Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2020, Тошкент вақти: 10:21

Молия вазирлиги: Махсус касалхоналар қурилишига 411 миллиард сўм сарфланди


Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирусга қарши кураш доирасида тузилган инқирозга қарши курашиш жамғармасининг 15 апрелгача бўлган харажатлари 756 миллиард сўмни ташкил этди. Бу рақам Молия вазирлиги Телеграм-канали орқали тарқатилган маълумотларда акс этган.

Харажатларнинг катта қисми – 411 миллиард сўм, вазирликка кўра, махсус касалхоналар ва карантин ҳудудларининг қурилиши ва жиҳозланиши учун сарфланган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига жамғармадан 226 миллиард сўм ажратиб берилган. Жумладан, 123 миллиард сўм тест тизимлари, реактивлар ва ҳимоя воситаларини сотиб олишга кетган. Яна 93 миллиард сўм жамоат жойларини дезинфекция қилиш, карантин марказлари ходимларига ойлик тўлаш, тиббиёт ходимлари учун рағбатлантириш тўловларини тўлаш ва бошқалар учун харжланган.

Ижтимоий соҳа учун умумий ҳисобда 117 миллиард сўм сарфланган. Бу пулдан 50 миллиарди банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун, 30 миллиарди кам таъминланган оилалар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш учун, 26 миллиарди ижтимоий нафақалар учун, 11 миллиарди эса Тошкент метрополитени ва “Тошшаҳартрансхизмат” ходимларига иш ҳақи сифатида тўланган.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасига шу кунгача келиб тушган пул миқдори 1,6 триллион сўмни ташкил қилган. Бу пулдан қарийб 1 триллионини халқаро молия ташкилотларидан олинган қарзлар, қолганини эса давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ташкил этади.

XS
SM
MD
LG