Линклар

Шошилинч хабар
02 июл 2020, Тошкент вақти: 20:21

Ўзбекистон хабарлари

Россия Бош вазири гуманитар ёрдам учун Тошкентга миннатдорчилик билдирди

Россия Бош вазири Михаил Мишустин.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин 20 апрелда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан телефон орқали суҳбатлашди ва Тошкент Москвага коронавирусга қарши курашда зарур бўлган ёрдамни жўнатгани учун миннатдорчилик билдирди.

“Мишустин коронавирус инфекциясига қарши зарур бўлган ҳимоя ниқоблари ва бошқа воситаларни жўнатгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. Бош вазир мазкур гуманитар ёрдам Россия-Ўзбекистон муносабатларининг ўзаро ҳамкорлик асосида қурилганини яна бир бор исботлаганини таъкидлади”, дейилади Россия ҳукумати тарқатган расмий маълумотда.

Ўз навбатида Абдулла Арипов ҳам Россияга коронавирусни аниқловчи тест системаларини тезкорлик билан жўнатгани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон 18 апрель куни Россияга самолётда 5 миллион дона тиббий ниқоб ва бошқа воситаларни жўнатгани хабар қилинган эди.

Кун янгиликлари

Ўтган ой пойтахтда 35 та фоҳишахона аниқланди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда июнь ойи давомида шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан 35 та фоҳишахона аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.

Тартиб посбонлари хабарномасидан англашилишича, мазкур фоҳишахоналар массаж ёки спа-салонлар кўринишида ташкил этилган

Қайд этилишича, фоҳишахона ташкил этган ва қўшмачилик билан шуғулланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 131-моддаси (“Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш”) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Хабарномада ИИББ ходимларининг гиёҳванд ва психотроп моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний савдосига қарши курашига оид ҳисоботи ҳам акс этган.

Озодлик хабари ортидан Саида Мирзиёева машҳур блогерлар рўйхатидан олиб ташланди

Саида Мирзиёева.

Forbes.uz нашри Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёевани мамлакатдаги энг машҳур блогерлар рўйхатидан олиб ташлади.

С. Мирзиёева мазкур нашр томонидан Ўзбекистондаги таниқли блогерлар рейтингига киритилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Гарчи Forbes.uz нашрининг 1 июль куни ёйинланган рейтинги “Топ-15” деб номланган бўлса-да, унга С. Мирзиёева дохил 16 нафар блогер номи киритилганди. Аммо орадан бир кун ўтиб, президентнинг қизи рўйхатдан олиб ташланди ва рейтингдаги блогерлар сони ҳақиқатан 15 нафарга тушди.

Ўзбекистон президентининг катта қизи – 35 ёшли Саида Мирзиёева айни пайтда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Ундан аввал С. Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директор ўринбосари лавозимида ишлаган.

Мирзиёев Путинни Россияда овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади

Шавкат Мирзиёев (ч) Владимир Путин (ў) билан сўнгги бор юзма-юз июнь ойида ўтказилган парадда иштирок этиш учун Москвага борган пайтда учрашганди (2020 йил 23 июнида олинган сурат).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича умуммиллий овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев бу қутловини Путинга 2 июль куни икки президент орасида ўтказилган телефон мулоқоти чоғида етказган.

Суҳбат чоғида президентлар "Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқлаганлар".

Мулоқот асносида бўлажак олий даражали ташрифлар кун тартибидаги масалаларга, шунингдек, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирини камайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Суҳбат чоғида халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Сентябрь ойидан онлайн-аукционлар тартибига ўзгартишлар киритилади

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 сентябридан онлайн-аукционлар тартибига ўзгартишлар киритилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 1 июль куни имзоланган “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан барча аукцион савдолари натижалари QR-код (матрик штрихли код)ни қўллаш орқали расмийлаштирилади.

Шунингдек, “E-IJRO AUKSION” тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинади:

  • “мобиль идентификация қилиш” билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали аукционда иштирок этиш;
  • давлат мулки объектларини ижарага бериш шартномасини ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали) икки томонлама тузиш орқали расмийлаштириш;
  • савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталогни яратиш.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази тузилиши ҳам айтилган.

Марказнинг асосий вазифаси ўлароқ қуйидагилар белгиланган:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тоифадаги бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини (кейинги ўринларда – бўш турган объектлар) аниқлаш ва ҳисобини юритиш;
  • бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, давлат мулки объектларини ижарага беришни ташкил этиш;
  • ижарага берилган давлат мулки объектларини ва уларни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш;
  • ижарага берилган давлат мулки объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га бириктирилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган давлат мулки объектларининг ортиқча қисмини, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларини олиб қўйиш;
  • Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш.

Коронавирусга чалинганлар сони 9 мингга яқинлашди, 25 беморнинг аҳволи оғир

Ҳозирда касалхоналарда 3030 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 2 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8904 нафарни ташкил этмоқда. Бу билан сўнгги 12 соатда беморлар сони 123 нафарга кўпайди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 101 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 12 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 7 нафари Наманган вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 6 нафари аҳоли орасида), қолган 3 нафари Тошкент вилоятида аҳоли орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 5847 нафар бемор соғайди, 27 киши коронавирусдан вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3030 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 16 нафари оғир, 9 нафари ўта оғир аҳволда.

ИИВ Навоийда яна бир маҳкум қийноқлардан ўлганини рад этди

Ички ишлар органлари ходимлари.

Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Навоийдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 45 яшар маҳкум Фаррух Хидиров қийноқлар оқибатида ўлгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода акс этган мурда 1975 йилда туғилган фуқаро Хидиров Фаррух Анварович.

Янгийўл шаҳрида туғилган муқаддам 4 маротаба судланган Фаррух Хидиров 2010 йилнинг 18 октябрида Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига кўра ўта хавфли рецидивист сифатида 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Вазирлик маҳкум 27 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)да вафот этганини таъкидлаган. Врачлар унга “Ўпка сили IV клиник босқичи (лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10%дан ортиқ камайиши, диарея” ташхисини қўйган.

“Видео тасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқ”, -дейилади вазирлик баёнотида.

Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Мазкур воқеа Ўзбекистон жамиятида катта шов-шувга сабаб бўлди ва шу кунларда ҳам муҳокама этилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Андижондаги ҳолат юзасидан уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар ҳибсга олинганини, беш киши лавозимидан бўшатилганини ва 19 кишига интизомий жазо қўлланилганини билдирган.

Авиачипталарни қайтарган мижозларга 5 фоизли бонус берилади

Депозит ваучерлар 1 июлдан расмийлаштирилади.

Uzbekistan Airways 1 июлдан авиачипталар учун тўланган суммалар қайтарилишининг янги қоидалари амалга киритилганини хабар қилди.

Йўловчилар томонидан авиачипталар ва қўшимча хизматлар учун 2020 йил 31 декабргача тўланган суммани қайтаришни таъминлаш учун 2020 йил 1 июлдан депозит ваучерларни расмийлаштириш амалга оширилади.

Депозит ваучерини расмийлаштириш жараёнида қайтарилиши лозим бўлган чипта нархи суммасига қўшимча равишда 5 фоизга тенг бонус тақдим этилади.

“Депозит ваучерлари уларни расмийлаштириш санасидан бошлаб йил давомида йўловчилар томонидан Uzbekistan Airways АЖнинг рейсларидаги ҳар қандай бошқа ташув тўловлари ёки қўшимча хизматлар тўловлари учун фойдаланилиши мумкин”, — дейилади компания хабарида.

Ваучерни расмийлаштириш санасидан бир йил ўтиши билан депозитнинг фойдаланилмаган суммаси йўловчига дастлабки тўлов шаклида қайтарилади.

Биринчи синфга қабул 6 июлдан бошланади

Республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.

Жорий йил 6 июлидан 2020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 1-синф ўқувчиларини қабул қилиш жараёни бошланади. Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, коронавирус пандемияси муносабати билан жорий йилга қабул аввалги йилдагилардан фарқ қилади.

Вазирликнинг таъкидлашича, биринчи синф ўқувчиларини мактабга қабул қилиш 6-31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1-25 август кунлари мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқарида амалга оширилади.

Пандемия шароитида ота-оналарнинг мактабларда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали онлайн навбат асосида амалга оширилади. Дастур Тошкент шаҳрида муваффақиятли татбиқ этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинади.

1-синфга қабул учун ота-оналар мактаб директори номига ариза, боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси, ота-онанинг паспорт нусхалари, боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома, боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосуратини тақдим этишлари зарур.

Вазирликнинг билдиришича, 2020-2021 ўқув йилида Республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.

Ўзбекистонда 1 июль куни 278 одамга коронавирус юқди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 1 июль куни Ўзбекистонда 278 кишига коронавирус юққани аниқланди. Шундан 218 нафари Карантин муассасаларида, 50 нафари аҳоли орасида (шундан 35 нафари Тошкент шаҳрида, 5 нафари Бухоро вилоятида, яна 5 нафари Сирдарё вилоятида, 4 нафари Хоразм вилоятида, 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида), 10 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Шу билан бир қаторда Тошкент шаҳрида 126, Қашқадарё вилоятида 18, Бухоро вилоятида 14, Самарқанд вилоятида 7, жами 165 нафар бемор соғайди.

“Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 8781 нафар бемордан 5847 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда”, -дейилади вазирлик баёнотида.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2907 нафар бемордан 18 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунда уй карантинида 40 311 нафар, стационар карантинда эса 24 576 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Қашқадарёда коронавирусдан биринчи одам ўлди. Ўзбекистон бўйича 27-бемор вафот этди

Бемор узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ., Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 27-бемор бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 июлга ўтар кечаси хабар берди.

Хабарда айтилишича, С.Ҳ., шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгийул туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент-Қарши тезюрар поездида уйига қайтган. 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

“Бемор (эркак киши) бундан аввал, охирги 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кечиши ташхиси билан диспансер назоратида туриб, даволаниб юрган”, -дейилади расмий билдирувда.

29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.

“Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -деб билдирди вазирлик.

Таниқли блогер ЎзА раҳбарига ўринбосар этиб тайинланди

Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг Телеграм-каналидан скриншот.

Ўзбекистонлик таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳукуматнинг жорий йил 1 июлидаги 415-сонли қарори билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимига тайинланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Аллоҳнинг инояти билан шунақа бўлиб қолди. Сизлардан дуо умидворман, ўзи хайрли қилсин. Тўғри йўлдан адаштирмасин, илоҳим”, деб ёзди Х. Худойбердиев ўз Телеграм-каналидаги постида.

Блогерни тайинлов билан АОКАнинг собиқ раҳбари, ҳозирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси вазифасида ишлаётган Комил Алламжонов ҳам қутлаган.

ЎзА бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган блогер ва Масс-медиа фонди директори Хушнудбекни янги масъулиятли лавозим билан табриклайман. Бирга жуда самарали меҳнат қилдик. Ишонаманки, сизнинг ҳаракатларингиз билан ЎзА янги даражага кўтарилади”, деб ёзган К. Алламжонов.

Телеграм тармоғида қарийб 288 минг нафар обуначига эга бўлган блогер Хушнудбек Худойбердиев янги тайинловга қадар Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Блогер ўз каналида ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, гуманитар, маърифий ҳамда бошқа долзарб мавзуларда таҳлилий ва танқидий чиқишлар қилиб турган.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида раҳбар алмашди

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси янги раҳбари Марко Мантованелли.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига жорий йил 1 июлидан Марко Мантованелли раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда ЖБ матбуот хизмати маълум қилди.

Мантованелли 2016 йилдан бери Жаҳон банкининг Косово ва Шимолий Македониядаги ваколатхоналарини бошқариб келаётган эди.

Жаҳон банкида иш бошлагунига қадар у Европа ва АҚШда иқтисодий тадқиқотлар ҳамда консультатив фаолият билан шуғулланган, шунингдек, Италия ҳарбий-денгиз флотида зобитлик қилган.

Марко Мантованелли ЖБда ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан ишлай бошлаган. Фаолияти давомида у ташкилотнинг Вашингтондаги қароргоҳида турли лавозимларда ишлаган, Лотин Америкаси ва Болқон яриморолида жойлашган мамлакатлардаги ваколатхоналарда фаолият юритган.

Мантованелли Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини 2017 йилдан бери бошқариб келган Хидеки Мори ўрнига келган.

Forbes.uz Саида Мирзиёевани ўзбекистонлик машҳур блогерлар сафида санади

Саида Мирзиёева.

Forbes.uz нашри Ўзбекистондаги энг машҳур 15 нафар блогерлар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда Telegram тармоғида ўз каналига эга бўлган Хушнудбек Худойбердиев, Қобил Хидиров, Даврон Файзиев, Хайрулла Ҳамидов, Нурбек Алимов, Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева, Нозимжон Сафаров, Абдуназар Чориевич, Диёр Имамхўжаев, Шохрух (реппер) Шодмонов, Фарҳод Файзуллаев, Никита Макаренко, Беҳзод Ҳошимов, Муҳрим Ағзамхўжаев, Шаҳзод Эргашалиев ва Фахрулло Ҳамидуллаевлар исми келтирилган.

Нашр рейтинг тузилишида uz.tgstat.com маълумотларидан фойдаланилгани, унга янгилик-хабар ва тематик каналлар киритилмаганини билдирган.

Айни пайтда ўзбекистонлик блогерлар рейтингининг бу йўсинда тузилиши ҳаммага ҳам маъқул келди, деб бўлмайди. Хусусан, таржимон Аҳрор Шарипов Телеграмдаги ўз каналида рейтингга Умид Ғафуров, Отабек Бакиров, Темурмалик Тожиддинзода, Дима Қаюм, Зафар Солижонов каби таниқли блогерлар номи киритилмаганига эътироз билдирган.

Рости, юқорида келтирилган блогерлардан 3 тасини умуман танимайман. Биттасини фақат қўшиқларини эшитаман ва яна бир "блогер"ни шунчаки президентнинг қизи деб биламан. Уларнинг бешаласини ҳам блогер сифатида қабул қилмайман. Балки, қонун бўйича, интернетда саҳифаси бор ҳамма блогер деган гапга кўра, улар блогер бўлиши мумкин. Aммо топ-15 эмас”, дея ўз мулоҳазасини баён қилади Аҳрор Шарипов.

Forbes.uz рейтингида ўзбекистонлик машҳур блогерлар қаторида саналган Саида Мирзиёева айни пайтда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Мазкур фонд вакиллари, ўзларининг эътирофларича, Ўзбекистонда журналист ва блогерларни қўллаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон имижини янада яхшилашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Давстатқўм: Июнда истеъмол нархлари 0,2 фоизга пасайди

2020 йил июнида истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ўртача 0,2 фоизга пасайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 30 июнь куни ёйинланган ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботга мувофиқ, мева ва сабзавот нархларининг ўзгаришини ҳисобга олмаганда, ушбу кўрсаткич 0,5 фоизни ташкил этган.

Давстатқўм қайдича, жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 4,6 фоизга кўтарилган. Йиллик даврда эса (2019 йил июнига нисбатан) товар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш суръати 14,2 фоизни ташкил этган.

Июнь ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 1,2 фоизга арзонлаган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва аҳолига пуллик хизматлар эса 0,6 фоизга қимматлаган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган ойдаги пасайишини қўмита мева ва сабзавот нархларининг мавсумий пасайиши билан боғлаган.

Жорий йилнинг июн ойида кузатилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари асосий гуруҳларидан мева ва сабзавотлар (ўртача 8,4 %) ҳамда тухум (2,5 %) нархларининг арзонлашганлиги қайд этилди. Нон маҳсулотлари нархлари эса аксинча 0,9 %, сут маҳсулотлари 0,5 %, гўшт, парранда гўшти ва балиқ, шунингдек, спиртли ичимликлар 0,4 %, шакар, чой ва бошқа маҳсулотлар 0,3 %, алкоголсиз ичимликлар, ёғ ва мойлар 0,2 % га қимматлашди”, дейилади Давстатқўм ҳисоботида.

Ҳисоботда айтилишича, 2019 йил охирига нисбатан нон маҳсулотлари (11,5 фоизга) ва тухум (8,1 фоизга) нархлари сезиларли даражада қимматлаган.

Июнь ойи давомида умумий овқатланиш муассасаларидаги нархлар 1 фоизга, йил бошидан бери эса 6,2 фоизга кўтарилган.

Вояга етмаган маҳкумлар бундан буён ота-оналари билан чекловларсиз учрашиши мумкин

Зангиотадаги аёллар колонияси.

Ўзбекистонда вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувлари юзасидан чекловлар бекор қилинди. Мазкур тартиб мамлакат президенти томонидан шу йил 30 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда акс этган.

“Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, мазкур қонун билан маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг ҳам алоҳида тартиби белгиланган.

Жумладан, маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида 4 марта муддати 5 суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзил-колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилади.

ИИВ Андижондаги қотиллик ортидан тизимни шаффофлаштиришга ваъда бермоқда

30 май куни Андижонда қийноққа тутилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов ​11 июнь куни жон таслим қилганди.

Шу йил 30 май куни Андижонда содир бўлган ҳодиса Ички ишлар вазирлигининг камчиликлари тўғрисида эслатиб туради. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур воқеага бағишланиб 1 июль куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган брифингда билдирган.

Брифингда ИИВдан ташқари Олий суд, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази вакиллари иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, 30 май куни Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмганди. Ҳодиса ортидан ИИБнинг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олинган.

Шоҳруҳ Ғиёсов бугунги брифингда мазкур воқеада айбдор топилганлар жазосиз қолмаслигини урғулаган.

Андижонда бўлган ҳолат юзасидан ҳар бир айбдор жавобгарликка тортилади ва тизимимизни шаффофлаштирамиз. Ҳолат юзасидан барчадан узр сўраймиз”, деган ИИВ масъули.

Брифингда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Андижондаги ҳодиса юзасидан ИИБнинг яна икки ходими ҳам ҳибсга олинганини билдирган. Шу тариқа “қийноқ иши” бўйича қўлга олинган ИИБ вакиллари сони 5 нафарга етган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Андижон ва Чироқчида фуқаролар ички ишлар идораларидаги қийноқлар ортидан вафот этганини кескин танқид қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Коронавирусга чалинганлар сони 8627 кишига етди

Ҳозирда касалхоналарда 2919 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 1 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8627 нафарни ташкил этмоқда. Бу 30 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 124 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 85 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 24 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 11 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 13 нафари аҳоли орасида), 2 нафари Тошкент вилоятида (барчаси халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчиси), 5 нафари Бухоро вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 4 нафари аҳоли орасида), 7 нафари Хоразм вилоятида (шундан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 4 нафари аҳоли орасида), 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус юққанлардан 5682 нафари соғайди. 26 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 2919 нафар бемор даволанмоқда.

Президент: Тергов сифати ёмон. Суд ва прокурорнинг протест ҳуқуқи бекор қилинади

Президент 30 июнда ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини танқид қилди.

Ўзбекистонда тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлади.

Президентга кўра, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган.

Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.

Президентнинг айтишича, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган. Лекин ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган.

“Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди”, -дейилади расмий маълумотда.

Йиғилишда таъкидланишича, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, президент “Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилиши” ҳақида гапирган.

“Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқади”, -дейилади хабарда.

Мирзиёев Ички ишлар бўлимларидаги қийноқларни кескин танқид қилди

32 ёшли Абдукаримов Андижон ички ишлар ходимлари қийноғи ортидан жон таслим қилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Андижон ва Чироқчида фуқаролар ички ишлар идораларидаги қийноқлар ортидан вафот этганини кескин танқид қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда “Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклиги қайд этилди”.

Президент бу икки идорада жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходими “қонун олдида жавоб бераётгани, 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилгани ва яна 16 таси интизомий жавобгарликка тортилгани” ҳақида маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев одил судлов тизимига тўхталар экан: “Халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқ”, - деб айтган.

Президентга кўра, жорий йилнинг шу кунигача аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.

Шу йил январь ойида Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли фуқаро Чироқчи туман ИИБ биносида калтакланишлардан вафот этган эди.

30 майда эса Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимида қийноққа солинган 32 ёшли Алижон Абдукаримов комага тушиб қолгани ва 11 июнь куни вафот этгани хабар қилинганди.

ИИВ: Тошкентда яна 11 террорчи қўлга олинди

Ички ишлар вазирлиги 23 июнда ҳам "Тавҳид ва жиҳод катибаси” аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Ички ишлар вазирлиги 30 июнь куни ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган амалиётда Тошкент шаҳрида “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг яна 11 аъзоси қўлга олинганини маълум қилди.

Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот сифатида тан олинган ва унинг фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган эди.

Хабарда айтилишича, тезкор амалиёт доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги 8 та манзилда тинтув ўтказилиб, 11 шахс “ички ишлар идораларига келтирилди”.

Ички ишлар вазирлиги 23 июнда ҳам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га алоқадор бўлган гуруҳ аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Ўшанда Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 25 та манзилда тинтув ўтказилиб, 25 нафар шахс қўлга олингани билдирилганди.

Коронавирус юққанлар сони бўйича яна бир рекорд қайд этилди

Коронавирус юққан 8503 нафар бемордан 5682 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда 30 июнда 281 кишида коронавирус аниқланди. Бу бир кунда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткичдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 281 кишидан 255 нафари Карантин муассасаларида, 25 нафари аҳоли орасида (шундан 13 нафари Тошкент шаҳрида, 9 нафари Тошкент вилоятида, 3 нафари Самарқанд вилоятида), 1 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

30 июнда Тошкент шаҳрида 135 нафар, Хоразм вилоятида 44 нафар, Навоий вилоятида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 2 нафар, Сурхондарё вилоятида 2 нафар, жами 186 нафар бемор соғайди. Бу билан шу кунгача коронавирус юққан 8503 нафар бемордан 5682 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этди.

Айни пайтда касалхоналарда 2795 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 21 нафари оғир, 5 нафари ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 40 218 нафар, стационар карантинда эса 24 168 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Ўзбекистонда коронавирусдан 26-бемор вафот этди

62 ёшли Б.Я., коронавирусдан вафот этган 26-бемор бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1 июлга ўтар кечаси билдиришича, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида яшовчи, 62 ёшли Б.Я., коронавирусдан вафот этган 26-бемор бўлди.

Хабарда айтилишича, у 10 июнь куни Қозоғистондан келганлиги сабабли Карантин марказига жойлаштирилган. 19 июнь куни унда коронавирус аниқланган ва Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда ўтган кунлар давомида реанимация бўлимида бўлган.

Унга юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали юрак, буйрак, жигар етишмовчилиги каби қатор касалликлар бўйича ташхис қўйилган.

“Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўпка ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

62 ёшли Б.Я., Ўзбекистонда 30 июнда коронавирусдан вафот этган иккинчи бемор бўлди. Аввалроқ Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 70 ёшли аёл Ф. О. оламдан ўтгани хабар қилинган эди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлган беморлар сони 26 нафарга етди

Ёшлар билан ишлайдиган алоҳида агентлик тузилди

Ўзбекистондаги ёшлар (иллюстратив сурат).

Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Агентлик мамлакат президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида тузилган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳам ташкил этилган.

Президент фармони билан агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилган.

Ҳужжатга мувофиқ, агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Шунингдек, мазкур идоранинг ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириши кўзда тутилган.

Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган.

Давактив йил бошидан буён 1 сўмлик 187 та бўш объектни сотди

Жорий йилнинг 5 ойи давомида бошланғич нархи 1 сўм бўлган 187 та бўш турган давлат объекти савдога чиқарилиб, бўш бинолар қисқа вақт ичида 20,5 миллиард сўмга реализация қилинган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилган.

Қайд этилишича, йил бошидан бери ўтказилган аукционларда 482 та фуқаро қатнашган. Кимошди савдоси ғолиблари 419 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 2 156 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини қабул қилиб олган.

Коронавирус қурбонлари: Жиззахлик 70 ёшли аёл турмуш ўртоғининг ортидан вафот этди

Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 70 ёшли аёл Ф. О. оламдан ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига мувофиқ, аввалроқ унинг турмуш ўртоғи - 72 ёшли Қ.Р. ҳам коронавирус юқтириб олгани ортидан вафот этган.

Маълумотларга кўра, Ф. О. 20 июнь куни коронавирусга гумон қилиниб, карантинга олинган. 23 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморнинг узоқ йиллар давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, бўйин умуртқалари остеохондрози ташхиси билан даволаниб келгани айтилмоқда.

ССВ, мутахассислар муолажаларига қарамай, аёл ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини билдирган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалинган ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 25 нафарга етди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG