Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:53

Коронавирус таҳдиди ортидан айрим оммавий тадбирлар тўхтатилди; Наврўз сайиллари бекор қилинмади


Ўзбекистонда Наврўз халқ сайиллари шаклида кенг байрам қилиб келинади.

Вазирлар Маҳкамасида Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди¸ деб хабар қилди ҳукумат матбуот хизмати.

13 март кунги йиғилишда дунë бўйлаб ëйилиб бораëтган коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш мақсадида мамлакатдаги айрим оммавий тадбирларнинг бекор қилингани эълон қилинди.

Улар орасида Тошкентдаги Наврўз марафони, Хива шаҳрида 31 март 1 апрель кунларига белгиланган “2020 йилда Хива шаҳри туркий дунё маданияти пойтахти” йилининг расмий очилиш маросими ҳамда “Бухоро шаҳри – Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан 14-16 апрель кунлари ўтказилиши режаланган тадбир бор.

Айни пайтда¸ расмий хабарга кўра¸ президентнинг 3 март кунги қарорига мувофиқ “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган шиор билан ўтказилиши белгиланган халқ сайиллари бекор қилинмаган.

"Жойларда кўчма савдо дўконлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, китоб расталари, баҳорий таом сотиладиган очиқ ошхоналар ташкил этилади, миллий чорпоялар, сўрилар ва хонтахталар жойлаштирилади.

Боғларда, очиқ майдонларда дорбозлар, полвонлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозларнинг томошалари, қушлар кўргазмаси, варрак учириш, арқон тортиш, арғимчоқ учиш каби халқ ўйинлари мусобақалари ташкил этилади.

Сайл давомида мамлакатимизда истиқомат қиладиган турли миллат вакилларининг бадиий чиқишлари, фольклор-этнографик гуруҳларнинг концертлари ҳам ўтказилади"¸ дейилади ҳукумат баëнотида.

Расмий хабарда 14-15 март кунлари “Обод юрт” шиори билан ўтказиладиган умумхалқ ҳашари ҳам бекор қилинмагани айтилган.

11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш коронавирус тарқашини пандемия деб эълон қилиши ортидан вирус тарқаган аксар давлатларда оммавий тадбирлар тақиқланди¸ мактаб ва университетлар ëпилди¸ мамлакатга кириб-чиқиш кескин чекланди.

Қўшни Тожикистон¸ Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматлари коронавирус тарқаши олдини олиш мақсадида мамлакатдаги оммавий тадбирлар¸ хусусан¸ Наврўз сайилларини бекор қилди.

Ҳозирча Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолати йўқлигини таъкидлаб¸ аҳолини "вирусга оид маълумот бекитилаëтгани" ҳақидаги сохта хабарларга ишонмасликка чақириб келмоқда.

Шунга қарамай¸ 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийси Ўзбекистонга ҳам бу вирус кириб келиш таҳдиди жиддийлигидан огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG