Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:34

Дипломи қалбаки бўлиб чиққан собиқ проректор устидан жиноят иши очилди


"Фалсафа доктори" илмий даража тўғрисидаги дипломи қалбаки бўлиб чиққан Самарқанд "Ипак Йўли" туризм халқаро университетининг собиқ проректори Азамат Акбаровга нисбатан жиноят иши очилди.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган ҳужжатда 2020 йил 1 март куни Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси Б.Абдураҳмонов томонидан Азамат Акбаров ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддасида («Ҳужжат қалбакилаштириш») кўрсатилган жиноят таркиби мавжудлиги айтилган.

Жиноят ишини очишга асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси Раёсатининг 22 январдаги №274/1-сонли қарори билан ОАКнинг ўзи томонидан 2019 йил 28 февралда берилган 01№00318-рақамли нострификация қилинган дипломни ўзи бекор қилинганлиги кўрсатилган.

Акбаровнинг айби судда тасдиқланса у энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Олий Аттестация Комиссияси Раёсатидан нима сабабдан хорижий дипломни асл нусхаси билан танишмасдан ксеронусхага асосан¸ дипломнинг ҳақиқийлигини текширмасдан нострификация қилгани бўйича расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Самарқанд "Ипак Йўли" туризм халқаро университетининг биринчи проректори 43 яшар Азамат Акбаровнинг PhD дипломи қалбаки бўлиб чиққан сабаб 7 январь куни ишдан олингани ҳақида Озодлик январь ойи бошида хабар берган эди.

Озодлик тасарруфида мавжуд ҳужжатлар тўпламида дипломнинг қалбаки экани аниқланганини борасида экспертиза хулосаси бор.

Ҳужжатларда собиқ проректорнинг PhD илмий даража дипломи Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина давлати) жойлашган BURCH халқаро университети томонидан берилганлиги кўрсатилган.

BURCH халқаро университети ректори профессор Mershid Poturak томонидан 2019 йилнинг 16 декабрида имзоланган хатда бу дипломнинг сохта экани айтилган.

«Халқаро BURCH Университети томонидан Азамат Акбаровга ҳеч қачон PhD дипломи берилмаган, ушбу исмдаги шахс бирон марта халқаро BURCH Университети PhD талабаси ҳам бўлган эмас. Бундан ташқари, Халқаро BURCH Университети дипломининг ташқи кўриниши жаноб Акбаровнинг дипломидан фарқ қилади» деб маълумот берилади ушбу расмий мактубда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш енгиллаштирилган тартибда амалга ошириши белгиланган.

XS
SM
MD
LG