Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2020, Тошкент вақти: 19:22

Ўзбекистон хабарлари

Маҳкумларнинг ўз яқинлари билан бевосита учрашишига рухсат йўқ

Ўзбекистонда барча жазони ижро этиш муассасалари карантинга олинган. Маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан учрашуви фақат масофавий тарзда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 25 март куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Мулозимга кўра, ҳозирги пайтда терговчилар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қамоқхоналарга текширилиб, дезинфекция қилиниб, киритилмоқда, лекин бу чора ҳам тўхтатилиши мумкин.

“Маҳбуслар вирусли касалликларга чалинишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида изоляторлар ташкил қилинган. Улар ҳар 4 соатда дезинфекция қилиб борилмоқда”, деди ИИВ матбуот котиби.

Кун янгиликлари

Автотранспорт учун махсус рухсатнома (стикер) фақат онлайн бериладиган бўлди

Тошкент шаҳрида юрадиган автотранспорт воситалари учун стикер

Маълумки, 30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Махсус рухсатномани олиш учун онлайн шаклда my.gov.uz портали орқали Сўровнома тўлдирилиши ва талаб қилинган ҳужжатлар илова этилиши лозим.

Хабарнома берилгандан кейин бир иш куни ичида Давлат хизматлари марказидан рухсатноманинг аслини олиб кетиш мумкин бўлади.

30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Адлия вазирлигига кўра, Давлат хизматлари марказлари орқали жами 27 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган.

Тошкент шаҳрига жами 4500 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказларига эса 3200 га яқин фуқаро мурожаат қилган.

Адлия вазири Русланбек Давлетов​ бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлганини тан олди.

Бош санитар инспектор: COVID-19 табиблар даволайдиган касаллик эмас!

Ўзбекистонлик инфекционистлар, март, 2020

31 март куни Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков матбуот брифинги ўтказди.

Андижон вилоятида табиблар коронавирусга даво топгани ҳақида тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирган Отабеков¸ ўзбекистонликларни врачлар тавсиясига қулоқ солишга чақирди.

"Коронавирус инфекцияси махсус даволашни талаб қиладиган касаллик. Албатта¸ бундай пайтларда табиблар ҳам кўпайиб кетиши табиий. Лекин, ушбу инфекцияга чалинган беморлар шифохона шароитида, юқумли касалликлар, вирусолог, пульмонолог, реаниматолог, педиатр каби мутахассислар тавсияларига асосан даволаниши керак. Бу табиблар даволайдиган касаллик эмас", деб жавоб берди инспекция бошлиғи.

Брифингда келтирилган рақамларга кўра¸ 31 мартга келиб Ўзбекистонда 158 кишида коронавирус аниқланган, улардан 2 нафари вафот этган.

Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.​

Қарийб барча вилоятлардан беморлар бор. Беморлар 7 вилоят ва пойтахтда даволанмоқда.

COVID-19 инфекциясини аниқлаш учун мамлакат бўйлаб жами 22 156 та таҳлил ўтказилди

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг уюштирилди.

Отабековга кўра, шу кунга келиб беморлар қарийб барча вилоятларда аниқланган ва қатор вилоятларда улар юқумли касалликлар шифохоналарида даволанмоқда.

Шунингдек, брифингда сўнгги 1 сутка ичида 3 мингдан ортиқ таҳлил ўтказилгани ва 6 тасида коронаврус аниқлангани айтилди.

Жами таҳлилар сони эса (30 март ҳолатига кўра) 22.156 та.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 158 кишида вирус аниқланди, 2 бемор вафот этди.

Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.​ Қарийб барча вилоятлардан беморлар бор.

Адлия вазири машиналарга махсус стикер олиш пайтида карантин қоидалари бузилганини тан олди

Автотранспорт воситалари назорати, 29 март, 2020

31 март куни АОКА ҳузуридаги штабда Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида онлайн брифинг ўтказилди.

30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Брифингда махсус рухсатномалар бериш тартиби ва бу жараëннинг бориши ҳақида маълумот берилди.

Вазирга кўра, Давлат хизматлари марказлари орқали ҳозиргача 27 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган.

Тошкент шаҳрида 4500 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказларига эса 3200 га яқин фуқаро мурожаат қилган.

"Бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлди".

"... бугунги шароитда республикада коронавирусни тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган жуда кескин чора, бундай чорани бугунги кундаги шароит тақозо этмоқда. Албатта ноқулайлик туғдиради, лекин бу энг мақбул ва самарали йўлдир. Шунинг учун барчамиз янги талабларга мослашишимиз зарур, ишлаб чиқарувчилар ҳам, тадбиркорлар ҳам", деди вазир.

Шахсий автомобиллардан фойдаланишни кескин чеклаш ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Коронавирусга чалинганларнинг 5 нафари ўсмир, 73 нафари эркак, 83 нафари аёл

Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида жами даволанаётган 92 нафар бемордан 7 нафари соғайган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 158 беморнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллардир. Беморлар орасида 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Бу маълумотни 31 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилди.

“Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг аксарияти пойтахтимизда муолажа олишмоқда ва улар орасида юртимизнинг турли ҳудудларидан бўлган фуқароларимиз ҳам бор”, дейилади расмий баёнотда.

Расмий маълумотда айтилишича: “Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида жами даволанаётган 92 нафар бемордан 7 нафари соғайган бўлса, 1 нафари вафот этган. Ҳудудлар кесими бўйича: Тошкент шаҳридан 73, Бухородан 2, Қашқадарёдан 2, Навоийдан 2, Самарқанддан 7, Сирдарёдан 1 ҳамда Тошкент вилоятидан 5 нафар бемор пойтахтимиздаги ушбу тиббиёт муассасасида даволанмоқда”.

“Қолган 66 нафар бемор (шундан бир нафари вафот этган) мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда. Бу ҳақда кейинги материалимизда батафсил маълумот берамиз”, деб ёзди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Бош санитар инспектор вилоятлар кесимида коронавирусга чалинганлар сонини эълон қилди

Коронавирус билан касалланган беморларнинг 87 нафари Тошкент шаҳридан.

30 март кунги маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 87 та, Фарғона вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 10 та, Андижон ва Бухоро вилоятларида 8 тадан, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 1 тадан бемор коронавирус касаллиги билан даволанмоқда.

Бу маълумотни 31 март куни Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.

Отабековнинг айтишича, Вирусология ИТИ даги 52 нафар ва ЭМваЮКИТИ да даволанаётган 36 нафар беморлар республиканинг қарийиб барча ҳудудларидан келган фуқаролардир.

31 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган яна 8 одам аниқланди. Бу билан мазкур вирусга чалинганлар сони 158 нафарга етди.

“Ушбу инфекция шу йилнинг 12 мартида Туркияда бўлиб, касаллиги тасдиқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган 2 нафар наманганлик, иккинчи марҳум билан яқин мулоқотда бўлган асли навоийлик 2 нафар кишида, яъни она ва болада, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 4 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди”, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

31 март куни эрталаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этгани хабар қилинганди. Ушбу инфекция 1 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди.

30 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 4 тага ошиб, 149 нафарга етгани хабар қилинганди.

30 март куни инфекция 2 нафар андижонлик (аёллар), 1 нафар фарғоналик (эркак) ва 1 нафар тошкентлик (эркак) фуқароларда аниқланган.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Ўзбекистонда Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус қайд этилган.

Коронавирусга чалинганлар сони яна 8 нафарга кўпайди. Беморлар сони 158 нафарга етди

31 март куни коронавирусга чалинганлар Наманган, Навоий ва Тошкентдан.

31 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган яна 8 одам аниқланди. Бу билан мазкур вирусга чалинганлар сони 158 нафарга етди.

“Ушбу инфекция шу йилнинг 12 мартида Туркияда бўлиб, касаллиги тасдиқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган 2 нафар наманганлик, иккинчи марҳум билан яқин мулоқотда бўлган асли навоийлик 2 нафар кишида, яъни она ва болада, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 4 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди”, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

31 март куни эрталаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этгани хабар қилинганди. Ушбу инфекция 1 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди.

30 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 4 тага ошиб, 149 нафарга етгани хабар қилинганди.

30 март куни инфекция 2 нафар андижонлик (аёллар), 1 нафар фарғоналик (эркак) ва 1 нафар тошкентлик (эркак) фуқароларда аниқланган.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Ўзбекистонда Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус қайд этилган.

Пандемия даврида аҳолининг бир қисмига ва тадбиркорларга имтиёзлар берилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 150 нафарга етди.

Ўзбекистон президенти коронавирус пандемиясига оид яна бир фармонни имзолаши режалаштирилмоқда. Ҳужжат пандемиянинг иқтисодиётга ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференциялар ва бошқа муҳим чора-тадбирларни назарда тутади.

Президент матбуот хизматининг 30 мартда билдиришича, айни пайтда “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси тайёрланиб, муҳокама қилинмоқда.

“Президентимиз фармон лойиҳасига ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарурлиги ҳақида масъулларга топшириқ берди”, дейилади расмий хабарда.

Лойиҳа президент топшириғига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Туркиядан олиб келинган олма кўчатлари ёқиб ташланди. Кўчатлар сақланган ҳудуд карантинга олинди

Туркиядан импорт қилинган 23 200 дона олма кўчатида «Бўртма нематода» зарарли организми мавжудлиги аниқланган.

Туркиядан Ўзбекистонга олиб келинган 23 минг тупдан кўпроқ зарарли олма кўчати ёқиб юборилди. Бу ҳақда «Ўздавкарантин» ахборот хизмати 30 март куни хабар берди.

Хабарда айтилишича, Бухоро вилоятининг «Бухоро 2 ТИФ» Ўсимликлар карантини чегара масканида Туркиядан импорт қилинган 23 200 дона олма кўчатида «Бўртма нематода» зарарли организми мавжудлиги аниқланган.

“Таъкидланишича, ушбу илдиз бўртма нематода помидор, бодринг, сабзи, пиёз, ғўза экинлари, гилос, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахтларни кучли зарарлайди. Личинкаларининг ривожланиши натижасида ўсимлик бутунлай нобуд бўлади”, дейилади расмий маълумотда.

«Ўздавкарантин» инспекциясининг тақдимномасига мувофиқ, олма кўчатлари келтирилган ҳудудда карантин ҳолати эълон қилинди.

Бухоро вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг махсус полигонида тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида олма кўчатлари ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига жорий йилда 10 миллион сўмдан мукофот пули берилади

Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб "Ғалаба куни" нишонлана бошлаган эди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ўн миллион сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти берилади. Бу борадаги фармонни президент Шавкат Мирзиёев 30 март куни имзолади.

Фармон “фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида” қабул қилинган.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари 9 май–Хотира ва қадрлаш куни арафасида Мудофаа вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тантанали равишда топширилади.

2019 йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 7,5 миллион сўм, 2018 йилда 5 миллион сўм, 2017 йилда эса 2 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилганди.

2019 йилда эълон қилинган маълумотда Ўзбекистонда 878 нафар уруш қатнашчиси яшаётгани айтилган.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга кетган, улардан 420 минги қайтиб келмаган, 640 минги яраланган.

Уруш йилларида хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион одам, жумладан, 300 минг етим қолган болани Ўзбекистон очлик ва ўлимдан сақлаб қолган.

Фарғона ва Андижон вилоят ҳокимлари Ўшга ёрдам жўнатди

Ўшга ёрдам юбориш тўғрисида Бош вазир Абдулла Арипов топшириқ бергани айтилди.

Ўзбекистон Қирғизистонга индивидуал ҳимоя воситалари ва экспресс-тестлардан иборат ёрдам жўнатди.

Turmush.kg нашрининг ёзишича, Бош вазир Абдулла Арипов топшириғига асосан кўрсатилган ёрдам 29 март куни Ўшга етказиб берилди.

Хабарда айтилишича, 10 мингта тиббиёт маскаси ва 900та ҳимоя костюми Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан, 4800та экспресс-тестлар ва реагентлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан жўнатилган.

Ушбу воситалар назорат остидаги ҳудудларга коронавирусга қарши таҳлилларни олиш учун юборилади. Ҳимоя воситалари эса тиббиёт ходимларига тарқатилади.

31 март ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирус юқтирган беморлар сони 94 нафарга етган.

Кореялик профессор коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистонга таклиф этилди

Цой Чже Ук Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси. Сурат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидан олинди.

Корея Республикасининг Корё университети профессори Цой Чже Ук коронавирусга қарши кураш методологиясини уйғунлаштириш доирасида халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонга таклиф этилди. У 30 март кунидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлигида иш бошлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 30 март куни билдиришича, Цой Чже Укдан “бугун ва эртага қандай чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан маслаҳат олинади". Бундан ташқари “ҳамкорликда ишни ташкил қилиш ҳамда дунё ва Корея Республикаси тажрибаси билан мамлакатимизда қўлланилаётган коронавирусга қарши курашиш бўйича бугунги методологияни уйғунлаштириш” назарда тутилган.

Корё университети профессори Цой Чже Ук Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси, ушбу ассоциациянинг коронавирусга қарши курашиш бўйича штаби етакчи маслаҳатчисидир.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 150 нафарга етди

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 725 мингдан ошди.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этмоқда.

Ушбу инфекция 1 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди.

30 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 4 тага ошиб, 149 нафарга етгани хабар қилинганди.

30 март куни инфекция 2 нафар андижонлик (аёллар), 1 нафар фарғоналик (эркак) ва 1 нафар тошкентлик (эркак) фуқароларда аниқланган.

Шунингдек, қашқадарёлик 14 яшар бемор COVID-19 билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани ҳам маълум қилинган.

Ўзбекистонда Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус қайд этилган.

Дунёда вирус юқтирганлар расмий сони эса 765 мингдан, ўлганлар сони эса 34 мингдан ошди. Тузалганлар 152 минг атрофида.

Марказий банк 10 мингга яқин кредит муддати узайтирилганини маълум қилди

Марказий банк биноси

АОКА ҳузуридаги штабда Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов иштирокида брифинг ўтказилди.

Унинг айтишича, ҳозирда кредит бериш амалиётлари тўхтатилмаган, банклар томонидан барча турдаги кредитлар ажратиб келинмоқда.

Абидовга кўра, вазиятдан келиб чиқиб, банклар мавжуд кредитлар муддатини узайтириб, қарз юкларини камайтирган.

"Маълумот учун, 10 мингга яқин кредитлар муддати узайтирилди", деди Абидов.

Брифингда мулозимга: "Барча пулларим пластик карточкада. Шаҳарда эса терминал йўқ. Пулларимни қандай нақд қилсам бўлади?" деган савол берилди.

Марказий банк мулозими: "транспорт чекловларига қарамай, шаҳардаги барча банкоматлар ишлари тўхтатилмаган ва улар етарли миқдорда пул маблағлари билан тўлдирилган. Бугунги кунда 5 мингдан ортиқ банкоматлар ишлаб турибди ва улардан ўз пулларингизни нақдлаштириб олишингиз мумкин", деб жавоб берди.

Қуйида Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов иштирокида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

Чекка ҳудудлардаги аҳоли учун зарур дориларни дорихоналар уйига етказиб бериши айтилди

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказди.

Отабековга Ўзбекистондаги қатор вилоятлар ва қарийб барча йирик шаҳарларда ҳаракатланиш чекланган, хусусий автомобиллардан фойдаланиш тўхтаган бир пайтда касаллар шифохонага қандай етиб олиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Отабековга кўра, бунинг бир йўли бор - шифокорни чақириш:

"Бундай вазиятда шифокорни чақирсангиз улар уйингизга келишади, зарур ҳолатда тез ёрдам машинасида шифохонага етказилади".

Бундан ташқари, чекка туман ва қишлоқлар аҳлига кундалик зарур дори воситаларини дорихоналар етказиб беришини таъкидлади.

Коронавирусга қарши курашга қўшилиш истагини билдирган тиббиёт ходимларига эса захирадаги шифокор ва тиббиёт персоналлар рўйхатига ёзилишни, 14 кунда шифокорлар гуруҳи алмашаётгани боис, уларга эҳтиёж борлигини айтди.

Шунингдек, Отабековдан вакцина чет мамлакатларда яратилса у Ўзбекистонга қанчада келиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Нурмат Отабеков: "Вакцина даволаш воситаси эмас. Вакцинация профилактика мақсадида амалга оширилади. Мабодо вакцина ишлаб чиқарилиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ушбу вакцинани самарали деб топиб, кенг жамоатчиликни эмлаш календари ёки эпидемик кўрсатмага асосан эмлаш лозим деб топилса, шунга қараб кейинги тактика белгиланади", деб жавоб берди.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Юнусободда ими-жимида "куёвнавкар чақириш" маросимини қилган ота устидан жиноят иши очилди

ИИВ ходимлари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда, 25 март, 2020

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов бирифинг ўтказди.

Матбуот котибига мамлакатда автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, тўйлар ва карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича саволлар берилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, 28 март куни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида “куёв навкар” маросимини ўтказган отага нисбатан жиноят иши очилган.

Матбуот котибига кўра, яшовчи 1965 й.т. фуқаро қизини узатиш мақсадида “куёв навкар” маросимини ўтказган. Тадбирга, ўзининг қариндошларини, куёв ва унинг дўстларини таклиф этган.

"Ваҳоланки бир кун олдин бу фуқаро профилактика инспектори ва маҳаллари раиси томонидан бундай тадбир ўтказиш карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш эканлиги билан, расмий равишда тилхат олиб огоҳлантирилган", деб маълум қилди Ғиёсов.

Аммо, огоҳлантирувга амал қилмагани учун бу шахсга Жиноят кодексининг 257 прим 1-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Ғиёсовга кўра, бу шаклда - “ими-жимида” тўй маросими ёки бошқа йиғинларни ўтказиш тақиқланган. Агар ички ишлар органлари тўй ёки бошқа маросимларни ўтказилаётганини аниқласа, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Айни пайтда, ИИВ матбуот котиби дафн маросимлари бундан мустасно эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

30 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 145 кишида вирус аниқланди.

7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Барча вилоятлар маркази ва йирик шаҳарлар ёпилган, 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланган.

Алоҳида автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланишга рухсат берилди, шахсий автомобиллардан шахсий мақсадда фойдаланиш 30 мартдан тақиқланди.

Дунёда вирус юқтирганлар расмий сони эса 725 мингдан, ўлганлар сони эса 34 мингдан ошди. Тузалганлар 152 минг атрофида.

Марказий банк аҳоли ва тадбиркорларга битта мурожаатнома асосида кредит таътили беришга оид кўрсатма чиқарди

30 март куни Ўзбекистон Марказий банки коронавирус пандемияси оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган жисмоний ва юридик шахсларнинг кредит тўлов муддатини узайтириш бўйича тижорат банкларига кўрсатма берди.

Унга кўра¸ тижорат банклари тўлов муддатини узайтиришни соддалаштирилган тартибда - фақат битта мурожаатнома асосида кўриб чиқиши лозим.

Бу мурожаатномани берувчи шахс кредит тўловларини узайтириш юзасидан асослантирилган изоҳ келтириши¸ карантин даври якунлангандан сўнг қарздорликни кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларда кўзда тутилган тартибда тўлаш мажбуриятини зиммасига олиши шарт.

Айни пайтда Марказий банк “карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари кучга киришини” ҳам алоҳида таъкидлаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Telegram каналида Марказий банк берган тавсияси қуйидагича изоҳлади.

"​Кредит муддатини узайтириш бўйича Қарздор Таъсисчиларининг қарори, Гаровга қўювчиларнинг кредит муддатини узайтиришга розилик хатлари, Кафиллик ва суғурта полислари берган субъектларнинг розилиги каби ҳужжатлар карантин даври тугагандан кейин талаб қилинади.

Агар ушбу ҳужжатлар карантин даври ва чекловлари тугагач, Банкка тақдим этилмаса ва тегишли шартлар бажарилмаса, Банкнинг Кредит шартномаси бўйича реструктуризация қарори бир томонлама бекор қилинади".

Ўзбекистон Марказий банки кейинги икки ҳафта ичида икки марта тижорат банкларига коронавирус оқибатида оғир аҳволга тушган аҳоли вакиллари ва тадбиркорлик субъектларига кредит таътили беришга оид тавсиясини эълон қилди.

Айни пайтда¸ ўз кредит фаолиятини Марказий банкдан мустақил тарзда юритиш ваколатига эга тижорат банклари бу тавсияни амалга оширишга ошиқмаëтгани ўзбекистонлик тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

ИИВ автотранспорт учун стикер бериш жараёнидаги ажиотаж ва навбатларга аниқ изоҳ бермади

Хусусий автомобил назорат қилинмоқда, 25 март, 2020 (иллюстратив сурат)

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов бирифинг ўтказди.

Матбуот котибига мамлакатда автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, тўйлар ва карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича саволлар берилди.

Жумладан, Шохруҳ Ғиёсовга автотранспорт воситалари учун махсус рухсатнома - стикерлар бериш жараёнида кузатилган ажиотаж ва навбатлар ҳақида савол берилди:

"Давлат хизмати агентликларида одамлар тўпланиб ажиотаж ҳосил қилишди, бугун эрталабдан ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда. Кўпчиликка рад жавоби бериляпти, биринчи савол нега уларга рад жавоби бериляпти, иккинчи савол шу чекловларни уч-тўрт кун олдин эълон қилса бўлмасмиди?"

Ғиёсов аввалига қайси турдаги транспорт воситаларига стикер берилишини санаб ўтди-да, сўнгра: "Бошқа транспорт воситаларига стикер берилмайди. Давлат хизматлари марказларида тўпланманг, у ердаги ходимларни ва ўзингизни асабингизни бузманг!" деди.

Матбуот котиби навбатларнинг асл сабаби - яъни, бу чекловлар нега бир неча кун олдиндан эълон қилинмади, деган саволга жавоб бермади.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

Ғиёсов билан мулоқотни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Ўзбекистонда 30 мартдан шахсий автомобилда шахсий мақсадда ҳаракатланиш тақиқланди.

Ҳукумат комиссияси қарори билан маълум турдаги автранспорт воситаларига махсус рухсатнома - стикер билан ҳаракатланишга рухсат берилди.

Стикерлар 29 март Давлат хизматлари агентликларида берила бошлади. Ўша кезданоқ, агентликлар олдида автомобили бор кишиларнинг тирбанд навбатлари кузатила бошлади.

Бу навбатлар ва тўсатдан жорий этилган чекловлар ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, автомобил учун рухсатнома олиш истагида бўлган кишиларнинг навбатлари бугун ҳам давом этмоқда.

Қашқадарёлик 14 яшар бемор COVID-19 билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди

Вирусология илмий текшириш институти клиникаси шифокорларининг илк гуруҳи 14 кунлик давом этган сменани топширди, 29 март, 2020

Ўзбекистонда коронавирус касаллигини юқтириб олган энг сўнгги бемор иккинчи вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган 14 ёшли жияни эканлиги маълум қилинди.

У айни пайтда Қарши шаҳрида жойлашган Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

ССВга кўра, беморнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Бемор билан мулоқотда бўлган яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий назоратга олинган.

Айни пайтда яна 2 нафар қашқадарёлик бемор Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанмоқда.

30 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 145 кишида вирус аниқланди.

7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Барча вилоятлар маркази ва йирик шаҳарлар ёпилган, 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланган.

Алоҳида автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланишга рухсат берилди, шахсий автомобиллардан шахсий мақсадда фойдаланиш 30 мартдан тақиқланди.

Дунёда вирус юқтирганлар расмий сони эса 725 мингдан, ўлганлар сони эса 34 мингдан ошди. Тузалганлар 152 минг атрофида.

Ота-оналарга карантин пайдида меҳнат таътили бериш низоми қабул қилинди

Мактабларнинг номаълум муддатга ëпилгани ортидан ишловчи ота-оналарнинг танг аҳволда қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг коронавирус эпидемияси боис номаълум муддатга ëпиб қўйилиши ортидан боласига қараш учун уйда қолаëтган ота-оналарга меҳнат таътили беришнинг ҳуқуқий асоси ишлаб чиқилди.

Адлия вазирлиги ҳукуматнинг 28 март кунги "Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғининг давлат рўйхатидан ўтказилганини билдирди.

30 март куни эълон қилинган расмий изоҳга кўра¸ карантин пайтида боғча тарбияланувчиси ва 1-4-синф ўқувчиларининг ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий)сига карантин пайтида меҳнат таътили берилиши шарт.

Бундай таътил ходимнинг ўз хоҳишига кўра, таътиллар жадвалидан қатъи назар берилади¸ агар ходим буни истамаса¸ у масофавий ишлашга ўтказилиши ëки иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқарилиши мумкин.

«Иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб иш ҳақи сақланмаган таътил беришга мажбур, Меҳнат кодексида белгиланган максимал муддат бўйича чекловлар карантин даврида татбиқ қилинмайди”¸ дейилади Адлия вазирлиги расмий изоҳида.

16 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинди ва номаълум муддатга ëпилди.

Таълим вазирликлари ўқув жараëнини масофавий усулга ўтказишга тайëрланмоқда¸ Ўзбекистондаги қатор телеканалларда мактаб дастури асосида ҳозирланган видеодарслар намойиш этилмоқда.

Айни пайтда¸ мамлакатнинг чекка ҳудудларида электр тақчиллиги ва Интернет йўқлиги боис¸ ҳукуматнинг дарсларни масофавий режимга ўтказиш ҳаракатининг муаммога учраëтгани айтилмоқда.

Хитой коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга гуманитар ëрдам юборди

Хитой гуманитар ëрдамини ўзбек ҳарбийлари қабул қилиб олган.

Хитой ҳукумати коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга гуманитар ëрдам юборди.

29 март куни Хитой армиясига қарашли ҳарбий учқичда Тошкентга келган 20 тонналик ëрдамни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийлари қабул қилиб олган.

Айтилишича¸ Хитойдан юборилган ëрдам орасида тиббий қўлқоп ва фильтрлик ниқоблар¸ шунингдек тана ҳароратини масофадан туриб ўлчовчи махсус термометрлар бор.

Хитой ҳарбийлари етказган бу тиббий жиҳозлар¸ айтилишича¸ Ўзбекистонда жорий этилган карантин режимини назорат қилаëтган ҳарбийлар¸ ИИВ ва тиббиëт ходимларига тарқатилади.

Февраль ойида Хитой коронавирус ўчоғи бўлиб қолаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати Хитойга айни шундай гуманитар ëрдам юборган эди.

Коронавирус тарқашини деярли тўхтатишга муваффақ бўлган Хитой ҳукумати¸ март ойи охирига келиб¸ жаҳоннинг бу вирус тарқаëтган давлатларига гуманитар ëрдам беришни кучайтира бошлади.

Хитойнинг глобал миқëсдаги иқтисодий-сиëсий мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган бундай ëрдам дастури¸ таҳлилчилар томонидан "пандемия дипломатияси" деб аталмоқда.

Масофавий (уйдан) ишлашга оид махсус тартиб тасдиқланди

"Уйда қолинг" акцияси давом этмоқда.

Адлия вазирлигида 28 март куни рўйхатдан ўтган буйруқ билан¸ Ўзбекистонда масофавий ишлашга ўтиш тартиби тасдиқланди.

Бу ҳақда 30 март куни вазирлик ўз Telegram каналида хабар қилди.

Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ билан тасдиқланган низомга кўра, карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин”¸ дейилади расмий хабарда.

Масофавий¸ яъни уйдан ишлаш тартиби¸ вазирликнинг таъкидлашича¸ биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимларга қўлланилади.

Ходимнинг масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва бу ҳақда меҳнат шартномасига ўзгартиш киритилади.

Адлия вазирлиги изоҳида масофавий ишлашга ўтганларга иш берувчи томонидан иш учун зарур бўлган жиҳозларнинг берилиши¸ алоқа воситалари ва Интернет билан таъминлаш, ходим шахсий жиҳоз, техника воситаларидан, Интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш тартиби ҳам меҳнат шартномасида кўрсатилиши лозимлиги айтилган.

Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади”¸ дейилади Адлия вазирлиги изоҳида.

Коронавирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ҳам аҳолини уйда қолишда рағбатлантиргани ва мамлакатнинг аксар қисмида карантин режими жорий қилингани ортидан аксар давлат ва нодавлат ташкилотлари ўз хохимларини масофавий ишлашга ўтказишга мажбур бўлмоқда.

Расман: Тошкентда етарли даражада озиқ-овқат заҳираси мавжуд

29 мартдаТошкентда одамларнинг катта миқдорда маҳсулотлар харид қилаётгани кузатилган эди.

Тошкентда шаҳар аҳолисини таъминлаш учун етарли даражада озиқ-овқат заҳираси мавжуд. Бу ҳақда пойтахт ҳокимияти 29 март куни кечга яқин маълумот тарқатди.

Қуйида Тошкент ҳокимияти маълумотини тўлиқ келтирамиз:

“Маълумки, 30 мартдан Тошкент шаҳрига фақат махсус рухсатномага эга машиналар кириб чиқиши ва ҳарактланишига рухсат берилди.

Аммо бу шаҳримизга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилмайди дегани эмас.

Бугун шаҳримизнинг кўплаб бозорлари ва дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига навбат кузатилди. Бу эса карантин талабларига зиддир.

Шу сабаб аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотлар билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз.

Фақат заруратга кўра кўчага чиқинг, одамлар билан оралиқ масофани сақланг, санитария-гигиена талабларига риоя этинг ва бу билан ўзингиз ҳамда яқинларингиз саломатлигини асранг!” дейилади билдирувда.

29 март куни ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг бозорлари ва дўконларида навбатлар пайдо бўлгани ва одамларнинг катта миқдорда маҳсулотлар харид қилаётганига оид суратлар ва видеолар пайдо бўлган эди.

29 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 144 кишида коронавирус аниқланди. 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Прокуратура тадбиркорлардан нархларни оширмаслик тўғрисида кафолат хатлари ёздириб олди

Нархларни асоссиз равишда оширмаслик тўғрисида 40 мингта тушунтириш тадбирлари ўтказилган.

Прокуратура ходимлари 23 мингдан ортиқ тадбиркордан нархларни оширмаслик ҳақида кафолат хати ёздириб олди.

Маҳаллий нашрларнинг 29 мартда ёзишларича, бу ҳақда 28 март куни Тошкентда ўтган брифингда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимов маълум қилди.

Расмий карантин пайтида 215та деҳқон бозори, 167та савдо мажмуаси, дорихоналар, улгуржи савдо базалари ва товар хомашё биржалари прокуратура ҳамда солиқ идораларининг 2604 нафар ходими томонидан кучайтирлган тарзда назорат қилинаётганини ҳам билдирган.

Дилшод Раҳимовга кўра, нархларни асоссиз равишда оширмаслик тўғрисида 40 мингта тушунтириш тадбирлари ўтказилган. 23 мингдан ортиқ тадбиркордан нархларни оширмаслик борасида кафолат хатлари олинган.

Прокуратура томонидан шу кунларда 728та ҳолатда умумий қиймати 2 миллиард сўмга яқин маҳсулотлар асоссиз равишда қиммат нархда сотилгани аниқланган. Прокуратура томонидан айбдорларга нисбатан жазо чоралари қўлланилган.

Пахтачида "коронавирусдан ўлган одам ҳақида ёлғон хабар тарқатган" шахс 30 суткага қамалди

Юқумли касалликлар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган шахслар Ўзбекистонда уч йилгача қамалиши мумкин.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшовчи 43 ёшли А.Ш. “қўшниси коронавирусга чалиниб ўлгани” тўғрисида ёлғон хабар тарқатганликда айбланиб, ўттиз суткага қамалди.

Daryo.uz нашрининг 29 мартда ёзишича, Пахтачи туман маъмурий суди А.Ш.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) билан айбли деб топган ва 30 сутка қамоқ жазоси белгилаган.

Хабарда таъкидланишича: “фуқаронинг қилмиши ДХХ вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари томонидан фош этилган”.

Аниқланишича, А.Ш., 25 март куни соат 16:00 да марҳум маҳалладошини "кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун вафот этди" деб эшитган. У, шундан сўнг, ижтимоий тармоқда "Пахтачи тумани “Тома” маҳалласида яшовчи О., исмли шахс коронавирусга чалиниб, кўп миқдорда ароқ ичиб, бугун вафот этганлиги айтилмоқда", деб хабар тарқатган.

26 март куни Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида маълум қилган эди.

Расмий маълумотда айтилишича, “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Қонун 26 март куни президент томонидан имзоланган.

Ўзгартишларга мувофиқ бундан буён юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, Интернет орқали тарқатганлар БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади.

Бундан ташқари юқумли касалликлар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган шахсларга нисбатан 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишларига, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум жазолари ҳам белгиланган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG