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб борилмоқда.

Қўқонлик яна бир депутат 15 суткага қамалди

Қўқонда аввалроқ яна бир депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.

Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати М.А., телеграм канали орқали ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани учун 15 суткага қамалди.

ЎзАнинг ёзишича, У 28 март куни карантин шароитида ИИБ ходимларининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажаришдан бош тортган ва телеграмда уларга нисбатан “сохта уйдирмаларни тарқатган”.

“Қўқон шаҳар прокурорининг 30 мартдаги тақдимномасига асосан, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгашининг шу куни қабул қилинган қарори билан М.А.ни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик берилган”, дейилади хабарда.

Қўқон шаҳар маъмурий суди бу ишни кўриб чиқиб, уни 15 суткага қамади ва ундан маъмурий қамоқ харажатларини ундиришни лозим топди.

Озодлик радиоси 1 апрель куни Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати Х.Н.,га нисбатан шаҳар прокуратураси 31 март куни жиноят иши қўзғатгани тўғрисида хабар берганди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, бунга депутатнинг телеграм каналида “Қўқон шаҳрида 2 нафар шахсда “Коронавирус” касаллиги аниқланганлиги ва улар карантинга олинганлиги ҳақида жонли тарзда аудио ёзуви орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган уйдирма ва ёлғон маълумотларни тарқатган”и сабаб бўлган.

Коронавирус юқтирганлар яна 8тага кўпайди. Беморлар сони 181 нафар

1 апрель куни жами 9 одамга коронавирус юқди.

Ўзбекистонда 1 апрель соат 21.40даги ҳолатга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 8 тага ошиб, 181 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик 1 апрель куни эрталаб коронавирус юқтирганлар 1 нафарга ошганини ва беморлар сони 173га етганини билдирганди.

Шу куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етди. 2 нафар бемор вафот этди.

Ўзбекистон Қирғизистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Ўшга навбатдаги ёрдам президент ташаббуси билан амалга оширилди.

Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 1 апрель куни хабар қилган ЎзАнинг ёзишича, ёрдам президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қирғизистон Республикасига коронавирус “COVID-19” касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида уюштирилди.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги темирйўл станциясидан поездда жўнатилган ёрдам минг тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системаларидан иборат.

Хабарда айтилишича: “Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдами” шиори остида ташкил этилган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тасарруфидаги “Қўрғонтепа дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти ҳамда мамлакатимиздаги фармацевтика корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилди”.

29 март куни Бош вазир Абдулла Арипов топшириғига асосан Ўшга коронавирусга қарши кураш учун зарур бўлган тиббий воситалар жўнатилгани хабар қилингганди. Ўшанда 10 мингта тиббиёт маскаси ва 900та ҳимоя костюми Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан, 4800та экспресс-тестлар ва реагентлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан жўнатилган.

Айни пайтда 1 апрель куни Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан давлат бюджетини қувватлаш мақсадида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз сўрагани хабар қилинди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буëн ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Осиë тараққиëт банкидан вирус тарқалишини тўхтатиш учун 200 миллион доллар грант олган.

ССВ: Коронавирусга чалинганлардан яна 4 нафари бутунлай соғайди

Коронавирусга қарши курашаётган ўзбек шифокорлари. Соғлиқни сақлаш вазирлиги фотоси.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна тўрт нафари 1 апрель куни бутунлай соғайди ва реабилитацияга чиқарилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, соғайгани айтилаётганлардан бир нафари БААнинг Дубай шаҳридан, яна бир нафари Туркиядан келган, қолган икки нафари эса коронавирус инфекцияси аниқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролардир.

“Уларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди”, дейилади хабарда.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етди. 2 нафар бемор вафот этди. Айни пайтда Ўзбекистонда 173 одам коронавирусга чалинган.

Карантин режимига қарамай Олмаотага ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар жазоланди

Нур-Султон, Олмаота, Чимкент, Актау ва Қарағандада карантин режими жорий этилган.

Карантин режими жорий этилганига қарамай, Олмаотага яширин йўллар билан ўтмоқчи бўлган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олинди.

Kazinform агентлигининг 31 март куни хабар беришича, қўлга олинганлар Алатау тумани Бурундай мавзесида жойлашган 3-назорат станциясини четлаб ўтиб, шаҳарга киришга ҳаракат қилишган. Улар ўша жойда қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, уч нафар ўзбекистонлик Олмаотага иш излаб бормоқчи бўлган.

“Айтишларича, улар карантин ҳақида билмаган. Албатта, бу уларни жавобгарликдан озод қилмайди. Ихтисослашган туманлараро маъмурий суд чет элликларни Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 476-моддаси (фавқулодда ҳолат режимини бузиш) бўйича маъмурий жавобгарликка тортди ва улар маъмурий қамоққа олинди”, дейилади хабарда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 350 нафарга яқинлаб қолди. Шу муносабат билан қозоқ ҳукумати мамлакатнинг бешта йирик шаҳри - Нур-Султон, Олмаота, Чимкент, Актау ва Қарағандада карантин режими жорий этган.

Коронавирусга чалинганларни даволаган тиббиётчиларга ваъда қилинган қўшимча ҳақ тўлаб берилгани айтилди

Шифокорларга 14 кунлик иши учун 25 миллион сўмдан тўлаб берилиши айтилган эди.

Коронавирусга чалинганларни даволашда қатнашган шифокорларнинг биринчи гуруҳига 14 кунлик иши учун 25 миллион сўмдан тўлаб берилди. Ҳамшираларга эса 15 миллион сўмдан тўланди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда ўтган анжуманда Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов маълум қилди.

Алимовга кўра, шу кунларда 4 мингдан ортиқ тиббиёт ходими коронавирусли беморларни даволашда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

Дониёр Алимов коронавирусга қарши кураш доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 1 апрелга қадар 30 миллиард сўмга яқин маблағ келиб тушганини ҳам айтди.

Унинг таъкидлашича, бу фондга Президент Администрацияси, Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ, Прокуратура ва МИБ ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва Халқаро пресс-клуб томонидан пул ўтказилган. Бундан ташқари, 2 161 фуқаро ҳам фондга 3 миллиард сўм берган.

Президент Шавкат Мирзиеев аввалроқ коронавирусга қарши курашда иштирок этадиган тиббиёт ходимларига махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланганини билдирганди.

Врач-лаборантларга 25 миллион сўмдан, ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўмдан, кичик тиббиёт ходимларига 10 миллион сўмдан, бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан қўшимча тўлов тўланиши белгиланган.

Беморларни даволаш чоғида коронавирус юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.

Тошкент ҳукумати Осиё тараққиёт банкидан коронавирус оқибатларини юмшатиш учун 1 млрд доллар қарз сўради

Расмий Тошкент коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун ҳозиргача Осиë банкидан 200 миллион доллар маблағ олган.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари¸ Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Осиё тараққиёт банки президенти Масапугу Асакава билан видеомулоқотда Ўзбекистон давлат бюджетини қувватлаш мақсадида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз сўради.

Бу ҳақда 1 апрель куни вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буëн ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Осиë тараққиëт банкидан вирус тарқалишини тўхтатиш учун 200 миллион доллар грант олган.

Банк президенти 1 апрель кунги видеомулоқотда 1 миллиард долларлик қарз сўровини кўриб чиқиш учун алоҳида гуруҳ тузилгани ва Ўзбекистонга қўшимча маблағ ажратиш жараëнини тезлатишини билдирган.

Ўзбекистон 1995 йилда Осиë тараққиëт банкига аъзо бўлган. Ҳозиргача банкнинг Тошкент ҳукуматига берган жами қарзи¸ 14 миллиард доллардан ошган.

Коронавирус пандемиясининг аҳоли ва иқтисодиëтга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган фармонида президент Мирзиëев¸ шу мақсадда хориж молия тизимларидан 1 миллиард доллар қарз олишни топширган эди.

ИИВ: "Бошқа вилоятдаги дафн маросимига боролмайсиз!"

Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг уюштирилди.

Брифингда Ғиёсовга: "Агар бошқа вилоятда яшайдиган яқин қариндошларининг, масалан ота-онасининг дафн маросимига бориш зарур бўлса, қандай йўл тутиш керак?" деган савол берилди.

Ғиёсов вилоятлараро ҳаракатланиш тақиқланганини урғулади:

"Афсуски, қанчалик оғир бўлмасин, ўрнатилган чеклов барчага истисносиз тааллуқли бўлиб, бошқа вилоятда бўлган яқин қариндошларингизнинг дафн маросимида қатнашолмайсиз!"

Брифингда маълум қилинишича, республика бўйлаб карантин қоидаларини бузишга оид 18 мингга яқин ҳолат қайд этилган.

Буларнинг 17 минги ниқобсиз юрган шахслардир.

314 ҳолатда карантинга олинган фуқаролар карантин ҳудуди - шифохона ёки уйини ташлаб кетган.

Ўзбекистон бўйлаб карантин жорий қилинган ва карантин қоидаларни бузган шахсларга 11 миллион сўмгача жарима солиниши, оғир ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

18 мингга яқин карантин қоидасини бузиш ҳолати аниқланди; улардан 17 минги ниқобсиз юришга оид

Ўзбекистонда ниқобсиз юриш 25 мартдан тақиқланган

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг уюштирилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, бугунги кунга келиб карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 17 668 та ҳолат аниқланган, бунинг 17 мингтаси ниқобсиз юрганлардир.

Ундан ташқари 4 нафар қоидабузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

149 та ҳолатда вақтинча тўхтатилган савдо ва кўнгилочар масканларни ишини давом эттирган.

314 ҳолатда карантинга олинган фуқаролар карантин ҳудуди - шифохона ёки уйини ташлаб кетган.

23 та ҳолатда эса тўй маросимлари ёки бошқа тақиқланган йиғинлар ўтказилган ва бунинг учун фуқаролар жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон бўйлаб карантин жорий қилинган ва карантин қоидаларни бузган шахсларга 11 миллион сўмгача жарима солиниши, оғир ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бош санитар инспектор карантин қачон бекор қилиниши ҳақида маълумот берди

Фарғона вилоятида 26 нафар беморнинг 17 нафари эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган ҳамюртлар орасида аниқланган.

"Ўзбекистонда карантин энг охирги бемор аниқланиб, орадан 14 кун ўтгач ва бу ҳолатга тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин бекор қилиниши мумкин".

АОКАда1 апрель куни ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков “Республикада бошланган карантин қачон тугатилади?” деган саволга мана шундай жавоб берди.

Бош санитар инспектор Фарғона вилоятида умумий қайд этилган 26 нафар беморнинг 17 нафари махсус чартер рейсларида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган ҳамюртлар орасида аниқланганини ҳам таъкидлади.

“Карантин даврида ниқобни хар 3 соатда алмаштириш зарур. Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачининг 2020 йил 19 мартдаги 4-сонли қарорида кўрсатиб ўтилган”, деб огоҳлантирди Нурмат Отабеков.

1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 173 кишида вирус аниқланди. Беморлар 7 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

ИИВ Тошкентда юзлаб машина жарима майдончасига олинганини маълум қилди

Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда, 1 апрель, 2020

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг уюштирилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жорий йилнинг 29-31 март кунлари Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида жами 1 912 та ҳолатда ҳайдовчи турли кўринишдаги қоидабузарлик содир этилгани аниқланган.

Улардан 766 таси карантин қоидасини бузган ва уларга тегишли 545 та автотранспорт жарима майдончасига жойлаштирилган. Уларнинг машинаси карантин тугамагунча, қайтарилмайди.

Шундай текширувлар бутун мамлакат бўйлаб давом этаётгани айтилмоқда.

Махсус рухсатномасиз ҳаракатланган автотранспорт воситалари учун ҳайдовчиларга 6 миллион 600 минг сўмдан 11 миллион сўмгача жарима солиниши мумкин.

Ўзбекистонда 30 мартдан бошлаб, автотранспорт воситалари қатнови кескин чекланди, хусусий машинадан хусусий мақсадда фойдаланиш тақиқланди.

Статистика қўмитаси: Бир йил ичида нархлар 13 фоиздан кўпроққа қимматлади

2020 йилнинг январь-март ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 2,8 фоизга кўтарилган.

Ўзбекистонда 2019 йилнинг мартига нисбатан ўтган йиллик даврда товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш сураъати 13,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси эълон қилган ҳисоботда маълум қилинди.

Таъкидланишича,март ойида нархлар ва тарифлар даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,3 фоизни ташкил этди. 2020 йилнинг январь-март ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 2,8 фоизга кўтарилган.

Март ойи давомида мева ва сабзавотлар 5 фоизга, гўшт, паррандачилик ва балиқ 1,7 фоизга, ёғ ва мойлар 1,3 фоизга, нон 1,2 фоизга ва сут маҳсулотлари 1,1 фоизга қимматлаган.

Айни пайтда тухум 3,5 фоизга арзонлашиб, йил бошидан буён нархлар даражаси 2,8 фоизга пасайган.

Ноозиқ-овқат товарлари бўйича кузатилган асосий гуруҳлар ичида нархларнинг энг юқори ўсиши шахсий транспорт (6,9 фоиз) ва тамаки маҳсулотларига (4,1 фоиз) тўғри келмоқда. Бир ой давомида қурилиш материаллари 0,9 фоизга, кийим-кечак, мато ва иплар 0,8 фоизга, пойабзал 0,7 фоизга, уй-рўзғор буюмлари ва электр жиҳозлари 0,3 фоизга ўсган.

Адлия вазирлиги: Стикер учун пора сўралса¸ Телеграмдаги @antikorbotга хабар қилинг!

20 апрелга қадар Ўзбекистон шаҳарларида фақат махсус рухсатномаси бор машиналар юриши мумкин.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

Бундай рухсатнома¸ расмийлар таъкидича¸ ҳеч қандай тўловларсиз¸ мутлақо берилади.

Рухсатнома олиш учун уч кун ичида 30 мингга яқин мурожаат бўлгани ортидан¸ тармоқларда жараëннинг навбатдаги коррупция схемасига асос бўлгани¸ хизмат кўрсатиш учун стикерга муҳтожлар қолиб¸ уларнинг қимматбаҳо машиналарнинг бадавлат эгаларига берилаëтганига оид шикоятлар кўпайди.

1 апрель куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги¸ бу жараëндаги коррупция ҳолатларига оид маълумотлар учун махсус канал мавжудлигини билдирди.

Агарда, махсус рухсатнома (стикер)ни расмийлаштиришда тўловлар ундирилаётгани ҳақида тегишли маълумотларга эга бўлсангиз Адлия вазирлигига телеграмдаги @antikorbot боти орқали (боғланиш учун телефон рақамини қолдирган ҳолда) хабар беришингизни сўраймиз.

Бунда, юборилган хабарлар вазирликнинг махсус таркибий бўлинмаси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси қатъий сир сақланиши кафолатланади»¸ дейилади Адлия вазирлиги Телеграм каналида тарқатилган баëнотда.

Айрим банклар кредитларни тўлаш муддати икки ойга узайтирилганини билдирди

Марказий банк ҳам 10 мингга яқин кредитлар муддати узайтирилганини билдирган эди.

Асакабанк ва Туронбанк 1 апрель ҳолатига кредит қолдиғи 100 миллион сўмгача бўлган жисмоний шахсларнинг барча кредитлари бўйича 2 ойлик таътил эълон қилди. Бу ҳақда АОКАнинг “Расмий маълумотлар” телеграм каналида маълумот берилди.

Маълумотда айтилишича, 2020 йилнинг апрель ва май ойлари тўловлари қарздорнинг ҳеч қандай мурожаатисиз кредитни охирги қайтариш санасидан кейинги икки ойда тўланади.

“Бу ўзгариш қарздорни мавжуд кредит қолдиғи бўйича ҳисобланган фоизларини келгусида тўлаш мажбуриятидан озод этмайди”, дейилади хабарда.

30 март куни Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов Тошкентда ўтказилган брифингда вазиятдан келиб чиқиб, банклар мавжуд кредитлар муддатини узайтириб, қарз юкларини камайтиргани ҳақида айтганди.

"Маълумот учун, 10 мингга яқин кредитлар муддати узайтирилди", деди Абидов.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG