Линклар

Шошилинч хабар
09 феврал 2023, Тошкент вақти: 18:23

Халқаро хабарлар

Ангела Меркель уй карантинига олинди

Германия канцлери Ангела Меркель.

Германия канцлери Ангела Меркель якшанба куни уй карантинига олинди. Германия ҳукумати мулозими Штеффен Зайбертга кўра, канцлер бу қарорни ўзини эмлаган шифокор коронавирусга чалингани маълум бўлганидан кейин олган. Меркель мазкур шифокор қабулида икки кун аввал бўлганди.

Кейинги бир неча кун давомида Ангела Меркель мунтазам равишда коронавирус текширувидан ўтиб туради. Айни пайтда канцлер уй карантини шароитида ҳам вазифасини бажаришда давом этиши айтилмоқда.

Кун янгиликлари

Туркия ва Суриядаги зилзилаларда қурбон бўлганлар сони 15 мингдан ошди

Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятидаги зилзила туфайли вайрон бўлган бинолар, 2023 йил 7 феврали

Туркияда 6 февраль куни рўй берган кучли ер силкинишлари оқибатида нобуд бўлганлар сони, 9 февраль маҳаллий вақт билан соат 07:45 ҳолатига, 12 минг 873 кишига етган. Бу ҳақда Anadolu агентлиги Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан (AFAD) олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила чоғида жароҳат олганлар сони 62 минг 914 нафарга етган.

Туркияга қўшни бўлган Сурияда эса зилзила туфайли вафот этганлар сони камида 2 минг 950 нафарга чиққан. Бу ҳақда Reuters агентлиги президент Башар Асадга содиқ кучлар ҳамда Суриянинг бир қисмини назорат қилаётган исёнчилар вакилларидан олинган маълумот асосида хабар қилди. Сурия давлат ОАВлари фожиа натижасида 298 мингдан зиёд киши бошпанасиз қолганини ёзмоқда.

ЖССТ маълумотига кўра, Туркия ва Сурияда зилзила сабабли 1,4 миллион бола дохил 23 миллион нафар киши жабр кўрган бўлиши мумкин.

Туркияда вайронгарчиликларга сабаб бўлган илк ер силкиниши 6 февраль тонгига яқин рўй берган. Зилзила эпимаркази Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида (7,8 балл) – Газиантеп шаҳридан 30 километр, Сурия билан чегарадан эса 90 километр нарида бўлган.

AFAD маълумотига кўра, биринчи зилзиладан кейин умумий ҳисобда 435 марта ер силкинган, улар орасида энг кучлиси Элбистон туманида (7,6 балл) 6 февраль куни туш пайтида юз берган.

Ер силкиниши ортидан Туркияда олти мингга яқин бино вайрон бўлган. Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу галги ер силкинишлари 1939 йилги Эрзинжон зилзиласидан кейин рўй берган энг йирик фалокат бўлганини эътироф этган. Ҳодиса ортидан Туркияда 12 февралгача миллий мотам эълон қилинган. Зилзила таъсири сезилган 10 та вилоятда уч ойга фавқулодда вазият тартиби жорий этилган. Расмийлар зилзила оқибатини бартараф этиш учун 100 миллиард лира (тақрибан 5,3 миллиард доллар) маблағ ажратишган.

Зилзила ҳудудидаги қидирув-қутқарув амалиётларига 110 мингдан зиёд одам жалб этилган. Бу амалиётларда Ўзбекистон ФВВ йўллаган ходимлар дохил 5 мингдан зиёд хорижлик қутқарувчи ҳам иштирок этишмоқда.

Пригожин “Вагнер” ХҲШга қамоқхонадан маҳкум ёллаш тўхтатилганини билдирди

"Путиннинг ошпази" номи билан танилган тадбиркор Евгений Пригожин "вагнерчи"лар кўмилган қабристонда (архив сурати)

Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси, президент Владимир Путинга яқин деб кўрилган петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин ХҲШ сафига қамоқхоналардан маҳкум ёллаш ишлари тўхтатилганини иддао қилиб чиқди.

““Вагнер” ХҲШ сафига маҳкумларни олиш тўлалигича тўхтатилган. Ҳозирги кунда бизда ишлаётган маҳкумлар олдида эса барча мажбуриятлар бажарилмоқда”, дея иқтибос келтирилган Пригожин сўзларидан тадбиркорга қарашли “Конкорд” ширкати Telegram-каналида.

Аввалроқ “Медиазона” нашри 2022 йил охирида Пригожиннинг ходимлари ўз сафига жангчи ёллаш учун қамоқхоналарни такроран айлана бошлагани, аммо бу сафар маҳкумлар орасида Украинадаги урушга кетиш истагини билдираётганлар бир неча бор оз бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

“Вагнер” ХҲШ вакиллари Украина урушига одам ёллаш учун Россия қамоқхоналарини айланиб юргани, урушга ёлланганлар орасида россияликлардан ташқари Ўзбекистон фуқаролари дохил кўплаб хорижлик маҳкумлар борлиги ҳақида Озодлик аввалроқ бир неча марта хабар қилган.

Жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкатини трансмиллий жиноий ташкилот деб эълон қилган эди.

Россиядаги норасмий ҳарбий хусусий ширкат бўлган “Вагнер” гуруҳи Сурия, Африка ўлкалари ва Украинадаги урушларда қатор ҳарбий жиноятларни амалга оширганликда гумонлаб келинади.

Уруш шароитида Озодликда Пригожиннинг “Вагнер” ХҲШ қамоқхоналардан жангчи ёллашни бас қилганига оид иддаолари рост ёки ёлғон эканини тезкорлик билан текширишга имкон йўқ.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Қозоғистондаги парламент сайловини кузатади

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи (архив сурати)

Қозоғистонда муддатидан аввал ўтказиладиган парламент сайловини кузатиш учун келган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси миссияси 8 февраль куни ўз ишини бошлади. Парламент сайлови жорий йилнинг 19 мартига белгиланган.

Миссиянинг асосий таркиби қароргоҳи Остона шаҳрида бўлган 11 нафар халқаро экспертдан иборат, яна 32 нафар узоқ муддатли кузатувчи эса мамлакатнинг турли вилоятларида 17 февралдан иш бошлашади. Бундан ташқари, бюро Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлардан 300 нафар қисқа муддатли кузатувчини таклиф қилишни режалаган.

“Миссия сайловнинг ЕХҲТ ва бошқа халқаро мажбуриятлар ва демократик сайлов стандартларига ҳамда миллий қонунчиликка нақадар мувофиқ ўтказилганига баҳо беради”, деган миссия раҳбари Оуэн Мёрфи (Eoghan Murphy) чоршанба куни Остонада ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Мёрфи кузатувчилар сайлов участкалари очилишида, овоз бериш жараёнида, бюллетенларни ҳисоблаш ҳамда натижаларни чиқариш пайтида иштирок этишларини қайд этган. Сайлов куни ДИИҲБ миссияси ЕХҲТ Парламент ассамблеяси делегацияси билан биргаликда ишлайди.

Овоз бериш кунининг эртасига миссия дастлабки хулосаларига оид баёнотини тақдим этади. Сайлов жараёнини баҳолаш ва тавсиялар акс этган якуний ҳисобот эса сайловдан “бир неча ой” ўтганидан кейин чоп қилинади.

Миссия иштирокчиларининг давлат идоралари ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.

Миссияга раҳбарлик қилаётган ирландиялик 40 ёшли сиёсатчи Оуэн Мёрфи 2021 йили Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловида ҳам ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари миссиясига етакчилик қилган эди.

Байден йиллик ҳисоботида АҚШ Украинага қанча керак бўлса, шунча кўмак кўрсатишини билдирди

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден 7 февраль оқшомида Конгрессда мамлакатдаги аҳвол тўғрисидаги йиллик ҳисоботи билан чиқиш қилди.

Мазкур нутқнинг катта қисми Байден президентлик қилган икки йил ичида эришилган иқтисодий ютуқларга оид ҳисобот ўлароқ янгради. АҚШ президенти бу вақт оралиғида 12 миллион ишчи ўрни яратилгани, ишсизлик ҳолати сўнгги 50 йил ичида энг паст даражага тушгани, сўнгги ойларда ўрта синф даромади ошиши баробарида инфляция даражаси пасайгани, ўтган йил бошида ошиб кетган ёқилғи нархлари ҳам ҳозирга келиб анча арзонлагани ҳақида билдирган.

Жо Байден ўз ташаббуси билан киритилган мамлакат инфратузилмасига инвестициялар киритиш тўғрисидаги қонунни эслатиб, унинг бандлик ошишини таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратишга кўмаклашишини қайд этган.

Президентга кўра, унинг мақсади ўрта синф вакилларини дастаклаш бўлиб ҳисобланади.

“Режамдан мақсад унутилган шаҳарлар ва одамларга инвестиция киритишдир... Биз ҳеч кимни ортда қолдириб кетмайдиган иқтисодиётни барпо этмоқдамиз”, деган Байден.

Президент янги ижтимоий харажатлар дастурини олға суриб, буни амалга ошириш учун корпорациялар ҳамда даромади юқори бўлган америкаликлардан олинадиган солиқларни кўтаришни таклиф қилган.

“Бадавлат америкаликлар ва корпорациялар ўз улушини тўлаши лозим”, деган Байден нефть нархи юқорилигидан улкан даромад олаётган ҳамда мамлакатда нефть ишлаб чиқариш учун сармоя ётқизишни истамаётган ширкатларни айблаган.

АҚШ президенти нутқининг халқаро алоқаларга оид қисми унча катта бўлмаган. Жо Байден Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришини Америка ва дунё учун тарихий синов, деб атаган. Президентга кўра, АҚШ бу масалада лидер ролини ўз зиммасига олиб, НАТОни жипслаштириб, халқаро коалиция тузишга муваффақ бўлган ҳамда украиналиклар билан биргаликда агрессорга қарши чиққан. Байден нутқ чоғида залда бўлган Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркаровага бевосита мурожаат қилиб, Америка Украинани қанча керак бўлса, шунча дастаклашини ваъда қилган.

Республикачиларнинг жавоб сўзида Арканзас штати губернатор Сарра Хаккаби Сандерс президент Байден ва Демократлар партияси “америкаликларнинг ишончини оқламаган”ини таъкидлаган.

“Улар бу ҳақда билишади, сиз бу ҳақда биласиз, ўзгариш қиладиган вақт келди”, деган Хаккаби ўз сўзини қувватлаш учун мамлакатда инфляция даражаси юқорилиги, жиноятчилик кўпайгани ва Хитой томонидан таҳдид ошиб бораётгани каби масалаларга эътибор қаратган.

Шарҳловчиларнинг кўпи Байденнинг сешанба оқшомидаги нутқи иккинчи президентлик муддатига даъвогар сиёсатчининг нутқига ўхшаб кетганини қайд этишган.

Туркия: Зилзила ҳудудида 13 нафар ўзбекистонлик қидирилмоқда

Хатай вилоятидаги зилзила вайрон қилган уйлардан бири, 2023 йил 7 феврали

Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудида 13 нафар ўзбекистонликни қидириш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.

Дипломатларга кўра, даставвал зилзила ҳудудида бўлган 15 нафар ўзбекистонлик фуқаро қидирилаётган эди, улардан икки нафари билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлинган.

Хабарномада ер силкинишлари кузатилган ҳудуддан 17 нафар ўзбекистонлик олиб чиқилиб, уларнинг Истанбулга келишига кўмак берилгани қайд этилган.

Аввалроқ МОҚ Қаҳрамонмараш шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этган 13 нафар ўзбекистонлик ёш курашчи зилзила марказидан олиб чиқиб кетилганини маълум қилган эди. ТИВ томонидан 7 февраль куни тарқатилган маълумотда эса зилзила ҳудудида ўзбекистонлик бир фуқаро ҳалок бўлгани, яна 4 нафари бедарак йўқолгани айтилганди.

Зилзила ортидан Туркияга етиб борган Ўзбекистон ФВВ вакиллари 7 февраль куни Хатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаганлар. 10 минг нафардан ортиқ этник ўзбек истиқомат қилаётган бу ҳудудда ўзбекистонлик қутқарувчилар чоршанба куни ҳам ўз фаолиятларини давом эттиришмоқда.

Вазирлик 8 февраль соат 8:00 га қадар 132 квадрат метр майдонда 430 метр куб вайроналарни тозалаш ишлари бажарилган, натижалари турли даражада тан жароҳатлари олган 9 киши қутқарилгани, шунингдек, 12 нафар қурбоннинг жасади вайроналар остидан олиб чиқилганини маълум қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 5 минг 894 нафарга, жароҳатланганлар сони 34 минг 810 нафар етган.

Россиядаги ширкатларнинг 67 фоизи санкциялар туфайли Хитой жиҳозларига ўтишга мажбур бўлган

Владивостокдаги Mazda заводи ишчиси, 2020 год (ҳозирда бу завод фаолияти тўхтатилган)

Россиядаги ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпчилиги Украина уруши ортидан киритилган Ғарб санкциялари туфайли ололмай қолган жиҳозлар ва эҳтиёт қисмлар ўрнини Хитойдан келтирилган жиҳозлар билан тўлдирмоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри Гайдар институтининг январь ойида ўтказилган сўрови натижаларига таянган ҳолда хабар қилган.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 67 фоизи эндиликда зарур асбоб-ускуналарни Хитойдан олаётганини айтишган, ХХРдан эҳтиёт қисмларни импорт қилаётган респондентлар эса сўралганларнинг 63 фоизини ташкил қилган.

Айни пайтда айрим респондентлар ҳалигача санкция рўйхатига кирган жиҳоз ва эҳтиёт қисмларини импорт қилаётганини тан олишган.

Сўров чоғида Россиядаги корхоналарнинг бешдан бири ҳеч қачон санкция остига тушган таркибий қисмлардан фойдаланмагани аниқланган. Айрим компаниялар эса товар импортидан бутунлай воз кечишга мажбур бўлган.

Гайдар институти томонидан 2022 йили ўтказилган сўровларда россиялик саноатчилар учун Хитойдан келтирилган асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмларига ўтиш мажбурий чора бўлгани, корхоналар ҳатто қимматроқ нархда бўлса ҳам, Европа товарларини афзал кўришлари қайд этилган.

Ўтган йилнинг 24 февралида Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган эди. Бунга жавобан АҚШ ва ЕИ давлатлари томонидан мунтазам равишда Россиядаги ташкилотлар билан ҳамкорликни тақиқловчи ёки чекловчи санкцияларни жорий қилиб келмоқда.

Қозоғистон жанубида 5,4 балли зилзила содир бўлди

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 6 февраль оқшомида 2-3 балли ер қимирлаши сезилган. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “СОМЭ” сейсмик станциялари тармоғи маълумот тарқатди.

Ерости силкинишлари Остона вақти билан соат 19.02 да (Тошкент вақти билан соат 18.02) қайд этилган. 5,4 магнитудали зилзила эпимаркази Чимкентдан бир неча ўн километр нарида жойлашган Темирлан қишлоғи яқинида бўлган.

Темирлан қишлоғининг ўзида, “СОМЭ” қайдича, ер силкиниши кучи 3 балл атрофида сезилган, Тараз шаҳрида эса 2 балли зилзила кузатилган.

Қозоғистондаги ер қимирлаши ҳақида Ўзбекистон ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ҳам маълумот тарқатган. Марказ хабарномасига кўра, зилзила маркази шимоли-ғарбий йўналиш бўйича Тошкент шаҳридан 165 километр узоқликда бўлган, магнитуда эса 4,3 баллга тенг бўлган.

Қозоғистоннинг жануби ва жанубий-шарқи сейсмик хавф юқори бўлган ҳудудда жойлашган. У ерда унча катта бўлмаган магнитудали зилзилалар тез-тез рўй бериб туради.

Олтинчи февраль тонгида ва тушдан кейин Туркия жанубий-шарқида 7,8 ва 7,6 балли кучли зилзилалар содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, мазкур зилзилалар оқибатида қарийб 1,5 минг одам нобуд бўлган. Туркияга қўшни бўлган Сурияда ҳам ер силкиниши натижасида 800 чоғли одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Эронлик таниқли режиссёр Жаъфар Паноҳий қамоқхонада очлик эълон қилди

Жаъфар Паноҳий

Эронда ўтган йили 6 йилга озодликдан маҳрум этилган режиссёр Жаъфар Паноҳий очлик эълон қилган. У мазкур акциянинг ўзининг қамоқхонада тутиб турилишига қарши норозилик ўлароқ бошлаганини айтган.

Паноҳий Эрондаги энг машҳур кинорежиссёрлардан бири бўлиб ҳисобланади. Унинг фильмлари Берлин ва Канн кинофестивалларида тақдирланган, Локарнодаги “Олтин қоплон” ва Венециядаги “Олтин арслон” фестивалларида мукофотларга сазовор бўлган.

Ўтган йилнинг май ойида Паноҳий 300 дан зиёд эронлик зиёли ва маданият арбоби қаторида мамлакатда сўз ва ижод эркинлигига қарши қатағон кучаяётганини қораланган очиқ хатга қўл қўйган эди.

2022 йилнинг июль ойида Паноҳий Теҳронда қўлга олинган. Суд режиссёрни 2010 йилдаги аксилҳукумат намойишларини дастаклаганлик ва “тизимга қарши ташвиқот”да айблаб, олти йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Эронлик расмийлар мазкур судни Паноҳийнинг 2009 йили Теҳрондаги аксилҳукумат намойишлари чоғида отилган талабанинг дафн маросимида қатнашиб, ўша воқеалар тўғрисида фильм олишга уринганлик бўйича 2010 йилда чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқиш зарурати билан изоҳлашган.

Боррель: Европа Иттифоқи ҳозирча Украинага жанговар учоқлар етказиб беришни режалаётгани йўқ

ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель

Украинага қирувчи учоқларни етказиб бериш масаласи ҳозирча ЕИ кун тартибида тургани йўқ, дея билдирди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 3 февраль куни ўтказилажак ЕИ-Украина саммити олдидан Брюсселда қилган чиқишида.

Мулозимга кўра, бу масала ЕИга аъзо бўлган 27 та давлат орасида жиддий тортишувларга сабаб бўлган.

Ҳозиргача Украинага жанговар учоқлар етказиб бериш мумкинлиги ҳақида фақат Франция ва Нидерландия расмийлари гапиришган. Германия канцлер Олаф Шольц Украинага қирувчи учоқлар етказилмаслигини, бу қадам уруш янада авж олишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтган.

Британия мазкур масалани муҳокама қилишга ҳали тайёр эмас. АҚШ президенти Жо Байден эса аввалроқ Киевга қирувчи учоқлар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмаётганини билдирган эди.

Айни пайтда The New York Times нашрининг юқори лавозимли амалдорлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, АҚШ президенти маъмурияти учинчи мамлакатлар орқали Киевга F-16 учоқларини етказиб берилишини истисно қилмаяпти. Бу ўринда Вашингтон, масалан, ўз паркини замонавийроқ учоқлар билан янгилаётган Дания ва Нидерландияга F-16 учоқларини Украинага тақдим этишга рухсат бериши мумкин.

Жозеп Боррель фикрича, ҳозирда бутун диққат-эътиборни Украинага ваъда қилинган танкларни етказиб беришга қаратиш лозим.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида тошқин туфайли 200 дан зиёд киши эвакуация қилинди

Туркистон вилоятида олиб борилган қутқарув ишларидан лавҳа (Қозоғистон ФВВ фотосурати)

Қозоғистон жанубида юзага келган тошқин оқибатида ҳовли-жойларни сув босгани натижасида Туркистон вилоятига кирувчи Қарнақ Кентау, Сауран ва Байдибек туманларидан 204 нафар одам ва 201 бош қўй-эчки эвакуация қилинган. Бу ҳақда маҳаллий Otyrar нашри Чимкент Фавқулодда вазиятлар департаментидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган.

Қорнинг тез эриши ва тинимсиз ёмғир ёғиши натижасида Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги бир неча аҳоли пунктида 2 февраль куни сув сатҳи кўтарилган. Одамларни кўчириш ва вақтинча бошпанага жойлаштириш учун Сауран туманида тўртта эвакуация маскани ҳозирланган.

Айни пайтда Байдибек туманидаги Шаян ва Шақпақ қишлоқлари, Сауран туманидаги Шага қишлоғи ва Арис шаҳрида сувни қайтариш бўйича ишлар олиб борилаётгани, уйларни сув босишига йўл қўймаслик учун қутқарувчилар йўлларга тўсиқ сифатида 12 минг қоп қўйиш устида ишлаётгани айтилган.

Байдибек, Ўрдабаси ва Сауран туманларида жами 21 та кўча ва 235 та хўжалик ҳудуди сув остида қолган. Табиий офатга қарши кураш учун ФВВ, маҳаллий ижроия идоралари ва Мудофаа вазирлигидан 400 дан зиёд одам, қарийб 70 та техника ва 35 та мотопомпа жалб этилган. Чимкент ФВД ҳам тошқин оқибатларини бартараф этиш учун Туркистон вилоятига қўшимча куч йўллаган.

Қозоғистонда пиёз юклаб Россияга кетаётган 23 та юк машинаси тўхтатиб қолинди

Иллюстратив сурат

Қозоғистон расмийлари пиёз ортилган 23 та юк машинасининг Россия ҳудудига чиқиб кетишига рухсат беришмаган. KazTAG хабарига кўра, Чимкент, Жамбил ва Туркистон вилоятларида йўлга чиққан Ғарбий Қозоғистон вилояти орқали Россияга ўтиб кетмоқчи бўлиб турганида тўхтатиб қолинган.

Тутиб қолинган юк эгаларига қайтарилиши ёки Қозоғистоннинг бошқа жойлари сотилиши айтилмоқда.

Аввалроқ Марказий Осиё мамлакатларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан пиёз дохил кўплаб мева-сабзавотлар музлаб қолаётгани, бунинг ортидан бозорларда нархлар ошиб, айрим жойларда тақчиллик кузатилаётган хабар қилинган. Шу муносабат билан Қозоғистон жорий йилнинг 28 январидан эътиборан пиёз экспортига уч ойлик чеклов жорий қилган.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам қарийб икки ҳафта муқаддам йил бошидан 4 ойга пиёз экспорт қилишга вақтинча чеклов ўрнатилганини очиқлаган эди.

Канада парламенти қуйи палатаси Шинжондан 10 минг нафар уйғурни кўчириб келишга оид резолюцияни қабул қилди

Оттавадаги Канада парламенти биноси

Канада парламентининг қуйи палатасида 1 февраль куни мамлакат расмийларини Хитойнинг Шинжон минтақасидан бўлган 10 минг нафар уйғур қочқинини икки йил ичида кўчириб келишга чақирилган резолюция овозга қўйилган. Тавсия характерига эга бўлган резолюцияни қабул қилиш учун палата депутатларининг 322 нафар аъзоси овоз берган, қаршилар бўлган эмас.

Ҳужжат Либерал партиядан депутат Самир Зуберий томонидан ишлаб чиқилган. Унда Канада ҳукуматидан учинчи мамлакатларга қочган шинжонлик уйғур ва туркий тилли бошқа туб аҳоли вакиллари Хитой томонидан босим ва таъқибга учраётганини тан олиш сўралган.

Reuters қайдича, резолюциянинг қабул қилиниши бош вазир Жастин Трюдо ҳукумати зиммасига ҳужжатда акс этган таклифларга риоя қилиш мажбуриятини юкламаса-да, унинг бир овоздан қабул қилиниши озчилик ҳукуматга бу борада чора кўришда катта таъсирга эга бўлиши мумкин.

“Канада ҳар доим ҳимояга муҳтож бўлганларга кўмак кўрсатишда ўз ҳиссасини қўшади. Мен қуйи палата томонидан маъқулланган резолюцияда баён этилмиш чораларни илгари суриш учун барча партиялар аъзолари билан ишлаш ниятида қатъийман”, деган Канада иммиграция вазири Шон Фрейзер.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекинни 2017 йилдан буён миллиондан зиёд Ислом динига эътиқод қилган уйғур, қозоқ ва бошқа туркий тилли халқлар вакилларини қамоқхона ва лагерларга йўллаганликда айблаб келишади. 2021 йил февралида Канада парламенти қуйи палатаси Пекиннинг Шинжондаги асосан мусулмонлардан иборат туб аҳоли вакилларига нисбатан муносабатини геноцид ўлароқ тан олган. Бу воқеадан бир ой аввал АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўз лавозимидан кетишидан аввал Шинжонда содир бўлаётган воқеаларни “геноцид” деб атаганди.

Хитой расмийлари ўзларига қарши айтилаётган айбловларнинг барчасини рад этишиб, Шинжондаги ўз хатти-ҳаракатларини “террорчилик ва экстремизмга қарши кураш чоралари” эканини иддао қилишган.

Краматорскда кўп қаватли уй Россия ракетасига нишон бўлди, қурбонлар бор

Краматорскда Россия ракетаси зарбасига нишон бўлган уй

Украинанинг Донецк вилояти Краматорск шаҳри марказида жойлашган кўп қаватли уй россиялик ҳарбийлар берган ракета зарбаси натижасида вайрон бўлган.

Донецк вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко маълумотига кўра, ҳодиса чоғида камида 3 киши ҳалок бўлиб, 20 киши яраланган. Айни пайтда қутқарувчилар иш олиб бораётган вайронлар остида яна одамлар бўлиши мумкинлиги эътимолдан соқит қилинмаяпти.

Донецк вилояти полицияси қайдича, Россия қўшинлари шаҳарнинг одамлар яшайдиган мавзеига “Искандер-К” ракетасини улоқтиришган, пировардида камида 8 та кўп квартирали уйга шикаст етган.

Украина президент Владимир Зеленский Краматорскка берилган ракета зарбасини “мутлақ ёвузлик билан ҳудудий жиҳатдан чегарадош бўлган мамлакат турмушининг кундалик реаллиги” деб атаган.

Россия томони мазкур ракета зарбаси юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Украиналик ҳарбийлар назорати остида бўлиб турган Краматорск Россия қўшинлари тўхтовсиз ҳужум уюштираётган Бахмут шаҳридан ўнлаб километр нарида жойланган. Бахмутда уруш бошидан буён энг шиддатли жанглар бораётгани айтилмоқда.

Bloomberg Billionaires Index: Алишер Усмоновнинг бойлиги йил бошидан буён $1 млрдга кўпайди

Алишер Усмонов

Bloomberg агентлигининг Миллиардерлар индекси маълумотига кўра, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг бойлиги жорий йил бошидан буён 1 миллиард доллардан кўпроққа ошиб, 19,5 миллиард долларга етган.

Россия президенти Владимир Путинга яқин кўрилган Усмонов, мазкур рейтингга кўра, айни пайтда дунёдаги 500 нафар энг бой одамлар рўйхатида 81-ўринни эгаллаб турибди.

Россия қўшинлари ўтган йилнинг февраль ойи охирида Украинага бостириб киргани ортидан Алишер Усмонов АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкция рўйхатига киритилган эди.

Financial Times нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ЕИдан россиялик миллиардер Усмоновдан санкцияларни олиб ташлашни сўраган.

Forbes журнали бундан ўн кун муқаддам Алишер Усмонов Россия ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (РИЧТУ) раёсати бюросига пенсия чиқаётгани ва актив фаолиятдан чекинаётганини билдириб, ўзини бюрога аъзоликдан озод қилиш ҳақида ариза ёзгани ҳақида хабар қилган эди.

Наманганнинг Чуст туманида туғилган Алишер Усмонов Россиядаги USM гуруҳининг асосчиси ва йирик акциядори бўлиб ҳисобланади. Мазкур гуруҳга “Металлоинвест”, “Удоканская медь”, “МегаФон” дохил қатор ширкатлар киради. Усмонов “Коммерсантъ” нашр уйига ҳам эгалик қилади, аввалроқ у VK (ВКонтакте ижтимоий тармоғи) соҳиби ҳамда Британиянинг “Арсенал” клубининг эгадоши бўлган, шунингдек, у 2022 йилнинг март ойигача Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари лавозимини ҳам эгаллаб турган.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг сафдошлари Алишер Усмоновни коррупцияда айблаб чиққан. ФБКнинг энг машҳур “У сизга Димон эмас” (“Он вам не Димон”) деб номланган суриштирувида Усмонов Россия ҳукуматининг собиқ раҳбари Дмитрий Медведевга билвосита пора бергани иддао қилинган эди. Усмонов бу иддаони рад этган. Суриштирув ёйинланганидан кейин у Навальнийга видеомурожаат билан чиқиб, “Тупурдим сизга” деган сўзлар билан мухолифатчини ёлғончиликда айблаган. Усмонов ўз шаъни ва эътиборини ҳимоя қилиш бўйича Москвада бўлиб ўтган судда Навальнийнинг устидан ғалаба қилган.

Навальний Ғарб мамлакатларини Британия резиденти бўлган Усмоновга қарши коррупция айблови билан санкциялар жорий этишга чақирган эди. Бироқ санкциялар Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейингина жорий этилган.

Грузия президенти: Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни тарк этиши лозим

Грузия президенти Саломе Зурабишвили

Грузия президенти Саломе Зурабишвили Россия ўзларини мустақил деб эълон қилиб олган ва 2008 йилдан буён феълан Москва томонидан бошқарилаётган Абхазия ва Жанубий Осетияни Грузия назорати остига қайтариши зарур, дея билдирди. Унинг фикрича, Россия Украинадаги урушда ютқазяпти, уруш тугаганидан кейин эса у нафақат Украинанинг, балки Грузиянинг ҳам ишғол этилган ҳудудларидан чиқиб кетиши керак.

“Россия, агар бутун урушни демасак, барча жангларни қарийб бой бериб бўлди. Грузия масалалари ҳам музокара столида бўлиши шарт. Россия ўз чегаралари қаердан ўтишини яхшилаб ўрганиб олиши лозим”, дея иқтибос келтирган Bloomberg агентлиги Саломе Зурабишвили сўзларидан.

Грузия президенти ғарб ҳамжамиятини Россия президенти Владимир Путиндан ўз қўшинларини Абхазия ва Жанубий Осетиядан олиб чиқиб кетишни Украина билан тинчлик шартномаси тузилиши шартларидан бири ўлароқ талаб қилишга чақирган. “Акс ҳолда, Ғарб 2008 ва 2014 йилларда бўлгани каби яна битта катта хатога йўл қўяди”, деган Зурабишвили.

Жанубий Осетия билан Абхазия Грузия ССР таркибига кирган. Ўтган асрнинг 90-йилларида бу икки ҳудуд ўз мустақиллигини эълон қилган, бироқ Тбилиси буни қабул қилган эмас. 2008 йили Грузия билан “беш кунлик уруш”дан сўнг Россия Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларига ўз қўшинларини жойлаштириб, уларни мустақил деб тан олган. Мазкур ҳудудлар мустақиллигини Россиядан ташқари фақат Венесуэла, Науру, Никарагуа ва Сурия каби мамлакатларгина тан олишган. Грузия бу жойларни Россия томонидан ишғол қилинган ўз ҳудудлари деб билади.

Грузия ва Россия ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмас. Айни пайтда Грузия, гарчи Украинани дастаклашини расман билдирган бўлса-да, Киевга қарши уруш бошланганидан кейин ғарб мамлакатлари томонидан Россияга қарши киритилган санкцияларга қўшилмаган. Грузия мухолифати мамлакат расмийларини Россияга ён босувчи позицияни эгаллаб келаётганликда айблаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG